ADOLAT 24

Табиатни йиғлатманг!

Инсон табиат билан, атроф-муҳит билан узвий боғлиқликда яшар экан, икки ўртада дўстона муносабат бўлгани маъқул.

Бироқ, бир неча йиллардан бери одамзотни қийнаб, ўйлантириб келаётган, ўз навбатида, кишилик жамиятининг ўзи сабаб бўлаётган экологик муаммолар ҳали-бери ечим топадиганга ўхшамайди. Табиатга муносабат яхши томонга ўзгармас экан, одамлар соғлом ҳаёт, экологик тоза муҳит, тоза мева-саб­завотлар, табиий маҳсулот ресурсларидан умид қилмаса ҳам бўлади. 

Ер юзида одам сони ошса ошяптики, аммо камайган эмас. Демографиянинг ортишига мос равишда истеъмол ҳам ошади, уни қаноатлантириш учун ресурс­ларга эҳтиёж ҳам ортиб бораверади. Бу кўпроқ ва кўпроқ истеъмол манбалари керак дегани, аммо зинҳор она табиатнинг «симириб юборилиши» ҳисобига эмас. Статистик маълумотларга кўра, ўтган 2023 йили дунё аҳолиси сони қарийб 66 миллион нафарга кўпайган. Яъни, дунё аҳолиси сони 8 миллиард 73 миллион кишидан ошди. Демак, келажакда табиат билан муносабатларимиз янада чуқурроқ, янада кес­кинроқ кечади. 

Табиат нега маҳв бўляпти?

Келинг, бу саволга жавоб топишдан олдин дунёдаги экологик жиҳатдан ўта ифлос шаҳарларга тўхталайлик. Хўш, қандай сабаблар бу шаҳарлар экология­сини хароб қилаётган экан? 

Экологик нуқтаи назардан қараганда, 2019 йилда дунёнинг энг ифлосланган шаҳарлари орасида Украинанинг Чернобил шаҳри етакчи ўринни банд этган. Бироқ у «аҳолисиз» шаҳарлар рўйхатида. Ганадаги Аккра шаҳрида эса электрон ускуналарнинг дунёдаги энг улкан чиқиндихонаси жойлашган. Ҳар куни у ерга АҚШ ва Европадан ўз хизматини ўтаб бўлган тонналаб электрон техникалар олиб келинади. Маҳаллий аҳоли электрон чиқиндиларни ёқиб, ичидаги рангли металларни ажратиб олади. Плас­тик буюмларнинг узлуксиз ёниши турли заҳарли унсурларнинг атроф-муҳитга тарқалишига сабаб бўлади. Электрон буюмлар «қаб­ристони» атрофидаги ҳаво таркибида меъёрдан бир неча юз баробардан ортиқ симоб, қўрғошин, кадмий каби кимё­вий унсурлар мавжуд. 

Ҳиндистоннинг Ранипет шаҳрида терини қайта ишлаш заводи бор бўлиб, мазкур завод терини қайта ишлаш ва бўяш учун қатор зарарли моддалардан фойдаланади. Оқибатда завод чиқиндихонасидаги зарарли чиқиндилар қисман ерости сувларигача етиб борган. Натижада ичимлик сувининг сифати йўқолган, қишлоқ хўжалиги соҳаси жабр кўрган.

Россиянинг Норилск шаҳрида 10 дан ортиқ металл турлари қазиб олинади ва қайта ишланади. Атмосферага ажралиб чиққан металл зарралари нафас олиш йўлларига кириб, кўнгил айниши, ошқозон касаллик­лари, тана аъзоларининг сурункали хасталиклари каби салбий оқибатларга олиб келади. 

Бангладешнинг Дакка шаҳри Буриганги дарёси қирғоғида жойлашган бандаргоҳда ҳар куни минглаб тонна чиқинди йиғилади. Дарёнинг суви шу қадар ифлосланганки, ундан тараладиган қўланса ҳид бир неча юз метр наридан ҳам сезилади. Шаҳарнинг турли ҳудудларида тонналаб маиший чиқиндилар ва ўлик жониворлар ётиши натижасида нохуш ҳид ва юқумли касаллик­лар тарқалади.

Хитойнинг Тянин шаҳри мамлакат бўйлаб қайта ишланадиган қўрғошин ҳажмининг тенг ярмини етказиб беради. Шаҳарни қуршаб олган кўк ранг­ли тутун асосий муаммо эмас. Асосий муаммо ер сатҳи таркибидаги қўрғошин зарраларидир. Зарралар ердан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ичимлик суви таркибига ҳам ўтади. Ушбу ҳудуд далаларида етиштирилган дон маҳсулотлари ички ва ташқи савдо учун тақиқланган. Уларнинг таркибидаги қўрғошин моддаси белгиланган меъёрдан 26 баробар кўп. 

Демак, юқоридагилардан англашилиб турибдики, табиатга нисбатан нооқилона муносабат оқибатида нафақат атроф-муҳит зиён кўради, балки инсонларнинг соғлиғига ҳам путур етади. 

