ADOLAT 24

“Менга омад ёрдир, мен билан иқбол…”

Жорий йилнинг 19-23 май кунлари пойтахтимиз ва Тошкент вилояти мезбонлигида Ўзбекистон Болалар ташкилотининг “I Рес­публика болалар форуми” ўтказилди. Унда 196 нафар фаол сардор ҳамда 84 нафар турли лойиҳа ва дастурлар муаллифлари бир мақсад йўлида жам бўлди. Болаларни миллий ғоя асосида Ватаннинг содиқ фарзандлари этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ифода этиш, истеъдод ва қобилиятини намоён қилишни мақсад қилган форум бир қанча фаол, ташаббускор, кенг дунёқарашли сардорларни кашф этди, оммага танитди. Шунингдек, ҳудудий сардорларнинг фаолияти, тенгқурлари учун амалга оширган лойиҳалари, ёшларнинг таклиф ва муаммоларини тизимли ҳал қилишга қаратилган ғоя ва таклифлари қўллаб-қувватланди. 

Шундай ёшлар орасида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий Сардорлар Кенгаши раиси, бош сардор Гулбаҳор Юсупбекованинг иштироки, билими ва дунёқараши кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди. Биз қаҳрамонимиз билан ёшларга оид давлат сиёсатининг бугунги кундаги аҳамияти, сардорларнинг ёшлар ҳаётидаги ўрни, сардор сифатида эришган ютуқлари ҳақида суҳбатлашдик. 

– Гулбаҳор, анъанадан бироз чекиниб, сизга “I Республика Болалар ташкилоти форумида ҳамманинг меҳрини қозонган самимий қорақалпоқ қизи ўзини қандай таништираркин?” деган саволни бермоқчиман. 

– 2007 йилнинг 20 декабрида туғилган қизалоққа Гулбаҳор деб исм қўйишади. Ҳар доим баҳорий кайфият, ҳаммага қувонч улашиб юрувчи қизалоқ бўлсин, деб тўнғич набирасига меҳр қўйган бобо ва бувиси уни то катта бўлгунича еру кўкка ишонишмади. Шу сабабдан Гулбаҳорнинг биринчи қўллаб-қувватловчилари, ота-онасининг жаҳлини чиқарса, ҳимоясига оладигани ҳам айнан улар бўлди. Аксига олиб, бу қиз ҳеч тинч ўтирмайдиган, бобоси ва бувисига савол беравериб, безор қилиб юборадиган даражадаги шўх-шаддод қиз бўлган экан. Икки ярим ёшида алифбони тес­кари ушлаб, ўқимоқчи бўлган, телевизор орқали бошловчилар, сухандонларни кўриб, уларга эргашадиган болалиги бўлган бу қизнинг. У ҳозир Нукус шаҳридаги 33-мактабнинг 11-синф битирувчиси, Қорақалпоғистон Республикаси бош сардори Гулбаҳор Юсупбекова – яъни, камина. 

– Анча йиллардан буён сардор экансиз. Бу ўқиш ва бошқа режаларингизга халақит бермайдими? 

– Ҳаммасига улгуриш, мурожаат ва топшириқ бўлганда, камчилик ва муаммолар юзага келганда тўғри ечим топа билиш кун тартибимнинг асосий жиҳати ҳисобланади. Ҳақиқатан ҳам вақтим тиғиз. Чунки мактаб, қўшимча курслар, сардорлик фаолияти, нетворкинг (ўзини-ўзи ривож­лантириш), оила аъзоларим билан суҳбатлашишга зўрға вақт топаман. Мамнуният билан айта оламанки, ота-онам, бобо-бувим, яқинларим, дўстларим, сардорлар, ҳудудий кенгаш аъзолари мен билан ҳамфикр, ҳамжиҳат. Шунинг учун имкониятлардан унумли фойдаланиб, уларнинг ишончини оқлаяпман, деб ўйлайман. Саволингизга жавоб: албатта, йўқ. Биласиз, қарс икки қўлдан чиқади. Агар сиз муваффақиятга эришиб туриб, яна ўсишда давом этмасангиз, натижа бўлмайди. Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, мактабингиз қўллаб-қувватламаса, сизга керакли, зарур шароитларни яратиб бермаса, ялқов бўлиб қолиш ҳеч гап эмас. Менинг мактабим, устозларим барчаси сардорлигимни тўғри қабул қилишади ва қўллаб-қувватлашади, тўғри маслаҳатлар беришади. Биз, фаол ёшлар сардорлик фаолияти билан шуғулланибгина қолмасдан, ўқишга ва қўшимча дарс­лар устида ишлашга, шу билан биргаликда ўзимиз яхши кўрган машғулотлар билан шуғулланишга ҳам улгурамиз. Сардорлик фаол ёшлар билан бир тану бир жон бўлишга керакли муҳит яратиб беради. 

