ADOLAT 24

Ҳусан Мирзаҳабибов: “Гиннесга киришимга бир баҳя қолганди…”

Биз одатда кўпчилик эплай олмайдиган ишларни қила оладиган нодир истеъдод эгаларига ҳавас, ҳайрат кўзи билан қараймиз. Уларнинг маҳоратли чиқишларидан завқ оламиз, руҳланамиз. Шубҳа йўқки, юксак сабр-матонат, қийинчилик ва тўсиқлар олдида енгилмаслик иқтидорни сайқаллайди, киши иродасини тоблайди. Шундай ирода соҳибларидан бири автоҳалокат туфайли тўшакка михланиб қолгач, ўзини чалғитиш учун кубик-рубик йиғишни ўрганган бўлса, ҳозирда ундан ажойиб расмлар чиза олади, ҳаттоки оддий ип ёрдамида ҳам бу ишни маҳорат билан уддалайди. Бу галги суҳбатдошимиз ана шу ишларни уддалайдиган, юртимизда тўла оммалашиб улгурмаган мозаик арт санъат йўналишида таниқли ижодкорга айланган ватандошимиз Ҳусан Мирзаҳабибов бўлди. 

– Юртимизда сиз каби ноодатий иқтидор соҳиблари борлигини газетхонларимизга маълум қилишдан хурсандмиз. Келинг, даставвал ўзингиз ҳақингизда қисқача тўхталсак. 

– Таклифингиздан бошим кўкка етди. Ёшим 19 да. Жиззах вилоятининг Зомин туманида туғилганман. Айни пайтда инстаграмда “Husan Mee” номли саҳифа очиб, шу орқали ўз ижод намуналаримни юртдошларимизга намойиш қилиб келяпман. Аслида бу иш билан шуғулланишим хаёлимга ҳам келмаган. Бироқ ҳаёт кутилмаган воқеалар, синовларга бой экан… 

– Саҳифангизни бугун салкам 500 мингга яқин юртдошимиз кузатмоқда. Албатта, ҳайрат ва ҳавас ҳисси билан. Сабаб эса иқтидорингиз, иқтидор бўлганда ҳам антиқаси, шундай эмасми? 

– Эътироф учун раҳмат! Юқорида айтганимдек, мозаик арт ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди. Келинг, сизга шу ҳақида гапириб бераман. Мактабга қатнайдиган одатий кунларимдан бирида автоҳалокатга учрадим. Бахтсиз ҳодиса анча жиддий бўлган. Натижада оёғимдан олган жароҳат туфайли 1,5 йил ётиб қолдим. Шифокорлар махсус сим мослама қўйган, муолажа вақтида оғриққа чидаб бўлмасди. Юролмасдим. Бу кишига руҳий азоб бераркан. Ягона фик­рим: “Оёғимни кесиб ташламаса бўлгани”, эди. Ўша пайтда зерикканимдан қўлимга кубик-рубик олиб, йиғишни бошладим. Шу билан тенг равишда машҳур мнемотренер Давронбек Турдиевнинг ўқув курсига ёзилдим. Курс давомида хотирани мустаҳкамлаш, тез фурсатда кубик-рубик йиғиш сабоқларини пухта ўзлаштирдим. Кейинчалик кубикдан расм чизишга қизиқиб, бу иш билан астойдил шуғулландим. Биринчи марта таниқли блогер Дилшод Назаров (Dili.mee) суратини чизганман. Нимагалигини ўзим ҳам билмайман, балки мухлислик қилгандирман. Ваҳоланки, илк иш учун вариантлар кўп эди. Ижодимни айнан шу одамдан бошлаганимга афсусланаман. Бунинг арзирли сабаб­лари бор. Бу учун 3 кун вақтим кетган. Биринчи чизганимда, расм қулаб тушган. Бунга доскам йўқлиги сабаб бўлганди. Доска ясатиб, расмни яна 3 кун давомида чиздим. Эълон қилганимда, расмни Dili.mee инстаграм орқали кўрган, шунчаки раҳмат айтган, холос. Мен бўлса, расмни саҳифасига қўяди, кўпчиликни бундан хабардор қилади, деб ўйлаган эканман. Ундан қаттиқ хафа бўлдим. Орадан вақт ўтиб, Дилшод Назаровга яна мурожаат қилдим. Аввалги расмни 726 та кубикда чизган бўлсам, иккинчисида 3000 та кубикдан фойдаландим. Бу сафар Dili.mee ижодий ишимни саҳифасига қўйди ва изоҳ ёзди. Барибир мақсадимга етдим-ку, дедим ўзимга-ўзим. 

