ADOLAT 24

ЎЗБЕКИСТОН ВА ТУРКИЯ ЎРТАСИДАГИ КЕНГ ҚАМРОВЛИ СТРАТЕГИК ШЕРИКЛИК ЯНАДА КЕНГАЙТИРИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан 6 июнь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

Таъкидлаш лозимки, Туркия Республикаси Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган. 1996 йилда мамлакатларимиз ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган. Халқларимиз кўп асрлик тарихи, тили, дини, қадриятлари ва муштарак урф-одатлари билан бир-бирига чамбарчас боғланган. Давлатларимиз ўртасида ўзаро ишонч асосидаги дўстона муносабатлар бугунги кунда изчил мустаҳкамланиб бормоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Анқара шаҳрига расмий ташриф доирасида дастлаб “Turkish Aerospace Industries Inc.” компанияси фаолияти билан танишди.

Давлатимиз раҳбарига компания маҳсулотлари намуналари, ишлаб чиқариш жараёни ва хорижий мамлакатлар билан илмий ҳамкорлик натижалари тақдимот қилинди.

1984 йилда ташкил этилган компания турғун ва айланма қанотли ҳаво техникаси, учувчисиз учиш қурилмалари ва сунъий йўлдошларни лойиҳалаштириш, ишлаб чиқиш, модернизация қилиш, ишлаб чиқариш ва аэрокосмик тизимларни интеграциялаш соҳаларида Туркиянинг етакчи технология марказидир.

2023 йилда “Turkish Aerospace Industries Inc.” дунёдаги энг йирик 100 та мудофаа компаниялари рўйхатига кирди. Корхонанинг йиллик даромади 1,5 миллиард долларни ташкил этади.

Компанияда 15 мингдан зиёд ходим, шу жумладан, 7 мингга яқин муҳандислар, 6,5 мингдан ортиқ техниклар ва бошқа ишчилар меҳнат қилади.

Ташриф давомида Ўзбекистон Президентига Туркия мудофаа саноатининг кенг турдаги қурол-яроғ ва ҳарбий техникани ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган бошқа корхоналари фаолияти ҳам тақдимот қилинди.

Авиация техникасининг намойиш парвозлари ҳам ўтказилди.

Шундан сўнг Анқара шаҳридаги Президент саройида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Туркия давлат мадҳиялари янгради. Икки давлат етакчилари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари бутун мусулмон уммати учун муқаддас бўлган Қурбон ҳайити билан бир-бирларини самимий қутладилар.

Музокаралар давомида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш, кўп қиррали ҳамкорликни, аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳозирги икки томонлама ҳамкорлик юксак суръатда давом этаётгани, барча даражалардаги алоқалар ва алмашинувлар шиддати мамнуният билан қайд этилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестициялар кўрсаткичлари ортиб бормоқда, қўшма лойиҳалар ва корхоналар, авиақатновлар сони кўпаймоқда. Ўзаро маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

Ташриф арафасида бизнес форуми муваффақиятли ўтказилиб, унинг натижасида саноат, “яшил” энергетика, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик дастури доирасида янги лойиҳаларнинг катта портфели шакллантирилди.

Ҳукуматлар олдига товар айирбошлашни 5 миллиард долларга етказиш, жумладан, Имтиёзли савдо битими доирасида маҳсулот турларини кенгайтириш вазифаси қўйилди. Истанбул шаҳрида Ўзбекистоннинг савдо ваколатхонасини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш ва рақамлаштириш соҳаларида ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Хавфсизлик ва мудофаа, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва мувофиқлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Томонлар фаол маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттиришга келишиб олдилар. Таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва спорт соҳаларида ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Икки давлат фуқароларининг борди-келдиси учун энг қулай шароитларни яратиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалаларини, жумладан, Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишини ҳам кўриб чиқдилар.

Сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған раислигида Ўзбекистон – Туркия олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Туркия етакчиси ва халқига кўрсатилаётган меҳмондўстлик ва илиқ қабул учун миннатдорлик билдириб, бугунги йиғилиш муборак Қурбон ҳайити арафасида ва икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 32 йиллиги нишонланаётган йилда ўтказилаётганини таъкидлади.

– Стратегик ҳамкорлик кенгашининг ташкил этилиши Ўзбекистон – Туркия муносабатлари тарихида янги саҳифа очди ва шерикликнинг барча соҳаларида янада ривожланишга кучли суръат бағишлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувлар жадал ривожланмоқда, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик фаоллашмоқда.

Сўнгги йилларда ўзаро савдо ҳажми 1,5 баробарга, қўшма корхоналар сони 2 баробарга, Ўзбекистон иқтисодиётига турк инвестициялари ҳажми 2,5 баробарга ошди. Икки давлатнинг йирик шаҳарлари ўртасида ҳафтасига 90 та парвоз амалга оширилмоқда, Туркиядан келаётган туристлар оқими 3 баробарга кўпайди.

Бугун Ўзбекистонда “Cengiz Holding”, “Aksa Energy”, “Çalık Holding”, “Akay Inşaat”, “Anadolu Group”, “Özgüven”, “Eczacıbaşı Holding” каби етакчи турк компаниялари томонидан 100 дан ортиқ лойиҳа муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бу галги ташриф доирасида 10 миллиард долларлик янги инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилди.

Икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида саноат кооперациясини кучайтириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва биргаликда учинчи давлатлар бозорларига чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида божхона тарифларини пасайтириш зарурлиги қайд этилди.

Қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш ва тиббиёт кластерларини ташкил этиш соҳаларида Туркиянинг илғор тажрибаси ва давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этишга талаб борлигига эътибор қаратилди.

Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши икки мамлакатнинг транспорт-логистика салоҳиятини ошириш, шу жумладан, Ўрта коридор имкониятларидан самарали фойдаланишдир.

Олий, профессионал ва техник таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, театр фестиваллари, маданият ҳафталикларини ўтказиш, биргаликда тарихий фильмлар суратга олиш ва маданий мерос объектларини реставрация қилиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар ҳамкорликнинг барча йўналишларини чуқурлаштиришга қаратилган декларацияни қабул қилинаётгани ва икки давлат раҳбарлари бошчилигида Ўзбекистон – Туркия Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилганини олқишладилар.

Йиғилиш якунлари бўйича ҳукуматларга қабул қилинган қарорларни амалга ошириш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни тасдиқлаш топширилди.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдоғанни кенгашнинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған раислигида Ўзбекистон – Туркия Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон томонидан тадбирда “Global Textile”, “ProCab”, “Agromir Group”, “ERIELL Group”, “Akfa Holding”, “Murad Buildings”, “SAG”, “BMB Holding”, “Uzbekistan Hydrogen” компаниялари иштирок этди.

Туркия томонидан “Çalık”, “Cengiz”, “Acibadem”, “Eczacıbaşı”, “Anadolu Group”, “Aksa Energy”, “Zorlu”, “Kalyon”, “Onur Group” каби холдинг компаниялари қатнашди.

Тадбиркорлар билан бундай форматдаги мулоқот илк бор ўтказилмоқда. Ўзбекистон ва Туркия Президентлари Ишбилармонлар кенгашининг тузилиши икки томонлама муносабатлар ривожи янги босқичга кўтарилганининг рамзи эканини таъкидладилар.

Юзага келадиган барча масалаларни тезкор ҳал этиш ва келгусидаги инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини илгари суриш мақсадида кенгаш йиғилишларини мунтазам ўтказиб туриш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон раҳбари икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий шериклик изчил суръатда ривожланиб бораётганидан мамнунлигини билдирди. Сўнгги беш йилда турк сармояси иштирокидаги корхоналар сони уч баробарга ошди ва 2 мингтага етди, инвестициялар ҳажми икки баробарга ортди.

