ADOLAT 24

Илм харитасини мукаммал эгалланг…

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ёшлари чет элларда таълим олаётган талабалар сони бўйича дунёдаги “ТОП-5”ликка кирувчи мамлакатлардан бирига айланди. Бунда Президентимиз 2018 йил 25 сентябрда имзолаган фармонга биноан ташкил этилган, мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилишга йўналтирилган “Эл-юрт умиди” жамғармасининг ҳам хизматлари катта бўлмоқда. Жамғарма хорижда Ватанимизнинг ижобий имижини шакллантириш, дунёнинг етакчи университетларига қабул қилинган иқтидорли йигит-қизларнинг ўқиши давомидаги барча харажатларини молия­лаштириш борасида диққатга молик ишларни амалга оширмоқда. Натижада ёшларимиз ҳамма жойда ўз истеъдодлари ва интилишлари билан муваффақият қозонмоқдалар. Биз улардан бири – “Эл-юрт умиди” стипендианти, дунёдаги энг машҳур Стон Броок университети талабаси Лазиза AБДУХОЛИҚОВА билан интернет орқали суҳбатлашдик. 

– Лазиза, биламизки, “Эл-юрт умиди” стипендиантисиз ва айни пайтда дунёнинг энг нуфузли университетларидан бирида таҳсил оляпсиз. Бу муваффақиятларга қандай эришдингиз?

– 3-синфда ўқиётган пайтларим дадамнинг иш жойи ўзгаргани сабабли Жиззахдан Тошкентга кўчиб келдик. Кўп ўтмай янги уйимиз ёнидаги мактабга ўқишга бора бошладим. Бу мактаб асосан француз тилига ихтисослаштирилган экан. Шунинг учун ўша тилни чуқур ўрганишга киришдим. Айниқса, Францияда ўқиб келган ўқитувчимнинг ўша мамлакат ҳақидаги ҳикояларини эшитиб, ҳали мактабни битирмасимданоқ дилимда чет элларда ўқиш орзуси ниш урганди. Қолаверса, инглиз ва рус тилларини пухта ўрганиб, фан олимпиадаларида қатнашдим ва фахрли ўринларни эгалладим. Буларнинг барчаси хориж университетига ўқишга қабул қилинишимда жуда қўл келди. 

– Нега ўқиш учун айнан AҚШ университетини танлагансиз? Бу қарорингизга ота-онангиз қаршилик қилишмаганми?

– Боя эслатганимдек, менда чет элда ўқиш истаги болалигимдаёқ пайдо бўлган. Бу ҳақда ота-онамга айтганман. Улар аҳдимни унчалик жиддий қабул қилишмаган. Лекин вақт ўтиб, қарорим қатъийлигига ишонч ҳосил қилишгач, рози бўлишди. Шундан сўнг қаерда ўқиш ҳақида роса бош қотирдим. Буни қарангки, коронавирус балоси тарқалган кезлар Ютубда бир интервью намойиш этилди. Унда россиялик блогер AҚШнинг Станфорд университетида ишлайдиган ва ўқийдиган ҳамюртлари билан суҳбатлашади. Ўша кўрсатувни томоша қилгач, мен ҳам шу мамлакат университетларидан бирида ўқийман, деган тўхтамга келдим. 

– AҚШда ўқиш ва университет фаолияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– AҚШда нафақат ҳар бир штат ёки шаҳар, балки ҳар бир университет ўз тартиб-қоидалари, урф-одат­лари ва ноодатий кўринишига эга. Мен таҳсил олаётган университет Нью Йоркдан четроқдаги кичик шаҳарчада жойлашган. Унинг ҳудуди шаҳардан ажратилган. Бинобарин, уни ўзига хос талабалар шаҳарчаси дейиш мумкин. 

Одатда АҚШдаги университетлар “Party school” ва “Not party school” деган тоифаларга ажратилади. Бизнинг университетимиз “Not party school” деб аталади. Чунки унда бор диққат-эътибор интизомга ва ўқишга қаратилган. Унда қизиқарли тадбирлар ва кўнгилочар байрамлар деярли ўтказилмайди, шанба ва якшанба кунлари бинолари бўш бўлади. 

Мен ўзим ўқиётган муҳандислик йўналишидан ва тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, бу ерда SТЕAМ фанлар жудаям қийин. Шу боис университетдаги барча кутубхоналар доимо талабалар билан гавжум. 

– “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳақида илк бор қачон эшитгансиз ва унинг стипендиантлигига сазовор бўлишда қандай қийинчиликларга дуч келгансиз?

