Иккинчи жаҳон уруши туфайли Россия, Белоруссия, Украина, Болтиқбўйи республикалари ва Польша бўйлаб бир неча минглаб километр йўлни сафдошларим билан пиёда, қадамба-қадам босиб ўтганмиз. Ўлим билан юзма-юз келиб яшаганмиз. Қанча сафдошларим, қуролдошларим, дўстларимдан ана шу йўлларда айрилганман.
Мен пиёда ўтганим мамлакатлар, шаҳарлар, қишлоқлар урушдан илгари ўзига хос, чиройли, инсон ҳавасини келтирадиган даражада бўлган. Лекин уруш уларни бир хил қиёфага келтирган – вайронага, култепаларга айлантирган. Уруш пайтларида, ўқлар учиб, миналар, бомбалар портлаб турган вақтларда ҳам ана шу вайроналарда, култепалар остида одамлар яшаган. Чунки бу вайроналар улар учун она-Ватан бўлган. Туғилган, киндик қони тўкилган, аждодлари хоки поклари кўмилган жойни ҳар қандай шароитда ҳам ташлаб кетишмаган. Юртга муҳаббат деган туйғунинг ниҳоятда улуғворлигини ана ўшанда англаганман.
Урушда неларни кўрмадик. Биз бугунги кунда бошимизга сал ташвиш тушса, кўпроқ ишласак, бир кун-ярим кун дам ололмай чарчасак, оҳ-воҳ қилиб қоламиз. Уруш пайтида бир неча кеча-кундуз юрган, жанг қилган пайтларимиз бўлган. Биров шикоят қилганини эшитган эмасмиз. Уйқу юриб кетаётган пайтда – йўлда бўларди. Москва остонасидан Берлингача бўлган йўлни қаричма-қарич, жанг билан, ўлим билан юзлашиб босиб ўтганмиз.
Бир гал тинимсиз артиллерия отишмалари остида жон ҳовучлаганмиз. Бир томондан ўзимизникилар, бир томондан фашистлар тўпларининг ўқлари портлашлари шундоқ ёнгинамизда рўй берган. Яна бир марта танклар отишмалари қуршовида жанг қилганмиз. Бир томондан тўпларнинг ўқига, иккинчи томондан фашист солдатларининг ўқига чап беришимизга тўғри келган. Ўшанда ўлим ҳақида кам ўйлаганмиз. Эндиликда шуларни эслаб ўтириб, «Аллоҳ ўлим бермаса, қинғирбарот урушда ҳам ўлмас экансан», деб ўйлайман.
Афсуски, уруш ҳақидаги киноларда, асарларда биз кўрган даҳшатларнинг ўндан бири ҳам ҳаққоний ифодасини топмаган. Эҳтимол, бу ҳам тўғридир. Урушларни ва улардаги ёвузликларни тўла акс эттириш инсофдан эмасдир. Лекин тарихда уруш ҳақидаги бор ҳақиқат аён бўлиши керак.
Урушнинг ёзилмаган қонунлари бўларди. Биз юртдошлар бир-биримизга ўлсак, кўмилишдан олдин кўзимиз очиқ қолмасин, танамиз ювилмаса ҳам юз-кўзимизга сув тегсин, деб васият қилардик. Ўзимиз қайтмасак ҳам, бирор нарсамиз юртга қайтсин, деб ният этардик. Қанча-қанча дўстларимизнинг армонлари, орзулари қалбларимизда мангу хотира бўлиб қолди.
Уруш йилларида жанггоҳларда юриб, ёш бўлганманми ё фурсат бўлмаганми, ўлимни даҳшатли ҳолат, деб ўйламаганман. Назаримда, битта мен эмас, урушдагиларнинг ҳаммаси мана шундай ҳолатда бўлган. Ўлим урушда кундалик, одатий ҳолга айланиб қолганди, биз унга кўникиб кетгандик. Аммо урушнинг бутун даҳшатию ўлимнинг ваҳимасини ярадор бўлиб, жанггоҳдан уйга қайтиб келганимдан, осуда ҳаёт бошлаганимдан сўнг сезганман. Агар урушда ўлиб кетганимда нима бўларди, деган фикрни хаёлимга келтириб, даҳшатга тушганман.
