ADOLAT 24

Ҳақ йўлига бағишланган ҳаёт

Давронбек Аҳмадбеков Ўзбекистон ССР Юстиция халқ комиссариатида кўп йиллар самарали фаолият юритган давлат арбобларидан бири эди. Унинг республикамиз ҳаётини юксалтириш йўлидаги фаолияти ютуқлар, муваффақиятлар ва фожиалар билан қоришиқ ҳолда кечди.

У таржимаи ҳолида умр йўллари ҳақида шундай ёзади: “Мен 1894 йилда Хўжанд шаҳрида ўртаҳол деҳқон оиласида туғилдим. Отам умр бўйи деҳқончилик билан шуғулланди ва шу билан бирга 1912-1916 йилларда қўқонлик фермер Потеляков ҳузурида пахта масалалари бўйича савдо-сотиқ воситачиси бўлиб хизмат қилди. Унжин волостидаги қишлоқлардан бирида оқсоқоллик вазифасини ҳам бажарди. 1916 йилнинг бошида вафот этди. Отам ўлимига қадар унинг қарамоғида бўлдим. 1912 йилгача эски мактабда, 1914 йилгача рус-тузем мактабида таълим олдим. 1916-1917 йилларда Хўжанд уездининг Нов волос­тида савдогар Мулла Иброҳимов қўлида иш юритувчи бўлиб хизмат қилдим. 1918 йил 14 апрелда большевиклар партияси сафига кирдим. Шундан кейин Туркистон АССР Компартияси Хўжанд шаҳар комитетида турли вазифаларда ишладим. Бир фурсат Нов, Чапқ­удуқ, Исфана волостларидаги умумий овқатланиш ошхоналарини бошқардим. 1918 йил ноябридан 1919 йил февралига қадар Хўжанд қамоқхонаси бошлиғи бўлдим. 1919 йил февралидан кейин ўқитувчилик қилдим. Шу йилнинг ёзида 3 ой Самарқанддаги ўқитувчилар тайёрлаш курсида таълим олдим. 1921 йилнинг февралига қадар ўқитувчилик қилдим ва айни пайтда шаҳар маориф бўлими касаба уюшмаси раиси вазифасини ҳам бажардим. Февраль ойидан то ноябрь ойига қадар шаҳар бирлашган касаба уюшмаларида раис бўлиб ишладим”.

 У 1921 йилнинг 5 ноябрида Хўжанд шаҳар ҳарбий революцион комитетининг бошлиғи этиб тайин­ланади ва бу ерда 1922 йилнинг июль ойига қадар фаолият юритади. Шундан сўнг Туркистон АССР Коммунистик партияси Хўжанд шаҳар комитетида ташкилий бўлим бошлиғи вазифасида 1923 йилнинг сентябрига қадар ишлайди. Бу даврдаги ишлари учун фахрий ёрлиқлар, мукофотлар ҳамда Туркистон 4-полки томонидан от билан тақдирланади. Орадан кўп ўтмай, 1924 йилнинг март ойида Самарқанд область ижроия комитети раисининг биринчи ўринбосарлигига ишга ўтказилади ва область партия конференциясида Самарқанд область партия назорат комиссиясининг раиси қилиб тайин­ланади.

1925 йилда Самарқанд облас­тида Ўзбекистон ССР Коммунис­тик партияси Марказий Комитети қарорлари асосида ер ислоҳоти ўтказилди. Ана шу ислоҳот муносабати билан область ижроия комитети раисининг ўринбосари, администрация бўлими бошлиғи лавозимларидан ташқари ер ислоҳотини тайёрловчи ва уни амалга оширувчи область комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият юритади. Бу вазифада Самарқанд областида ер ислоҳоти якунлангунча, яъни 1927 йилгача ишлайди. Ушбу соҳалардаги самарали фаолияти учун “Меҳнат Қизил байроқ” ордени билан тақдирланади. Ер ислоҳотини ўтказишдаги тажрибалари билан ўртоқлашиш учун 3 ойга Хоразм округида хизмат сафарида бўлади. У ердан қайтгач, Самарқанд округ назорат комиссиясининг раислигига сайланади ва 1929 йилнинг февралига қадар шу вазифада ишлайди.

