ADOLAT 24

Маданий меросни муҳофаза қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини кучайтириш — давр талаби

Ўзбекистон – бетакрор тарихий обидалар, асрларга тенг маданий мерос объектларига бой ўлка. Ушбу кўҳна заминда ўзбек халқи даҳосининг маҳсули бўлмиш 8 минг 200 дан ортиқ моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган. Шу билан бирга, 2,5 миллиондан ортиқ моддий маданий мерос объекти ҳисобланган музей ашёлари ва коллекциялари сақланмоқда.

Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциясини (Париж, 1972 йил 16 ноябрь) ратификация қилган. Ушбу Конвенция доирасида эса Ичон-қалъа, Бухоро тарихий маркази, Шаҳрисабз тарихий маркази, Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси, “Ипак йўли: Зарафшон-Қорақум” тарихий манзилгоҳлари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. “Ипак йўли: Зарафшон-Қорақум” номзодномаси 2023 йилда киритилган бўлиб, у Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонда жойлашган жами 31 та объектни ўз ичига олади.

Параллел равишда Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган мазкур объектларнинг ишончли муҳофазасини таъминлаш, уларнинг жаҳон маданиятига қўшган улкан ҳиссасини сақлаб қолиш мақсадида ҳуқуқий таъсир чоралари ҳам кучайтирилмоқда. 

2023 йил 30 апрелда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Рес­публикаси Конституциясининг 61-моддасида фуқаролар Ўзбекис­тон халқининг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросини асраб-авайлаши шартлиги, тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий мерос давлат томонидан муҳофаза қилиниши ҳақидаги нормалар алоҳида мустаҳкамлаб қўйилди. 

Маданий мерос объектларининг муҳофазаси, Ўзбекистон Республикасининг қатор қонунлари ва қонун­ос­ти ҳужжатларида ҳам ўз аксини топди.  

Хусусан, шу пайтга қадар “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда соҳага оид 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Жумладан, “Маданий мерос объект­ларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддасида “тарихий манзилгоҳ” тушунчаси келтирилган бўлиб, у ўтмишда яратилган, тарихий, эстетик, ижтимоий-маданий, археологик, меъморий ёки шаҳарсозлик қимматига эга бўлган ва халқнинг ўзига хослигини, унинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссасини сақлаб қолиш учун муҳим аҳамиятга молик моддий маданий мерос объектлари жойлашган манзилгоҳларни назарда тутади.

Тарихий манзилгоҳда жойлашган ва шаҳарнинг муайян бўлаги сифатида тарихий қимматга эга бўлган барча объектлар: режавий тарҳ, иморат, композиция, табиий ландшафт, археологик қатлам, шаҳардаги турли (бўш турган, иморатлар қурилган, кўкаламзорлаштирилган) майдонларнинг ўзаро нисбати, катта-кичик ёки узун-қисқа кўринишлари, шаҳар қурилишининг бўлак-бўлак ва хароба ҳолидаги осори атиқалари, саҳни, маҳобати, тузилиши, услуби, материаллари, ранги ва манзарали элементлари билан ажралиб турадиган бинолар, иншоотларнинг шакли ва ташқи қиёфаси муҳофаза қилиниши керак.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси қонунларида маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказганлик учун қатъий жавобгарлик белгиланган бўлиб, ушбу нормалар Ўзбекис­тон Республикаси Жиноят кодексида (132-модда, 229³-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида (64-модда) ўз аксини топган. 

Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 132-моддасида давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объект­ларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш анча миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлувчи ҳолатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Жиноят кодексида нафақат моддий маданий мерос объектларининг ўзи, балки уларнинг тегралари ҳам давлат муҳофазасида эканлиги алоҳида белгилаб қўйилган. Жумладан, кодекснинг 229³-моддаси иккинчи қисмида давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, шу жумладан, ўзининг тарихий-маданий қимматига кўра Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгилаб қўйилган. 

Ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Жиноят кодексининг мазкур моддасида кўрсатилган жазо чораларини янада кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 64-моддасида моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

Давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, шу жумладан, ўзининг тарихий-маданий қимматига кўра Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузиш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 64¹-моддасида моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш, яъни ёзувлар ёзиш, расмлар чизиш йўли билан уларни таҳқирлаш ёки уларга шикаст етказиш, моддий маданий мерос объектларини, шу жумладан, уларнинг тарихий, илмий, бадиий ёхуд ўзгача маданий қимматига доғ туширувчи ёки уларни масхара қилувчи ҳаракатларни содир этиш, худди шунингдек, моддий маданий мерос объектларига нисбатан жамоат тартибини бузувчи ҳаракатларни содир этиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши бегилаб қўйилган.

Маданий мерос муҳофазаси, Ўзбекистон Республикасининг юқоридаги қонунларидан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор фармон ва қарорларида ҳам ўз аксини топган бўлиб, уларда маданий мерос дахлсиз деб эълон қилинган ҳамда давлат идораларининг бу борадаги вазифалари белгилаб берилган. Чунончи, Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 19 декабрдаги ПҚ–4068-сон қарори 10-бандининг иккинчи хатбошисига мувофиқ ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига тарихий-маданий қийматига кўра киритилган респуб­ликадаги ҳудудлар алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳисобланади ҳамда уларда режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Департамент ҳамда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда амалга оширилади.

Бироқ кейинги йилларда мамлакатимизда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бирга айрим муаммолар ҳам кўзга ташланмоқда. Умуман, респуб­ликамизда маданий мерос объектларининг муҳофазаси билан боғлиқ қуйидаги асосий муаммоларни санаб ўтиш мумкин: 

1. Маданий мерос объектларининг консервацияси ва реставрациясини белгиланган талабларга зид равишда олиб бориш ва бунинг оқибатда объектларнинг тарихий ва бадиий қимматига зарар етказиш ҳолатлари кузатилмоқда. 

Чунончи, 2018-2023 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан респуб­лика бўйича 350 га яқин моддий маданий мерос объектида амалга оширилган асраш ва таъмирлаш-тиклаш ишлари лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида ўрганилганда қатор қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.

Масалан, 2019-2020 йилларда Бухоро вилоятидаги Ситораи Моҳи Хосса тарихий мажмуасида реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани оқибатида мажмуанинг бадиий безак­лари, нақшлари, кошинлари нобуд қилиниб, тарихий ва бадиий қийматига катта миқдорда зарар етказилганлиги маълум бўлди. Айбдор шахсларга нисбатан суд қарори билан тегишли жазо чоралари белгиланди.  

2. Инсон фаолияти натижасида маданий мерос объектларига очиқдан-очиқ зарар етказиш ҳолатлари ҳали-ҳануз учрамоқда. 

Жумладан, 2022-2023 йилларда ўнлаб маданий мерос объектларига зарар етказилганлиги аниқланди. 

Масалан, 2023 йилда Жомбой туманида жойлашган «Номсизтепа» археологик ёдгорлигига зарар етказиш ҳолати аниқланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обьектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан давлат ҳимоясига олинган ушбу археологик ёдгорликнинг ғарбий томонидан узунлиги 120 метр, эни 1,5 метр ва баландлиги 1 метр, умумий ҳажми 180 метр куб тупроқ текисланиб олинганлиги оқибатида археология объектига 4.3 миллиард сўм миқдорида зарар етказилган.

Бошқа бир мисол, 2023 йил баҳорида Сурхондарё вилояти Денов тумани фермер хўжаликларига ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқувчи комиссия томонидан «Қорахон» маҳалласида жойлашган I-ХII асрларга оид «Марказтепа» археология ёдгорлигининг 0,21 гектар ҳудуди қонунчилик талабларига зид равишда боғдорчилик ташкил қилиш учун фуқарога берилган. Оқибатда, ушбу тарихий ёдгорликнинг 630 м³ ҳажмдаги ҳудуди бузиб ташланиб, объектга жуда катта миқдорда — 13 миллиард сўм зарар етказилганлиги аниқланган.

