ADOLAT 24

Мутасаддиларнинг кўзи қаерда? Ноқонуний қурилиш ишлари ёхуд ёпиқ эшиклар ҳақида сўз

Мамлакат тараққиёти, халқнинг давлатга бўлган ишончини, аввало, коррупция, ундан сўнг коррупциянинг “қариндошлари” емириб, адо қилади. Маълумки, сўнгги ярим йилликда Ўзбекистонда коррупцион жиноятлар ва ноқонуний қурилишларга қарши кураш анчагина жиддий тус олди.

Минглаб бинолар қурилиши учун ими-жимида ноқонуний ажратилган жойлар, олди-сотди қилинган, халқнинг мулки бўлган ерлар секин-аста ўз жойига қайтарилмоқда. Лекин улар аниқланган “ишлар”нинг бир қисми, холос. Тегишли идоралар назарига тушмаган, тушса ҳам назарга илинмаган ёки “назарга илиниши” исталмаган ҳудудлардаги кўплаб ноқонуний қурилишлар ҳамон пана-панада қолмоқда. Шулардан бири пойтахтнинг Олмазор туманидаги Калонов мавзеси, “Чаманбоғ” маҳалласидаги бўш майдон ҳудудидир.

Хуллас, гап бундай. “Чаманбоғ” маҳалласида бугунги кунда 6 та кўпқаватли уй (дом) мавжуд бўлиб, у ерда 300 дан ортиқ хонадон, мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 500 нафардан кўпроғи эса болалардир. Аммо, афсуски, мана шу мингдан ортиқ аҳолига маҳаллада ақалли бирорта нафас олиб, ҳордиқ чиқарувчи ер, болалар майдончаси йўқ. Тўғрироғи, бўлиши мумкин эди, токи маҳалладаги кичик бўш ер кимлардир томонидан тадбиркорга ими-жимида сотиб юборилгунга қадар.

“Чаманбоғ” маҳалласида анча йиллардан буён харобага айланиб ётган кичкина бир бўш ер қолган эди. Маҳалла аҳолиси йиллардирки шу хароба жойни болалар майдончасига айлантириб беришини, керак бўлса харажатларини аҳоли ўз ҳисобидан тўлашларини илтимос қилиб, Олмазор тумани ҳокимлиги масъуллари эшигига елиб-югурган. Ҳокимликдан садо чиқмагач, Миллий гвардия ходимлари ва маҳалла фаоллари бирлашиб, ҳашар йўли билан ушбу жойни ободонлаштириб, бу ерда мевали боғ барпо қилишганди. Аммо бир нечта уддабуронлар тегишли ҳужжатларни ноқонуний равишда расмийлаштириб, ерни аукцион орқали пуллаб юборишган экан.

Бу тендернинг ноқонунийлик сабабларидан бири шундаки, ер тендерга қўйилиши ва сотилиши ҳақида маҳалла аҳолисидан ҳеч кимнинг розилиги олинмаган ва аукцион яширин тарзда амалга оширилган (Аукцион шартларидан бири ер тендерга қўйилиши учун маҳаллий аҳолининг розилиги олиниб, тасдиқланган ҳужжат илова қилиниши керак). Шундан сўнг бу ҳудудни “ютиб олган” шахс 0,0300 гектар ернинг аукционда кўрсатилган шартлари борлигига қарамай, дўкон эмас, балки 6 қаватдан иборат катта бир бино қуриш ишларини бош­лашга тараддуд кўрмоқда.

Қонунга кўра, тендерда ютилган ерда белгиланган қурилиш ишлари белгиланган вақтда бошланмаса, шартнома (яъни, тендер) бекор қилиниши шарт. 

Тадбиркор маҳаллага тегишли боғнинг ер майдонини ютиб олган аукцион 2021 йил февраль ойида ўтказилган. Умумий ер майдони 0,0300 гектар бўлган ҳудудда қонун талаби (№ Ю 004-044706 рақамли шартнома) бўйича 03.02.2021 йилги аукцион баённомасида қурилиш муддати 24 ой қилиб белгиланган. Қурилиш ишлари ушбу муддат ичида якунланмаган тақдирда аукцион баённомаси бекор бўлиши назарда тутилган. Бироқ мазкур аукцион ўтказилганига бир йил эмас, салкам уч йил бўлди. Демак, аукцион баённомаси ўз кучини йўқотган ҳисобланади. Аммо… 

Аммо орадан уч йил вақт ўтиб, “Construct Side” МЧЖ хусусий фирмаси ноқонуний сотиб олган ерда ва ундан ҳам каттароқ майдонда яна битта кўп қаватли уй қуришга бел боғлаган.

Хўп, шунча ишнинг бўлари бўлибди, янги уй қурилса қурилар, шунга ота гўри қозихонами, дейишингиз мумкин. Йўқ, ундай эмас. Асосий муаммолардан бири шуки, бу ерда кўп қаватли бино қурилиши нафақат аҳолини болалар майдончасидан, шу ҳудудда яшовчи қарияларни дам олиш ва тоза ҳаводан нафас олишдан маҳрум қилади. Нега фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмаяпти? Нега тадбиркорнинг маб­лағи устун қўйиляпти? Шу билан бирга хавфсизлик талаб­лари бузилиб, маҳаллий аҳолининг яшаш шароити янада оғирлаштириб юборилишига ҳам кўз юмиляпти.

