ADOLAT 24

ВИРТУАЛ ФИРИБГАРЛИК қурбонига айланиб қолманг!

Сўнгги пайтларда аҳоли орасида ижтимоий тармоқлар орқали фирибгарлар тузоғига илиниш ҳолати анчагина кўпайиб боряпти. Афсуски, фирибгарликнинг бу янги тури “инфолўттибозлик” сифатида янгича талқин этилиб, қинғир йўллар билан бировнинг мол-мулки, пулига эга бўлиш истагида бўлганлар сафининг кенгайишига хизмат қилмоқда. Хўш, бу турдаги алдов қурбонига айланиш ҳолатлари нима учун камаймаяпти? Инфолўттибозлар, бошқача айтганда, виртуал фирибгарлардан ҳимояланиш учун нималарга эътибор қилиш керак? Қуйида ана шу жиҳатларга эътибор қаратамиз.

Тасаввур қилинг, сизга кимдир қўнғироқ қилиб, рус тилида ўзини банк ёки мобил тўлов тизими ходими сифатида таништиради ва сиздан банк-молия тизимидаги баъзи бир идентификация маълумотларингизни сўрайди. Шундай пайтда ҳушёр бўлинг, пластик-карточка кодлари, идентификация маълумотларингизни зинҳор ошкор қилманг. Маълумотга кўра, “Click”, “Payme” каби тўлов ташкилотлари ва бошқа тўлов тизими ходими сифатида таништириш ҳолатлари бугун айнан шундай фирибгарлар томонидан амалга ошириляпти. 

Бундан ташқари, “Telegram”, “Instagram” ва “Facebook” ижтимоий тармоқларининг сохталаштирилган сайт ҳаволаларида фоизсиз онлайн кредит бериш, “OLX” ва бошқа сотув платформаларида буюмларни арзон нархларда савдога қўйиш орқали аҳолида қизиқиш уйғотиш, давлат идораларининг сохталаштирилган сайт ҳаволаларида моддий ёрдам берилаётгани каби усуллардан ҳам кенг фойдаланилмоқда. 

Бундай олиб қаралса, юқоридаги каби ҳолатларга кунда-кунора дуч келамиз. Ижтимоий тармоқдаги гуруҳ ва каналларда давлат томонидан 500 ёки 600 минг сўмлик бир марталик моддий ёрдам пули берилаётгани, чет эл мамлакатидан гўёки юртдош­ларига хайрия сифатида пул улашмоқчи бўлган “саховатли” бой кўринишидаги кейсларга кўпчилик ишон­япти. Хўш, нима учун шундай? 

Таҳлилларга кўра, аҳолининг ишонувчанлиги, ахборот технологиялари соҳасида саводхонлиги етарли даражада бўлмаганлиги виртуал фирибгарлар пичоғининг мой устида бўлишига замин ҳозирламоқда. Бугунги кунда жиноий йўллар билан топилган пул маблағлари чет эл давлатларда рўйхатга олинган электрон ва крипто ҳамёнларда легаллаштирилиши бу каби жиноятлар сонини кескин оширмоқда. 

Шунингдек, жаҳон интернет тармоқлари ва телекоммуникация тизимлари орқали жиноят содир этиш ҳудуд ва чегара танламаслиги (транс­чегаравийлик), банк ва бошқа ташкилотларнинг дастурларидаги хавфсизлик чораларининг сустлиги (бўшлиқлар мавжудлиги), жиноятлар юқори технологияли ёки модификация қилинган дастурлардан фойдаланган ҳолда махсус тажрибага эга бўлган шахслар томонидан содир этилиши ҳам муаммонинг асл илдизи ҳисобланади. 

Мана, виртуал фирибгарлик турлари ва унинг кенг тарқалган айрим усуллари ҳақида зарур тушунча ва маълумотга эга бўлдик. Энди бундай алдов қурбонига айланмаслик учун айрим тавсия ва маслаҳатларни кўриб чиқсак. 

Агар ҳисобингиздан номаълум сабабларга кўра пул маблағлари ечилганини сезсангиз, зудлик билан пластик карта орқа қисмидаги банк ишонч рақамларига қўнғироқ қилиш ва картани блоклатиш тавсия этилади. Киберхавфсизлик мутахассислари ижтимоий тармоқларда шубҳали ҳаволалар орқали рўйҳатдан ўтмаслик ва банк пластик карта маълумотларини киритмаслик бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлайди. 

Биринчи навбатда, шубҳали ҳамда бегона рақамлар орқали амалга оширилган кириш қўнғироқлари билан боғланманг. Қолаверса, ўзини банк ёки мобил тўлов тизими ходими деб таништирган шахсларга умуман ишонманг. Чунки улар ҳеч қачон сиздан шахсий ва банк пластик карта маълумотларингизни сўрашга ҳақли эмас. Энг муҳими, сизга юборилган махсус SMS-код(5 хоналик)ларни ҳеч кимга айтманг. Негаки SMS-кодларни фақат ва фақат фирибгар сўрашини эсда сақланг. 

Ижтимоий тармоқлар орқали катта миқдордаги пул маблағлари мерос сифатида қолганлиги ёки бирор лотореядан ютуқ ютганлигингиз тўғрисидаги ёлғон хабарларга, шунингдек, қисқа муддатларда пулларингизни кўпайтириб беришни ваъда қилаётган фирибгарларга ишонманг. Онлайн сотув ва харид имкониятлари қулай бўлган айни замонда товарни қабул қилмасдан олдин бошланғич бадал пулларини берманг.

Мухтасар қилиб айтганда, меҳнатингиз эвазига ишлаб топган пулингизга фирибгар эга чиқмаслиги учун ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланишингизни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Шундай экан, бу борада эътиборли ва ҳушёр бўлинг! Унутманг, текин пишлоқ фақатгина қоп­қонда бўлади.  

Шерзод ЯРМАТОВ, Азизхон ҚОДИРОВ,  

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари

Tegishli xabarlar

Адолат қудрати

admin

Муҳим шартнома ратификация қилинди

admin

БАРЧА МУЛКЛАРНИНГ ЭНГ АЪЛОСИ

admin