ADOLAT 24

Муаллимларга

Абдулла ОРИПОВ,

Ўзбекистон халқ шоири

Муаллим ҳақида сўзим ушбудир:

Муаллим камолот ичра кўзгудир.

Ўқидим Геродот, тарихни кўп бор,

Форобий, Дантени такрор ва такрор.

Барини ўқидим, лол қолди ақлим,

Барига устозсан ўзинг, муаллим.

Алишер қалбига солган сеҳр-файз,

Сенсан, эй муаллим, устоз Абул-Лайс.

Қутлуғ хонадонда қутлуғ калом бу,

Ҳамид Олимжон бу, Ғафур Ғулом бу.

Буюк Темур сендан олгандир таълим,

Сен шундоқ, азиз зот, азиз муаллим.

Рост айтсам, ўзингсан энг аввал даҳо,

Сен ҳаёт ганжида дурри бебаҳо.

Улуғ айёмингда шеърий калом бу,

Шогирдлар номидан қутлуғ салом бу.

1972

***

Нечоғ бахтиёрман, таъзимда шу тоб

Сизнинг шаънингизга битмоқдаман байт.

Не одам бўлардим, қўлимда китоб

Бирор ҳарф танимай турсайдим лоқайд.

Сиз-ку “Алифбо”дан “Қомус”гача то

Бари-барисини танитган устоз.

Илк бор Сиз кўрсатган дурахшон Зуҳро

Букун шеърим ичра ташбеҳдир мумтоз.

Сиз мўъжаз юракда ёқолган ёғду

Оқибат қуёшдек соча олур нур.

Буюклар ҳаққига қасамёд гап бу:

Сиздан бошланади асли Тафаккур.

Оламда кўп эрур муборак онлар,

Табаррук зотлар ҳам гарчанд кўп эрур.

Сизгадир илк раҳмат, азиз инсонлар,

Мунис муаллимлар, Сизга ташаккур.

1974

Tegishli xabarlar

ТАЛОНЧИЛар тумшуғидан илинди

admin

ШАЙХ ХОВАНД ТАҲУР

admin

Яна обуна ҳақида

admin