– Бугун мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилиши сиз учун қандай имкониятлар эшигини очмоқда? 

– Яширишга ҳожат йўқ, мамлакат генафондининг бебаҳо қатлами, юрт истиқболи, Ватан равнақи учун бемисл ҳисса қўшадиган, қони қайноқ, кўзлари ёнган ёшлар бугун ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Эътибор дейсизми, моддий ёки маънавий рағбат, эътироф… Бу саноқни яна узоқ давом эттириш мумкин. Биласизми, бу гаплар баъзилар учун хаёлий, сийқаси чиққан. Чунки улар бундай имкониятларни, юртнинг бағрида эмин-эркин, ўйнаб-кулиб, билим оладиган даврни, соддароқ қилиб айтганда, Ватаннинг яхши маънодаги эркатой фарзанди бўлиш бахтини ҳис қилишмайди. Шунданми, бунга ишонишмайди. Лекин менинг ҳар куним, ҳар оним мана шундай ғамхўрлик ва эътибор қуршовида ўтади. Ўқишимиз, таълим олишимиз ҳавасга лойиқ. Бугунги кунда замон китобхон, илмли, соғлом ва зукко ёшларники. Шундай экан, яхши ғоялар, ташаббусларни илгари сурган, келажакда ўзини ҳам кўра оладиган, биз билан бир сафдаги ҳар бир ёшда юртга дахлдорлик ҳисси ҳукмрон. Ҳар бир эришган ютуғимиз, молиялаштирилган таклифимиз, минбарда туриб айта олган ҳар бир гапимиз бизга берилган имкониятлар тасдиғи, шубҳасиз.

– Албатта, сардор деганда, кўпчилик лидер, сухандон ва бош­қарувчи ёшларни тушунади. Қорақалпоғистоннинг бош сардори бўлиш қийинчилик туғдирмаганми? 

– Сардор бугунги куннинг лидери ҳисобланади. Шундай экан, аввало, ҳар бир жамоадаги сардор ўз атрофидагиларни янги ғоялар томон бош­лаши, ғалаба ва орзулар рўёбига ишонтира олиши керак. Чинакам сардор бўлиш осон эмас. Бунга мен фаолиятимда бир неча бор иқрор бўлдим. Ахир ишбоши уқувсиз бўлса, бақир-чақирдан чиқмас, деб бежиз айтилмаган. Аввалига, жамиятнинг фаол ёши, лидер шахсларидан бири бўлиш жараёни осонликча кечмади, гапимга киришмади, топшириқни бажаришмади. Шундай пайтларда уларни уришсам, танбеҳ берсам бўларди. Лекин дўстона алоқа бўлмаган жойда, сардорнинг қад­ри, жамоадошнинг юзи бўлмайди, дейиш­ганини тўғри қабул қилиб, босиқлик билан жамоани бирлаштирдим. Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Сардорлар Кенгашини бош­қаришда ҳам аввалига қийинчиликлар бўлган, албатта. Бироқ биз, сардорлар бир жамоа бўлиб бирлаша олдик. Жамоа аъзолари бир-бирини ҳурмат қилади ва айнан шу ҳурмат туфайли ҳам биз юқори марраларга эришиб келмоқдамиз.

– Яқинда “Энг намунали ҳудудий сардорлар кенгаши” танловида мутлақ ғолиб бўлдингиз. Жараёнлар қандай кечди? 

