ADOLAT 24

Азим Суюн: Йилбоши

Бугун баробардир Кеча ва Кундуз –

Олам меҳварида қуёш барқарор.

Жанубий ярим шар қучоғида Куз,

Шимолий ярим шар бағрида Баҳор.

Хуш келдинг, Наврўзим, Ўзбекистонга,

Хуш кўрдик, мойчечак, бодом гуллари.

Истиқлол юз очган ота маконга

Анбарлар ташийди тоза еллари.

Гарчи кечаларнинг ҳарорати паст,

Этни жунжуктирар бу тунлар гарчи.

Офтобли тунларга ихлосу ҳавас

Олиб учиб келди наврўзак* – элчи.

Йил – Йилбошисидан… мана, нафаси

Тумандай тарқатди Қиш жафоларин.

Жарлар, дарахтларда қушлар уяси

Тағин кутиб олди “бевафо”ларин.

Мен бир ошиқ шоир, кўкда камалак,

Қалдирғочнинг қийиб учишин кутдим.

Дошқозонлар тўла ҳалим, сумалак,

Қозонинг тўлгани рост бўлсин, ЮРТИМ!

Наврўзак – қуш номи*

Tegishli xabarlar

Бугун КЎЧАДА Қолган ТАЛАБАдан… эртага нима кутамиз?!

admin

ТИЛ — МИЛЛАТ ҒУРУРИ

admin

Шингил ҳикоялар

admin