ADOLAT 24

Вилоятларда Партиямиздан Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовга бағишланган тарғибот тадбирлари

Ишончли вакил тарғиботга киришди

Сайлов жараёнида ишончли вакил институтининг роли катта. Амалдаги қонунчилик асосида у номзодга сайлов кампаниясида ёрдам берувчи асосий куч ҳисобланади. «Адолат» СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Андижон вилояти бўйича ишончли вакили Йўлдошали Эгамов иштирокида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўтказилган тадбир айни шу мақсадга қаратилди. Унда партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби Акбаржон Назаров сўз олиб, иштирокчиларни ишончли вакилнинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Шунингдек, нотиқ “Адолат” партиясининг сайловда иштироки масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Шундан сўнг Президентликка номзоднинг ишончли вакили, амалдаги қонунчиликдан келиб чиқиб, зиммасига юклатилган вазифа, фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва мақсади юзасидан тушунча берди. Партия фаоллари билан биргаликда жамоатчилик орасида тарғибот тадбирларини ўтказиш бўйича ўз фикрларини билдирди:

– Мен фаолиятимда партиямиздан Президентликка кўрсатилган номзоднинг Сайловолди дастурини сайловчиларга таништириш билан чекланиб қолмайман. Номзоднинг Сайловолди дастурининг мазмун-моҳияти, мақсадларини сайловчиларга етказиш зиммамга катта масъулият юклайди. Сайловчилар ўзларини қизиқтирган ҳар қандай саволга жавоб топишлари зарур. Давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссия­лари билан бўладиган муносабатларда, албатта, номзоднинг манфаатларини қўллаб-қувватлайман. Асосийси, тарғибот тадбирларини очиқлик ва адолат тамойиллари асосида ўтказамиз.

Андижон вилоят кенгаши матбуот хизмати

** *

“Ўзбекистон келажагига бефарқ эмасман!”

Жарқўрғон туманидаги “Истироҳат боғи”да “Адолат” СДПнинг Жарқўрғон туман кенгаши томонидан ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир шундай номланди.

 Тадбирда партиянинг вилоят кенгаши, Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлими, БПТ фаоллари, халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгаши депутатлари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан партия фаоллари томонидан мамлакатимиздаги ислоҳотлар ва кейинги йиллардаги устувор вазифалар ижроси ҳамда Янги Ўзбекистонимизни барпо этиш, халқимизнинг келажагини яратиш ва турмуш фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган улкан ўзгариш­лар ҳақида сўз юритилди. Шундан сўнг бўлажак сайлов, партиямизнинг айни кунлардаги фаолиятига эътибор қаратилди.

– Бугунги кунда партия инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, эҳтиёжлари ва манфаатлари йўлида сидқидилдан хизмат қилиш, жамиятимизнинг барча фаол қатламларини партия ғоялари атрофида бирлаштирган ҳолда юртимиздаги ҳар бир инсон фаровонлигини таъминлаш, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш борасидаги улкан ишларга муносиб ҳисса қўшишни ўз олдига устувор вазифа сифатида қўйган, – деди халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати Абдурашид Артиқов.

Тадбир доирасида “Сайлов қонунчилиги”, “Мен сайловда биринчи бор қатнашаман” мавзуларида акция ўтказилди. Турли интерактив ўйинлар, совринли викториналар ташкил этилди. Энг фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар иштирокчиларни сайловда партия­миздан Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовга овоз беришга чақирди.

 Гулшод ТУРСОАТОВА,

Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

 ***

Номзод қўллаб-қувватланмоқда

“Адолат” социал-демократик партияси Қора­қал­поғистон Республикаси кенгаши томонидан партия ғоялари ва дастурларини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган оммавий тарғибот тадбири Тахиатош тумани марказида «Адолат» ҳар бир инсон учун» шиори остида ўтказилди. Тадбир доирасида партиянинг дас­турий ғоя ва мақсадлари омма орасида тарғиб қилинди. Шунингдек, тадбирда партия томонидан Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастурида белгиланган ёшлар келажаги, уларга ҳаётда кенг имкониятлар яратиб бериш, ёшларнинг илм олиши, етук кадр­лар бўлиб етишиши, таълим квоталари каби масалалар билан боғлиқ мақсад ва ғоялари ҳам кенг қўллаб-қувватланди.

Мазкур тадбирда «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Рес­публикаси ҳудудий кенгаши вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Ҳокимият биноси ёнидаги майдон кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, ёшлар, хотин-қизлар ва маҳалла фаоллари билан гавжум бўлди. Тадбирда янграган шўх куй ва қўшиқ садолари барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Шунингдек, тарғибот тадбири давомида партия дастурий ғоя­лари ва мақсадлари, айниқса, таълим, соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ каби соҳаларни янада тараққий эттиришда партиянинг ўрни ва иштироки тўғрисида юртдошларимизга тушунчалар берилди.

 Оразбек ЖАЛГАСОВ,

Тахиатош туман кенгаши раиси

 ***

Талабаларга мақбул дастур

“Адолат” социал-демократик партиясидан Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастури бўйича тарғибот тадбирлари давом этмоқда. Навбатдаги тарғибот тадбири пойтахтимиздаги Тошкент педиатрия тиббиёт институтида “Янги Ўзбекистон учун ҳар биримиз масъулмиз” шиори остида ўтказилди. Партиянинг Юнусобод туман кенгаши ташкил этган мазкур тадбирда партия фаоллари, талабалар, профессор-ўқитувчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлишди.

