ADOLAT 24

Тежаш — йўқотишларнинг олдини олади

Кейинги йилларда юртимизда электр қувватини етказиб бериш соҳасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Паст кучланишли тармоқларни модернизация қилиш, кабель тармоқларини янгилаш бўйича ишлар шулар жумласидандир.

Афсуски, ҳали бу борада модернизация қилинмаган ҳудудларимиз ҳам бор. Айнан шундай муаммолар юзага келса, аҳоли бизга ҳамда юқори ташкилотларга кўплаб мурожаатлар қилади. 

Бугунги кунда табиий газ ва электр қувватига бўлган талаб кундан-кунга ошиб бормоқда. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам айнан шу эҳтиёжни қондиришга қаратилган. Айниқса, тизимни куз-қиш мавсумига тайёрлаш кўплаб муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Хўш, бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлай оладими? 

Давлатимиз раҳбари томонидан қувват ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда энергетика соҳаси объектлари куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида шу каби қатор саволларга жавоб берилди. Жумладан, “Тежаш – йўқотиш­ларни камайтириш, тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳисобига бўлиши шарт”, дейилди йиғилишда. Шунингдек, йиғилишда куз-қиш мавсумида аҳолини иссиқлик ва ичимлик суви билан кафолатли таъминлаш учун қозонхона ва иссиқлик тармоқларини яхшилаш, сув тармоқлари ва насосларни таъмирлаш вазифалари белгилаб олинди. 

Дарҳақиқат, кейинги пайтларда табиий газ ва электр қуввати масаласи аҳолимизнинг доимий эътиборидаги мавзуга айланиб қолмоқда. Энг оғриқли нуқталаримиздан бири, ўзимиз ушбу ресурсларни исроф қилаётганимиздир. Ҳали ҳам айрим аҳоли хонадонлари, айниқса, кўча устидаги кичик савдо шохобчаларида аҳвол деярли ўзгармади. Туни билан ёқиб қўйилган чироқни дўкон эгалари “Реклама учун керак” деб айтса, хонадонлар ва кўпқаватли биноларнинг зина йўлакларида тонг­гача бесамар ишлаб турадиган чироқларни ширкат вакиллари ва хонадон соҳиблари “Хавфсизлик учун керак, пулини олдиндан тўлаб қўйганимиздан кейин ишлатамиз-да”, дея изоҳлашади. Ваҳоланки, буларнинг барчаси исрофгарчиликдан бошқа нарса эмас аслида. Бундай ҳолатларда ёруғлик ва ҳаракатни илғовчи сенсорли ёритгичлардан фойдаланилса ҳам бўлади.

Фаолиятимиз давомида депутатларимизга ва “Адолат қабулхонаси”га ҳам айнан шундай масалалар юзасидан кўплаб мурожаатлар келади. Мазкур мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилотларга жорий йил 43 та депутатлик сўровлари чиқарилган, шундан 38 нафари ижобий ҳал этилган. 

Бу йил ҳам қиш бизга нималарни тайёрлаб қўйганини билмаймиз. Аммо “Қиш ғамини ёзда е” нақлига амал қилган ҳолда куз-қиш мавсумига олдиндан ва пухта тайёргарлик кўриб қўйиш борасидаги ишларни ҳозирдан жадаллаштиришимиз, бу борадаги вазифаларимизни белгилаб олишимиз лозим. 

Ҳиммат Оқбўтаев,

Самарқанд вилоят кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Миллатнинг эркинлиги, орзу ва мақсадлари ифодаси

admin

“БИР ОЙДА КЕЛТИРИБ БЕРАМАН…”

admin

Ҳамкасбимиз “Олтин қалам” мукофоти билан тақдирланди

admin