Дунё медиа минбарига айланган инстаграм ижтимоий тармоғида яна бир ўзбек йигити пайдо бўлди. Кўп ҳолларда савиясиз, саёз ва маиший мавзуларни оммага ҳавола этиб, фақатгина бир зумлик машҳурликка эришаётган “блогерлар”дан устун йигит. Унинг фаолияти, қилаётган ишлари бошқаларникидан анча фарқли. Қаҳрамонимиз эҳтиёжманд оилалар, муҳтож инсонларга яхшилик қилади, кўнглини кўтаради. Бирига ҳомийлар ва саховатпеша инсонларни жалб қилиб, уй қуриб берса, яна бирига саломатлигини тиклаш учун беғараз маблағ ажратади. Сезганингиздек, бу йигит муҳтожларга хайр-саховат кўрсатиш ва меҳр улашишда ўз ўрнига ва 534 минг тармоқ обуначисига эга бўлиб улгурган Элдорбек Жўрабоевдир. Қаҳрамонимиз эҳтиёжманд оилаларга моддий ва маънавий ёрдам бериб, яхшилик ва эзгуликнинг замон ва макон танламаслиги, одамийлик ижтимоий тармоқда ҳам шиддатли тўлқин мисол ёйилишини амалда исботлади.
Элдорбек Жўрабоев билан унинг хайрли ташаббуси, айни дамдаги иш фаолияти ҳамда кенг жамоатчиликнинг унга муносабати ҳақида суҳбатлашдик.
– Элдорбек, сиз билан учрашиб турганимиздан хурсандмиз. Очиғи, фаолиятингизни кузатиб, таъсирландик. Бу олам яхшилик, меҳр-мурувват билан ёрқин ва лаззатли бўлишини ҳис қилдик, таъбир жоиз бўлса. Келинг, анъанага мувофиқ суҳбат аввалида ўзингиз ҳақингизда маълумот бериб ўтсангиз.
– 2001 йилнинг 16 ноябрида Наманган вилояти, Чортоқ туманида туғилганман. Ҳозирги кунда аҳолига график дизайн бўйича мутахассис сифатида онлайн дўкон хизматларини кўрсатиб келмоқдамиз. Қолаверса, инсонлар ҳаётини яхши томонга ўзгартириш мақсадида инстаграмда очилган “Элдорбек Жўрабоев” лойиҳаси раҳбариман.
– Тармоқдаги фаолиятингиз қисқа муддат ичида анчагина танилди. Бундай хайрли ташаббусни амалга оширишга нима туртки бўлган?
– Мен ҳам бошқа ёшлар қатори инстаграмда фаол кузатувчилардан эдим. Турли хил видео контентлари, ёшларнинг “қаҳрамони”га айланган тармоқ кишиларининг вайнларини томоша қилиб, бўш вақтимни асосан шунга сарфлардим. Бироқ англаб етдимки, бу ерда ҳамма учун манфаатли, ўйлашга ва мушоҳада қилишга ундовчи медиа маҳсулотлар бармоқ билан санарли экан. Чунки аудиториянинг катта қисми аввалдан шундай контентлар кўриб, “кўзи қотгани” боис, энди одамларга нафи тегадиган, яхшиликка хизмат қилувчи лойиҳалар қиламан, деган ёшларнинг бозори касод бўлиб боряпти. Мисол учун, экологияни асраб-авайлашга қаратилган лойиҳанинг тармоқдаги саҳифаси энг ошиғи билан 22 минг обуначига эга бўлса, тутириқсиз, беъмани ва ахлоқсизликни тарғиб қилувчи лойиҳанинг 100 мингдан кўп обуначиси бор саҳифаларни санасак, саноғидан адашамиз. Шуларни ўйлаб, одамларга нимадир берайлик, кимнидир хурсанд қилиб, ҳаётга бўлган қизиқишини оширайлик, деган мақсадда атрофимда кўнгилли танишларимни тўплай бошладим. Маслаҳатни бир жойга қўйиб, лойиҳанинг қандай бўлиши, нималар қилиш кераклиги хусусида келишиб олдик. Яъни, асосий фаолиятимиз – эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига моддий ва маънавий кўмак бериш эди. Дастлаб уринишларимиз, қилган ишларимиз парда ортида қолишини хоҳлагандик, лекин одамларни яхшиликка чорловчи контентлар эълон қилсак, ҳамма учун фойдали бўлади, деб ҳисобладик.
– Бу жараёнда, яъни, ҳақиқий эҳтиёжманд инсонларни топишда сизга кимлар кўмаклашади?
