Шўролар давлати ҳокимият тепасига келганидан бошлаб собиқ иттифоқда икки марта сиёсий қатағон рўй берган бўлса, республикамизда бу жараён билан боғлиқ хунрезликлар тўрт марта амалга оширилган. Юртимизда дастлабки сиёсий қатағон 1929-1931 йилларда рўй берди. Ана шу йилларда “Қосимовчилик”, “Бадриддиновчилик”, “Наркомпросс иши” ва бошқа шу каби номлар остида маданият, ҳуқуқ, маориф, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда халқимиз орасидан етишиб чиққан зиёли, илм-маърифатли инсонлар қамоқларга олиниб, қирғин қилиндилар.
Иккинчи бор қатағон қиличи халқимиз бошида 1937-1938 йилларда айланди. Учинчи бор сиёсий қатағон юртимизда ўтган асрнинг 50-йилларида бошланди. Сталин шахсига сиғиниш билан боғлиқ ҳолатда юзага келди. Тўртинчи сиёсий қатағон республикамизда 1980 йилларнинг ўрталарида “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” билан боғлиқ равишда амалга оширилди. Натижада бу сиёсий хунрезликлар оқибатида халқимизнинг минг-минглаб вакиллари бегуноҳ жабрландилар, ўлим жазосига ҳукм қилиниб, ҳаётдан кўз юмдилар. Ана шу сиёсий қатағонлар қурбонларининг бир қисми мамлакатимизда маърифатпарварлик оқимини бошлаб берган жадидлардан ва юртимиз истиқлоли учун курашган миллий озодлик ҳаракати курашчилари вакилларидан иборат эди.
Ноҳақдан айбланган, ҳаётдан бевақт кўз юмган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш, хотираларини абадийлаштириш ҳаётий зарурат эди. Бу ишга кенг кўламда мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин, 1991 йилдан сўнг киришилди. Республикамиз пойтахти Тошкентда ва вилоятларда “Шаҳидлар хотираси” майдонлари ҳамда “Қатағон қурбонлари” музейлари ташкил этилди. Сиёсий қатағонлар даврида ноҳақ айбланиб, қурбон бўлганлар номлари оқланди. Улар хотиралари абадийлаштирилиб, юртимиз, халқимиз учун қилган ишлари улуғланди. Эндиликда бу борада бошланган ишлар давом эттирилиб, жадидчилик ҳаракати ва миллий озодлик ҳаракати намояндаларининг фаолияти ҳам холислик билан ҳаққоний баҳоланмоқда.
Албатта, рўй берган қатағонлар пайтида фақат миллатдошларимиз, ўзбек халқи вакилларигина сиёсий жабрдийдалар, ноҳақлик қурбонларига айланмадилар, балки мамлакатимизда яшаган, юртимиз истиқболи учун курашган рус, қозоқ, озарбайжон, қирғиз, туркман, тожик, қорақалпоқ ва бошқа кўплаб миллатлар намояндалари ҳам қатағон қийноқларини, азобларини бошидан кечирдилар. Қатағон қиличи миллат танлаб ўтирмади. Бу галги мақоламизда ана шундай, юртимизда яшаб, фаолият юритган ва қатағонга учраб, ҳаётдан кўз юмган рус миллатига мансуб Александр Сидоров тақдири хусусида сўз юритамиз.
Александр Сидоров мамлакатимизда собиқ шўролар давлатининг шаклланишида фаоллик кўрсатган жамоат арбобларидан бири ҳисобланади. У Туркистон Автоном Совет Социалистик республикаси ташкил этилган даврда икки марта – 1918 йил 27 январдан 1 майгача, 1919 йил 31 мартдан 3 октябргача Юстиция халқ комиссари бўлиб ишлаган. Яъни, юртимизда адлия тизимидаги илк раҳбарлардан бири бўлган.