Биринчидан, мазкур ҳудуд Тошкент шаҳар қурилиш бошқармаси томонидан тасдиқланган 71-а архитектура режалаштириш топшириғида дўкон ва маиший хизмат кўрсатиш корхонаси сифатида кўрсатилган ва режага киритилган. Сабаби, бу майдонда 6 та баланд қаватли уйлар учун мўлжалланган электрошит ва ГРП бор. Кўп қаватли турар жой биносини қуриш эса ўта хавфли.

Устига-устак, маҳаллада иккита янги қурилган кўп қаватли уйлар сабаб қолган тўртта уй(дом)да қиш мавсуми келиши биланоқ газ босими ва электр токи жуда пасайиб кетиши кузатилади. Чунки бу ерда мавжуд қувурлар қўшимча қурилишга, газ босимига, электр таъминотига бардош бера олмайди. Ноқонуний қурилаётган бино эса, ўлганнинг устига теп­гандек бир гап. Ҳаттоки бу қурилиш электр энергияси ва газ таъминоти режасига ҳам киритилмаган. Агар фирма бу ерда кўп қаватли турар-жой биносини қурса, қолган 6 та кўп қаватли уйлар электр энергияси ва газ таъминотисиз қолади. Бу қурилиш аҳоли фаровонлиги учун эмас, аксинча, шу ерда яшайдиган хонадон эгаларининг муаммолар гирдобида қолишига замин ҳозирлайди.

Иккинчидан, бир неча йил олдин экилган мевали дарахтлар бугун мева солишни бошлаган. Боғда 100 тупга яқин дарахт ва гуллар бор. Қурилиш ишлари бош­ланиши ортидан кесилган дарахтлар эса экологияга катта зарар етказади. Ваҳоланки, қурилиш учун экологик экспертлар мутасаддилари бу масалага шунчаки қўл силтаб қўйган. Бугунги экологик таназзул даврида бундай экологик хатарни масъуллар кўриб кўрмаганга олиш­лари, шунчаки эътиборсиз қарашлари қанчалик тўғри?! 

Умуман олганда, бўш ҳудудлар маҳалла билан келишган ҳолда аҳолининг эҳтиёжига кўра, турли маж­муа, маскан қурилиши учун давлат томонидан тендерга қўйилади. “Чаманбоғ” маҳалласидаги ушбу ҳудуд ҳам ана шу меъёрлар бўйича сотилиши керак эди! Ҳудуд 2021 йилда тендерга ноқонуний қўйилди ҳам дейлик, лекин юқорида таъкидлаганимиздек, тендер шартларига кўра, бу ерда савдо дўкони қурилиши керак эди. Аммо ҳудудда савдо дўконлари етарли бўлгани сабаб, бундай маиший хизматга эҳтиёж йўқ. Шу сабабли биз ҳокимлик ва тегишли ташкилотлардан шу ерда ҳордиқ чиқариш учун боғ ёхуд болалар майдончасини қуриб беришини сўрайвериб, ҳокимлик остонасига қатнайвериб ковушимиз тешилиб кетди…

Афсуски, Олмазор туман ҳокимлиги, туман прокуратураси ва бошқа катта-кичик ташкилоту идораларга қилаётган мурожаатларимиз қумга тушган томчидек изсиз кетмоқда. 

Бизни бир савол қизиқтиради. Нима сабаб шу кунга қадар масъуллар аҳолининг мурожаатларига беэътибор бўлиб келишмоқда? Нима учун аҳоли хавфсизлиги, экологияга оид муҳим муаммога кўз юмишмоқда? На аҳолининг, на экологик бошқарманинг ва на қурилиш ишлари бўйича тегишли мутасаддиларнинг розилигисиз иш юритмоқчи бўлаётган фирма фаолияти назорат қилинмайдими? Ёки мамлакатимизда жорий этилган қонун-қоидалар уларга тааллуқли эмасми? Прокуратура, ҳокимлик тизимлари халқ мурожаатларини шу қадар писанд қилмайдими? Ёки бунинг туб замирида “қарға қарғанинг кўзини чўқимайди” қабилидаги бизга номаълум сирлар яширинганми, буниси бизга қоронғи.

Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, “Чаманбоғ” МФЙ, “Бешқўрғон” кўчасида яшовчи фуқаролар:  

Ш.Назаров, Р.Таджиев, М.Таджиев, Б.Магрупов, 

З.Исломова, М.Ғуломов, Ш.Абидхўжаева, Д.Азимова, В.Иваева, Д.Нуруллаева, Б.Усмонов… 

(жами 49 та имзо)

Tegishli xabarlar

ОЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР – ТАРАҚҚИЁТИМИЗ МЕЗОНИ

admin

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришди

admin

Кўп сонли БПТмиз яна 60 нафар аъзони бирлаштирди

admin