Тадбирда партиядан кўрсатилган номзоднинг ўз дастурида илгари сурган ғоя ва мақсадлари юзасидан фикр алмашилди. Чунончи, номзоднинг Сайловолди дастурида талабалар манфаатлари ҳам акс этганлиги, агар талаба контрактда ўқиб, дарс­ларни ўзлаштириши аъло даражада бўлса грантга, аксинча, грантда ўқиб туриб, ўзлаштириши паст бўлса, контрактга туширилиши қайд этилгани кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди.

Шунингдек, тадбирга таниқли маданият ходимлари, санъаткорлар ташриф буюриб, иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағиш­лади. Сиёсий партия вакиллари томонидан қатнашчиларнинг сиёсий билимини ошириш мақсадида викторина савол-жавоблари ўтказилди. Тадбирнинг фаол қатнашчиларига партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

 Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби

 ***

БЕШКЕНТликлар хурсанд бўлишди

“Адолат” социал-демократик партияси сиёсий куч сифатида ташкил топгандан буён жамиятда адолат ўрнатиш устида тинимсиз фаолият олиб бораяпти. Айниқса, кейинги йилларида партия фаолияти самарали бўлмоқда. Буни Қашқадарё вилояти мисолида оладиган бўлсак, барча йўналишдаги партиявий-ташкилий ишларда фақат ва фақат ўсишга эришилаётганининг гувоҳи бўлиш мумкин. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ўтган сайловда вилоятдан 3 нафар, маҳаллий Кенгашларга эса 59 нафар депутат сайлангани ҳам фикримизнинг исботидир.

Партиянинг вилоят ва Қарши туман кенгашлари томонидан Бешкент шаҳрида ўтказилган “Биз адолат тарафдоримиз” мавзусидаги тарғибот тадбирида тумонат одам тўп­лангани ҳам ташвиқот ишлари намунали йўл­­га қўйилганидан далолат беради. Митингда сўзга чиққан маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дас­турида илгари сурилган жамиятда қонун устуворлигига эришиш, барча жабҳада адолат тамойилларини қарор топтириш каби масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Митингда вилоят ва туман маданият ходимлари томонидан уюштирилган бадиий чиқишлар барчага манзур бўлди.

    Комил САХАТОВ, 

Қашқадарё вилоят кенгаши матбуот котиби    

***

Самарқандда “Адолат”чилар сайли

Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. “Адолат” социал-демократик партияси ҳам жойларда акциялар, учрашувлар ва митинглар ташкил этиб, аҳолини партиянинг позицияси, унинг ғоялари билан таништирмоқда. Оддий, содда тилда сиёсий куч олдига қўйган мақсад ва вазифаларини аҳолига етказиш билан бир қаторда, турли кўнгилочар дастурлар ҳам бўлиб ўтмоқда.

“Адолат” СДПнинг Самарқанд шаҳар кенгаши ташаббуси билан Регистон майдонида “Адолатли жамиятни бирга қурамиз” шиори остида ўтказилган оммавий тарғибот тадбири ҳам йиғилганларга кўтаринки кайфият бағиш­лади.

Самарқанд шаҳар маданият бўлими, Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчи ва талабалари, шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғини раислари, мас­лаҳатчилари, пар­тия фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган “Адолат” сайлининг кириш қисмида партия фаоллари, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутатлари сайлов қонунчилиги, партиямизнинг мақсад, вазифалари хусусида сўз юритишди.

Сўзга чиққанлар “Адолат” СДП­дан Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дас­турини қуллаб-қувватлашди ва йиғилганларни унинг номзоди учун овоз беришга чақиришди.

— Мамлакатимизда кўппартиявийлик тизими жорий этилиб, демократик ислоҳотлар ривожланиб бормоқда, — деди партия фаоли Гавҳар Худойбердиева. — “Адолат” СДП ҳам ўз электорати манфаатларини ифодалайдиган ва ҳимоя қила оладиган сиёсий куч сифатида фаолият олиб бораяпти. Мен партияга 1995 йилдан буён аъзоман. 26 йил ичида партиямиз сифат жиҳатидан юксалди, аъзолари сони кўпайиб, етук сиёсий кучга айланди. Ўзининг ҳаётбахш ғоялари орқали халқ ичига кириб бора олди. Сайлов­олди дастурини ҳаётга тўлиқ тат­биқ қилиш орқали партиянинг халқимиз орасидаги танилувчанлигини, мамлакатимиз сиёсий майдонидаги нуфузини янада юксалтириш, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишдаги ролини кучайтириш каби вазифаларни амалга оширишга бундан буён ҳам биргаликда ғайрат билан ҳаракат қиламиз.

Маданият соҳаси вакилларининг чиқишлари, хонандалар томонидан янграётган куй ва қўшиқлар тадбирга янада файз бағишлади. Маълумки, ер юзининг сайқали бўлган Самарқанд­­га келган ҳар қандай хорижий сайёҳ Регистонни кўрмай қайтмаган. Бу майдонга ташриф буюрган чет эллик сайёҳларни ҳам “Адолат” сайли ўзига чорлади. 

Зилола ДУСАНОВА,

Самарқанд шаҳар кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Ислоҳотлар янгиланишларга ҳамоҳанг бўлиши лозим 

admin

Адолат йўлида 27 йил

admin

Мақсадимиз ягона: Ҳар бир сайловчи биздан рози бўлсин!

admin