ADOLAT 24

БИТИРУВЧИЛАР КУНИ: ортиқча чиқимларга қачон чек қўйилади?!

Эртага юртимиздаги ўн мингдан зиёд умумтаълим мактабларида «Сўнгги қўнғироқ» садолари янграйди. Бу кун ўқув йилининг якунланиши сифатида мактаб ўқувчиларининг, қолаверса, битирувчи-ёшларнинг ўзгача ҳаяжонига гувоҳ бўлишнинг айни лаҳзаси. 

Ўтган йили мактабни битирганим туфайлими, 25 майнинг «ширин» ташвишлари ҳамон ёдимда. Шу сабабдан бу йил мактабдан мустақил ҳаётга учирма бўлаётган ёшларнинг айни дамдаги фаолияти, келгусидаги режалари ва шу билан бир қаторда ҳали-ҳанузгача сақланиб қолган «Сўнгги қўнғироқ» расм-русумларига нигоҳ ташлагим келди. 

Ҳар йили 25 май тадориги мактаб­ларда бошланмасидан аввал Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ташкил этиш бўйича ёд бўлиб улгурган кўрсатмани ижтимоий тармоқларда кўп бора эълон қилади. Кўрсатмада «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари 25 май куни соат 8:00 дан 9:00 гача фақатгина 1, 4, 9, 11-синф ўқувчилари иштирокида ташкил этилиши белгиланади. Шунингдек, турли рес­торан, кафе ва хонадонларда «Битирув оқшомлари»ни ўтказиш, қимматбаҳо совғалар учун пул йиғиш, битирув кечаларига атаб қиммат кийимлар олиш, енгил автомашиналарда сайр ташкил этиш, ўқувчиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб хиё­бонлар, истироҳат боғлари, чўмилиш ҳавзаларига бориши тақиқланишини таъкидлайди. Бироқ бугун бу кўрсатмалар амалда қанчалик кучга эга? Қуйида шу саволга жавоб излаймиз. 

Ғалва бир ой аввал бошланди

– Кичик қизим Муслима бу йил мактабни тамомлаяпти, – дейди Холида Абдузоитова. – 25 майга синфдош дугоналари билан бир хил кўйлак тиктираётган экан. Шунинг ғалваси апрелдан бошланди. Кўйлакка 500 минг сўм, лентага 65 минг сўм, устоз учун совғага 30 минг сўмдан. Икки йилдан буён репититорда ўқитамиз. Майли, репититорга бормай турасан-да десам, аразлаб қолди. Ўзингиз биласиз, ҳозирги ёшларга гап уқтириб бўлмайди. Кел, майли, қизим хафа бўлмасин, деб опамдан қарз олдим. Ҳайронман, шу қуриб кетмагур 25 майни оддийроқ, камчиқим қилиб ўтказса нима бўлади? 

Фейсбук ижтимоий тармоғидаги «Таълим инфо» саҳифасида ўтказилган кичик сўровнома «Битирувчи фарзандингизнинг 25 май харажатларига қанча пул ажратдингиз?» мавзусига бағишланди. Ота-оналарнинг 45 фоизи 400 минг сўмдан кўп, 23 фоизи 600 минг сўмга яқин, 18 фоизи 700 минг сўм атрофида ва 14 фоизи 300 минг сўмдан камроқ пул сарфлашини маълум қилган. Шунингдек, сўровнома қатнаш­чилари бу кунда мактаб ўқитувчилари ва раҳбариятини ҳам совға бериш орқали хурсанд қилишини ҳамда бу учун алоҳида пул йиғилаётганини таъкид­лаган.  

Бу сатрларни ўқир экансиз, юқоридаги рақамлар борасида шубҳангиз тарқалиши, 25 май учун кўп пул кетишига ишонишингиз аниқ. Аммо қозонда бори чўмичга чиққанидек, кўп­лаб ҳудудларда бу расм-русумларга ҳаддан зиёд эрк берилиши, ўқувчиларнинг бу борадаги ҳаракатларини етарлича назорат қилмаслик иллати илдиз отганига гувоҳ бўламиз. 

