ADOLAT 24

Соҳибқироннинг адолат мезони

Аждодларимиз томонидан яратилган миллий давлатчилигимиз улуғ ғоя­лар ифодаси. Ғоялар давр эҳтиёжларидан ўзиб кетган, башариятнинг ижтимоий-маданий тараққиёти ривожига қўшган улкан ҳиссаси билан асосланади. У халқнинг фалсафий ва диний қадриятларини, муштарак мақсад-муддаоларини ўзида намоён этади. Амир Темур яратган улкан давлат пойдевори туркий халқлар анъаналарига содиқ қолган ва шу ғоялар тантанаси билан ренессанс маданиятини вужудга келтирган ворисийлик ифодаси. Зотан, эзгу ғояларсиз инсон ҳам, миллат ҳам, давлат ҳам юксала олмайди. Шу жиҳатдан бобомиз Амир Темур даҳоси миллий давлатчилигимизнинг адолат тимсоли ҳисобланади.

Хўш, шундай экан, бундай қудратнинг замирида қандай ғоялар ётади? Буюк шахс салоҳияти ва халқ қудратининг муштараклиги мураккаб ва зиддиятли даврларда қандай қарор топган? Улуғ мақсадларга чорлаган умуммиллий зафарлар, юксак маданият, илм-фан ва бунёдкорлик қандай қонуниятларга таянган? 

Давлатчилик таълимотининг ҳар қандай ижтимоий-фалсафий ёки ғоявий-сиёсий конструкцияси адолат тамойилларига суянса, у юксалишга хизмат қилади. Амир Темурнинг салоҳияти барча оқил, ақли расо одамлар учун бир неча бор тажриба ва амаллар билан тасдиқланган асос – бу дунёнинг ривожи адолатда эканлигини англаши билан белгиланади. Инчунин, фақат энг яхши урф-одатларга амал қилингандагина ҳар қандай ҳаёт гуллаб яшнайди. Инсон табиатига хос битилган олий туйғу ҳам ушбу шарофатлар билан бунёдкор кучга айланади. Бунда давлат, жамият раҳбар ва хизматчи, ҳукмдор ва садоқатли фуқароларга ажратилган ўринларига муяссар бўладилар. Мабодо баланд ва пастликнинг ўртасида фарқлар йўқолса, оламнинг асосига зил кетади. 

Адолат Амир Темур наздида сиёсатнинг ифодаси, ҳукмдорнинг қиёфаси, унда халқни севиш туйғуси мужассам. Адолат давлатнинг олий рамзи, мақоми. Адолат ҳокимият учун тенглик меъёри, ҳалолликни белгилаш амали, жамиятда манфаатлар уйғунлигини таъминловчи мурват, барқарорлик ва фаровонлик омили, халқпарвар ҳукмдор тимсоли. Бу мантиқ қонуниятини яхши тушунган Амир Темур давлат ва фуқаро ҳамкорлигини таъминлаш билан элнинг раҳномасига айланди. У ўз ҳокимиятини халқ ҳокимиятига айлантириш иродаси билан юксак маънавий оламини намоён қилди.

Адолат – бу идеал ғоялар мажмуи, инсон тафаккурида вужудга келган олий қад­рият! Давлатнинг адолатли табиатини англаган Амир Темур уни сиёсий бошқарув моҳиятига сингдира олган арбоб сифатида ўз халқи ва башариятнинг битмас-туганмас эҳтиромига сазовор бўлди. У “Адолат ва инсоф билан Танг­рининг яратган бандаларини ўзимдан рози қилдим. Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм-шафқат билан, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Хайр-эҳсон ишларим билан одамларнинг кўнглидан жой олдим. Сиёсат ва инсоф билан сипоҳларимни, раиятни умид ва қўрқинч орасида тутиб турдим. Фуқаро ва қўл остимдагиларга раҳмдиллик қилдим, аскарларимга инъомлар улашдим. Золимдан мазлумнинг ҳаққини олдим. Золим етказган моддий ва жисмоний зарарларни исботлаганимдан кейин уни шариатга мувофиқ иккиси ўртасида муҳокама қилдим ва бир гуноҳкорнинг ўрнига бошқасига жабр-зулм етказмадим”, дейди. 