– Кузата туриб амин бўлдимки, асарларингизда кўпроқ машҳур давлат ва жамоат арбоблари, таниқли шахслар, давлатимиз рамзларини акс эттираркансиз… 

– Буни кўпчилик ҳар хил ўйлашади. Баъзилар машҳурларни чизсам, ишларим тез ҳал бўлишини, таниш-билиш орттиришга қизиқишимни таъкидлашади. Лекин ундай эмас. Мен чизаётган одам кўпчиликка таниш бўлса, асарнинг қай даражада ўхшаганини пайқай олади, баҳо бериши мумкин. Энди машҳурларни, давлат рамзларини акс эттиришга келсак, бу қизиқиш. Dili.meeдан кейин эстрада артисти Элёрбек Мелибоевни акс эттирдим. Бу энди бошқа дунё. Уларнинг қўллаб-қувватлови сабаб “Zo‘r tv” телеканалидаги “Uxlamaysizmi?” тунги дастурида эфирга чиқдим. Элёр ака билан бирга бир кун юрдим. Буларнинг ҳаммаси мен учун ўта ҳаяжонли, завқли бўлган. Кейин Отабек Умаровни чиздим. Акамнинг тавсияси ва бу одам мени қўллаб-қувватлайди, деган ниятда. Ўша пайтлар Рамазон ҳайити арафаси эди. Кўрмаса керак, деб ўйлаганман. Лекин ундай бўлмади. Қисқа фурсатда уларнинг номидан бир одам алоқага чиқиб, Отабек Умаров расмини чизганимдан хурсанд бўлганини, Тошкентга таклиф қилаётганини айтди. Қандайдир сабаблар билан бора олмадим. Кўп вақт ўтмасдан менга улар ҳайитлик юборибди. Шу пулга битта Iphone олдим. Шундан сўнг видеоларим сифати ошди. Отабек аканинг қувватлови сабаб Прези­дентимизнинг суратларини чизишни режалаштирдим. Катта тайёргарлик ишлари олиб бориб, “Humo Arena” мажмуасида 2 кун давомида 11 мингта кубикдан 7 соат ичида Шавкат Мирзиёев расмини чиздим. Сурат ўлчами 8 метрга 5,5 метр. Ишонсангиз, шу баҳонада “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киришни ўйлаганман. Бироқ уддалай олмасам-чи, биринчисида ҳовлиқмай, деб бу аҳдимдан воз кечдим. Шу вақт оралиғида 727 дона кубикдан биринчи Президентимиз Ислом Каримов суратини чизиб, рафиқалари Татьяна Каримовага совға қилдим. Уларнинг кўзларидаги мамнунликни кўрганимда, мендан бахтли одам йўқ эди. 

– Кубик-рубикдан расм йиға олишингизни тушунса бўлади, ҳар ҳолда ранглар қиёфаларни англатишга хизмат қилади. Лекин ипдан реал асар яратиш ўз-ўзидан шаклланганига ишонгимиз келмаяпти. Бу қийин эмасми? 

