ADOLAT 24

Талабалар ҳам йиғлайди…

Мустақил ҳаёт остонасида турган мактаб битирувчисининг асосий қисми келгуси тақдирини олий таълимда кўради. Шу сабаб 8-, 9-синфда ўқиб юрган пайтлариданоқ репититорга бориш билан дастлабки ҳаракатларни бошлайди. Қайсидир маънода абитуриентлик – қўшимча топшириқлар ва тестлар, илм муҳити ва иккиланишларга бой давр сифатида хотирангизга муҳрланади. Машаққат ва тўсиқларни енгиб, талабалик мақомига эришдингиз ҳам, дейлик. Хўш, ундан кейин-чи? 

Қуйида бугунги талабалик даврининг энг долзарб муаммоларига нигоҳ ташлашга уриниб кўрамиз. 

“Дарсда қатнашмади” белгиси шунчалик қўрқинчлими?

Хабарингиз бор, республикамиздаги олий таълим муассасаларининг кўп қисми Европа таълим дастури бўлган «Кредит – модул» тизимида фаолият юритиб келмоқда. Мазкур таълим тизимининг ўзига хос афзалликлари, ютуқлари билан бир қаторда камчиликлари ҳам бор. 

Жумладан, дарсларда сабабсиз иштирок этмаётган талабага «Кредит-модул»нинг «нб»си, яъни «дарсда қатнашмади» белгиси анча қимматга тушади. Амалдаги тартиб-қоидага кўра, бир фанга ажратиладиган аудитория соатининг 25 фоизи ва ундан ортиқ соатни сабабсиз қолдирган талаба ушбу фандан четлаштирилиб, якуний назоратга киритилмайди. Натижада, академик қарздор сифатида тегишли фанга ажратилган кредит миқдорига мос равишда ортиқча чиқим қилишга мажбур бўлади. Бу бир томондан, албатта, яхши. Негаки, ота-она ўзидан ҳам сусткашлик ўтганини пайқаб, дилбандининг дарс­ларга бўлган масъулиятини оширишга даъват этиши мумкин. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор. 

– Талаба олий ўқув юртига билим олиш учун келади, – дейди эко-блогер Нигина Икром. – Лекин у «нб» олса, қарздор фанидан қўшимча пул тўлаб ўқиши керак. Бундай шароитда талабанинг ўз хоҳиши билан бориб, билим олишини тасаввур ҳам қилманг. Мактабга давомат учун борганим эсимда, лекин университет… Кўплаб ота-оналар боласини шахс сифатида ҳурмат қилмайди. Шу сабаб боласини қизиққан йўналишга эмас, ўзлари истаган йўналишда ўқитишга уринишади. Чет элга юборишга кўплаб ота-оналар қарши бўлишади, айниқса, қиз болага. Нима бўлармиш, «бузилиб» кетармиш…

Фикрларга қараганда, олий таълимга кириш имтиҳонларида 5 тагача танлов йўналишини белгилаш билими бор абитуриентнинг ҳам, бир омадини синаб кўрмоқчи бўлган талабгорнинг ҳам «майдонда от чоптиришига» сабаб бўлмоқда. Натижада айрим абитуриентлар олий таълимга кириш учун ўзлари истамаган соҳани 4 йил ўқишга ва ўзлаштиришга мажбур. 

– 5 та танлов йўналишларидан ўзим хоҳламаган йўналишга кирдим, – дейди Саидбек Махдиев. – Тўғрироғи, мақсад – нима қилиб бўлса ҳам талаба бўлиш эди. Мана, энди талабаман. Бироқ мутахассислик фанларига деярли қизиқмайман. Олий математикада «pubg» ўйнасам, фалсафада аудиториянинг чеккасига жойлашиб, уйқуни ураман. Ҳайронман, нима қилсам экан? Камига дарсни кредит миқдорига қараб қолдирсак, ёзда қайта ўқишга, у ҳам майли, бунинг учун пул тўлашга тўғри келаркан. Энди шу «нб» олмай, деб келиб турибман.

Ўйлайсан: бугунги талаба асли нимадан қўрқади? «Нб» тушишиданми ёки билим оладиган пайтни ҳавога совуришдан? 

Сонда бор-у, саноқда йўқ (ми?)

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан берилган маълумотга таянадиган бўлсак, жорий 2023-2024-ўқув йили учун ўтказилган олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш учун ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра, 193 421 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилган. Шундан 42 655 нафари давлат гранти, 150 766 нафари тўлов-контракт асосида қабул қилинган. Энди 2023 йилда нечта ОТМ битирувчиси ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашганини кўриб чиқсак. 

Бандлик вазирлигининг маълумотига кўра, айни вақтда республикада жами ишлаётган талабаларнинг сони 113 724 нафар.

Улар қуйидагича тақсимланади:

 Давлат ташкилотларида – 

62 707 нафар (55,1 фоиз);

 Хусусий субъектларда – 

47 235 нафар (41,6 фоиз);

 Бошқа секторларда – 

3 782 нафар (3,3 фоиз). 