Унинг таржимаи ҳоли Россиядан Туркистонга келиб қолган кўплаб рус мужикларининг ҳаётидан деярли фарқ қолмайди. У 1892 йилда Симбирск шаҳрида туғилади. 1911 йилда шаҳардаги ўрта махсус билим юрти бўлган гимназияни тугатади. Шундан кейин ўқишни давом эттириш мақсадида Қозон университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ҳужжат топширади. Бу ерда ўқишга кириш учун бир йил давомида тайёргарлик кўради. Аммо маблағи етишмаганлиги сабабли ўқишга тайёргарликни тўхтатади. Қозон университетидаги ўқитувчилардан бири уни ўзи билан бирга Тошкентга боришга таклиф қилади. Тошкентга келганидан кейин Урсатов темир йўл станциясида ҳар хил ишларда ишлайди. Ишчилар ва уларнинг болаларига таълим беради. Темирйўлчиларнинг йиғинларида қатнашади. Ҳамма жойда халқ учун, аҳоли учун яшаш, ҳаёт кечириш қийинлигини англаб етади. Ноҳақлик, адолатсизлик туфайли юз бераётган исёнларда, ғалаёнларда қатнашади. Жандармиянинг таъқибига тушади. Урсатовдан қувғин қилинади.
Бир фурсат Тошкентда яшаганидан кейин 1913 йилда ҳарбий хизматни ўташ учун Симбирскка қайтиб кетади. Лекин ҳарбий хизматга олинмайди ва шаҳардаги молия ишларини бошқарувчи ғазнахонанинг концелярия бўлимига ишга киради. 1915 йилда Қозон университетига ўқишга кириб, 1917 йилда университетнинг ҳуқуқшунослик факультетини битириб чиқади. Университетда ўқиб юрган пайтида студентлар қўзғолонларида фаол қатнашади, давлатга қарши бўлган талабаларнинг яширин ташкилотларининг аъзосига айланади. 1916-1917 йилларда бир неча марта Тошкентга келиб, инқилобий ҳаракатларда иштирок этади. 1917 йилдан кейин Тошкентга доимий яшаш учун келиб, тирикчилик важидан бир қанча ишларда ишлайди. 1918 йилдан бошлаб Туркистон ўлкаси Марказий Ижроия комитетига сайланади ва 1918 йил 27 январда Юстиция халқ комиссари қилиб тайинланади.
Бу даврда – 1918 йилнинг 20 апрель – 1 май кунлари советларнинг V ўлка съездида Туркистон ўлкаси Россия Совет Социалистик Федератив республикаси (РСФСР) таркибидаги Туркистон Автоном Совет Социалистик республикаси (ТАССР)га айлантирилганлиги эълон қилинади. РСФСРда ишлаб чиқилган декретлар, қонунлар, қарорлар, кўрсатмалар тўғридан-тўғри Туркистон Автоном республикаси ҳудудларида амал қилинади. Бунинг учун Тошкентда Юстиция халқ комиссариати томонидан қонун ҳужжатларини нашр қиладиган ва уларни барча совет ташкилотларига етказиб берадиган босмахона ва корхона ташкил этилади. Афсуски, бу босмахонада қонун ҳужжатлари ҳамиша ҳам ўз пайтида нашрдан чиқарилавермаган, уларни чоп этиш кечиккани сабабли Юстиция халқ комиссариати йиғилишларида бу хусусда алоҳида қарорлар қабул қилинган. Бу қонун ҳужжатларини жойларга етказиб беришга жиддий эътибор берилган.