1929 йилнинг эрта баҳорида Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Марказий Комитети қарорига кўра Андижон округига Колхозлар бирлашмасининг раиси қилиб ишга жўнатилади. Шу йилнинг 1 октябрида Зеленский район партия комитети конференциясида ушбу район партия комитетининг котиблигига сайланади ва бу ерда 1930 йилнинг августига қадар фаолият юритади. Шундан кейин Наманган шаҳар партия комитетининг котиби вазифасида 1932 йилнинг 20 февралига қадар ишлайди. Ушбу район ва шаҳар партия комитетидаги фаолияти давомида асосий эътиборни коллективлаштириш масалаларига қаратади. Натижада 1930 йилда Зеленский районида коллективлаштириш 60 фоизга, 1931 йилда Наманган районида 85 фоизга етади. Бу ютуқлардан кейин у 1932 йилнинг 20 февралида Ўзбекистон ССР Колхозлар бирлашмасининг директори қилиб тайинланади.

Д.Аҳмадбеков 1924 йилда бўлиб ўтган Туркистон АССРнинг XII съездида қатнашади ва Туркистон Республикаси Марказий Комитетининг аъзоси қилиб сайланади. Шундан кейин яна 2 марта Туркистон Республикаси Марказий Комитетининг аъзолигига сайланади. Туркис­тон АССРнинг съездида ҳам аъзоликка сайланади. Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Марказий Комитети ва унинг тафтиш комиссияси аъзоси бўлади.

1932 йилнинг 10 декабрида Ўзбекистон ССР Юстиция халқ комиссари қилиб сайланади ва бу вазифада 1936 йилнинг 1 майига қадар ишлайди. Шу кундан бошлаб Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Комитетининг котиблигига тайинланади. Бироқ Юстиция халқ комиссарлигига бирор раҳбар тайинланмагани учун уни ҳам 1937 йилнинг 20 январига қадар бошқаради. Шу билан бирга 1934 йилдан бош­лаб Норин, Андижон, Қўқон партия ташкилотларида “тозалаш” комиссияларининг раиси сифатида қатнашади.

Ўша даврда Юстиция халқ комиссариати республика ҳудудида халқ судлари сиёсатини амалга ошириш, адлия соҳасидаги ташкилотларни ташкил этиш ва уларнинг барчаси устидан раҳбарлик қилиш, лавозим эгалари ҳамда аҳолининг барча қатламлари ҳаракатларининг қонунийлиги борасида назорат ўрнатиш каби ишлар билан шуғулланарди. Айни пайтда комиссариат жиноятчиликка қарши кураш олиб борилган барча тергов органлари фаолияти устидан раҳбарликни ҳам амалга оширар ва жиноятчиликка қарши кураш йўлларини ўрганар эди. Шунингдек, комиссариат фаолиятига махсус суд муассасалари ишларини, республикадаги барча ахлоқ тузатиш меҳнат корхоналари фаолиятини назорат қилиш ҳам кирар эди. 30-йиллардан кейин комиссариат таркибида ва фаолиятида баъзи ўзгаришлар юзага келди.

Прокуратура тизими ҳам 1936 йилгача Ўзбекистон ССР Юстиция халқ комиссариати таркибида бўлиб келди. Комиссариат таркибида бўлган ахлоқ тузатиш меҳнат муассасалари Иттифоқ Халқ Комиссарлар Совети Марказий Ижроия Комитетининг 1934 йил 27 октябрдаги қарорига кўра Ички ишлар халқ комиссариати ва унинг жойлардаги тузилмалари ҳисобига ўтказилди. 1934 йил 10 сентябрда Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлар Совети ва Марказий Ижроия Комитетининг “Прокуратура ва суд органлари сафини мустаҳкамлаш ва уларни қайта тузиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу қарор Ўзбекис­тон ССР Юстиция халқ комиссариати, Прокуратураси ва Олий суди тизимида бир қанча ўзгаришларнинг юзага келишига сабаб бўлди.