– Дунёнинг нуфузли университетларига имтиҳон топшираётганимда улардан 100 фоизлик грант ютишимга ишонгандим, афсус, ниятимга эриша олмадим. Шунга қарамай, ота-онамни моддий жиҳатдан қийнамасдан хорижда ўқиш ҳақида кўп ўйлардим. Университетларга ҳужжат топширишда менга кўмаклашган танишим кунларнинг бирида “Эл-юрт умиди” жамғармаси борлигини эслатди. Кейин жамғарманинг телеграм каналида ўтказилган онлайн вебинарида қатнашдим. Унда муқаддам жамғарма стипендиантлигини қўлга киритган бир боланинг унга ҳужжат топшириш ва хорижда ўқиш билан боғлиқ таассуротларини эшитиб, мен ҳам айнан шу фондга ҳужжат топширдим. Имтиҳонлар чоғи унчалик қийналмадим, чунки уларнинг ҳар бирига астойдил ҳозирлик кўргандим. 

– Кўпчилик “Эл-юрт умиди” фонди стипендианти бўлиб, хорижда 4 йил ўқиб, Ватанимизга қайтгандан кейин 5 йил давомида давлат идораларидан бирида маошсиз ишлаб бериш керак”, деб айтади. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин, яъни, сиз стипендиант бўлиб, жамғарма билан шартнома тузган пайтингизда бу нарса аниқ кўрсатилганми?

– Тўғри, бу ҳақда мендан ҳам кўпчилик сўрайди, лекин бу нотўғри маълумот. Ўзим ҳам бошида шундай деб ўйлаганман. Чунки давлат талабанинг хорижда ўқиши билан боғлиқ ҳамма харажатларини тўлаб, қайтиб келганидан кейин иш билан таъминлаб, яхши маош беришига ишониш қийин. Лекин бу жамғарманинг асосий мақсади – бизга тўлаган пулини қайтариб олиш эмас, аксинча, бизнинг билимимизга ва юртимизнинг келажагига қўшадиган ҳиссамизга инвес­тиция киритиш, яъни, биз хорижда таҳсил олиб Ватанимизга қайтиб келганимиздан кейин давлат идораларида фаолият юритамиз ва ҳаттоки, қўшимча устама билан маош оламиз. Бу жамғарма билан тузган шартномамда ҳам кўрсатилган.

– Хорижда ўқиётган ўзбек қизи сифатида Ўзбекистон ва АҚШ таълим тизимлари ҳақида қандай фикрдасиз?

– Улар ўртасида кескин фарқлар бор. АҚШдаги барча университетларда баҳолар “5”лик тизимда эмас, балки ҳарфлар билан белгиланади. Синф иши, уйга вазифа, оралиқ ва назорат ишларига алоҳида баҳо қўйил­майди, балки якуний баҳо учун баллар тўпланади. Ҳар бир ўқитувчининг ўз баҳолаш тартиб-қоидаси ва усули бор. Баъзи профессорлар семестр баҳосини фақат уй иши ва имтиҳонлардан тўпланган балларга қараб чиқаришади, айримлари бу жараёнда талабанинг давомати ва дарслардаги фаоллигини, бошқалари эса жамоавий ишларда қатнаш­ганини ҳам инобатга олишади. 

АҚШ университетларида доимо “extra point” (қўшимча балл) учун имкон берилади. Агар семестр охирида талабага бир неча балл етмаётган бўлса, бемалол қўшимча вазифаларни бажариб, баҳосини кўтариб олиши мумкин. Энг муҳими, бу таълим муассасаларида толиби илм­нинг шахсияти қаттиқ ҳурмат қилинади ва баҳолар ҳеч қачон барчанинг олдида айтилмайди, ҳамма ўз баҳосини фақат ўзи кўра олади. Машғулотлар чоғи мавзуларни яхши тушунмаганлар учун профессорлар алоҳида қўшимча дарс соатлари ўтадилар. Ўқишни астойдил хоҳлаган, ҳаракат қилган ва изланишда бўлган талабалар имтиҳондан йиқитилмайди. 

Шуни ҳам айтиб ўтишим жоизки, AҚШ университетларида машғулотга кечикиб келган, форма киймаган, тест­да яхши балл тўплай олмаган, уй вазифасини бажармаган ёки олдинги дарсга қатнашмаган ёшлар курсдошлари олдида дакки эшитмайдилар. Бундан ташқари, баҳоларни “сотиб олиш”нинг умуман иложи йўқ. Демак, коррупцияга йўл қўйилмайди. Aммо талаба кўчирмакашлиги, плагиаторлиги, ёл­ғон гапиргани учун уч мартадан ортиқ огоҳлантириш олса, университетдан четлатилиши ҳеч гап эмас. Ҳатто бошқа университетга ҳужжат топшира олмаслиги ва масъулиятли вазифаларга ишга олинмаслиги хавфи ҳам бор. АҚШ таълим тизимида ҳамма фанларга креатив ёндашилади. Энг муҳими, илм харитасини мукаммал эгаллашдир.

– Лазиза, суҳбат учун сизга раҳмат. Ўқишларингизда ва келажакдаги ишларингизда омад тилаймиз.

ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети талабаси

Гулқумар ЖАҚСИЛИКОВА суҳбатлашди 

Tegishli xabarlar

Макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинди

admin

ҒАЛАБА — ЭҲТИРОМГА АЙЛАНГАН ХОТИРА

admin

Бош тамойил: “Инсон – жамият – давлат”

admin