ADOLAT 24

“Мен бир чинор бўлсам, ўзинг ниҳолим…”

Бугун халқимизнинг севимли фарзанди, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 февралдаги “Муҳаммад Юсуф таваллудининг 70 йиллигини ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига кўра, республикамизда шоир таваллуд топган кун кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан шоирнинг рафиқаси, Муҳаммад Юсуф номидаги фонд раҳбари, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳибаси, шоира Назира ас-Салом билан суҳбатимизни эътиборингизга ҳавола этамиз.

 – Бугун элининг эрка, севимли фарзанди, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳаёт бўлганида 70 ёшга тўлган бўларди. Мана, бир неча кундирки, республикамиздаги барча мактабларда, олийгоҳларда, илм масканларида, маҳаллаларда, қўйингки, юртимизнинг ҳар бир гўшасида, ўзбек халқининг ҳар бир хонадонида шоирнинг 70 йиллик таваллуди кенг нишонланаётир, шеърлари жаранг сочаётир. Шундай улуғ айём кунлари қандай бетизгин туйғулар қалбингизнинг нозик торларини чертаётир?

– Биласизми, мен ҳар йили апрель ойи яқинлашган сари дунёга қайта келадигандай, Муҳаммад акани қайта учратадигандай ғалати кайфиятга тушаман. Мўъжиза содир бўладигандай руҳимда енгиллик сезаман. У кишини биринчи бор учратганим Тошкентнинг Навоий кўчасидаги 30-уй, Мустақиллик майдонидаги доим бизни бирга кутиб оладиган, суҳбатларимизга гувоҳ бўлган ўриндиқлар чорлайверади. Қалбим ўша жойларга талпинаверади. У ерда маҳзун ўтириб, хаёллар оламига чўмар эканман, хотиралар мени олисларга, ёшликнинг муҳаббат фаслига етаклайди. Шоир билан хаёлан суҳбат қураман, ёш, ўсмир қизга айланиб, унинг меҳр-муҳаббати, ҳатто нафаси тафтини ҳис қилгандай бўламан, содда, беозор, беғубор қарашлари, нигоҳлари мени сеҳрлайди… 

Бундай туйғуни фақат буюк муҳаббат эгаларигина ҳис эта олса керак. Ҳар тонгим у кишининг хаёллари билан отади, қуёш эса унинг жондай азиз ташбеҳлари билан ботади. Ҳаёт отлиғ улуғликдаги турли воқеаларга гувоҳ бўлар эканман, беихтиёр шоир сатрлари лабимдан учаверади. Негаки, шоир қалбига ғулу солмаган ҳодисотнинг ўзи йўқ-да… Шу билан бирга, менинг шоирсиз бўм-бўш бўлиб қолган озурда кўнг­лимдаги дардларим бир-бир тўкилади:   

…Хаслар сиққан жойга сиғмай кетган улуғ тоғим менинг,

Етти кўкдан сўратсамда, ортга қайтмас чоғим менинг,

Назмлари юракларни ёритган чироғим менинг,

Зиёлари уволгина бўлиб кетган шоиргинам,

Бизни суйиб, ҳурлар билан қолиб кетган шоиргинам!

– Шоир юртида туриб ҳам уни соғинарди гўё. Ватан соғинчи, унга нисбатан бунчалик мислсиз катта муҳаббат унинг кичик жуссасига қандай жойланди, қандай сиғди экан? Балки ўзи туғилиб ўсган Андижонида, она қиш­лоғида яшаш орзуси бўлгандир?

– Ватан тушунчаси Муҳаммад аканинг тасаввурида ўзи туғилиб ўсган Андижонгина эмас, Ўзбекистон эди. Бу буюк муҳаббат эди! Шоирнинг ижодида ҳам, ҳаётида ҳам Ватанга бўлган муҳаб­бат бирламчи эди. Оила, фарзандлар, жигарлар, ҳатто ота-онага бўлган меҳри қанчалик буюк бўлмасин, Ватан туйғуси, унга бўлган садоқат энг юқори поғонада, ҳатто айтиш мумкинки, сарҳад билмас юксакликда эди. Назаримда Оллоҳ уни шундай яратган эди, унинг тупроғини Ватан ишқи билан қорган, томирларидаги қонга ҳам жо этгандек эди. Чунки китобдан ўқиб-ўрганиб ёки тарбия орқали Ватанга меҳр бу қадар юксалиши мушкул. Назаримда унинг она ерига, элига, халқига, юртига муносабати шу қадар улуғ эди.  

