Пойтахтимизда уч йилдан буён ўтказиб келинаётган Тошкент халқаро инвестиция форуми юртимизда дунёнинг барча қитъаларидан янги ишончли ҳамкорларни бир сафда жамламоқда. Ушбу форумни Ўзбекистоннинг истиқболли инвестициявий имкониятларини муҳокама қилиш учун бизнес вакиллари, ҳукумат ва инвесторларни бирлаштирган муҳим тадбир десак, янглишмаймиз.
Бу йилги форум дунё сиёсий харитасидаги тушунмовчиликлар, жаҳон иқтисодиётида нобарқарорлик давом этаётган, барқарор ривожланиш йўлида хавф ва таҳдидлар кучайиб бораётган айни дамда мамлакатимиз ва хорижлик ишбилармон доиралар учун икки ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга, янги бизнес имкониятларини кашф этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Чунончи, мамлакатимизда иқтисодиётни янада эркинлаштириш, бизнесга кенг йўл очиш, бу борада қонун устуворлиги ва ҳуқуқий кафолатлар мустаҳкамланиб бизнес юритиш кенг қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, кейинги йилларда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, ишлаб чиқаришга солиқ юкини кескин камайтиришга эришилди.
Шу билан бирга, тадбиркорларга ер ажратишнинг замонавий шаффоф тамойиллари, яъни аукцион савдо тизими йўлга қўйилди. Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш доирасида қонунчиликни уйғунлаштиришга қаратилган 60 дан ортиқ норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Умуман, инвестиция муҳитининг жозибадорлигини янада ошириш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича салмоқли ишлар бажарилди.
Бу бежиз эмас, албатта. Сабаби, иқтисодиётда инвестицияларни кенг миқёсда жалб этишга эришиш кўплаб соҳалар, тармоқлар ҳамда ҳудудларга янги технологиялар, илғор тажрибалар кириб келиши ва тадбиркорликнинг жадал ривожланишига улкан пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Президентимиз саъй-ҳаракатлари ва мамлакатни барқарор ривожлантириш йўлида қабул қилаётган қарорлари натижасида Янги Ўзбекистон Марказий Осиёда чет эл компаниялари учун энг ишончли ҳамкорга айланди. Ишбилармонлар учун яратилаётган зарур шароитлар, амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар бугун хорижий сармоядорларда юртимизга бўлган қизиқишни янада оширди.
Чунки бугун Янги Ўзбекистонда инвесторлар ўзини эркин ҳис этиши, эртанги кунга катта ишонч билан қараб, барқарор ишлаши учун барча имкониятлар бор. Давлатимиз бозор муносабатларини ривожлантиришни, инвесторлар ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришни, ҳалол рақобат учун янада кенг шарт-шароитлар яратишни, хусусий мулк дахлсизлиги ва суд тизимининг мустақиллиги таъминланишини ўз зиммасига олган. Бу тамойиллар янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам қатъий белгилаб қўйилган.
Бош қомусимизга ишбилармонлик фаолияти учун том маънода асос солувчи норманинг киритилиши мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Конституциямиз яратиб берган улкан ҳуқуқий имкониятлар натижасида бугун кўплаб инвестициялар юртимизга келиб, яратилаётган қатор енгилликлар, эркинликлардан куч олиб, янги корхоналар ташкил этмоқда.
Янги Ўзбекистонда ишбилармонлик, инвестицион муҳит тобора яхшиланиши натижасида биринчи Тошкент халқаро инвестицион форумида 56 давлатдан 1500 дан ортиқ, иккинчи форумда 70 мамлакатдан 2 минг 400 дан ортиқ бизнес ва молия соҳаси вакиллари иштирок этган бўлса, бу йилги тадбирда 93 та давлатдан икки ярим мингдан ортиқ хорижий бизнес ва молия соҳаси вакиллари иштирок этгани фикримизни яққол тасдиқлайди.
Сармоядор ўзини эркин ва ишончли ҳис қилиши учун кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани туфайли сўнгги йилларда иқтисодиётимиз қарийб икки баробар ўсди. Ўтган йил якуни бўйича бу ўсиш 6 фоизни ташкил қилди. Инфляция эса 9 фоизгача пасайди. Энг муҳими, охирги йилларда мамлакатимизда 60 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Халқаро молия институтларининг 14 миллиард доллардан ортиқ маблағлари ижтимоий ва инфратузилма соҳаларига жалб қилинди. Бу Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат самарасидир.
Жаҳон ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш ва эътибор қаратилган бу галги Тошкент халқаро форумида ҳам Президентимиз томонидан муҳим амалий таклифлар илгари сурилди. Хусусан, мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳитини тубдан яхшилаш, бу йўлдаги тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш учун ташланган қатъий қадамлар санаб ўтилди.
Бундан шуни англаш мумкинки, мамлакатимизда ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳи, бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойили узоқ муддатли ҳамкорликнинг мустаҳкам устуни бўлиб қолаверади. Ҳар бир сармоядор ўзини эркин ва ишончли ҳис қилиши учун кенг кўламли ислоҳотлар жадал давом эттирилади. Мақсад битта: Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантириш.
Шу ўринда нега сўнгги йилларда юртимизда ушбу масалага бу даражада катта эътибор қаратилмоқда, деган савол туғилиши табиий. Чунки ҳар қандай соҳада натижадорликни ошириш учун ташқи сармоя зарур. Бу сармояни эса инвесторлар киритади. Миллий иқтисодиётни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, юқори барқарорлик ва мутаносиб иқтисодий ўсишни таъминлашда инвестицияларнинг ўрни муҳим.
Шу сабабли, кейинги йилларда янги Ўзбекистон инвесторлар учун ўз эшикларини кенг очди. Уларга муносабат ҳам, эътибор ҳам тубдан ўзгарди. Юртимизга келиб, эркин ва самарали фаолият юритишлари учун барча қулайликлар, имкониятлар яратиб берилди. Келгусида ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилишига шубҳа йўқ.
Боиси, форумда махсус иқтисодий зоналар фаолият муддатлари бўйича чекловлар бекор қилиниши, хорижий сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддати 25 йилдан 49 йилгача, яъни икки баробар узайтирилиши, бунда, қонунлар билан кафолатланган амалдаги имтиёз ва преференциялар тўлиқ сақлаб қолиниши айтилдики, бу тадбир иштирокчилари томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланиб, уларни фаолликка чорлади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида хорижий инвесторлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишларига алоҳида тўхталди. Хусусан, сўнгги йилларда мамлакатимизда кўплаб хусусий банклар очилгани, бозоримизга Европанинг етакчи банклари кириб келгани ва қатор рақамли банклар ўз фаолиятини амалга ошираётгани қайд этилди.
Форум доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Ўзбекистоннинг йирик банкларидан бири бўлган “Асакабанк”ни хусусийлаштириш бўйича битим имзоланди. Шунингдек, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки билан бошқа йирик банкларимизнинг трансформацияси ва хусусийлаштириш жараёнлари фаол олиб борилмоқда. Молиявий ресурсларга талабни қондириш учун капитал бозорини ривожлантириш бўйича ёндашувлар қайта кўриб чиқилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, ушбу анжуманни иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва инвестициявий муҳитни яхшилашга қаратилган стратегик ташаббус ва лойиҳаларни эълон қилиш платформасига айланди, дейишга барча асосларимиз бор. Чунки унинг доирасида замонавий монетар сиёсат, савдони молиялаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, иқтисодиётни рақамлаштириш, транспорт ва муқобил энергетикага инвестиция киритиш мавзулари муҳокама қилиниб, мамлакат иқсодиёти учун муҳим қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.