Улуғ ғоялар миллатнинг фалсафий тафаккури ва эътиқод иродасида мавжуд. Бундай қудратни кўтариш, тараққиёт мезонига айлантириш омиллари адолатли сиёсатнинг замирида ётади. Юксалиш ва қудрат қадриятларига суянган қадимий маданиятнинг ҳосиласи, миллий ва диний анъаналарнинг уйғунлиги демакдир. Амир Темур турли миллат, ирқ, дин, маданиятлар билан уйғунлашиб келган Мовароуннаҳр халқи қадриятларини давлат сиёсатининг моҳият-мазмунига айлантирди. Бу борада “Мен ҳар доим ислом байроғини баланд кўтардим ва имон тарқатишни ўз буюклигимнинг қудратли замини деб билдим. Мен имон билан қудрат бир онадан туғилган, деб ишонганман. Шунинг учун мустаҳкам имонга таянган қудрат буюк бўладур”, дейди. Давлатнинг қуд­рати баланд бўлиши учун унда имон-эътиқод бутун бўлиши бугун ҳам замонавий сиё­сат фалсафаси моҳиятида мавжуд. У давлат сиё­сати мазмунига кириб боргани сайин халқнинг улуғ истиқбол мақсадлари йўлидаги амалий фаолиятида равшан бўлиб боради. Бу фалсафанинг замирида тараққиёт ва фаровонликка интилаётган янги авлоднинг қудратли анъаналари бор. Уни англаш ва содиқ бўлиш билан шу буюкликка дахлдор миллий идеаллар қарор топади. 

Амир Темурнинг давлат фалсафасида салоҳиятли аъёнлар ҳокимият тизимининг маънавий озуқаси, барқарорлик кафолати, ривожланиш омили сифатида қаралади. Ҳар кимни ўз ўрнида сақлай олиши, мартабасига лойиқ иззат қилиши, аъёнларнинг ҳаддидан ошиб кетмаслигини назорат қилиши ва энг муҳими, қонун устуворлигини таъминлаш асносида шу сифатдаги соғлом (ахлоқий) кучларнинг бошқарув ҳокимиятига келишини таъминлаш билан сиёсий мувозанатга эришганлигига аҳамият қаратиш лозим бўлади. Шу унсурлар йўқ экан, сиёсатда ахлоқий муносабатлар вужудга келмайди. Маънавий қадриятларни ҳукмдор шахс ахлоқи орқали жамиятнинг талаб ва эҳтиёжларини уйғунлаштирувчи юксак давлатчилик таълимотини вужудга келтиради. Халқнинг эзгу нияти, орзу-умидлари ва интилиш­ларининг давлат манфаати билан уйғун мафкуравий-ҳуқуқий асосларини яратади. Мазкур қарашлар қадриятлар сифатида ҳокимият фаолиятининг фалсафасига, бошқарув концепциясига айланади. У давлатнинг адолатли табиатини англаган, уни сиёсий бошқарув моҳиятига сингдира олган арбоб сифатида ўз халқининг ва башариятнинг битмас-туганмас эҳтиромига сазовор бўлди. Бундай тартиботнинг мукаммал тизими замонавий давлатлар ҳам ҳавас қилгудек сиёсий таълимотлар сирасига аллақачон кириб бўлган. 

Бугун замонавий давлат бошқаруви концепцияларининг мазмун-моҳияти назарий ва технологик жиҳатдан кенг кўламда такомиллашган. Аммо ҳокимиятнинг табиати ёхуд шу табиати билан боғлиқ инсон ва сиёсий манфаатлар зиддияти ўзгарган эмас. Ҳамон инсониятнинг эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги ахлоқий танлови сиёсий ҳокимиятнинг табиатини белгилаб келар экан, замонавий давлатчиликнинг самарали бошқарувини ташкил этиш муаммолари бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотган эмас. Асрий мунозаралар, аввало, сиёсатда ахлоққа ва у орқали адолатга асосланиш ҳукмдор маънавияти билан боғлиқ муаммоларда ётади. Бинобарин, шундай экан, буюк давлат арбоби Амир Темур сабоқлари бугун идеалликдан реалликка, реалликдан ижтимоий ҳодисага айланиши билан янги авлод истиқбол пойдеворига замин яратади. 

Соҳибқирон ўз билим ва эътиқодини мустаҳкамлаш борасида шариатга ва олимлар тажрибасига суянади. Олиму уламоларнинг жамият тараққиёти ва ривожланишидаги ўрнини ўз эҳтиёжи сифатида ҳис қилган ҳамда уларнинг салоҳиятларини давлат ва жамият қурилиши асосларини мустаҳкамлашга сафарбар қилади. Амир Темур олимларга меҳрибон бўлиб, саййиду шарифларни ўзига яқин тутади. Уламолар ва фозилларга тўла-тўкис иззат кўрсатиб, уларни мукаррам қилади. Давлатнинг саййидлар, олимлар ва фозилларга бўлган эҳтиёжи илм-маърифатга бўлган ҳурмат ва эҳтиром ифодаси. Мавжуд фазилатларга ошно ҳукмдор нафси ёмон ҳимматсизларни, кўнгли бузуқ, риёкор-маддоҳларни ёнига олмайди ва салтанат равнақи учун хатарли тоифалар деб билади. 