Мен уруш даврида босиб ўтган жанговор йўлларни 60-70 йилларда, тинчлик, осойишталик пайтида яна бориб кўрганман. Урушни эслатувчи вайроналар, музейлар, ёдгорликлардан ташқари бу ерларда ҳамма нарса қайтадан гўзал тарзда барпо этилганди. Кўрсангиз, кўз қувнайди. Бироқ уларни кўриб, хаёлимдан бир фикр кечди. Инсоният нега шундоқ яшайди: қуради, обод қилади, ҳамма ёқни гуллатиб-яшнатади, аммо табиатнинг ўзи бузиб, емириб вайрон қилгани етмагандай, ўзи ҳам яратганларини урушлар, қирғинлар, босқинлар туфайли харобага айлантиради. Инсоният онгига, ҳаётига қуриш ва бузиш деган икки қарама-қарши ҳолат қандай сиғар экан? Бу ҳолатнинг сабаби нимада? Бу саволга битта мен эмас, бутун инсоният пайдо бўлгандан бери жавоб излайди. Аммо ҳамон жавоб тополмайди, жавоб йўқ.
1986 йилда «пахта иши» деб қамоққа олинганимдан кейин гдлянчилар уйимдаги кўп нарсаларни олиб кетишган. Улар пул ва буюмлардан ташқари менинг Иккинчи жаҳон уруши даврида жангларда иштирок этиб тақдирланганим – орден ва медалларни ҳам мусодара қилишган. Кейинчалик бу нарсаларни қайтариб ҳам беришмади. Ўзим ҳам бунга эътибор бермадим. Мен учун, энг муҳими, ўша пайтда гдлянчилар, ивановчиларнинг азобларидан, собиқ шўролар давлатининг бизларга кўрсатган зуғумларидан, адолатсизликларидан қутилиб чиқишим бўлган. Кейин ҳам булар ҳақида ўйлашга фурсатим бўлмади, аниқроғи, ўша кунларни қайта эсламасликка ҳаракат қилдим. Шундай қилиб, мусодара қилинган орден, медалларим тақдири номаълумлигича қолиб кетди.
Албатта, дастлаб бунга эътибор бермадим. Шу темир-терсакларнинг ҳаётимда бирор қиммати, аҳамияти борми, деб ўйладим. Бу орден-медалларсиз ҳам юртимда қадр-қимматим жойида, ҳаётим бир маромда кечмоқда, дея улар ҳақида ортиқча бош қотирмасликка қарор қилдим. Бир куни, аниқроғи, 2015 йил май ойининг бошларида уйга дўстларимдан бири, собиқ қуролдошим мени кўргани келди. Суҳбатимиз яхши қўр олди. У кетиши олдидан «Дўстим, мен байрамдан икки кун олдин яна келаман. Уруш даврида олган орден-медалларингни тақиб, тайёр бўлиб тур, икковимиз шаҳарга чиқиб, бир суратга тушайлик. Бу сурат болаларимизга, невара-чевараларимизга эсдалик бўлиб қолади. Қолаверса, бизлар уруш кўрган, ҳаёт-мамот сўқмоқларидан юриб, фашизм устидан ғалаба қозониб юртга қайтганимизни улар ҳам билишлари, доимо эсда сақлашлари керак», деди. Бироз ўнғайсизландим, дўстимга бор ҳақиқатни, уруш даврида олган орден-медалларимни гдлянчилар мусодара қилишганини, улардан бирортаси ўзимда қолмаганини айтдим. У менга ажабланиб қаради. «Ахир уруш даврида қилган хизматларингнинг «пахта ишига алоқаси йўқ-ку!», деди у. Мен елка қисдим.
Ниятларимиз ушалди. У орден-медалларини жаранглатиб, мен эса костюм-шимда суратга тушдик. Аммо ўшанда дўстим айтган сўздан, айни ҳақиқатдан кўнглим озорланди. Ҳақиқатан ҳам, жанг майдонларида ўлим билан юзма-юз келиб қилган ишларим, фашистларга қарши курашларим учун берилган баҳо – орден, медалларнинг мусодара қилиниши ноҳақлик эди. Мени тўғри тушунинг, баъзилар каби қилган ишларимни кўз-кўз қилиш учун орден, медалларни тақиб юришга ишқибоз эмасман. Уларни кўп таққан ҳам эмасман. Лекин бу орден, медаллар халқимиз, жумладан, мен босиб ўтган энг оғир фожеали даврдан – уруш даҳшатларидан ғалаба билан чиққан кунларимиздан эъзозли хотира эди. Собиқ шўро даврининг Гдлян, Иванов каби ҳукмфармолари, югурдаклари мени ана шу хотираларимдан мосуво қилмоқчи бўлдилар, юртимиз, халқимиз учун ҳар қадамда жонимизни омонат қўйиб, урушда кечган ҳаётим устига ҳам қора чизиқ тортдилар. Менинг дилим ана шундан озорланди.
