ADOLAT 24

ҲУДУДЛАРДАН ХАБАРЛАР (Андижон, Бухоро, Сурхондарё, Тошкент шаҳри)

Дори бир хил, нархи икки хил. Бунга сабаб нима?

“Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида дорихоналарда сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш ва нарх борасида бир хилликни таъминлаш масаласи илгари сурилган. Бу кўпчиликда қизиқиш уйғотиб, “адолатчилар”ни қўллаб-қувватлагани ҳам бор гап.

Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, жойларда жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Жумладан, партиянинг Жалақудуқ туман кенгаши фаоллари томонидан тумандаги дорихоналарда ўрганиш чоғида бу масалада назоратни давом эттириш лозимлиги маълум бўлди. Чунки айрим ҳолларда дорихоналардаги нархларнинг бир-биридан фарқ қилиши фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўляпти.  

Шу ўринда мисолларга мурожаат қилайлик. “Андижон дори дармон” МЧЖга қарашли 57-, 76-сонли дорихоналарда сотилаётган дори воситаларининг нархи бир-биридан фарқли. Халқ депутатлари Жалақудуқ туман Кенгаши депутати М.Абдуллаева бошчилигидаги ишчи гуруҳи аъзоларининг билдиришича, “Кюпен” таблеткаси бирида 5500 сўм бўлса, иккинчисида 6000 сўм, “Цит­ромон” таблеткаси бирида 1200 сўм, иккинчисида 1300 сўмдан сотилмоқда. Бунинг сабаби сўралганда сотувчилар қисқа қилиб “Келган нарх бўйича сотилади”, дейишдан нарига ўтишмади. Юк хатлари эса устамалар қўйилганини кўрсатди.

Ҳар икки дорихона раҳбарларига аниқланган хатоликлар юзасидан тушунча берилди. Партия фаоллари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан бу борада назорат кучайтирилди.

Акбаржон НАЗАРОВ

***

БПТ ташкил қилинди

“Адолат” СДП Бухоро шаҳар кенгаши томонидан сафимизни янги партия аъзолари билан кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада “Партия патронажи” лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлар фик­римизнинг тасдиғидир.

Лойиҳа доирасида партия шаҳар кенгаши раиси Ж.Жўраев томонидан шаҳарда жойлашган 29-ИДУМда 20 нафар аъзони бирлаштирган БПТ ташкил этилди. Бош­ланғич партия ташкилотига раис этиб мактаб психологи Маъмура Шукурова тайинланди. Янги қабул қилинган аъзоларга шаҳар кенгаши раиси Ж.Жўраев томонидан аъзолик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.

Гулчеҳра РАВШАНОВА,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

***

Меҳр-мурувват кўрсатилди

Инсонларни дўстлик, аҳиллик ва бирдамликка чорловчи хусусият меҳр-мурувватдир. Меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва саховатпешалик ўзбек халқига хос умрбоқий анъаналардан ҳисобланади. Айниқса, улуғ айёмлару шодиёналар арафасида меҳр-эътиборга муҳтож кимсалар ҳолидан хабар олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш миллий урф-одат, анъана ва қадриятларимизда ўз ифодасини топгани қувончлидир. Хайр-эҳсон, саховатпешалик, инсонийликнинг энг олий кўринишидир. 

Хусусан, бу борада “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши ва депутатлари томонидан хайрли ишлар изчил давом эттириб келин­япти. Жумладан, партиянинг “Саховат – беназир қадрият” лойиҳаси доирасида партия вилоят кенгаши ҳамда шаҳар кенгаши депутати А.Аҳмедов ҳамкорлигида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан вилоят Кўзи ожизлар жамияти аъзоларига байрам дас­турхони ёзилиб, ош берилди. 

Байрам тадбирида вилоят кенгаши раи­си М.Ҳамидов йиғилганларни Наврўз байрами билан табриклади. 

Кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликдан мамнун жамият аъзолари сўзга чиқиб, ўз миннатдорчилигини изҳор этдилар. 

Байрам тадбирида ижро этилган куй-қўшиқлар жамият аъзоларига завқ улашиб, қувончига қувонч қўшгани қалбларимизда илиқлик уйғотди. 

Мухтасар ЗОҲИДОВА,

Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

***

Мурожаатлар ҳал қилиниши муҳим

Депутат том маънода халқ вакилидир. У ҳар бир ҳудуд ҳаёти билан яқиндан таниш, бевосита аҳоли ичида яшаб, унинг туриш-турмушидан, ўйлантираётган масалаларидан яхши хабардор. Шу боис, бугун улар халқ орасида зиммаларидаги масъулиятни дилдан ҳис этиб иш олиб боришмоқда.

Жойларда аҳолини йиллар давомида ўйлантириб келаётган аксарият муаммолар депутатлар саъй-ҳаракати, кўмаги билан ўз ечимини топ­моқда. Бу борада партия­нинг Сурхондарё вилояти кенгаши депутатлари ва фаолларининг ҳам хизматлари катта бўляпти. 