Амир Темур миллатнинг энг сара фарзандларини адолат ва эзгулик ишига сафарбар қилади, буюк мақсадлар йўлида барча соғлом ва маърифатли кучларни бирлаштиради. Ҳар ишда тартиб-интизом, тенглик ва ҳалоллик унинг кундалик амалига айланади. Мамлакатда илм-фан ва маърифатга ривож бериб, буюк Ренессанс маданияти асосларини яратишга, халқнинг қудратли туйғуларини уйғотишга эришади. Унинг эришган ютуқлари заминида, аввало, инсон манфаатининг устуворлиги ётади. У қай тарзда элга садоқат қилган бўлса, худди шундай эътирофу икромга сазовор бўлди.

Амир Темур қайси мамлакатда бўлмасин, у ерда ободончиликка, бунёдкорлик ишларига катта эътибор берди. Марказлашган қудратли салтанатни барпо этиш орқали, пировардида улкан ҳудудда тинч­лик, осойишталик, савдо-сотиқни ривожлантириш, давлатнинг улкан ҳудудини озод ва обод диёрга айлантиришни мақсад қилди. У қуёш тафтида пишган хом лойдан қурилган Самарқандни қабул қилиб, уни Осиё Римига айлантирди. Самарқандни энг гўзал меъморий бинолар билан безади. Ҳар бир ғалаба натижасида янги қурилиш иншоотлари билан тақдирланди. Олимлар академия ва кутубхоналар билан таъминланди, ҳунармандларга устахоналар берилди, санъат ва адабиётнинг юксак намуналари яратилди, астрономлар учун расадхоналар қурилди. Самарқанд Амир Темур орзулари ушалган жаҳон маданиятининг марказига айланди. 

Амир Темур даҳолиги унинг яратувчилиги ва бунёдкорлигида намоён бўлади. У тафаккурида оламнинг шакл-шамойи­лини, унда халқлар ва давлатлар тақдир-қисматини олдиндан башорат қилиш қобилиятига эга инсон эди. Унинг метин иродаси, эътиқод ва имони, машаққатлар билан тўлган руҳияти доимо адолат мантиғига интилади. Яратувчан туйғулари уммон каби янгиланмоқни, яратмоқни ва қайта тикланмоқ изтироби билан яшамоқни истайди. Ўзи учун мудом сирли ва жозибали олам ҳақиқатига интилиш, ана шу изтироблар йўлида ёниш – ёндириш билан ўзлигини ахтаради. Ҳа, даҳолик формуласи ўз эътиқодини улуғлаган ва шу ҳақиқатга ўзини бахшида қилган шахс­нинг тақдир-қисмати, комилликка интилиш иштиёқи, руҳий изтироблар нашидасидир. Ожизлик ва тубанлик, жаҳолат ва ёвузлик устидан мудом ғолиблик унинг эътиқодига малҳам беради. 

Бу даҳолик озодлик йўлидаги дастлабки дарбадар изтиробларга чидаш матонати билан, улуғ мақсадлар йўлида тинимсиз курашлар изтироби билан, бешафқат разиллик ҳамда ҳиёнатларга қарши букилмас иродаси билан, адолат ва ҳақиқатга бўлган юксак ишончи билан, бунёдкорлик ва зафарларга тинимсиз интилишлари билан, дин ва маърифатга бўлган чексиз эътиқоди билан, уммондек улкан саховат ва муруввати билан, ўз халқи ва юртига бўлган муҳаб­бат ва садоқати билан ифодаланади. 

Амир Темур даҳосини тўла-тўкис тушуниш ва англаб етиш учун фақат аниқ тарихий далилларни санаб ўтиш кифоя қилмайди. “Тарихий фактлар” деб аталувчи нарсалар аслида оддий ва айни пайтда фақат мавжуд воқеликнинг ташқи кўринишини ифода қилади, холос. Бу воқеликлар даврнинг ривожланиш тенденциялари билан боғлиқ бўлган муайян “менталитет” ёки “ижтимоий тузилмалар” ўзаро таъсирининг инъикосидан бошқа нарса эмас. Лекин буларнинг барчасини у ёки бу даражада ҳаракатга келтирувчи куч инсон омили – шахсиятни ўз даври фонида интилган манфаатлари доирасида таҳлил қилишга ундайди. Ана шунда унинг ўз даври ва башарият даъватига дахлдор жасорати намоён бўлади. Шу қонуниятлар асносида Соҳибқирон шахсига, унинг қолдирган юксак меросига баҳо бериш, шу шахсни шакллантирган халқнинг менталитетига, унинг миллий, диний қадриятларига, жасорат ва бунёдкорлик билан йўғрилган қудратли руҳиятига, миллий давлатчилик ривожининг юксалиши ва таназзул сабабларини очувчи туркий халқлар фалсафий оламига кира олганимизча йўқ. Бунинг узоқ ва яқин ўтмиш тарихимизга салбий таъсир кўрсатган ташқи ва ички омиллари бор, албатта. Лекин бугун миллий юксалишнинг бирдан-бир омили сифатида давлатчилик тарихимиз билан боғлиқ бўлган меросимизни, унинг аччиқ ва фожиали жиҳатларини ҳамду санолардан холи бир бутун яхлитликда ўрганиш ҳамда сабоқ чиқаришни тақозо қилади. Шу маънода миллатнинг ўтмиш оламига, унинг тарих фалсафасига қанчалик кириб бора олсак, буюклик билан йўғрилган Амир Темур сабоқларидан шунчалик баҳраманд бўлиб борамиз. 