3. Маданий мерос объектлари, музей ва архив ҳужжатларини бошқа давлатларга олиб чиқиб кетишга уринишлар ҳам учраб турибди.  

Ҳуқуқ-тартибот идоралари берган маълумотга кўра, биргина 2022 йил давомида 4050 дан ортиқ маданий бойликларнинг Ўзбекистон Респуб­ликаси ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши тўхтатиб қолинган.

Шу боис, музей ва архивларда сақланаётган маданий бойлик­ларни иденфикация қилиш, рақамлаштириш, электрон ҳисобини юритиш ва уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ахборот тизими билан интеграция қилиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.

4. Маданий мерос объектларини реставрация ва консервация қилиш учун ажратилаётган маб­лағлар етарли эмас. 

Чунончи, 2022 йилги давлат бюджетида маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш, шунингдек, археологик ишлар ва харажатлар учун бор-йўғи 75 миллиард сўм, 2023 йилги давлат бюджетида эса 78 миллиард сўм маблағ ажратилди, холос. Ҳолбуки, 2024 йилдаги Давлат бюджетида ушбу маблағ сезиларли даражада кўпайтирилган (125 миллиард сўм) бўлса-да, барибир бу сумма ҳам етарли эмас. Зеро, мамлакатимиз ҳудудида жойлашган маданий мерос объектларининг каттагина қисми анча хароб аҳволда бўлиб, консервация ва реставрацияга жуда муҳтождир. Бинобарин, ажратилаётган маблағларни сезиларли даражада кўпайтиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. 

5. Маданий мерос объектларининг муҳофазасини кучайтиришга қаратилган тарғибот ишлари кўнгилдагидек эмас, бу борада жамоатчилик назорати ҳам суст. 

Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги бўлмиш маданий мерос­ни ўрганиш, шунингдек, маданий меросни муҳофаза қилиш, қайта тиклаш, уларни сақлашга ёрдамлашиш, тарих, маданият ва меъморчилик ёдгорликларини ҳар томонлама ўрганиб чиқиш, илмий-назарий таҳлил этиш, оммалаштириш, тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотларининг сони республикамизда анча кам. Ташкил қилинганларининг аксарияти эса кўнгилдагидек фаолият олиб бораётгани йўқ. 

6. Хорижда сақланаётган маданий бойликларни Ўзбекистонга қайтариш соҳасида олиб борилаётган ишларни янада жонлантириш лозим. 

Ҳозирги кунда хорижда сақланаётган Ўзбекистонга оид 9 мингдан ортиқ маданий бойликлар аниқланган. Улардан 2341 таси археология ва этнографияга оид ашёлар, 3969 таси қўлёзма, 969 таси турли даврларга оид тангалар, 986 таси текстиль маҳсулотлари, 487 таси мусиқий мерос ва 208 таси миниатюра асарлари ҳисобланади.

Эътироф этиш жоизки, ушбу йўналишда кейинги пайтда республикамизда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳозирда хорижий давлатлардаги Ўзбекистонга тегишли бўлган маданий бойлик­ларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини олиб келиш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базаси – реестрини яратиш чоралари кўрилмоқда. Мамлакатимиз ҳудудида яшаб ўтган буюк аллома ва мутафаккирларнинг илмий меросига оид 86 та қўлёзманинг электрон нусхаси хорижий давлатлардан олинди. Жорий йилда чет элларда сақланаётган, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни аниқлаш мақсадида самарали ишлар олиб борилди. Ўзбекис­тонга оид хориждаги маданий бойликларни акс эттирувчи жами 260 та маданий ашёга оид маълумотлар аниқланди ва уларнинг илмий тавсифи амалга оширилди.

Бироқ мазкур чора-тадбирларни изчил давом эттириш лозим. Масалага тизимли ёндашиш, жумладан, молиявий ва ташкилий-техник ресурсларни янада кенгроқ жалб қилиш талаб этилади.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

Мен қанд миқдорини текширтирдим.  СИЗ-ЧИ? 

admin

ИЛМЛИ ҒОФИЛ БЎЛМАС (2-мақола)

admin

Хазон бўлаётган умрлар

admin