Хусусан, “Адолат” СДПнинг Сурхондарё вилоят кенгашида сайловчилар билан яккама-якка мулоқот ўрнатиш мақсадида партия фаоллари ҳамда депутатларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, мазкур ишчи гуруҳлари томонидан жойлардаги МФЙлар, унинг ҳудудида жойлашган юридик ва жисмоний шахслар билан бевосита суҳбатлар уюштирилиб, қонунлар ижроси ва ислоҳотларнинг амал қилиш даражаси ўрганилиб бориляпти. Ушбу ҳафтада партия вилоят кенгашининг барча туман кенгашларидаги ишчи гуруҳ аъзолари томонидан вилоят миқёсида жами 8 та МФЙ, 85 та хонадон, хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ва ижтимоий объектлар ҳолати атрофлича ўрганилди. Ўрганишлар мобайнида аҳоли томонидан 13 та мурожаат келиб тушди. Улар юзасидан тегишли ташкилотларга 4 та депутатлик сўровлари юборилди.

Жумладан, Музработ туманида сайловчилар билан яккама-якка мулоқотлар давомида тумандаги “Янги ҳаёт” МФЙда яшовчи фуқаролар Ю.Турдалиев, Г.Сафаралиевалар ҳудуддаги аҳолини оқова суви билан таъминлаш борасида ёрдам сўрашди. 

Мазкур масалани депутатлар туман “Сувоқова” унитар корхонаси вакиллари ҳамда “Янги ҳаёт” маҳалла фаоллари ва туман ирригация бўлими ходимлари билан биргаликда ўрганишди. Натижада ҳар бир аҳоли пункт­ига сув хўжалиги бўйича масъул тайинланди ҳамда аҳоли учун оқова суви лимити белгиланди. Ушбу масалани доимий назорат қилиб бориш туман кенгаши депутати  Л.Мусаев ва маҳалла фуқаролар йиғини раиси зиммасига юклатилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳига Сариосиё туманидаги “Саъди Шерозий” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар маҳалладаги электр трансформаторини алмаштириш тўғрисида мурожаат қилиб, амалий ёрдам сўрашди.    

Мазкур муаммо юзасидан халқ депутатлари Сари­ос­иё туман Кенгаши депутати А.Жалилов туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарига депутатлик сўрови юборди ва муаммони ўз назоратига олди.

Шунингдек, мазкур ишчи гуруҳи томонидан Шеробод тумани “Каттабоғ” МФЙдаги фуқаролар билан бевосита суҳ­батлар уюштирилганда маз­кур маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро Муҳаббат Тошниёзова тикувчилик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида эканлиги, бироқ кредит олишда муаммоларга дуч келаётганлигини айтиб, ёрдам сўради. Ишчи гуруҳ томонидан туман ҳокимлиги мутасаддилари билан биргаликда фуқаро М.Тошниёзова кредит олиш учун рўйхатига киритилди ва унга амалий ёрдам беришга келишилди.

“Каттабоғ” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Ш. Боқиев ҳам хонадонида чорвачилик билан шуғулланиш учун кредит ололмаётганлиги тўғрисида мурожаат билан чиқди ва ушбу фуқаро ҳам рўйхатга киритилиб, “Микрокредитбанк”дан чорва кредити олиши учун унга амалий ёрдам бериладиган бўлди.

Ишчи гуруҳининг ҳудудларда ўрганишлари давом этмоқда.

Гулшод Турсоатова,

Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

***

Янги аъзолар: сиёсий фаоллик зарур

“Адолат” СДП Миробод туман кенгаши Миробод тумани санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлимининг 38 нафар ходимини партия сафига қабул қилди.

Маълумки, “Адолат” СДП электоратининг асосий қисмини шифокорлар ташкил этади. Уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб, ҳар жаб­ҳада қўллаб-қувватлаш партия ўз олдига қўйган устувор мақсадларининг асосини эгаллайди. Шундай экан, СЭОМ ходимларининг партияга аъзолиги уларнинг сиёсий тафаккурини ўстирибгина қолмай, балки сиёсий жараёнларда фаол бўлишини ҳам таъминлайди.

Таъкидлаш керакки, “Адолат” СДП ғоялари мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси учун катта аҳамиятга эгадир. Шу боис ушбу лойиҳа сиё­сий фаол бўлган фуқароларнинг жамият ҳаётидаги ролини кучайтиради.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

ОЗАР НАСРИДАН БИР НАСИМ

admin

Тошкент шаҳрида реновациянинг мустаҳкам қонунчилик асослари бўлмагунча унинг асосида янги қурилишларни амалга оширмаслик тарафдоримиз

admin

ОТАШИН ШОИР, ТАРЖИМОН ВА ДРАМАТУРГ УСМОН НОСИР ТАВАЛЛУДИНИНГ 110 ЙИЛЛИГИНИ КЕНГ НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin