ADOLAT 24

Ҳуқуқ тизимида сарсонгарчиликлар барҳам топади

Барчамизга яхши маълумки, ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг муҳим принцип­ларидан бири қонун устуворлиги бўлиб, ушбу принципнинг ҳаётийлигини таъминловчи муҳим омил – қонунлар ва уларни ҳаётга жорий этиш механизмларини такомиллаштириш саналади. Ўтган даврда мамлакатимизда ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва ижро этиш борасида аниқ ва пухта ҳуқуқий база шакллантирилди. Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳага оид муаммоли вазиятларга ечим топиш мақсадида 40 дан ортиқ қонун, қарор ва фармон қабул қилиниб, амалиётга жорий этилди.  

Бунда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари янги мазмундаги демократик давлатимизнинг асосий мақсадига айланди. Зеро, ҳар қандай демократик давлатда суд тизими инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган механизмнинг асосини ташкил қилади. Қувонарлиси, олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жамиятимизнинг ривожланишида, одамларимизда ҳақи­­қат ва адолатга бўлган ишончни мус­таҳкамлашда катта аҳамият касб этмоқда.

Энг асосий йўналишларидан бири адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланган “Адолат” СДП  мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш, суд ҳокимияти мустақиллигини янада мус­таҳкамлашнинг амалий шакл ва услубларини ишлаб чиқиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини судда ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишга фаол кўмаклашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. 

Партиямиз давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида “Адолат – қонун устуворлигида”, “Қонун устувор бўлган жойда адолат бўлади”, “Куч – адолатда” каби ғоя­ларни ҳаётга кенг жорий этиш, қонун устуворлигини таъминлаш – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг ижтимоий ҳимояси амалда таъминланадиган ҳуқуқий давлат, халқчил, адолатли, эркин жамият, фаровон ҳаёт барпо этишнинг гарови, деб билади. Биз “Кучли ва адолатли суд ҳокимияти бўлган жойда қонун ва адолат тамойиллари устувор”, деб ҳисоб­лаймиз. Шу мақсадда партиямиз суд ҳокимиятининг мустақиллигини, судлар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг барқарорлигини, фаолиятининг очиқлиги ва холислигини таъминлаш, судьяларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш жараёнларини янада такомиллаштириш, одил судловнинг нуфузини ошириш, суд ва судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, энг муҳими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­ларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни таклиф этиб келмоқда. 

Энг муҳими, ушбу таклифларнинг аксарияти бугунги кунда партиямиздан Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайлов­олди дастурида алоҳида ўрин олганлиги ва бу таклифларни амалга ошириш йўллари кўрсатиб берилгани биз “адолат”чиларни қувонтиради. 

Хусусан, биз инсонлар сарсон бўлишининг олдини олиш ва суд фаолияти сифатини ошириш мақсадида амалдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш орқали фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича туман, шаҳар ва вилоят судлари негизида умумий юрисдикция судлари ташкил қилишни, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга назорат инстанцияси ваколатини юклаш таклифини илгари сурган эдик.

Эндиликда вилоятларда жиноят, фуқаролик, иқтисодий судлар асосида ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилмоқда. Бу ўринда вилоят даражасидаги фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича 3 та суд битта суд сифатида бирлаштирилиши назарда тутилган. Таъкид­лаш жоизки, бу янгилик, албатта, одил судловдан умид қилиб келган фуқароларни судлар орасида сарсон бўлмасдан, оғирларини енгил қилишга хизмат қилади, уларга катта қулайликлар яратади.

Айниқса, соҳада “бир суд – бир инс­танция” тамойилининг илгари сурилиши натижасида суд жараёнларида ишларнинг якуний ечим топмасдан, қайта-қайта кўрилишига, фуқароларнинг йиллар давомида ҳали у суд эшигида, ҳали бу суд эшигида “сарғайиб” оворагарчиликларга учрашига барҳам бериладиган бўлди.  

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш, адолатли ва одил судловни амалиётга кенг жорий этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, энг муҳими, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Муҳиба Бабабекова,

“Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси,

халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Tegishli xabarlar

Турар жойлар олдидаги боғлар, болалар ва спорт майдончалари, бошқа ижтимоий объектлар жойлашган ерлар халқники бўлиши керак

admin

Бургутни какликка айлантирмайлик

admin

Депутатлик гуруҳларида: Аҳоли кўнглига йўл топаётганлар

admin