– Албатта, жараённи ташкиллаштириш осон кечмайди. Негаки, моддий ёки маънавий ёрдам олишни айрим инсонлар исташмайди. Ҳаттоки бунга ишонишмайди ҳам. Бунга ёрқин мисол сифатида, фаолиятимиз мобайнида олинган видео лавҳаларнинг 80 фоизида шундай ҳолатлар акс этганини келтириш мумкин. Яъни, уларда кўплаб мижозларимиз ёрдамимизни рад қилишган, ийманишган. Энди саволнинг ўзига қайтадиган бўлсак, биз эҳтиёжманд инсонларни доимий қидириб юрамиз. Лойиҳа нафақат пойтахт, балки вилоятлар, олис ҳудудлардаги ёрдамга муҳтож инсонларни ҳам қамраб олади. Бунда бизга вилоят ва туман ҳокимликлари, маҳалла идораси вакиллари яқиндан кўмаклашади. Шундай инсон топилганда, унинг ҳозирги кундаги аҳволи, яшаш шароити ва турмуш даражаси ўрганилади. Агар биз излаган инсон бўлса, керакли моддий ёрдам ва бошқа турдаги хизматларимизни уларга таклиф қиламиз.
– Эҳтиёжманд инсонларнинг уй-жойларини таъмирлаш ва жиҳозлаш учун озмунча маблағ кетмаса керак? Савол саволга йўл очди: ташаббусларингизни молиялаштиришда муаммолар кузатилмайдими?
– Бизни шу жиҳат аввал ҳам, бундан кейин ҳам ўйлантиради, бироқ халқимиз саховатпеша, бағрикенг ва ҳар қандай шароитда ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошини ҳеч қачон кўчага ташлаб қўймайди. Бунга ушбу лойиҳани амалга ошириш давомида кўп бора иқрор бўлганман. Баъзи бир пайтларда бундай муаммолар кузатилади. Лекин ана шундай яхши инсонлар томонидан қилинаётган беғараз ёрдам ва хайриялар ўша муҳтожлик, зарурият пайтида асқотиб қолади. Келинг, соддароқ айтаман. Мисол учун, бир инсоннинг уйини таъмирлаяпмиз. Қайсидир қурилиш материали керак бўлиб қолди, масалан, пардозлаш воситаси ёки бўёқ. Уни сотиб олиш учун бозорга отланган пайтимизда қайсидир юртдошимиз алоқага чиқиб, айнан биз қидирган нарсаларни ўз ҳисобидан олиб беришини айтади. Халқимизда: “Тўйга, уйга Аллоҳнинг ўзи етказади”, деган фикр бор. Балки ишонарсиз ёки йўқ, бу ҳам қайсидир маънода Аллоҳнинг бизга хайрихоҳ эканлиги, ишимизга ривож бераётганидан далолат, менимча.
– Янги уйга кўчиб кирган, моддий аҳволи яхшиланган, умуман, меҳр-эътибор кўрган инсонларнинг ҳис-туйғусига гувоҳ бўлиш кишига ўзгача таассурот берса керак?!
– Уламолардан бири “Инсоннинг энг бахтли лаҳзаси – бошқаларга яхшилик қилган дамларидир” деган экан. Дарҳақиқат, кимгадир яхшилик қилганимизда ўзимизни дунёдаги энг бахтли инсондек ҳис қиламиз. Қувончимиз ичимизга сиғмайди, кун бўйи яхши кайфият ҳамроҳимиз бўлади. Мавлоно Жалолиддин Румий айтганидек: “Яхшилик қил – сени тушунишмаса ҳам. Яхшилик улаш – гарчи сенга қайтмаса ҳам! У ерда ҳам, бу ерда ҳам яхшилик уруғини эк… У яхшиликдан барча баҳра олсин! Нимадир учун яхшилик қилма. Қалбинг поклиги учун яхшилик қил! Кимдир ёмонлик билан жавоб қайтарса, Аллоҳнинг олдида сенинг юзинг ёруғ, уники эмас!” Нима учун бундан сўз очдим? Негаки, қийинчиликлар ва босимлардан эзилган қалбга бериладиган эътибор инсоннинг кўнглини тоғдек кўтаради, у жамият ва юрт тараққиёти учун дахлдор эканлигини ич-ичидан ҳис қилади. Албатта, яхши шароит яратилган бошпанага эга бўлган, халқнинг қўллаб-қувватловидан сармаст бўлган қаҳрамонларимизни кўрсак, улардан ҳам кўра биз қувончдан теримизга сиғмай кетамиз. Буни сўз билан ифодалаб бериш қийин.
– Билишимизча, жамоангизда 30 га яқин инсон меҳнат қилади. Улар ўзларига ажратилган вазифани маълум миқдордаги ҳақ эвазига қилишадими?
– Шубҳасиз, ҳар бир ишнинг унуми жамоанинг меҳнати, бирдамлигида намоён бўлади. Жамоа аҳил бўлса, ҳар доим бир-бирини тушуниб, қўллаб-қувватласа, кўзланган мақсадлар, албатта, амалга ошади. Жумладан, аввалига 4-5 нафар аъзодан таркиб топган жамоамиз бора-бора ўз сафини кенгайтирди, яхшилик йўлида холис хизмат қилиб, орамизга савоб ва эл дуосидан баҳраманд бўлувчилар келиб қўшилди. Лекин 30 нафар жамоа аъзосининг ҳаммаси ҳам жараёнда бевосита иштирок этишини инобатга олсак, асосий вақтда биз билан бўлиш, лойиҳаларда иштирок этиш талаб этилади. Бу эса уларнинг кунини банд қилади, бошқа иш қила олмайди. Шунинг учун ҳам улар орасида ойлик маошга ишлайдиганларни ҳам, текинга хизмат қиладиганларни ҳам учратишингиз табиий. Уй-жой таъмири ва қурилишида узоқ вақт қолишига тўғри келадиган усталар ва ходимларимизга ойлик маош берилади, сантехник, электр монтаж усталари эса қисқа муддатга келиб, холис хизмат қилади ва ишини битириб кетишади.