– Эҳ-ҳе, танлов эълон қилинганидан кечалари ухлай олмай, турли режалар тузган, репетиция жараёнида бир муддат тинч турмаган сардор айнан қаршингизда ўтирибди. Бу танловга, албатта, рақиб жамоалар ҳам кучли тайёргарлик кўришини, янгича услубда фаолияти қайта жонланган Ўзбекистон Болалар ташкилоти (собиқ “Камалак”) ҳакамлари ҳам қаттиққўл эканлигини билгандик. Шунинг учун тайёргарлик 1,5 ой аввал бош­ланди. Форумнинг учинчи кунида ўтказилган якуний босқич ҳудудлараро сардорлар ўртасида ишонч, меҳр-оқибат, ҳайрат, хурсандчилик­ларга бой ўтди. Ҳар бир жамоадаги рақибларимиз кучли, фаол, илғор, илмли ёшлар эди. Лекин билимларимиз, ўзгача услубдаги саҳнавий кўринишлар ва ташаббусларимиз, янги ғояларимиз орқали зафар қучишга муяссар бўлдик. Танлов 3 шартдан иборат бўлган бўлса, унинг 3-шартида энг кўп балл бизники бўлди. Бу шарт “Бизнинг имкониятлар” деб номланганди. Унда тенгдош­ларимизни Ўзбекис­тон Болалар ташкилотига қизиқтириш, сардорлар сафини кўпайтириш, кенг тарғибот қилиш мақсадида мазкур ташкилотнинг янги платформасини ишлаб чиқишга қаратилган лойиҳа таклиф қилганимиз асосий ютуғимиз бўлди. Ғалаба онлари шукуҳли кечди. Лекин бунинг замирида меҳнат, ҳаракат ва жамоадошларимиз билан якдиллигимиз ётибди. 

– Қорақалпоғистонлик ёшларнинг муаммолари, таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олиш, уларни қўллаб-қувватлашда қандай натижаларга эришдингиз? 

– Тенгдошларим ва бошқа ёшларнинг, жумладан, маҳаллий сардорларнинг ҳам таклифлари, фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда турли лойиҳаларни амалга оширганмиз. Улардан бири “Сардор билан юзма-юз” лойиҳаси бўлиб, унда маҳаллий сардорлар билан ҳар ҳафта онлайн суҳбатлар ўтказилади. Биз ҳудудий кенгаш аъзолари билан уларнинг фаолиятида юзага келган қийинчиликлар, таклиф ва мулоҳазаларини тинглаймиз. Албатта, онлайн суҳбат давомида сардорлар ўз тенгдошлари билан яқиндан дўстлашади, бир-бирларидан муаммоларини бартараф этиш йўлларини ўрганишади. Яқинда сардорларнинг таклифларига биноан “Дебат” интеллектуал ўйинларини ўтказдик. Бундан ташқари, туманларда “Заковат”, “Камалакда викторина” каби турли қизиқарли танлов ва викториналарни ҳам йўлга қўйганмиз. “Камалакда викторина” ўйини  билимларга бой ўйин бўлиб, унда бизнинг эпчил ва чаққон сардорларимиз тенгдош­лари, йўловчиларга қизиқарли саволлар беришади. Саволга тўғри жавоб берганларга китоб совға қилинади. Бу орқали ёшлар орасида китобхонларни кўпайтириш, ёшларнинг илм салоҳиятини оширишга эришишга ҳаракат қилаяпмиз.

– Гулбаҳор Юсупбекова келгуси беш йилда ўзини қандай тасаввур қилади? 

– Ҳар бир муваффақият тинимсиз меҳнат маҳсулидир. Келгуси беш йил учун мўлжаллаган режа-мақсадларим катта ва бунга эришиш йўлида ҳаракатдаман. Беш йилдан кейинги Гулбаҳор Юсупбековани Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори бўлибди, деб эшитсангиз, ажаб­мас. Келажакда қалами ўткир журналист бўлмоқчиман. Волонтёрлик ва сардорликни асло ташлаб қўймайман, албатта. Ишончим комилки, мен бундан ҳам катта натижаларга эришаман ва ҳозирда қилаётган ҳаракатларим ўз натижасини беради.

– Самимий суҳбатингиз учун ташаккур!

Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

Миллатини оламга танитган шоир

admin

Меҳри БЕКЖОНОВА: “Таниқли бўлиш осон, суюкли бўлиш қийин”

admin

АХЛОҚИ ТУЗАЛМАГАН ФИРИБГАР жазони ўтаётиб, яна жиноятга қўл урди

admin