Маълумки, шўролар давлати ўрнатилиб, большевиклар ҳокимият тепасига келганидан кейин барча ўлкаларда фуқаролар уруши, миллий озодлик ҳаракатлари авж олади. Жумладан, Туркистон ҳудудларида ҳам ана шундай ҳаракатлар вужудга келади. Давлатга ва сиёсий тизимга қаршилик кўрсатадиган кучлар пайдо бўлади. Советлар уларга қарши курашни кучайтириш учун Олий трибунал, Вилоят революцион трибуналлари, Фавқулодда комиссиялар, Ҳарбий судлар каби ҳуқуқий ташкилотларни ташкил этадилар. Дастлаб бу ташкилотлар Юстиция халқ комиссарлигидан алоҳида фаолият олиб борадилар. Кейинчалик улар комиссарликка бўйсундирилади ва трибуналлар ҳамда ҳарбий судларнинг ноқонуний иш кўришларига чек қўйилади. Жиноий ишлар административ буйруқбозлик асосида эмас, ҳуқуқий асосда кўриб чиқиш белгиланади. Лекин комиссарликнинг ўзида етук ҳуқуқшунослар бўлмагани сабабли суд ишларида адолатсизликлар кўплаб рўй берган.
1918 йилда Оренбург оқ гвардиячилар томонидан босиб олинганидан кейин шўролар давлатининг маркази билан Туркистон Автоном республикаси ўртасида алоқалар узилиб қолади. Шу йилнинг кузига бориб Оренбург яна советлар томонидан оқ гвардиячилардан озод этилади, натижада ТАССР билан шўролар давлатининг маркази ўртасида алоқалар тикланади. Марказ Туркистонга декретлар, қонунлар, қарорлар мажмуаси билан биргаликда Амин фамилияли ҳуқуқшунос-большевикни ёрдамга юборади. У Туркистон АССРнинг Юстиция халқ комиссариатининг фаолияти ва тизимини марказ топшириғига кўра қайтадан ташкил этади. Бунга кўра Юстиция халқ комиссариати 4 та бўлимдан иборат ҳолда қайта шакллантирилади:
1) Суд қурилиши ва шахсий таркиб бўлими;
2) Қонунлар учун таклифларни кўриб чиқиш, кодификациялаш ва уларни эълон қилиш бўлими;
3) Бошқарув-хўжалик бўлими;
4) Жазолаш бўлими.
Комиссарликдаги асосий ишлар дастлабки икки бўлим зиммасига тушади. Айниқса, суд қурилиши ва шахсий таркиб бўлимида жиддий ишларни амалга ошириш белгиланганди. Советлар ҳокимияти қўл остидаги ўлкаларда Чор Россияси давридаги мавжуд суд тизимини тубдан тугатиш ва улар ўрнида Ягона умумхалқ судларини ташкил этишга киришади. Бундай судларни ташкил қилиш тўғрисида декрет ҳам қабул қилинади. Айни пайтда большевикларнинг динни давлатдан ва мактаблардан ажратиш тўғрисидаги декрети эълон қилиниши билан Умумхалқ судлари фаолиятида диний асосларга асосланиб ҳукм чиқариш барҳам топади. Россиянинг барча ўлкаларида советларнинг декретлари, қонунлари, қарорлари асосида иш кўрадиган Ягона умумхалқ судларини ташкил этиш ишлари муваффақиятли амалга оширилади.
Аммо Туркистон Автоном республикасида ана шундай Ягона умумхалқ судларини ташкил этиш қийин кечади. Аввал Тошкент шаҳрида, кейин Сирдарё, Самарқанд, Фарғона, Еттисув, Закаспий областларида бундай судларни ташкил этишга қарши турувчилар кўпаяди. Азалдан шариат ва одат судлари фаолиятига кўниккан ҳамда уларнинг шариат, одат бўйича чиқарган ҳукмларини тўғри, деб ҳисоблайдиган мусулмонлар советларнинг декретлари, қонунлари асосида иш юритишга мўлжалланган Ягона умумхалқ судларига ишонмайди. Натижада Туркистон республикаси Марказий Ижроия Комитети ва Юстиция халқ комиссариати Ягона умумхалқ судлари билан бирга шариат ва одат судларининг фаолият юритишига рухсат беради. Лекин шариат ва одат судлари фаолиятида советлар томонидан қабул қилинган декретларга, қонунларга бўйсуниши мажбурий қилиб қўйилади ва айни пайтда шариат ва одат судлари ҳукмидан норози бўлган судланувчиларга Ягона умумхалқ судига апелляция бериш ҳуқуқи сақлаб қолинади. Буларнинг бари советларнинг Ягона умумхалқ суди суд тизимида юқори инстанция вазифасини бажарганлигини кўрсатади.
