ADOLAT 24

Мамлакатимиз ташқи сиёсати ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш вазифалари

Ўзбекистон Республикаси 1992 йил 2 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлиб кирганидан сўнг, халқаро майдонда кўплаб суверен давлатлар унинг мус­тақиллигини тан олди. Бу эса табиий равишда мустақил давлат ташқи сиёсатининг ҳуқуқий асосларини яратишни долзарб вазифага айлантирди. 

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз ўз ташқи сиёсатининг ҳуқуқий асосларини яратишга муваффақ бўлди. Бу борада энг асосий қонун ҳужжатлари сифатида Ўзбекис­тон Рес­публикаси Конституцияси, “Ўзбекис­тон Республикасининг халқаро шарт­номалари тўғрисида”ги, Ўзбекистон Рес­публикаси ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги “Ўзбекистон Республикаси Консуллик уставини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонунларни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни санаб ўтиш мумкин. 

Ташқи сиёсатни тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида гапирганда, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига алоҳида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. 2023 йил 30 апрелда Умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мамлакатимизнинг тинчликпарвар ташқи сиёсати билан боғлиқ янги норма ва қоидалар, қатор моддалар, хусусан, 17-ва 18-моддаларда ўз аксини топди. Ушбу норма ва қоидалар мамлакатимизнинг изчил ва барқарор ташқи сиёсати конституциявий асос­ларини янада мустаҳкамлади. 

Чунончи, Бош қомусимизнинг 17-моддасида Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти экани, унинг ташқи сиёсати халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принципларига асосланиши қайд этилган бўлиб, улар бирма-бир санаб ўтилган. 

Жумладан, ташқи сиёсатимиз давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик принципларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэъти­роф этилган бошқа принцип ва нормаларига асосланиши қатъий белгиланган. 

Конституциямизнинг Ўзбекистон ташқи сиёсати билан боғлиқ яна бир моддаси — 18-модда бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсат юритиши алоҳида мус­таҳкамлаб қўйил­ган. Ушбу моддада, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатларидан, унинг фаровонлиги ва хавфсизлигидан келиб чиққан ҳолда иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ҳамда улардан чиқиши мумкинлиги ҳам ўз аксини топган. 

Мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги энг асосий ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бу, шубҳасиз, “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Рес­публикаси қонунидир. Мазкур ҳужжат дастлаб 1995 йилда қабул қилинган бўлиб, унда қатор прогресссив нормалар ўз аксини топ­ган бўлса-да, бироқ халқаро шартномаларни ҳуқуқий ва бошқа экспертизадан ўтказишнинг предмети аниқ кўрсатилмаган ҳамда халқаро шартномаларнинг бажарилишини таъминлаш ва бу жараён устидан кузатув олиб бориш механизми етарли шакллантирилмаган эди. Шу боис ушбу масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш мақсадида ҳамда мустақил Ўзбекистоннинг шартномавий-ҳуқуқий амалиётида тўпланган тажрибани инобатга олган ҳолда 2019 йилда мазкур қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

Яна бир ҳужжат — 2012 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мамлакатимиз ташқи сиёсатининг асосий принципларини, чет давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Ташқи сиёсий фаолият концепциясида халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кучайтириш ва такомиллаштириш, икки ва кўп томонлама истиқболли битимлар тузиш ягона давлат сиёсати юритишнинг сиё­сий-дипломатик воситаларидан бири сифатида белгиланди. 

Мамлакатимиз ташқи сиёсатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлардан бири 2019 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Консуллик устави ҳисобланади. 

Консуллик устави дастлаб 1996 йил 29 августдаги қонун билан тасдиқланган бўлиб, у 22 йил, яъни 1996-2018 йиллар давомида амалда бўлди. Янги таҳрирдаги ҳужжатда принципиал жиҳатдан қатор янги нормалар ўз аксини топди. Жумладан, чет элда Ўзбекис­тон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича консуллик мансабдор шахслари функцияларининг ҳуқуқий ва ташкилий асослари янада аниқлаштирилди. 

Янги таҳрирдаги Консуллик уставига киритилган нормалар Ўзбекистон Республикаси консуллик мансабдор шахслари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг масъулиятини юксалтириш, улар томонидан ишлаб чиқилаётган ҳужжатларнинг сифатини тубдан яхшилаш, чет элларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини, унинг фуқаролари ва юридик шахслари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга, қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан дўстона муносабатларини ривожлантириш ҳамда улар билан иқтисодий, савдо, илмий-техникавий, маданий ва бошқа алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилади. 

Таъкидлаш жоизки, Олий Мажлиснинг мамлакатимиз ташқи сиёсатини амалга оширишда алоҳида мавқега эгалигини ҳисобга олиб, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари Кенгашлари томонидан хорижий мамлакатлар билан муносабатларни ривожлантиришда парламентнинг ролини янада кучайтириш мақсадида Парламент дипломатияси концепцияси қабул қилинди.