– Ўтган йили каттам Дилфайз мактабни битирган бўлса, бу йили ўртанчам Шоҳжаҳон навбат менга етди, деб турибди, – дейди Бахтинисо Орзиқулова. – Битирув тадбирларида битирувчи қизларнинг бир хил кўйлакда бўлишини кўргандик, лекин бу йил нимагадир бу «одат» йигитларга ҳам татбиқ этилибди. Эмишки, йигитлар бир хил оқ кўйлак, оёқ кийим ва нео­классик услубдаги шим кийса, «културний» кўринаркан. Ё товба, биз 25 майда сочни «эчкича» қилиб, лента тақиб борганмиз. Йигитлар бўлса, кундалик кийган формасида борган. Шу дейман, бу расм-русумлар бора-бора ота-оналарнинг чўнтагини қуритмаса бўлди…  

Сиз сўраманг, мен айтмай…

Ҳар йили 25 май яқинлашганда ижтимоий тармоқларда ҳам тадбирни ўтказиш, унинг бадиий дас­турига тайёргарлик кўриш, битирувчиларнинг фанфара садолари остида қай тартибда юришию, ҳозир қайси рақс ва қўшиқларнинг «тренд»да бўлаётгани акс этган лавҳалар тарқалади. 

Мисол учун, инстаграм тармоғидаги «Выпускник», «Битирувчи – 2024» каби саҳифаларда асосан Россия, Қозоғистон мактабларида ўтказилган тадбирлар андоза сифатида танлаб олинар экан. Ёшлар эса қўшиқнинг ғояси ва рақс ҳаракатларининг маъносини тўлиқ тушунмасдан, ижро учун танлаб олишади. Энг қизиғи бунда ҳам эмас. Байрамнинг молиялаштириш жараёнлари тадбир куни ҳам тугамас экан. Бунга сабаб сифатида турли жиҳатлар тилга олинмоқда. Яхшиси, келинг, уларнинг ўзидан эшитсак. 

– Бизда 25 май учун ўртача харажат 100 доллар бўлган, – дейди Мухлиса Абдуллажонова. – Бунга кийинишимиз, лентамиз ва устозларимиз, синф раҳбаримиз, директоримизга олинадиган совғалар, тадбирдан кейин ресторанда бўладиган зиёфат, шаҳар марказидаги боғда айланиш харажатлари ҳам киритилган. 

Мухлиса Абдуллажонованинг билдиришича, ўша пайтда мактаб директорлари, устозларига қимматбаҳо совғалар, синф раҳбарига тилла узук олиш вазифаси «юклатилган». Тилла узук аслида тўплами билан олиниши керак бўлган. Бироқ ташқи харажатлардан ортган пул узуккагина етган. Буни синф раҳбари кўриб, қаттиқ ранжиган экан… 

Ўйлаб қолдим, наҳотки халқ маорифи вакили ўз меҳнатини қаёқдаги моддий буюмга баҳолаб, ўқувчилар чўнтагига кўз тиккан бўлса, педагог номига қанчалар лойиқ бўла олади? 

– Бизда ўртача харажат 150 доллар бўлган, – дейди Ҳусниддин Комилжонов. – Бунга салондаги соч турмаги, кийим тиктиришимиз, оналар ва устозлар учун гулдасталар, битирувчи тўплами (лента, қўнғироқча, погон) ва фото ҳамда видео хизматлари кирган. Ундан ташқари, винеткамизни 23 доллардан қилдирганмиз…  

Табибимнинг ўзи ҳам бемор(ми?) 

Қайд этилишича, мактабларда ўтказиладиган «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ташкиллаштириш, бунда байрам бўладиган ҳудудни байрамона безатиш, овоз кучайтиргичлар ўрнатиш, қуёш нуридан ҳимоялаш мақсадида мато ёпиш 90 фоиз ҳолатда битирувчиларнинг гарданида бўларкан. 

– «Оформление» учун 230 минг сўмдан, колонка учун 21 минг сўмдан йиққанмиз, – дейди 17 ёшли Шамшод. – Бундан ташқари, қалин шар учун умумий 400 минг, 6 та кабутар учун 235 минг, рангли юлдузча ва байрам мушаклари учун 460 минг сўм ҳисобладик. Жуда бўлмаганда, мактаб раҳбарияти микрофон ва овоз кучайтиргичларни ҳал қилмади. Ҳамма нарсани ўзимиз қилаётганимиз учун ҳам энди охиригача байрам қиламиз. 