Лочин нетар кўкда кўзи ўтмаса, 

Синдир қаламингни, сўзи ўтмаса.   

Ватан деса, ўпканг тўлиб кетмаса, 

Шеър ёзишга бало борми, биродар.

– Шоирнинг ҳар бир шеърида мислсиз улкан дард бор, буюк муҳаббат мужассам. Нима деб ўйлайсиз, унинг қалбидаги бу қадар улкан оғриқ нима эди?

– Асл шоирнинг юраги ватани, жамият дарди билан оғрийди. Унинг қувончу изтироблари халқи, юртига доир бўлади. Шоирнинг ижодига назар солсангиз “Қора қуёш”, “Темирлар нидоси”, “Кўҳна қудуқ” достонлари ёки “Босмачилар”, “Чўлпон”, “Усмон Носир”, “Қодирий бобо”,”Файзулло бобо”, “Самарқанд”, “Ватаним” шеърларини ўқиб кўринг. Қайси бирида дард йўқ? Шоирни шоир қилган, бемор қилган шу улкан дард эмасми? Эзилган, ўз эркига эга бўлмаган халқининг дарди унга ҳеч қачон тинчлик бермаган. “Афғон” мавзусига оид шеърлар шунчаки ёзилган эмас. Ҳар қандай улкан юракни (юраги бор бўлса) тўкиб қўядиган воқеаларнинг инъикоси булар. Жумладан, “Марсия” шеърини олайлик:

…Хазон босиб кун кўрмаган ғуссаларим,

Пахтазордан чиққан озғин жуссаларим,

Уволгина кетган мўмин Мирзоларим,

Афғон қирларида қолган баҳодирлар.

Бу сатрларни дилбандини урушга ўз оёғи билан жўнатиб, темир қутида қайтариб олган ҳар бир ота-она кўз ёшлари дарё бўлиб ўқийди, юрак ноласини қўшиб такрорлайди. Чунки у Яратгандан сўраб, тилаб-тилаб олган фарзанди эди, орзу-умид­лари шу жигарпорасига боғланган эди…

Шоир афғон урушида худди ўз жигаридан, фарзандидан айрилгандай ҳижрон, йўқотиш дардини бутун вужуди билан юракдан ҳис қилади, оғриқларни ўз танасидан, қалбидан ўтказиб, бир-бир элайди:

Фарзанд доғи куйдиради куйган сари,

Дийдалари кўз ўнгидан кетмай нари,

Оназорин тилаб олган болалари, 

Афғон қирларида қолган баҳодирлар.

Устоз Ҳалима Худойбердиеванинг шоир ҳақида битган шундай эътирофи бор: “Муҳаммаджон Мустақилликнинг илк аёзли кунларида биринчи бўлиб майдонга тушди. Ва жондан севган халқи мустақил бўлган даврни ўзининг энг бахтли даври, деб билди. У жадидчи боболаримизнинг мақсадларини ўзининг мақсади, деб билди. Ўтмишдаги оғир кунлар шуурига чуқур ўрнашди. Изтироб чекди. 

Ўш воқеаларида халқпарвар шоир Шавкат Раҳмон билан бевосита иштирок этиб, икки қардош халқнинг ҳимоясига отланганлар. Юқори идораларга мурожаат этганлар. Мен бу воқеаларга гувоҳ бўлганман”. 

Мана, нима эди шоир қалбидаги улкан оғриқ, битмас-туганмас дард! У ватани, ундаги содда, хокисоргина одамлар ташвиши билан яшади. Унинг биронта шеъри шунчаки ёзилмаган, қайси мавзуга қўл урмасин, аввало, уни юракдан ҳис қилиб ёзар эди. Шундай куюнчак, беғубор қалб эгаси эди у.

– Шоир қизларини жон қадар яхши кўрганлиги аён. Биламизки, баъзи оталар тўнғич икки фарзанди қиз туғилса, нолий бошлашади, ҳатто “ажрашаман”га тушган ношукр­лар қанча! Муҳаммад Юсуф бирон марта бўлса ҳам ўғил фарзанди бўлишини орзу қилишини айтмаганми?