Мазкур концепцияда чет давлатлар парламентлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг қонун ижодкорлиги тажрибасини ўрганиш бўйи­ча парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро парламентлар­аро ташкилотлар фаолиятида Олий Мажлиснинг фаол иштирокини таъминлаш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш, давлатимиз ташаббусларини илгари суриш каби устувор вазифалар белгиланди.

Бироқ, ҳозирги шиддат билан ўзгариб бораётган дунёда мамлакатимизнинг изчил ва прогрессив ташқи сиёсатининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш билан боғлиқ қатор вазифалар мавжуд. 

Биринчидан, давлатимиз олиб бораётган очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсатни инобатга олиб ҳамда узоқ муддатли стратегик мақсадларимиздан келиб чиққан ҳолда, 2012 йилда қабул қилинган ва ҳозирги замон талабларига тўлиқ мос келмаётган Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолият концепциясининг такомиллаштириш ва янги таҳрирда қабул қилиш зарурати мавжуд. 

Таъкидлаш жоизки, амалдаги Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолият концепцияси концептуал ҳужжат сифатида 2012-2024 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси прогрессив ташқи сиёсатининг асосий мақсад-вазифаларини ва устувор йўналишларини ўзида мужассам этди.

Бироқ, давр бир жойда тўхтаб турмаганидек, мазкур концепцияни Ўзбекистон Республикасининг ҳозирги очиқ, конструктив ва амалий ташқи сиёсати ҳамда жаҳон майдонида тобора ортиб бораётган ўрни ва мавқеидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштиришга ва янги таҳрирда қабул қилишга эҳтиёж сезилмоқда. 

Айниқса, замонавий халқаро муносабатлардаги туб янгиланишлар, дунё­даги вазиятнинг кутилмаган ўзгариш­лари, глобаллашув жараёнларининг янада чуқурлашуви, қудратли сиёсий ва иқтисодий куч марказлари жойлашувидаги трансформациялар, кенг минтақамизда ва Ўзбекистон ён-ат­рофида рўй бераётган ҳодисалар ҳамда тобора кучайиб бораётган турли хавф-хатарларга муносиб жавоб қайтариш кун тартибига долзарб вазифа сифатида чиқмоқда.

Қолаверса, амалдаги концепция қабул қилинган пайтда унинг ижросига масъул бўлган кўплаб идоралар қайта тузилди, уларнинг вазифалари кўлами анча кенгайиб, замонавий иш тартибига ўтди. 

Ана шу янги воқеликларнинг бари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепцияси лойиҳасида ўз аксини топиши лозим. 

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасида дипломатик хизмат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг дипломатик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойи­ҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилишга бўлган зарурат тобора ортиб бормоқда. 

Мазкур қонун лойиҳасида дипломатик хизмат органларининг тизими, ушбу органларнинг асосий вазифа ва функциялари, дипломатик хизматга қабул қилиш, дипломатик лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш, дипломатик мартабалар таснифи ва уларни бериш тартиби, дипломатик хизматга қабул қилиш, дипломатик лавозимларга тайинлаш ва лавозимлардан озод қилиш, дипломатик хизмат ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, дипломатик хизмат органларининг молиявий ва моддий-техник таъминоти масалалари ўз аксини топиши зарур. 

Ушбу қонун лойиҳасида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси дипломатик хизмат ходимлари кунини белгилаш мақсадга мувофиқдир. Бу эса дипломатик ходимларнинг шарафли касбини улуғлаш ва меҳнатини муносиб тақдирлаш имконини берган бўларди. 

Учинчидан, “Ўзбекистон Респуб­ликасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ амалиётни таҳлил қилиш ва хорижий тажрибани чуқур ўрганиш асосида «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир. 

Мазкур қонун лойиҳасига халқаро шартномалар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш тартибларини аниқлаштиришни, хориждан маб­лағ жалб қилиш билан боғлиқ респуб­лика қарз битимлари(шартномалари)ни ва уларни ишлаб чиқиш, кўриб чиқиш ҳамда сақлаш тартибини халқаро шартномалардан фарқли равишда ажратишни кўзда тутувчи нормаларни киритиш лозим. Шунингдек, зарур ҳолларда халқаро шартнома лойи­ҳасини ҳуқуқий экспертиза билан бирга бош­қа турдаги (лингвистик, антикоррупциявий ва ҳоказо) экспертизалардан ўтказиш тартибини белгилаб беришга қаратилган нормаларни ҳам кўзда тутиш зарур.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ташқи сиёсатига оид қонунчиликни такомиллаштириш давр тақозоси бўлиб, халқаро муносабатларда янгича ёндашув ва самарали ташқи сиёсий фаолиятни амалга оширишни таъминлашга хизмат қилади ва, шак-шубҳасиз, мамлакатимизнинг миллий манфаатларига жавоб берадиган ҳамда узоқ ва яқин хорижий давлатлар билан алоқаларни кенгайтиришга қаратилган фаол, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсий йўналишни ривожлантириш имконини беради.

Tegishli xabarlar

ТАБИИЙ ДОРИВОР ўсимликлар ЕТИШТИРИШ  ҳаётий зарурат

admin

Муаммолар жойида ҳал этилди

admin

Меҳр ва саховат йўлидаги ҳамкорлик

admin