2005 йилда Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 60 йиллиги муносабати билан Москва шаҳрига бордим. Аниқроғи, ўша галги сафаримни ҳам ўғлим уюштирди. Бунинг сабаби бор эди. Россия Федерацияси ҳукумати ғалабанинг 60 йиллиги муносабати билан урушнинг барча иштирокчиларига (ёнида яна бир одам – уруш қатнашчилари кекса бўлганликлари учун ё ҳамроҳи, ё қаровчиси, ё доктори, ё фарзанди билан бирга) Москвага бориш, бу шаҳарда меҳмонхонада туриш, Ғалаба парадида қатнашиш ва яна ўз уйига етиб олиш учун шароит яратиб берди. Шундай имкониятдан фойдаланиб, ўғлим билан Москвага бордик.
Ўшанда байрам муносабати билан шаҳарнинг кўп жойларига бордим. Номаълум солдат қабрига гул қўйдим. Атоқли саркарда, уруш қаҳрамони Константин Жуковнинг от миниб турган ҳайкалини зиёрат қилдим. Илгари бу ҳайкал йўқ эди. Демак, уни кейинги йилларда қўйишибди. Шаҳар чеккасида Иккинчи жаҳон уруши, унинг иштирокчилари ва ғалабага бағишланиб барпо этилган мажмуани айландим. Мажмуа ниҳоятда тоза, обод, гулларга бурканган ҳолда бунёд этилибди.
Қуролдошлар, жанг майдонларидаги дўстлар билан учрашувларимиз ҳам шу ерда ўтди. Мен жанг қилган взводдан икки киши қолибмиз. Мен ва хабаровсклик Сергей Милованов. Сергей ўшанда взводимиздаги энг ёш, ҳали 17 ёшга ҳам тўлмаган йигитча эди. Уни ҳазиллашиб, «полк ўғли» деб атардик. Бу полк ўғли энди улғайиб, тепакал, бақалоқ, бир гапни ўн марта такрорлайдиган сўзамол чолга айланибди. У урушдан кейин ҳам ҳарбий соҳада ишлабди. «Иккита ўғлим, бир қизим бор. Улар ҳам ҳарбий соҳани танлашган», деди у. Полкимиздан 9 та одам, дивизиямиздан 11, жами 21 та одам қолибмиз.
Шулардан иккитасини аранг танидим. Жанг майдонларида, окопларда ёнма-ён бўлганмиз. Ўша даврларни, қаттол уруш пайтидаги воқеаларни эслашдик. «Сени жанг майдонидан, бир кечаю кундуз ўликлар орасида қолиб кетган жойингдан олиб чиққан санитар қизни эслайсанми?» сўради Сергей.
– Йўқ, – деб бош чайқадим.
Ҳақиқатан ҳам, ўша халоскорим санитар қизни кўз олдимга келтира олмадим.
– Ўша қиз Зинаида Богословская эди. Ўтган йил оламдан ўтди. Иркутскда яшарди. Зина уруш даврида 169 та одамни, ярадор жангчини ўлимдан асраб қолган экан, – гапга қўшилди яна бир собиқ жангчи.
– Польшадаги бир вагон болаларни ўлимдан асраб қолганимиз ёдларингиздами? Агар разведкачиларимиз айтмаганда вагондаги болалар немислар қўйган минадан портлаб кетардилар. Ўшанда немислар билан отишмада 8 аскар ўлган эди. Худо ёрлақасин, – чўқинди кийимининг олд қисмини орден, медаль босиб кетган кекса генерал…
Ўша куни собиқ фронтдошлар кечгача бирга бўлдик. Ҳар биримиз уруш ва урушдан кейинги давр билан боғлиқ воқеаларни эсладик. Мен уларга уруш даврида Ўрта Осиёга, Ўзбекистонга, Хоразмга кўчириб борилган оилалар, етим болалар ҳақида ўзим кўрганларим, эшитганларимни гапириб бердим. Ҳақиқатан ҳам, ўша пайтларда Хоразмга 5 мингдан ортиқ оила, 15 мингга яқин етим болалар кўчириб келтирилган. Оилалар шаҳар ва қишлоқларга бўлиб юборилган. Етим болалар эса болалар уйларига тарқатилган. Улардан ярмини оилалар ўз бағрига олиб тарбиялашган.