– Йўқ! Асло! Аксинча, мен кенжа қизимиз дунёга келганида сал ўксиганман, чунки ўғил кутгандим-да! Барча оналар ҳам ўғли, ҳам қизи бўлишини орзу қилиши рост. Бунинг устига ҳар бир аёл турмуш ўртоғига ўғил фарзанд ҳадя қилишни хоҳлайди. Аммо бу ота ёки онанинг хоҳиши билан эмас, Аллоҳнинг изми билан бўлади. Муҳаммад ака буни яхши тушунарди, чамамда, шунинг учун ўғилми, қизми – бунинг фарқи йўқдек эди. Менинг бирозгина хафа бўлганимни сезгандек, туғруқхонага хат киргизган. Унда шундай сатрлар бор эди: “Нозижон, менга пайғамбарлар бахтини ато этдингиз. Сизга раҳмат! Отини Мадина қўймоқчиман!” Ҳатто “Мана қандай экан оталик бахти” деб бошланадиган “Туғруқхонада” деган шеър ҳам ёзганди:

…Ҳамшира имлайди: келинг яқинроқ,

Ана у, ўғилми-қизми билмайман…

Ойнадан термулиб сочинг силайман,

Юзингдан ўпаман докадек оппоқ.

Кейин жим кетаман исмлар излаб,

Тақдирингни ўйлаб йўқдир оромим.

Майли ўғилмисан-қизми бари бир,

Юлдузинг ёруғми менинг давомим?..

Вақт бетизгин, тез ўтиб бораверади. Қизларимиз ҳам улғайишди. Тўнғичимиз Маъсудани кўнг­ли қувончга, кўзлари ёшга тўлиб, келинлик либосида ўзлари оқ фотиҳа бериб узатди. Мен Андижонда юрганимда Маъсуданинг кўзи ёрийдиган бўлиб қолган-у, бу хабарни эшитган Муҳаммад ака туғруқхонага кечқурун етиб борган ва тонг­гача, то бола дунёга келгунича туғруқхона ҳовлисида ўтириб чиққан. Қудаларимизнинг айтишича, бутун туғруқхонадагилар “Муҳаммад Юсуф келибди”, деб, шоирни кўришга чиқишган экан. Қудалар, “чақалоқнинг исмини сиз қўйиб берасиз”, дейишганда хурсанд бўлиб, ўзлари орзу қилгандай Билол деб исм қўйган, унга атаб шеър ҳам битган: 

Кечаю кундузи сенда хаёлим,

Умрим ўртасида топган зилолим.

Отангга арзанда ўғил бўл, лекин

Билиб қўй, сен асли менинг Билолим.

Шоир ўғил неварасини узоқ кутганини таърифлаб, унга гўёки чинорнинг ниҳоли каби таъриф беради:

Билиб қўй, ортимда қолар изим сен, 

Жонимга малҳамим, ширин сўзим сен. 

Қорамайиз болам, менинг ўзим – сен, 

Мен бир чинор бўлсам, ўзинг ниҳолим. 

Икки ўғил, тўрт қиз неварамиз бор. Нозима қизимизнинг ўғли Муҳаммадислом неварамиз ҳозир ўн уч ёшда, жуда зеҳнли, араб тилига қизиқади, яна математикани яхши кўради, спорт жони-дили. Бобосининг шеърларини севиб мутолаа қилади. Қиз невараларимиз ҳам бири-биридан истеьдодли бўлишади, деб умид қиламан.

– Назира опа, истеъдод наслдан-наслга ўтадими ёки Яратган уни ҳар бир инсоннинг ўзигагина инъом этадими? Фарзандларингизда, шоир умри давомчиларида унинг қайси фазилатлари акс этади?

– Истеъдоднинг наслдан ўтиши ҳам бор гап, деб ўйлайман. Фақат зурриётларининг қай бирига бу бахт насиб этишини ҳеч ким билмайди. Мадина қизимда адабиётга, шеъриятга қизиқиш, ижодга ташналик борлигини сездим. Унинг бу истеъдодини сезганимда дунёда мендан бахтли одам бўлмаган бўлса керак. Ваҳоланки, отаси олдинроқ пайқаган эканлар. Уларнинг ҳам қувончи чексиз эди. Қизим отасининг вафотидан кейин ижод билан жиддийроқ шуғуллана бошлади. Куйган жойдан куй чиқади, деганлари рост экан. Қизим тақдирнинг меҳрибон отасидан айиришдек синовларни бошига солиши, юрагини ёндираётган соғинч ва ҳижрон азобларини оқ қоғозга тўкиш туфайлигина енга олди. 

