ADOLAT 24

“Обод”дан шўрланиш чекинди

Тупроққалъа туманидаги “Обод” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи захкаш тўсилиб қолгани туфайли 280 тадан зиёд хонадонни шўр босиб, аҳоли 3 йилдан буён азият чекиб келаётганди.   

Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи, партиянинг Тупроққалъа туман кенгаши ва маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, “Обод” маҳалласида юзага келган зах муаммоси атрофлича ўрганилди ва муаммога ечим топиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоевга мурожаат қилинди.  

— Шўрланиш бутун маҳаллани қоплаб, уйларимизнинг деворларига ўрлай бошлади, – дейди маҳалла фаоли Отахон Раҳимов. – Боғ-роғларимиз қуриб, қовжираб қолди, ҳатто маҳалламизга кўрк бўлиб турган 30 йиллик гужумлар ҳам қуриб, ўтинга айланди. Имтиёзли кредит олиб, иссиқхонада полиз экинлари етиштириш орқали яшаш шароитимиз яхшиланиб бораётган бир пайтда даромад манбаидан ҳам бебаҳра бўлиб қолдик. Ерни 30 см. қазиганимизда шўр сув сизиб чиқа бошлади, натижада томорқаларимизда биронта экин экиб, ундиришнинг иложи бўлмади. Уйларимиз ертўлаларида захдан қурт-қумурсқалар кўпайиб кетди. Бу муаммо 3 йилдан буён бизни қийнаб келарди. 

— Шўрланиш муаммоси юзасидан мурожаат этиб чарчаган ва ишончимиз йўқолиб, умидимизни узган бир пайтда, ҳудудимиздан сайланган депутатимиз Роза Ибрагимова туманимиздаги бир неча ташкилотларга депутатлик сўрови билан чиққанини, натижа бўлмагач, партиянинг Хоразм вилоят кенгашига мурожаат этганини маълум қилди, — дейди Тўхта она Қаландарова. – “Адолат” СДПнинг вилоят кенгаши фаоллари зудлик билан маҳалламизга келиб, яшаш шароитимиз билан танишди, хонадонма-хонадон юриб, зах муаммоларини ўрганишди, тас­вирга олишди ва видеолавҳалар тайёрлашди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев ҳам маҳалламизга келиб, масалани ўрганиб, туманимиз мутасаддиларига мурожаат этди ва тўсилиб қолган захкашда икки ойдан зиёд қазиш ишлари олиб борилди, шу тариқа маҳалла аҳолиси зах балосидан қутулди. 

Куни кеча ушбу маҳаллада “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар бўсағасида” мавзусида тарғибот тадбири бўлиб ўтди ва фуқароларнинг партиямизга бўлган ишончи юксалди.

Ҳа, юрт, одамлар дарди билан яшамоқнинг асл моҳияти шунда. Депутат Мақсуд Қурбонбоевнинг воҳамизда мавжуд муаммолар юзасидан олиб бораётган ишлари доимо ижобий ечим топмоқда. Чунки холислик, жонкуярлик ва масъулият бор жойда ютуқлар бардавом бўлади.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ 80 ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БИР ГУРУҲ ОЛИМ ВА ТАДҚИҚОТЧИЛАРНИ МУКОФОТЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin

Қоним жонингга дармон бўлсин!

admin

Йўл ҳаракати қоидаларига эътиборсиз бўлмайлик!

admin