Куни кеча ўтган бизнес форуми ва ишбилармонлик тадбирлари натижасида қишлоқ хўжалиги, қурилиш, энергетика, соғлиқни сақлаш, геология, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, заргарлик, тўқимачилик ва чарм саноати соҳаларида кўплаб икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Президентимиз энергетика, қурилиш, кончилик ва озиқ-овқат саноати соҳаларида “Cengiz Energy”, “Aksa Energy”, “Çalık Holding”, “Eczacıbaşı” ва “Anadolu” каби турк компанияларининг муваффақиятли фаолиятини кўрсатиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб, энг аввало, инвестициявий шериклик ва саноат кооперациясини кенгайтиришни таклиф этди.

Ўзбекистон – Туркия саноат кластерини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди. Ушбу саноат зонаси икки мамлакат ўртасида амалий ҳамкорликнинг локомотивига айланади.

Ўзбекистон Президенти давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Шу асосда 3 миллиард доллардан зиёд қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Кенгаш учрашувида кончилик саноатида ҳамкорлик қилиш устувор йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Туркиянинг йирик кон-геология компаниялари билан фойдали қазилмаларни ўрганиш ва қазиб олиш бўйича амалий ишлар бошланган.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, ўз навбатида, Туркия Ўзбекистон билан барча соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлашга интилишини билдирди.

У икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Туркия етакчиси кенгаш иштирокчиларини савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида конструктив мулоқотга чақирди.

Фикр алмашиш давомида турк ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда олиб борилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар натижасида пайдо бўлган имкониятларни юқори баҳоладилар, бу ислоҳотлар Туркия бизнесининг узоқ муддатли режаларини амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратаётганини таъкидладилар.

Учрашувда Ўзбекистон ва Туркиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари томонидан устувор соҳаларда ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган аниқ таклифлар билдирилди.

Давлат раҳбарлари тадбиркорларни биргаликда ишлашга тайёрлиги учун самимий миннатдорлик билдириб, масъул раҳбарларга ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар бердилар.

Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған Кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма декларацияни имзоладилар.

Бундан ташқари, икки мамлакат раҳбарлари ҳузурида кўп қиррали шерикликнинг кўплаб соҳаларини қамраб олган 19 та ҳужжат имзоланди. Жумладан:

– Илмий алмашинув ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Ҳудудий ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида битим;

– Стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишида техник кўмак кўрсатиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Космик фанлар, технологиялар ва тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Қишлоқ хўжалиги таълими соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Энергетик ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Ахборот соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Кадастр масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Оила институти ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Бошқарув кадрларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Ҳуқуқий соҳада малака ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома.

Шунингдек, имтиёзли савдо, энергетика бозорини тартибга солишга оид икки томонлама ҳужжатлар ҳамда Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси қабул қилинди.

Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши якунлари бўйича Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида туркиялик ҳамкасбига таклиф ва Стратегик ҳамкорлик кенгаши доирасидаги самарали музокаралар учун самимий миннатдорлик изҳор этди. 

Туркия вақт синовидан ўтган ишончли ҳамкор экани таъкидланди.

Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, Режеп Таййип Эрдоған бошчилигида Туркияда халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий қудратини мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро майдондаги нуфузи ва таъсирини ошириш бўйича катта ишлар қилинмоқда. Ҳайратланарли инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда.

– Биз чин қардош ва яқин дўст сифатида Туркия халқи эришаётган бундай оламшумул ютуқлардан нафақат қувонамиз, балки беҳад фахрланамиз. Биз олдимизга қўйган ниятларимиз ва истакларимиз бир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бугунги олий даражадаги учрашувлар тарихий аҳамиятга эга экани ва улар натижасида Кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисида декларация имзолангани қайд этилди.

Етакчилар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларини, истиқболга йўналтирилган мақсадларни белгилаб олдилар. Жумладан, кенгаш йиғилишларини мунтазам ўтказиш, сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ва Ҳукуматлараро комиссия механизмидан самарали фойдаланишга қарор қилинди.