Аммо ҳуқуқ тизимида ишлар муваффақиятли кечмагани ва режадаги ютуқларга эришилмагани туфайли Александр Сидоров 1918 йилнинг 1 майида Юстиция халқ комиссарлигидан бўшатилиб, бошқа ишга ўтказилади. Бироқ орадан кўп ўтмай, 1919 йилнинг 31 мартида яна Юстиция халқ комиссари этиб тайинланади. Унинг Юстиция халқ комиссари сифатида иккинчи маротаба фаолият юритган даврида бу тизимда яна кўплаб ўзгаришлар рўй беради. Трибуналлар ва ҳарбий судларнинг бошқарув тузилмалари ҳамда таркиби янгиланади. Шу билан бирга, Революцион трибуналлар Юстиция халқ комиссариати ҳисобидан чиқарилиб, Туркистон Автоном республикаси Марказий Ижроия Комитети ҳисобига ўтказилади. Область Фавқулодда комиссиялари ва Алоҳида муҳим ишлар бўлимлари эса тўғридан-тўғри Комиссарлар советига бўйсундирилади. Тошкентда халқ судлари вакиллари ва терговчиларнинг малакаларини ошириш учун курслар ташкил қилинади.
Ўша давр ҳужжатларига, Юстиция халқ комиссарлигининг архив материалларига, матбуот саҳифаларига назар ташласангиз юстиция, суд, тергов, ҳуқуқшунослик, қонуншуносликнинг барча жабҳаларида жиддий ислоҳотларни амалга ошириш борасида иш олиб борилганлиги ҳақидаги маълумотлар ўрин олган. Социалистик давлат қонунлари, жиноят ва жазо принциплари, жиноятчиларни тарбиялаш жараёнлари буржуа жамиятидагидан кескин фарқ қилиши ҳақида сўз юритилган. “Инсон ҳеч вақт ўғри, қотил, талончи, жиноятчи бўлиб туғилмайди, унинг шундай ҳолатга тушишига жамиятдаги тенгсизлик, адолатсизлик сабаб бўлади. Капиталистик жамиятдан фарқли ўлароқ, социалистик жамият айрим жиноятчиларга эмас, умумжиноятчиликка, уни келтириб чиқарадиган сабабларга қарши курашади ва шу тариқа жиноятчиликка барҳам беради. Айни пайтда большевиклар капиталистлар каби жиноятчиларни ҳар хил жазолар билан жазолаш йўлидан эмас, уларни меҳнат орқали тарбиялаш йўлидан боради”. Бундай ақлли, доно гаплар, фалсафий мулоҳазалар большевиклар матбуотида қанча кўп айтилмасин, қамоқхоналар сиёсий маҳбуслардан тортиб ўғри, талончи, қотилларга тўлиб кетган, трибуналлар, ҳарбий судлар минг-минглаб одамларни ўлим жазосига ҳукм қилиш билан банд эди. Юстиция соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш мураккаб кечарди.
Юстиция халқ комиссари Александр Сидоров Халқ Комиссарлар Советининг аъзолари Павел Чегодаев ва Павел Домогатский билан биргаликда Бухоро амири ҳузурига бориб, у билан Туркистон Автоном Совет Социалистик республикаси номидан тинчлик, ҳамкорлик ўрнатиш борасида музокараларда иштирок этган. Унга 1918 йилнинг 25 мартида берилган гувоҳномада ана шу ҳақда маълумот келтирилган.