– Бу ҳам мозаик арт йўналишининг бир тури. Ранглари чалкаш кубикни йиғиш бир машаққат бўлса, ундан расм яратиш икки карра мушкул. Энди ипдан расм чизиш ҳам мураккаб, кубик-рубикка нисбатан қийинроқ. Ипдан расм чизишга 7-8 соат вақтим кетса, кубикда камроқ вақт сарфлайман. Чунки бир кунда қўлингиздан 1000 тага яқин кубик ўтса, вақтлар ўтиб, бу сизга ўйинчоқ ишдек кўринаркан. Кубикда ишлаш ақлий жиҳатдан тез чарчатиб қўяди одамни. Ранглар орқали расм эскизини ҳис қила олишингиз керак. Ипни-ку, гапирмай қўя қолайлик. Баъзида менга яқинларим, танишларим дунё миқёсида 3-4 сония­да кубик-рубик йиға олаётган одамлар видеосини ташлайди. Менга бу қизиқмас, очиғи. Негаки, мен спидкубер (тез терувчи) эмасман. Шунинг учун бефарқ бўлишга уринаман бундай хабарлар юборилганда. Негаки, 5 дақиқа олдин – 5 дақиқа кейин бўлгани билан ҳеч нима ўзгармайди. Хўп, рекордни янгилаш, 3 сонияни балки 2,5 ёки 2 сония қилиш керакдир балки?! Бироқ бунинг учун 3-4 ёшингиздан бошлаб ҳар куни камида 5-6 соат шуғулланишингиз керак бўлади. Агар шуни бажарсангиз, қатъий тартибда шуғуллансангиз, ғалаба қилишингиз мумкин, такрор айтаман, мумкин. Мен буни истамайман, шунинг ўрнига тил ёки замонавий касб ўрганган маъқул, менимча. 

– Буюртма асосида ҳам расм яратар экансиз. Нархларда тафовут борми? Ҳар кимни ҳам иқтидор мевангиздан баҳраманд қила оласизми? 

– Исталган одам ўзининг ёки яқинларининг расмини чиздиришга буюртма бериши мумкин. Нарх борасида аниқ миқдор белгилаганмиз. Эсдалик учун ҳам чизиб берамиз гоҳида. Аммо айтиш керакки, кубик-рубикдан кўра, ипда чизилган расм бироз қимматроқ бўлади. 

– Даромадингиз борасида нима дея оласиз? Шу иқтидор ортидан моддий имкониятингиз қай даражада юксалмоқда?

 – Фаолиятимни бошлаётганимда, юқорида айтганимдек, тўшакка михланган пайтим 1000 долларга яқин пул йиғиб, ҳаммасини кубик-рубик олишга сарфлаганман. Биринчи марта 726 та кубик олгандим. Буни уйдагиларим кўриб, бош­қача муносабат билдиришган. Ишонишмаган муваффақият қозонишимга. Бор пулини ўйинчоққа сарфлаб келибди, деб ўйлашган. Аммо ҳозир топаётган даромадим икки-учта оилани боқишга бемалол етади. Тенгдошларимга қараганда, икки-уч ҳисса кўп топаман. Қанчалик меҳр берсам, кўп шуғуллансам, шунча кўп пул ишлашим мумкин. Бироқ бу менинг шунчаки хоббим. 

– Нима деб ўйлайсиз, шогирдлик бўйича таклифлар бўлса, қабул қиласизми, ўргатишдан қочмайсизми? 

– Шогирдликка олиш бўйича таклифлар кўп бўлган. Зоминнинг ўзида салкам 100 нафарга яқин ёш шу ҳунарни ўрганмоқчи бўлишди. Ҳафтада 6 кун 2 маҳалдан 4 та гуруҳга дарс ўтардим. Лекин менда бунга жисмоний имконият, вақт масаласи муаммо бўлган. Устоз бўлиш осон эмас экан… 

– Келгуси режаларингиз, мақсадларингиз қандай?

– Тадбиркорлик ва бизнес қилишга қизиқаман. Олий таълим олмоқчиман. Яқин икки-уч йил ичида бу фаолиятимни тўхтатаман, албатта. Одамларнинг етарли даражада ишимга баҳо бермаслиги, бефарқлиги, “ўйинчоқ ўйнаб, пул топади”, деган фикрда қолишини хоҳламайман. 

– Суҳбатингиз учун ташаккур! 

Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ суҳбатлашди 

Tegishli xabarlar

«МАРД ЎҒЛОН» ДАВЛАТ МУКОФОТИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin

Макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинди

admin

БУЮК ВАТАНДОШИМИЗГА ЭҲТИРОМ

admin