Тараққиётга ғов бўладиган иллатлардан бири – коррупция инсониятнинг ўзи қадар қадимийдир. У замону маконга қараб фақат шаклу шамойилини янгилаб боради, холос. Коррупцияга қарши кураш олиб борилаётган бўлса-да, унга бутунлай барҳам берган бирорта ҳам давлат йўқ. Халқаро валюта жамғармасининг маълумотларида дунёда коррупция ва порахўрлик натижасида йилига 1,5-2 триллион доллар маблағ ўзлаштирилиб, жаҳон иқтисодиётига жуда катта зарар етказилаётгани қайд этилган.
Бугунги кунда кўпчилик коррупция деганда фақатгина иш битириш учун пул олди-бердини назарда тутади. Бунинг сабаби шуки, коррупциянинг бу кўриниши жамиятнинг қуйи қатламида кенг тарқалган. Аслида коррупция маиший (фуқаролар билан мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларининг кундалик иш фаолиятидаги манфаатлар тўқнашуви), ишбилармонлик (тадбиркорлик субъектлари билан ҳокимият вакилларининг муносабатларида учрайдиган) ва юқори ҳокимият органлари коррупцияси (сиёсий ҳукмрон доиралар ҳамда одил судлов тизими фаолиятида кўзга ташланадиган) каби бир қанча турларга бўлинади. Коррупциянинг келиб чиқиш сабаблари сифатида тадқиқотчилар тўртта омилни кўрсатадилар.
Биринчиси – иқтисодий сабаблар. Коррупциянинг бу кўриниши ижтимоий ва иқтисодий ҳаётни бевосита маъмурий йўл билан бошқаришга интилган ҳокимият ва бюрократиянинг мавқеи баланд бўлган давлат шароитида ривож топади. Иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган турли хилдаги чеклашлар, амалдорларнинг кенг, назоратдан холи, чекланмаган ёки рухсат бериш, ёки тақиқлаш ваколати коррупцияга замин яратади. Шу билан боғлиқ ҳолда, йирик маблағларга эга бўлган айрим ишбилармонлар ўз даромадларини кўпайтириш мақсадида ва рақобатда алоҳида имтиёзларга эга бўлиш учун ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиб, уларни ўз ихтиёрларига бўйсундиришга интиладилар.
Иккинчиси – ҳуқуқий сабаблар. Коррупциянинг ривожи қонунларнинг сифатига боғлиқ. Мукаммал бўлмаган қонунлар ишламайди ва айрим шахслар уддабуронлик, яъни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги назарда тутилмаган ёки тартибга солинмаган, умумий маънода ҳуқуқий бўшлиқни топиб, бундан усталик билан фойдаланадилар.
Учинчиси – институционал сабаблар бўлиб, уларга, аввало, давлат бошқаруви тизимидаги нуқсонлар, демократик институтларнинг кучсизлиги, натижада ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги ёки фуқаролик назоратидан холилиги киради.
Тўртинчиси – ижтимоий сабаблар ёки жамиятдаги муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти ва жамоавий фаоллиги пастлиги каби омиллардир.
Ўзбекистонда таълим, тиббиёт ва банк сектори соҳаларида порахўрлик иллати кенг учрайди. Бунинг сабаби нима? Таълим ва тиббиётда бу иллатнинг авж олиши сабабларидан бири ва асосийси ишсизлик, иш ўринларининг етарли эмаслиги, аҳолининг кичик бўлса-да, муқим маош ва тайинли иш ўрнига эга бўлиш истагидир. Боғбонлик бўладими, фаррошликми ё ўт ёқувчилик, нима бўлса ҳам тайинли ишга кириш истаги кишиларни йиллаб йиққан-терганларини қўшқўллаб бировга топширишга ундайди. Айниқса, ўрта махсус маълумотли кишилар орасида қандай йўл билан бўлса-да, ишга жойлашиш истаги кучли ва бу юқоридаги соҳаларда коррупцияни ривожлантирмоқда. Тиббиётда эса инсон саломатлиги омили борки, у оловни янада алангалатади. Қолаверса, ҳуқуқий саводхонлигимиз билан ҳам мақтана олмаймиз. Негаки, қонунан ўзимизники бўлган нарсани ҳуқуқларимизни билмаслигимиз сабабли пул ёки таниш-билишчилик эвазига қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.
Статистик маълумотларга кўра, ўтган йилда Ўзбекистонда коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг ҳаммаси ҳам оммага очиқланган эмас. Очиқланганлари таҳлили бўйича хулоса қилинганда эса сон жиҳатдан мамлакатимизда кузатилган энг кўп коррупция ҳолати ЙПХ ходимларига тақдим этилган поралардир. Рақамларга қарайдиган бўлсак, ўтган йилда энг кам пора миқдори атиги 100 минг сўмни, энг кўп миқдордагиси эса 1,3 миллиард. сўмни ташкил қилган.
Коррупция ҳолатларига барҳам бериш борасида турли қарашлар мавжуд. Албатта, бундай иллатни таг-томири билан йўқ қиламан деган давлатлар бошқа ривожланган мамлакатларнинг тажрибаларига ҳам таянадилар. Айримлар коррупция ҳолатларига нисбатан жиноий жазоларни кескин кучайтириш тарафдори бўлса, баъзилар ўлим жазоси ёки тан жазоси чораларини қўллаш кутилган натижаларни беришини айтадилар.
Айрим ҳудудлар мазкур иллатга қарши кескин чора-тадбирлари билан ажралиб туради. Хусусан, Хитойда пора учун бир умрлик қамоқ ёки ўлим жазоси жорий этилган. Маълумотларга кўра, 2003 йилдан бери бу давлатда 10 мингга яқин мансабдор отувга ҳукм қилинган, 120 минг нафари эса узоқ муддатларга қамалган. Айрим ҳолатларда пора билан ушланган амалдорларнинг қўллари чопилган. Бошқа давлатларда ҳам шунга ўхшаган кескин чораларни кузатишимиз мумкин. Буларнинг барчасидан мақсад битта – коррупцияга барҳам бериш.
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни 2017 йилда 4 январдан бошлаб кучга кирган. Жиноят кодексида пора берган ва олган, пора олди-бердисида воситачилик қилган шахсга нисбатан БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланган. Бундан ташқари, пора олган мансабдор шахс лавозимидан ва унга берилган ҳуқуқлардан маҳрум қилинади. Қўшимча қилиш жоизки, пора олган шахсга нисбатан содир этган жиноятидан келиб чиқиб, товламачилик бўйича ҳам айблов қўйилиши мумкин.
Албатта, қонун устуворлигининг таъминланиши, коррупцияга қарши қонунларнинг ишлаши, қонунни қўлловчилар, яъни прокуратура, ички ишлар, адлия ва одил судлов тизими вакилларининг адолат тамойилларидан чекинмаслиги коррупцияга барҳам беришда муҳим омил бўлади. Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишга мураккаб жараён сифатида қаралиб, тадқиқот институтлари, ижтимоий тадқиқот марказлари ишлаши керак. Улар жамият аъзоларининг хатти-ҳаракатларини ҳар томонлама таҳлил қилишлари лозим. Жумладан, эндигина мансаб пиллапояларидан кўтарилаётган шахс феъл-атворидаги қайси жиҳатларга мойиллик устунлигини ўз вақтида англаш ва керакли тадбирларни кўриш ҳам бу йўлда керакли одим бўлиши мумкин.
Жамиятда коррупцияга қарши кураш қонунийлик ва илмийликка асосланган бўлиши керак. Унутмаслик керакки, жиноятга жазо муқаррар.