– Биз ҳамкорликнинг янги, янада мустаҳкам кўприкларини қураяпмиз. Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон – Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилиши ҳозирги вақтда алоқаларимиз тарихида янги саҳифа очмоқда. Бундай юксак даражадаги мулоқот формати ўзаро ишонч ва ҳурматнинг олий ифодасидир, – деди Президентимиз.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий суръати қайд этилди.

Томонлар ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш, маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқиш, янги ўсиш нуқталари ва махсус саноат кластерларини яратиш бўйича тизимли ишлашга келишиб олдилар.

Энергетика, тоғ-кон, электротехника, тўқимачилик, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва фармацевтика саноати, соғлиқни сақлаш, туризм, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорликни янги босқичга кўтариш борасидаги интилишлар қатъий экани билдирилди.

Икки мамлакат ҳукуматларига логистика ва транзит имкониятларини ривожлантириш, мавжуд транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш ва бизнес алоқаларини жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш топширилди.

Минтақавий масалалар юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Халқаро майдонда яқин ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашни, жумладан, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳамкорликни давом эттиришга содиқлик билдирилди.

Президентлар Ғазо секторида зўравонликларни зудлик билан тўхтатиш ва Фаластин-Исроил муаммосини тинч йўл билан ҳал қилиш зарурлигини яна бир бор таъкидладилар.

– Барқарор ва узоқ муддатли тинчликка эришиш учун мустақил ва озод Фаластин давлати ташкил этилиши шарт, – деди давлатимиз раҳбари.

Томонлар ислом динининг асл инсонпарвар моҳиятини кенг тарғиб қилиш, исломофобия ва радикализмга қарши курашишда, шунингдек, ўзбек заминида туғилиб ўсган ва мусулмон дунёсида юксак қадрланадиган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломаларнинг бебаҳо маънавий меросидан самарали фойдаланиш масалаларида ҳамкорлик қилиш борасида якдил фикр билдирдилар.

Музокараларда маданий-гуманитар алмашинувни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Халқларимиз ўртасидаги яқинликни мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро маданият ҳафталиклари, таълим ва тиббиёт форумлари, кўргазмалар ўтказиш ва туристлар оқимни ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Барча эришилган келишувларни тўлиқ ва ўз вақтида амалга ошириш учун алоҳида “йўл харитаси” ишлаб чиқилади.

Анқара шаҳрига ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни «Туркия Республикаси нишони» билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Қардош мамлакатнинг олий давлат мукофотини Ўзбекистон етакчисига Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған тантанали равишда топширди.

– Бугун, мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация имзоланган кунда Туркия Республикасининг бундай юксак мукофотини олиш мен учун катта шарафдир. Ушбу мукофот халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари, олий даражадаги ишончли мулоқот ҳамда икки томонлама кўп қиррали муносабатларнинг жадал ривожланишининг рамзидир, – деди давлатимиз раҳбари.

Таъкидлаш жоизки, Туркия Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ мазкур олий мукофот Туркия билан дўстона муносабатларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган давлат арбобларига берилади.

Анқарага ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған ва рафиқаси ҳамроҳлигида Туркия халқ амалий санъати ва таомлари кўргазмасига ташриф буюрдилар.

Олий мартабали меҳмонларга халқ ижодий жамоаларининг театрлаштирилган чиқишлари намойиш этилди. Маданий алмашинувлар қардош халқларимизни яқинлаштириш ва дўстлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Ташриф тадбирлари якунланганидан сўнг, “Эсонбуға” халқаро аэропортида Президент Шавкат Мирзиёев ва рафиқасини Президент Режеп Таййип Эрдоған ва рафиқаси кузатиб қўйдилар.

ЎзА

Tegishli xabarlar

АЗАЛИЙ ВА АБАДИЙ РИШТАЛАР

admin

АДОЛАТСИЗ “ТОНИРОВКА” ёҳуд иқтисодий манфаат инсон ҳаётидан устунми?

admin

45 дан зиёд муаммолар ўрганилди, 14 та депутатлик сўрови юборилди

admin