Хоразмга кўпроқ Польша, Украина, Белорусиядан оилалар олиб келинган. Етим болаларнинг ҳам аксарияти ўша ўлкалардан бўлишган. Уларга бошпана топиб бериш, озиқ-овқат билан таъминлаш осон бўлмаган. Маҳаллий аҳоли ўзларида бор нарсаларини улар билан биргаликда баҳам кўрганлар. Уйларининг бир-икки хонасини, нонининг ярмини, боғидан чиққан мевасини, полизидаги маҳсулотларнинг ярмини уларга берган.
Шу билан биргаликда далаларда етиштирган ҳосилининг асосий қисмини фронтга жўнатишган. Жанггоҳларда фашистларга қарши курашаётганлар учун ҳам озиқ-овқат етказиб беришган. Мен урушдан ярадор бўлиб қайтиб келганимда қишлоқларда фақат чоллар, аёллар, болаларни кўрганман, далаларда меҳнат қилаётганларнинг асосий қисми ҳам ўшалар эди.
Озиб-тўзиб кетган, қорни тўйиб нон емаган, ейиш-ичишда ҳаловат йўқ, топган-тутганларини фронтга жўнатган, бу ҳам етмагандек урушга кетган ота, ака-укалари, эрлари, жигарларидан хабар кутиб жон ҳовучлаб ҳаёт кечиришган. Шу билан биргаликда жанггоҳлардан кўчириб келтирилган оилалар, болаларга меҳрибонлик кўрсатишган. Юртдошларимизнинг бундай ҳаёт кечиришлари осон бўлмаган. Агар аскарларимизнинг жанггоҳларда ҳар дақиқада ўлим билан юзма-юз келиб, фашистлар билан курашганларини бир қаҳрамонлик деб атайдиган бўлсак, фронт ортидагиларнинг, юртдошларимизнинг оғир шароитларда амалга оширган, шу тариқа ғалабага қўшган ҳиссаларини икки карра қаҳрамонлик, деб атасак арзийди. Лекин негадир Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалаба ҳақида сўз кетса, уларни рағбатлантириш борасида фикр айтиш зарур бўлса, фақат уруш қатнашчилари эсга олинади, холос. Фронт ортидагиларнинг заҳматли меҳнатини, уларнинг азоб-уқубатларда кечган ҳаётини кам тилга оламиз.
Польшалик таниқли қўшиқчи Анна Германнинг номини, ашулаларини, унинг кейинги тақдири билан боғлиқ воқеаларни кўпчилик яхши билади. Ана шу Германлар оиласи ҳам уруш даврида Хоразмда яшашган. Аннанинг беш-олти йиллик ҳаёти юртимиз билан боғлиқ кечган. Унинг санъаткор сифатида шаклланиши ўлкамизда рўй берган. Хоразмликлар унинг оиласини ҳурмат билан эслашади. Уруш даврида бундай оилалар, бундай болалардан қанчаси юртимиздан паноҳ топишган.
Менинг айтган гапларим, хотираларим қуролдош дўстларимга маъқул тушди. Бундай гапларни эндиликда халқимизга, ёшларга айтишимиз, улар бизларнинг босиб ўтган ҳаёт йўлимиздан, тақдиримиздан хабардор бўлиши керак, дейишди улар.
