ADOLAT 24

Депутат ҳисобот берди

Чуст туманидаги “Варзик” йигирма минг аҳоли яшайдиган катта қишлоқ. Унинг маркази йилдан йилга маданий-маиший иншоотлар билан кўркамлашиб бормоқда. Қишлоқ марказида қад ростлаган маданият саройида халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати Алишер Қосимов сайловчилар олдида ҳисобот берди. 

Ҳисобот йиғилишини “Пилол” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Геройжон Рустамов олиб борди.  

– Мен депутат этиб сайланган округ ҳудудида “Варзик”, “Ғова”, “Дам”, “Қорақўрғон”, “Янги чак”, “Варзигон” каби маҳаллалар жам бўлган. Ҳар бир қиш­лоқ, маҳалла ва кўчанинг, хонадоннинг ўз ташвиши, муаммоси бор, – деди депутат Алишер Қосимов. – Йўл, сув ва электр энергияси билан боғлиқ муаммолар ўз ечимини топмоқда. Бугунги кунда ишсизлик асосий масала бўлиб турибди. Аҳоли эҳтиёжини қондирадиган маош­ли иш ўрнини яратиш учун корхоналар бўлиши керак. Корхона бўлса, унинг маҳсулоти бозоргир бўлиши, маҳсулотни сотиб оладиган харидор бўлиши керак. Мана, буларнинг ҳаммаси муаммо. Бу каби муаммоларни бартараф этиш учун фарзанд­ларимиз билимли, малакали, янги ғоялар ихтирочиси бўлиши лозим. Демак, муаммога биргаликда ечим топамиз экан. Ҳозирги кунда бекорчиликдан нима қиларини билмайдиган ёшлар бебош бўлиб кетяпти. Битта бебош, буз­ғунчининг тарбиясини ўрнига келтиргунча ўнта янги бетарбия пайдо бўлади. Маҳаллада етти нафар одам шу масала билан машғул. Лекин ижобий натижа кам. Нимага? Чунки тарбиянинг асоси оилада қарор топиб бўлган. Илм­га ундайдиган ҳам, меҳнатга ўргатадиган ҳам ота-она. Мана, ичимлик суви бугунги кун муаммоси. Қиш­лоқларимизда йигирмадан зиёд булоқлар бор. Булоқлар сувини бир ерга тўп­лаб, ҳаммага тенг улашиш мумкинми? Мумкин! Лекин бу ишни қандай амалга ошириш керак, қанча маблағ кетади, деб бош қотирадиган одам бўлиши керак ичимизда. Ҳамма ишни хориж инвестицияси ҳисобига бажараверсак, ўзимизга нима қолади? Бу аҳволда қаергача борамиз? Фалонча сўм сарфлаб, бирини ака, иккинчисини ука, деб иккита артезиан қудуқ қаздириб, сув чиқардик. Бешта трансформатор ўрнатдик. Юз минглаб туп дарахт экиб, яшил макон барпо қилдик. Ким учун? Халқимиз, сиз ва биз учун. Худо бизга хушҳаво жойларни бериб қўйибди. “Ғова”да туризмни ривожлантиришимиз керак. Шу билан ҳам қишлоғимиз файзли, дастурхонимиз тўкин бўлади. Қисқаси, қурбим етганча сайловчиларим хизматида бўлдим. Қилган ишларимни гапириб, мақтанолмайман. Чунки бугунги янгилик, эртага эскилик бўлиб қоляпти. Демак, биз тўхтамаслигимиз керак… 

Вилоят депутати ҳисоботи тинг­лангандан сўнг 13-умумтаълим мактаби директори Маҳмуда Омонова, қишлоқ маданият маркази мудираси Маҳмуда Йўлдошева ва ёшлар етакчиси Аброржон Ғаниевлар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди ва депутат фаолиятига қониқарли баҳо беришди.

Муҳиддин ИМОМАДИЕВ,

Наманган вилоят кенгаши матубот котиби

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ     МИРЗИЁЕВНИНГ МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАВЛАТЛАРИ РАҲБАРЛАРИНИНГ ТЎРТИНЧИ МАСЛАҲАТ УЧРАШУВИДАГИ НУТҚИ

admin

Давлат дастурининг айрим бандлари ижроси эътирозларга сабаб бўлди

admin

Бухоро ва Хоразмда совриндор сафдошларимиз тақдирланди

admin