Ҳар нафас келтирар Отам сасини, 

Ҳар гиёҳ эслатар хуш нафасини. 

Тунлар оромини қўрир юлдузлар, 

Муҳаммад Юсуфнинг Мадинасини. 

Раҳмат сенга халқим, минг бор ташаккур, 

Сен бор-ки, қуйилиб келар шукуҳ, шаън. 

Ҳали битта дуруст шеър ёзмай туриб, 

Шоирнинг қизи деб сийлаган Ватан!..

Қизим Мадина Муҳаммаднинг ижодга муҳаббатини англаб, юрагим анча ёришгандек, дардларим енгиллашгандек бўлди. Яратган, ҳаёт менга: “Мана, ўша улкан муҳаббат дарахтидан ўсаётган ниҳолларга боқ!” деяётгандай кўнглимга далда берди.

Бунинг устига мени қувонтирган нарса шу бўлдики, унинг ижоди отасиникидан мутлақо фарқ қиларди, яъни тақлид эмас эди. Муҳаммад аканинг ёш ижодкорларга насиҳатларини кўп эшитганман ва ўқиганман: “Ёш шоир ўз йўлини топиб олгунча тақлид қилиши табиий. Лекин унинг соя­си бўлиб қолмаслиги керак”.

Мадинамни кўрсам Муҳаммад акамни кўргандек бўламан. Чунки қизим қуйиб қўйгандек отасига ўхшайди. Шу билан бирга, қизимнинг феъл-атворидаги қатъият, ғурур, айни пайтда кўнгилчанлик, камтарлик ҳам отасидан ўтган. Бош­қа қизларимда кўпроқ отасининг соддалиги, таваккалчилигини кўраман. Аммо учаласи ҳам отасидек кўнгли ҳам, қўли ҳам очиқ.  

– Муҳаммад Юсуф ижодида севги, меҳр, муҳаббат туйғуси бирламчи ўринда туради. Унинг оиласига меҳри ўлчовларга сиғмаган. Ота-онасига, синглисига, жигарларига бўлган муносабати, муҳаббати нечоғлик эди?

– Муҳаммад ака ҳамма жигарларини яхши кўрар эри. У кишида иккиюзламачилик деган нарса йўқ эди. Унинг бор бўй-басти, қарашлари, муносабати, севгиси ёки нафрати, қўйингки, кўнг­лидан чиққан, бўғзида турган ҳар бир сўзи шеърида бори-бордай ифодаланарди. Яқинларининг ҳар бирига жонкуяр эди. У кишининг бунчалар катта меҳрни қаердан олиши мени ҳайратлантирарди. Жигарларининг барчасини қандай бўлса шундайлигича, яхши-ёмони, гўзал хулқу-камчиликлари билан бирга яхши кўрар эди. Ота-онани севишни-ку, барча шу кишидан ўрганиши керак, дейман баъзида. Айниқса, онасини! Онаси ҳар нафасида ёнидадек эди, гўё! Бу шеърларида ҳам ифодаланади. Синглисига бўлган муносабатини алоҳида айтиб ўтиш жоиз. Кенжа синглиси Муҳаб­батхонга алоҳида эътибор қаратар, уни бошқача яхши кўрар эди. Айрим масалаларда ота-онасидан ҳам олдин синглиси билан маслаҳатлашар, унга меҳри бўлакча эди. Қайинсинглим ота уйидан узоқроққа келин бўлиб тушгани учунми ёки кичкиналигидан ўзи кўтариб катта қилгани учунми – билмадим, Муҳаммад ака ота юртига борса, албатта, биринчи бўлиб ундан хабар олар, тинчлигини, соғ-саломатлигини билиб, сўнгра ота уйига ўтарди. Ҳозир бизга ҳам бу анъана мерос бўлиб қолган. 

