ADOLAT 24

БУЮК ВАТАНДОШИМИЗГА ЭҲТИРОМ

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида италиялик олим, профессор Пьетро Жузеппе Френинг “Числа, книги и бесконечность” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. 

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Математика инс­титути, Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, Шарқшунослик институти директори, тарих фанлари доктори, профессор Баҳром Абдуҳалимов тадбирни очиб берди. Италия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Агостино Пинна сўзга чиқиб, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ҳақида гапирди.

Шундан сўнг китоб муаллифи, профессор Пьетро Жузеппе Фре сўз олиб, китоби юзасидан йиғилганларга қимматли маълумотлар берди.

Мазкур китоб математика тарихи ҳақида бўлиб, унда математика мисоли бир кемага қиёсланади. Ушбу кема эса йиллар уммонида саёҳат қилиб, соҳада етакчи бўлган шахсиятлар билан китобхонни таништириб боради. Унда Платондан тортиб, Герман Вейлгача бўлган математиклар ҳақида ҳикоя қилинади.

Эътиборли жиҳати шундаки, китобнинг тўртинчи боби улуғ ватандошимиз, буюк қомусий аллома, алгебра фанининг асосчиси Муҳаммад Хоразмийга бағишланган. Унда алломанинг ҳаёт йўли, фаолияти ҳақида қимматли маълумотлар берилади.

Тадбир ЎзР ФА Математика инс­титути академиклари Шавкат Аюпов ҳамда Абдулла Аъзамовнинг маърузалари билан давом этди. Тақдимот якунида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга китоб муаллифидан жавоблар олишди.

Шундай тақдимот 21 апрель куни Муҳаммад Хоразмий туғилган заминда ҳам бўлиб ўтди. ЎзР ФА Хоразм Маъмун академияси, Урганч давлат университети ва Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигидаги мазкур тадбир Урганч давлат университетида ташкил этилди.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

САУДИЯ АРАБИСТОНИГА ТАРИХИЙ ТАШРИФ ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИНИ ЮҚОРИ БОСҚИЧГА ОЛИБ ЧИҚАДИ

admin

Ғараз туфайли СУИҚАСД

admin

ПРЕЗИДЕНТЛИККА НОМЗОДНИНГ САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВЛАРИ НИҲОЯСИГА ЕТДИ

admin