саволга жавоб борми?

Умумжаҳон аҳамиятига молик муаммолар иқлим ўзгаришининг тезлашиши, пластик чиқиндиларнинг кўпайиши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, ҳаво ва сув сифатининг ёмонлашуви каби жараёнларда намоён бўлиб турибди.

Иқлим ўзгариши Ер сайёрасининг мувозанатига таъсир қилувчи омил бўлса, иссиқхона газларининг тарқалиши иқлим ўзгаришининг асосий сабабидир. Углерод чиқиндиларни камайтириш, ўрмонларни, яшил табиатни сақлаб қолиш, қайта тикланадиган энергия манбалари, масалан, шамол ва қуёш энергиясига сармоя киритиш орқали иқлим ўзгаришини мувозанатлаштириш мумкин. 

Ҳавонинг ифлосланишига келадиган бўлсак, унинг омиллари – зарарли газлар, чанг ва тутун қопламларидир. Бунда ёқилғи қазиб олиш жараёни, автоуловлардан чиқадиган газлар, саноат ва эритиш заводлари таъсир қилувчи жиҳатлар ҳисобланади. Айни жараёнлардаги оқибатлар нафақат экологиянинг бузилиши, балки инсон саломатлиги ёмонлашуви, унумдорликнинг кес­кин пасайиши, ўсимлик­ларнинг эрта нобуд бўлиши билан ниҳояланади. Қаттиқ чиқиндилар масаласи ҳам бор. Бу борада суюқ бўлмаган материалларни йиғиб, утилизация қилиш ва қайта ишлаш яхши тадбир бўлади. Радиоактив чиқиндилардан халос бўлиш мушкул, чунки атом электр станция­лари ва турли саноат жараёнлари туп­роқ ва ерости сувларининг ифлосланишига жиддий зарар етказаётган омил бўлиб қолмоқда. 

Сир эмаски, экологик инқироз мамлакатимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Айни пайтда юртимиз иқлими кес­кин қуруқлашиб бормоқда. 

Таҳлилларга қараганда, кузда ём­ғир, қишда эса қор ёғиши сезиларли даражада камайиб, ёз ойларида аномал иссиқ ҳарорат ошиши мутассил ўсиб бормоқда. Шунингдек, йил давомида юртимизга кириб келадиган совуқ ҳаво оқими 2 баробаргача қисқарган. Буларнинг барчаси глобал иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ. Бу ҳаво ва туп­роқда сув танқислигини кучайтириб, минтақамизга ҳам жиддий таъсир қилаётганини англатади.

Ҳозирги кунда республикамиздаги саноат корхоналари ва автомобиллар атмосферага 2 миллион тоннадан ортиқ ифлослантирувчи моддаларни чиқармоқда. Тошкент, Олмалиқ, Нурафшон, Оҳангарон, Ангрен, Бекобод ва Қувасойда ҳаводаги ифлослантирувчи моддалар миқдори бошқа ҳудудларга нисбатан сезиларли даражада юқори.

Сув танқислиги Марказий Осиёда яқин 10 йилликдаги энг долзарб муаммолардан бирига айланади. Ўзбекистонда нафақат суғориш, балки ичимлик суви етишмовчилиги ҳам кучаймоқда.

Сув манбаларидан нотўғри фойдаланишнинг энг аянчли кўринишларидан бири – Орол денгизи қуришидир. Бунинг натижасида 5 миллион гектар майдонда янги чўл – Оролқум пайдо бўлди. Денгизнинг қуриган қатламидан чиқаётган чанг ва тузли бўронлар суғориладиган ерларга ҳам, аҳоли соғлиғига ҳам таъсир қилмоқда.

Бу ҳудудда ичимлик сув танқислиги, хавфли касалликлар тарқалиши, яшаш шароитлари оғирлашиши натижасида аҳоли миграция­си кўпайди, ёввойи ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси зиён кўрмоқда. 

Ана шунинг учун ҳам мамлакатимизда экологик аҳволни яхшилаш, табиатни асраш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, умуман, юртимиз фауна ва флора оламини асраб-авайлаш борасида ҳукуматимизнинг қарорлари, фармон ва фармойишлари эълон қилиниб, уларни амалга ошириш борасида жиддий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, атроф-муҳит муаммолари глобал аҳамиятга эга экан, демак, барча давлатларда ҳукуматлараро, халқаро шартномаларни қўллаб-қувватлаш, мамлакат ичида ҳам бу борада зудликда қатъий тартиб-қоидаларни жорий этиш лозим. Акс ҳолда кеч бўлади. 

Ҳулкар Эсонбекова,

ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети талабаси 

Tegishli xabarlar

Мулк ҳуқуқи янада мустаҳкамланади

admin

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз. (Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидан…)

admin

ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ ХОРИЖИЙ ИНВЕСТОРЛАР КЕНГАШИНИНГ БИРИНЧИ ЯЛПИ МАЖЛИСИДАГИ НУТҚИ

admin