Жорий йилда республикадаги олий таълим муассасаларини 237 940 нафар талаба битириб чиқади. Бу шунча олий маълумотли мутахассис меҳнат бозорига кириб келади, деганидир. Табиийки, иш берувчи ҳам, аввало, ходимдан мутахассислик доирасида яхшигина билим ва кўникма, қолаверса, ахборот технологияларидан фойдалана олиш каби талабларни қўймоқда. Савол туғилади: юқоридаги каби талаб­ларни бажариш учун, меҳнат бозорида рақобатлашиш учун бугунги кун талабаси қанчалик тайёр?

– Ўзим дарслардан кейин кун бўйи кутубхонада бўламан, қўшимча адабиётлар ўқийман, – дейди Анвар Фазлиддинов. – Тенгдошларимнинг кўп қисми бу вақтда айтарлик фойдали иш қилмайди. Айниқса, йигитлар. Ҳозирда талабаларнинг кўпчилиги кунни режалаштиришда қийналишади. Кўпчиликнинг ўйлашича, талабаликда фақат ўйнаб-кулиш керак. Кейин тирикчилик барибир гарданга тушади, фақат унгача мазза қилиб яшаб қолиш керак экан. Бу тўғри фикрлаш эмас. Бундай талаба меҳнат бозорида четда қолиб кетаверади. 

Мен ҳам эдим сенингдек… 

– Олий таълим 11 йил мактаб­га бормасдан, мол боқиб юрган, «алиф»ни «калтак» деёлмайдиган Қўзивойни 4 йил ичида одам қилиб қўймайди, – дейди талаба Бунёдбек Келдибоев. – Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, талабалар орасида бунақалар ҳам топилади. Олий таълим талабага йўналиш, ўзингизга ўхшаган одамлар билан фикр алмашишга имконият яратиб беради, холос. Муҳими, диплом учун эмас, касбий кўникма ва билимни эгаллаш учун ҳаракат қилиш керак. 

– Олий таълим муҳитида ҳар қайси илми толиб яхшигина касбларни, қўшимча ҳунарларни ўрганиб олиши керак, – дейди Сано­бар Дилмуродова. – Ҳеч қурса инг­лиз тилини. Тўғри, қийинчилик бўлади, лекин қунт қилинса, яхши натижаларга эришиш қийин эмас. 

Тенгдошларимнинг бу фикрларини эшитиб, мақолага нуқта қўйиш палласида қўлимга Жавлон Жовлиевнинг «Қўрқма» асари тушди. Асарни ўқир эканман, айнан мавзу доирасидаги қуйи­даги тасвир диққатимни ўзига тортди: 

“Биласизми, аянчлиси ўтмишимиздаги 100 йил эмас. Келажакдаги асримиз нима бўлади? Бу аҳволда кетаверсак 2124 йилни ўйлаб қўрқиб кетаман… Ачиняпман…

Талабалар ўз орзу-мақсадларини ўлдирган ёшлардан ташкил топган…

Ҳа, ўша телефончи, қизтака, қоравой­лар…

Фақат қизлар ҳақида гурунг беради, қизтака. Шу мавзугаям қулоқ тутмайдиган телефончи…

У видеохабар ва ўйинлар ботқоғига тўпиғигача ботиб кетган, фақат икки бош бармоғи ишлайди, холос…

Дунё­даги энг севимли ўйини тўнка ва пичоқ. Ёғоч айланаверади, пичоқни санчаверасан-санчаверасан…

Пичоқ устма-уст келиб қолса ўйинни қайта бошлайсан. Шу ўйинни 18 соат тинмай ўйнайди. У умрида дарс қилмаган, бундай нияти ҳам йўқ. Яшашдан маъно йўқ у учун. Телефончи ўйнайверади…

Ваннада сув шариллайди. Қоравой фақат оқариш учун ўқишга кирган…

Қизтака қизларни телефонда ўрайди…

Қизларимиз бозори тезроқ юриши учун ўқишга кирган…

Нима учун яшаяпсан? Улар мудрашяпти, сен мудраяпсан…

Биз ўқишга бориб келувчилар…

Кулгим келади аҳволимизга, йиғлолмайман, на қилай? Ватанинг учун ҳеч йўқ бир бора йиғлай олмаётганингни билатуриб ўлиш нақадар даҳшат?!” 

Хулоса шуки, ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Олий таълим муассасаларида мустақил таълимга кўпроқ эътибор берилиши, талабанинг ўз устида ишлаши, мутахассислиги бўйича амалиёт даврини тўлиқ ўзлаштириши лозим. Қолаверса, талабалик даврида ёшлар бўш вақтини тўғри тақсимлаш, уларнинг қизиқиш ва таклифларини инобатга олиб, қўллаб-қувватлашга бўлган эътибор бундан-да юксалиши керак. Бўлмаса, мақсадсизлик, дангасалик ёшларни чирмовуқдек ўраб олиши ҳеч гап эмас. Бунда ота-она ва олийгоҳ ҳамкорлиги муҳим пойдевор эканлигини унутмасак, кадрлар сифати ҳам, салмоғи ҳам кўнгилдагидек бўлади. 

Илҳом Абдуқаюм ўғли, 

Tegishli xabarlar

“Ўткан кунлар”да ўтган кунларим

admin

Ибодат одобини унутманг!

admin

ПАРТИЯ ФАОЛИЯТИ САҲИСОБ ҚИЛИНДИ

admin