Халқ Комиссарлар Совети ва Марказий Ижроия Комитетининг 1936 йил 20 июлда “СССР Юстиция халқ комиссариатини ташкил қилиш тўғрисида” деб чиқарган қарори суд ва прокуратура тизими фаолиятини марказлаштириш ҳамда уларнинг тузилмаларини алоҳида-алоҳида ташкил этишда муҳим ҳужжат бўлди.

1936 йилнинг 8 декабрида СССР ХКС ва МИКи Совет Иттифоқи Юстиция халқ комиссариатининг янги низомини тасдиқлади. Ана шу низомга мувофиқ Ўзбекистон Олий суди судларнинг фаолиятини бош­қариш функциясидан озод қилинди ва бу ташкилот республикадаги олий назорат инстанциясига айланди.  Шу билан бирга прокуратура, тергов органлари ҳам респуб­лика Юстиция халқ комиссариати таркибидан чиқарилди. Низомга кўра, Юстиция халқ комиссариатининг тузилиш таркиби ўзгарди. Унинг таркибига суд муассасалари, адвокатура, аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш кодификация бўлимлари, нотариуслар сектори, юридик маслаҳат берувчи ташкилотлар ва бошқалар киритилди. Булардан ташқари, Юстиция халқ комиссариати республикадаги суд ижрочиларини назорат этиш ва уларга раҳбарлик қилиш, суд статистикасини юритиш ваколатига ҳам эга бўлди. Бу ишларни амалга оширишда ва 1936 йилдаги ССРнинг янги Конс­титуциясини ишлаб чиқишда Давронбек Аҳмадбеков муносиб хизмат қилди.

У қайси соҳада бўлмасин юртга, халққа фидойилик билан меҳнат қилди. Шўролар давлати ғояларининг ҳаётга татбиқ қилинишида фаол қатнашди. Етук раҳбарлик лавозимларида ишлади. Бироқ у доимо назорат остида бўлди. Фаолиятига шубҳали назар ташлайдиганлар, ҳар бир ҳаракатидан, қилган ишидан хато қидиришга интилувчилар ҳам кўп эди. Шунинг учун 1937 йилнинг 19 февралида ёзган таржимаи ҳолида “Мен бутун фаолиятимни мамлакатим равнақи, миллатим, халқим бахт-саодати йўлига тикдим. Ҳаётимни ҳақ йўлига бағишладим. Ҳар бир жаб­ҳада қийин, мураккаб бўлган ишларни амалга оширдим. Лекин қилган ишларимга нотўғри баҳо берувчилар, улардан иллат изловчилар доимо топилиб турди. Бундай хусуматларга, туҳматларга эътибор бермадим”, деб фикр билдиради.

Аммо унга нисбатан хусумат ва туҳматлар ўз ишини қилади. Юрт учун қилган хизматларига, ҳақ йўлида ҳаётини бағишлаганига қарамай Давронбек Аҳмадбеков 1937 йилнинг 1 октябрида Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Комитети бошланғич партия ташкилоти қарори билан революцион ҳаракатларга қарши бўлган буржуа миллатчилари билан ҳамкорлик қилишда айбланиб, партия сафидан чиқарилади.

1937 йилнинг 10 октябрида Тошкент шаҳар Октябрь район комитети юқорида номи кўрсатилган ташкилотнинг қарорини тасдиқлайди. 1938 йил 4 октябрида СССР Олий суди ҳарбий коллегияси қарорига кўра Давронбек Аҳмадбеков отиб ўлдиришга ҳукм қилинади. Ҳукм ўша куни амалга оширилади.

1957 йил 1 августда Давронбек Аҳмадбековнинг беваси Баҳри Аҳмадбекова сўровига кўра унинг айблов иши қайта кўриб чиқилади ва ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги учун ўлимидан кейин оқланади. 

Камол Матёқубов, 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

Ҳамжиҳатлик — эзгу мақсадлар ифодаси

admin

Тергов ва жазони ўташ жараёнида етказилган зарар Ким томонидан қопланади?

admin

“Вобкент тарихи: Ўтмишдан бугунгача”

admin