– Жамоадошларингизнинг ойлик маошини молиялаштиришда асосий манба нима ёки бошқа лойиҳаларингиз ҳам борми?
– Юқорида айтганимдек, бизнинг бу лойиҳамиздан ташқари, график дизайн маҳсулотларини сотишга мўлжалланган онлайн дўкон лойиҳамиз ҳам мавжуд. Ушбу лойиҳада жамоадошларнинг кўп қисми фаолият юритгани сабабли дўкон билан тузилган шартнома бадаллари улар ўртасида тенг тақсимланади. Ундан ташқари, лойиҳамизда обуначиларимиз кўплиги сабабли тадбиркорларимиз ўзларининг маҳсулот ва хизматларини биздан реклама қилиб беришларини сўрайди. Рекламадан тушган даромад ҳам жамоадошлар ойлиги учун йўналтирилади. Аммо аъзоларимиз замонавий ахборот коммуникация технологиялари мутахассислари бўлгани билан қилган ишига арзирли муносиб ҳақ талаб қилишмайди. Гоҳида даромад кам бўлади, гоҳида кўп. Ҳар икки ҳолатда ҳам насиб қилган маош ўртамиёна ёки юқори бўлиши мумкин. Буни олдиндан тахмин қилиб бўлмайди.
– Фаолиятингизни қўллаб-қувватловчилар, албатта, кўп. Бироқ бунга ишонмайдиган, сизлар ҳақингизда салбий тасаввурга эга бўлган аудитория ҳам йўқ эмас. Яъни, сизларнинг хайрли ташаббусингизни ўз манфаати йўлида пул топяпти, деб ўйловчи одамлар. Бунга қандай қарайсиз?
– Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, орқаваротдан бизни ёмонлайдиганлар, сиз айтган фикрларни байроқ қилиб кўтариб, ижтимоий тармоқларда “яхши” сўзлар айтадиганлар ҳам бор. Нима ҳам дердик, элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди. Одамлар бундан олдин ҳам гапирган ва бундан кейин ҳам гапиради. Ҳаттоки, мукаммал ва дунёдаги энг яхши ишни қойиллатсангиз ҳам. Лекин биз бунга эътибор бермасликка интиламиз. Энг муҳими, бизнинг лойиҳаларимизни деярли 90 фоизга яқин аудитория яхши қабул қилди, деб ўйлайман.
– Элдор Жўрабоев жамоасининг келгусидаги режалари қандай?
– Бу чоракда 5 та эҳтиёжманд оила учун уй-жой қуриш ишлари бошланган. 4 тасида якуний таъмир ишлари кетмоқда, 1 тасида қурилиш жараёнлари айни авжида. Аллоҳ насиб қилса, тез фурсатда шу уй-жойларни ўз эгаларига топширмоқчимиз. Кейинги мақсад уларнинг сонини йил охиригача 10 тага етказиш ва ҳар бир вилоятда биттадан эҳтиёжманд оилага уй-жой қуриб, калитларини топшириш. Албатта, шу фурсатдан фойдаланиб, жараёнга ўз ҳиссасини қўшаётган барча инсонларга ўз раҳматимни айтмоқчиман, лойиҳаларимизни молиялаштираётган саховатпеша юртдошларимизга ҳам жамоа номидан миннатдорлик билдираман.
– Самимий суҳбатинингиз учун ташаккур!
“Қилган савобли амалларингизни Яратган ўз ажри билан мукофотласин!”, “Дунёда меҳрли қалблар кўпайсин!”, “Лавҳангизни кўзда ёш билан кўрдим, яхшиликлар ҳамиша сизга эш бўлсин!..”
Қаҳрамонимизнинг инстаграмдаги саҳифасига халқимиз томонидан билдирилаётган бу каби илиқ фикрлар, дуо ва қўллаб-қувватлашларни ўқирканмиз, Элдорбек Жўрабоев жамоасининг қилаётган меҳнати савобли эканлигига шубҳа қилмадик. “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай”, деб ёзади ҳазрат Навоий. Ҳақиқатан, муҳтожларнинг кўнглини кўтариш савоб, олийҳимматлилик белгиси. Қолаверса, уларнинг ҳаётида ёрқин саҳифалар очилишига сабаб бўлаётган ёшларнинг хайрли ташаббуси аҳоли орасида яхшилик қилишнинг нақадар улуғвор вазифа эканлигини тарғиб этмоқда.