Шунингдек, мактаб директорларининг айримлари тадбир бўладиган ҳудудни битирувчиларга кўрсатиб, микрофон, аппаратура ва бошқа керакли ускуна-жиҳозларни олдиндан брон қилиб қўйишини маслаҳат беради. 

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: тадбирни камтарона, юқоридаги «кўрсатма»га амал қилган ҳолда ўтказиш учун кўплаб мактабларда етарлича шароит бўлмаса, камига мактаб бюджети маблағлари ҳисобидан безатиш ва техник овоз воситалари таъминлаб берилмаса, қанақасига пул йиғмасликни иддао қилиш мумкин? Битирувчилар оддий жойда, микрофонсиз мактабни битиришса, ғалати эмасми? 

Балки битирувчи-ёшлар бўйнига тадбир учун зарур бўлган бирламчи восита ва жиҳозлар, безатиш жараёнлари ҳам юклаб қўйилганидан ёшлар хоҳлаганини қилиб, мактаб раҳбарияти, устозларидан ҳайиқишмаётгандирлар?! 

Хиёбон тўла битирувчилар

25 май куни туман, шаҳар марказлари, вилоятлар ва пойтахтдаги марказий боғлар, дам олиш масканлари ва хиёбонларда «Битирувчи» лентасини осиб олганча ёшларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб юрганини кўрасиз. 

– Бу кунда ўқувчи ёшларнинг ўзбилармонлик билан турли хил жойларга бориши бежиз ман этилмаган, – дейди жамоатчилик фаоли Муҳаммад Ниматалиев. – Чунки йўлларда гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳаракатланиш хавфли. Бунда йўл-транспорт ҳодисалари, кўнгилсиз ҳолатлар учраши ҳеч гап эмас. Кузатишларим давомида икки мактаб битирувчиларининг марказий боғларнинг бирида аввалги адоват сабаб жанжаллашиб кетгани, оқибатда, йигитлар ўртасида катта муштлашув содир бўлганини эслайман… 

Хўш, нима сабабдан юқоридаги кўрсатма ижросини таъминлашда битирувчи ёшларнинг белгиланмаган жойларга яширинча боришларига чек қўйиш учун рейд тадбирлари ўтказилмайди? Нима сабабдан ёшларнинг қиммат харажатлару, тадбирдан кейин хоҳлаган ишини қилишини биров назоратга олмайди? 

Хулоса шуки, мактаб битирувчиларининг кўп қисми бугун ўз хоҳиш ва режаларини амалга ошириши улар ўртасида моддий номутаносиблик, турли хил кўнгилсиз ҳолатлар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Бунга қарши курашишда мактаб, маҳалла ва ота-оналар ҳамкорлик қилиши, бу учун жиддий чоралар кўриши керак. Зеро, ёшларни иҳоталаш замирида бир қанча афзалликлар кўзланган бўлса, астойдил назорат қилган яхши. Ниятимиз: битирув тадбирлари камтарона, маънавий-маърифий лойиҳалар асосида ўтказилса, буларнинг барчаси кун давомида мактабда ташкил этилса, нур устига аъло нур бўларди. Қолаверса, айрим устозлар ва мактаб раҳбарлари совға дардида эмас, битирувчи-ёшларга давлатимиз раҳбари томонидан йўлланаётган байрам табригининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва шу орқали уларнинг жамиятда ўз ўрнини топадиган, Янги Ўзбекистон истиқболига пешвоз чиқадиган эртамиз ворислари бўлиб камол топиши дардида бўлишса, яхши бўлмайдими?! Ахир, улар мустақил ҳаёт остонаси ва камолот пиллапоясида туришибди.

Илҳомжон Абдусаломов, 

ЎзДЖТУ талабаси

Tegishli xabarlar

СТРАТЕГИЯ — жамият тараққиёти кафолати

admin

Адолатга оддийгина бир сўз сифатида эмас, виждон масъулияти сифатида ёндошиш керак

admin

МУСТАҚИЛЛИГИНГ АБАДИЙ БЎЛСИН, ОНА ХАЛҚИМ!

admin