1919 йилда Юстиция халқ комиссариати рус тилида “Хабарнома”ни нашрдан чиқаришни йўлга қўйган. Шу йилнинг 1 июлида нашр этилган “Хабарнома”нинг 2-сонида комиссариат Бутунроссия Ишчи-деҳқонлар ҳукумати томонидан эълон қилинган кодекслар, декретлар ва қарорлар 9 июлдан бошлаб Туркистон республикасининг барча нуқталарида қонуний асосга эга эканлигини маълум қилади. “Хабарнома”нинг яна бир сонида маҳаллий мусулмонларнинг “қозилар ва бийлар судлари”ни Ички ишлар комиссариатидан олиб, Юстиция халқ комиссариатига ўтказишгани ҳақидаги хабар берилган. “Хабарнома”нинг кейинги сонларида Ҳарбий суд, трибуналлар, Алоҳида ишлар бўлими, Жазолаш бўлими, Ягона умумхалқ судининг область, район бўлимлари таркиби, тузилиши, фаолияти, иш тартиби ва бошқалар хусусида маълумотлар ёритилган.
1919 йилнинг 31 мартида Туркистон республикаси Марказий Ижроия Комитетининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади ва йиғилишда унинг янги таркиби сайланади. Марказий ижроия комитет раислигига Казаков, раис ўринбосарлигига Успенский, Темлянцев, Рисқулов, Халқ Комиссарлар Совети раиси вазифасига Сорокин, Ишлар бошқарувчилигига Замин, Ички ишлар халқ комиссарлигига Забаров, Ташқи ишлар халқ комиссарлигига Богоявленский, Социал таъминот ва меҳнат халқ комиссарлигига Камилин, Молия халқ комиссарлигига Голятовский, Юстиция халқ комиссарлигига Сидоров, Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлигига Орлов, Маориф халқ комиссарлигига Абдусатторов, Миллий масалалар бўйича халқ комиссарлигига Турсунхўжаев, Почта, телеграф халқ комиссарлигига Стефанюк, Озиқ-овқат халқ комиссарлигига Поваров, Ер ишлари халқ комиссарлигига Фотеев, Ҳарбий ишлар халқ комиссарлигига Сафонов кабилар тайинланадилар. Ушбу рўйхат Туркистон Автоном республикасининг бошқарув таркиби 1918 йилга нисбатан ўзгарганлигини ва маҳаллий миллат вакилларидан учтаси киритилганлиги билан олдинги рўйхатдан фарқ қилади. Александр Сидоров ҳам ушбу рўйхатдан ўрин олган. Лекин у 1919 йилнинг 3 октябрида бошқа ишга ўтказилгани сабабли Юстиция халқ комиссари вазифасидан озод қилинади.
Александр Сидоров кейинчалик Ашхобод, Одесса, Херсон шаҳарларида партия ташкилотларининг етакчиларидан бири сифатида фаолият юритган. 1927 йилда раҳбарлик лавозимида йўл қўйган хатолари учун партия сафидан ўчирилган. 1935 йилда Тошкент шаҳрига қайтиб келиб, Ўзбекистон ССР Молия халқ комиссариатида маслаҳатчи бўлиб ишлаган. Қатағон даврида, 1937 йилнинг 28 январида қамоққа олинади. У 1931 йилдан то қамоққа олингунча кечган даврда “Сталин шахсига нисбатан ҳақоратомуз сўзлар айтганликда, унинг сиёсатини ошкора нотўғри танқид қилганликда, Риков, Бухарин, Томский, Зиновьев, Кеменев каби халқ душманларига ён босганликда” айбланади. Ана шу айблари туфайли А.Сидоров 1938 йил 22 майда ўлим жазосига ҳукм қилинади ва ҳукм ижро этилади. У Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси протестига кўра “ҳаракатида жиноят аломатлари бўлмаганлиги учун” оқланади. Бу ўлимидан кейин оқланган Юстиция халқ комиссарларидан бири эди.