Амир Темур бобомиз меросини ўрганишнинг дастлабки босқичлари тарихий ҳақиқатни англаш даври бўлди, десак хато бўлмайди. Зотан, қисқа даврда улуғ давлатнинг вужудга келиши омиллари ва ундан сўнгги давлатчилик таназзул даври, муросасиз кечган ўзаро сиёсий ихтилофлар, мустамлакачилик домига тортган ижтимоий иллатлар сабабиятини ўрганиш тарихий оқибатлар моҳиятини англашга ёрдам беради. Бугун бизни буюк ва қудратли давлат бунёдкори, иккинчи Ренессанс асосчиси Амир Темур давлатчилик таълимоти мероси бадиий-адабий ва тарихий талқинлар қаторида илмий концепциясини яратиш масаласи кутиб турибди. Амир Темур меросини ўрганишга бағишланган илмий-назарий ғояларни тадқиқ этиш, такомиллаштириш, халқаро илмий жамоатчиликнинг назарий хулосаларини жамлаш, айни пайтда, ўзимизда ва хориждаги манбаларни муттасил ва изчил ўрганиш билан, ҳамон навбатини кутиб ётган қўлёзма манбаларни таржима қилиш Мовароуннаҳрда иккинчи Ренессанснинг вужудга келиш омилларини янада чуқурроқ ўрганишда, унинг вужудга келиш моҳият-мазмунини татбиқ этишда, миллий давлатчилик маданиятининг тарихий ришталарини қайта тиклашда, айниқса, Ўзбекистон олиб бораётган янгиланиш ислоҳотларида шакл-мазмун топаётган учинчи Ренессанс асосларини вужудга келтиришда кенг имкониятлар очиб бериши шубҳасиз. Айнан ана шундай улуғ ва истиқболли мақсадларда Ўзбекис­тонда “Амир Темур” илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш мавжуд илмий муаммоларни тизимли тартибда ҳал этиш шароитини яратади. 

Тарих фалсафаси миллатнинг ворисийлик анъаналарини, тафаккур оламини, давлат, жамият, халқ турмуш тарзи ва тараққиёт орасидаги боғловчи бўғин унсурларини, ҳаракат ва ривожланишнинг моддий ва маънавий рағбатларини ўрганишга ҳамда улар моҳиятини излашга ундайди. Қудратли давлат, юксалиш ва тараққиёт таълимотига айланган Амир Темур мероси қонуниятларини ўрганиш, уни такомиллаштириб, сайқал бериб бориш, шу мақсадда муайян давр ва келажак учун муҳим бўлган умумий ва соҳалар бўйича индивидуал ҳулосалар тақдим этишни тизимлаштириш, жамият тараққиёт учун хизмат қиладиган хулосалар тақдим этиш каби бир қатор вазифалар ўз ечимини кутмоқда. Умуман, миллий давлатчилик тарихини алоҳида соҳа сифатида илмий тадқиқ этиш марказини ташкил этиш бугунги кунда барча тизимлар эҳтиё­­жи билан боғлиқ. Бу, аввало, миллатнинг ўзлигига қайтишида, жамиятда қонунлар устуворлигини таъминлашда, ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқий тизимларини такомиллаштиришда, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларимиз самарадорлигини оширишда, халқимиз сиёсий маданиятини янада юксалтиришда, инсон қадр-қимматини улуғлаш амалларида янги имкониятлар эшигини очишга хизмат қилади.

Тўлқин АЛИМАРДОНОВ,

сиёсатшунослик фанлари доктори

Tegishli xabarlar

Очиқлик —КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ омили

admin

Зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига ҚАРШИМИЗ!

admin

Ҳаётимизга янги мазмун бахш этади

admin