Ҳақиқатан, биз ҳаётда кўпни кўрган, уруш даҳшатлари, фронт ортидаги халқимизнинг бошидан кечирган қийинчиликларидан ҳам хабардор бўлган кексалармиз. Тарихимизни болаларимиз яхши билиши керак, халқимизнинг уруш давридаги бошидан кечирган азобларини англаб етиши зарур, яхшиликлар ҳам, қийинчиликлар ҳам унутилмаслиги керак.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Иккинчи жаҳон урушидан қайтмаган, ғалабани қўлга киритишда жон фидо қилган юртдошларимиз номларини ёд этиш учун муҳташам Хотира майдони барпо этилди. Бундай Хотира майдонлари кейинчалик республикамизнинг барча вилоятлари марказларида ҳам қад ростлади. Уларнинг барчасида мотамсаро она ҳайкали ўша жойнинг урф-одати, анъаналари, кийиниш маданияти, маданий мероси ва бошқа хусусиятларидан келиб чиқиб яратилди. Мен Тошкентдаги, Хоразмдаги ва бошқа вилоятлардаги Хотира майдонларига кўп бор зиёратга борганман. Ахир уруш давридаги қалбида юртга қайтишдек катта армонлар билан ҳаётдан кўз юмган сафдошларимизни, юртдошларимизни унутиб бўладими? Уларнинг ўзларини кўра олмасак ҳам, қабрларини зиёрат қила олмасак ҳам номларини эслаб, хотирлаб турмоғимиз ҳам қарз ва фарз эмасми?
Ана шундай зиёратгоҳларга, Хотира майдонларига борганимда бир нарса хаёлимга келади, собиқ иттифоқ даврида ҳам уруш қурбонларига ҳурмат кўрсатиларди. Вилоятларда, туманларда қўйилган ёдгорликлар номаълум солдат номи билан аталарди. Уларнинг аксариятида қўлида қурол тутган номаълум аскар ёхуд аскарнинг шинели, каскаси, қурол-аслаҳалари, қўлида бола тутган солдат кўринишлари ифодасини топарди. Бу ёдгорликларда уруш қатнашчиларининг, жанггоҳларда ҳалок бўлганларнинг беш-ўнтасининг номи битилар, қолганларининг номи ҳам, ўзи ҳам эсга олинмасди. Ушбу ёдгорликларга «Номаълум солдат» деб ном қўйилганди. Энди тасаввур қилинг, ҳар бир қишлоқ, шаҳар, туман, вилоятдан қанча одам урушда қатнашгани, улардан қанчаси жанг майдонларида ҳалок бўлгани ёки бедарак кетгани маълум бўлса-ю, улар хотираси учун қўйилган ёдгорлик «Номаълум солдат» деб аталса, хўш, бу қайси мантиққа тўғри келади?! Шунинг учун ҳам республикамизда Хотира майдонларининг барпо этилиши ва бу майдонларда мамлакатимиздан урушга кетиб, жанггоҳлардан қайтиш насиб этмаган юртдошларимизнинг исм-фамилиялари, туғилган, вафот этган йиллари зарварақ китобларга битилиши уларга нисбатан ҳурмат-эҳтиромнинг ифодасига айланди.
Майдонларга «Хотира» номининг берилиши ҳам бежиз эмас. Зеро, хотира қон-қонимизга сингиб кетган улуғ туйғу ҳисобланади. Ўтганларни хотирлаш, уларнинг руҳини ёд этиш халқимиз учун асрлар давомида эзгу одат, улуғ мерос, ўлмас анъана бўлиб келган. Тарихий хотира ҳаёт мазмунини, авлодлар ўртасидаги ворислик туйғуларини англатади. Ҳар бир авлодни узоқ-яқин ўтмишда содир бўлган воқеа-ҳодисалардан бугунги кун учун сабоқ ва хулосалар чиқариб яшашга ундайди. Бундан ташқари, хотира туйғусининг яна бир асл маъноси бугунги тинч ва осуда, эркин, бахтли ҳаётга осонликча эришмаганимизни, бу ёруғ кунлар осмондан тушмаганини, у оғир машаққатлар эвазига қўлга киритилганлигини англатиб туради. Бу майдон барча авлод вакиллари, жумладан, бугунги ёшлар учун ҳам ота-боболаримиз, ажододларимизнинг эл-юрт учун фидойилиги, матонати, муҳаббати, садоқати тимсолидир.
Мен умрим давомида дунёнинг кўп мамлакатлари, шаҳарларига борганман. Лекин Хотира номи билан ботлиқ бундай майдонни ҳам, бундай иншоотларни ҳам кўрмаганман. Шуларнинг ўзи ҳам урушдан қайтмаган юртдошларимиз учун, халқимиз учун улуғ эҳтиром эди.
Шоирларимиздан бири ана шу эҳтиромни шеърий мисраларида шундай ифодалайди:
Хотира майдони – қадр майдони,
Оқибат, муҳаббат, меҳр майдони.
Оналар соғинчи, дарду армони,
Ватан деган неча ботир майдони…