– Шоирнинг шеърлари равон ўқилади, халқчил, шунинг учун ҳам юракдан юракка тез етиб боради. Шу боис шеърларининг қад­ри баланд, абадийликка дахлдор. Сиз учун унинг умр йулдошингиз сифатидаги ўрни муҳимми, инсонийлик хислатларими ёки ижоди бирламчими?

– Мен Муҳаммад акани шоир сифатида танимаганман. Унинг инсонийлик хислатлари – камгап­лиги, камтарлиги, шу билан бирга, қатъиятлилиги дастлаб эътиборимни тортган. 

Биласизми, инсон ўзининг инсоний фазилатлари билан юрагингизни забт этса, уни ҳурмат қила бошлайсиз, унга суяна бошлайсиз. Яъни, умр йўлдоши сифатида кўра оласиз. Муҳаммад ака шоир бўлмаганида, бошқа касб эгаси бўлганида ҳам уни танлаган бўлардим. Унинг халқ севган шоир даражасига кўтарилиши эса менга Оллоҳнинг мукофоти, деб биламан.

– Умр йўлдошингиз билан умргузаронлик қилаётган вақтларда, ҳаётлигида, вақти келиб шоир халқнинг бу қадар севимли ижодкорига айланиши, давлат эътиборида бўлиши, асарлари абадийликка дахлдор бўлиши мумкинлигини тасаввур қила олармидингиз?

– Муҳаммад ака ижоди бу қадар қадрланиши ҳақида ўйламаганман, албатта. Президентимиз Муҳаммад ака ижодига мен орзу қилгандан ортиқроқ эътибор қилиб, Адиблар хиёбонига ҳайкалини қўйдирганларида, уларнинг номида Ижод мактаби очтирганларида… очиғи, буларнинг ҳаммаси тушимдагидек эди, ўнгимда шу воқеалар содир бўлаётганига ишонмаганман. Беадад шукрким, бу ўнгимда содир бўлди. 

Буни қарангки, 2019 йилда ўзимни ҳам “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирладилар. Бу эса, тушимга ҳам кирмаган иззат эди.

– Назира опа, маълумки, шоир шеърларининг илк ўқувчисиям, таҳриру танқидчисиям сиз бўлгансиз. Унинг севги, муҳаббат ҳақида бетакрор шеърлари жуда таъсирли, ҳар бир ошиқнинг дилидаги ноладай. Уларни ўқиб, кўнглингизга шубҳа оралаб, рашк қилиб, ораларингизга “ола мушук” оралаган пайтлар ҳам бўлгандир?

– Мен ижодкор оиласининг фарзанди бўлганим учунми, илҳом лаззатини тотганим учунми, ҳеч қачон қилдан қийиқ қидириб, рашк қилиб, жанжаллашмаганман. Ҳатто, биласизми, айрим шеър­ларининг мавзусини ўзим берганман. Бир куни “Сиз ҳам “Абдулла Ориповнинг “Биринчи муҳаббатим” шеъридай, Муҳаммад Юсуфнинг биринчи муҳаббатини ёзинг”, деб таклиф берганман. Орадан сал вақт ўтиб, “Кўнглимда бир ёр” шеърини ёздилар ва бу шеър жуда шов-шув бўлиб, шуҳрат қозонди. Охунжон Мадалиев уни куйга солиб, қўшиқ қилди ва “Камолот – 89” танловида биринчи ўринни олди.

Мен Муҳаммад аканинг шеърлари мавзусига аралашиб, суриштириб, муҳокама қилиб юрмаганман. Энг қизиғи, бу шеърда Муҳаммад ака биринчи муҳаббатини ёзган бўлса керак, деб ўйласам, у киши бир интервьюсида, “Менинг кўнг­лимдаги ёр Оллоҳ, наҳот шуни тушунишмаган”, деб хафа бўлиб, гина қилган эди.

– Буюк истеъдод эгаларига на замон, на вақт, на ўлим ўз ҳукмини ўтказа олмас экан. Ўлим нари борса айрилиқ аламини солар. Аммо шоирнинг шеърлари тоабад яшайверар, севиб ўқилаверар, улар муҳаббат жомини сипқораётганлар, оталик бахтининг таъмини туяётганлар, кексалик гаштини сураётганлар, юртидан олисда – мусофирликда юрт соғинчини ҳис этаётган минг­лаб қалбларда яшайверар, ёд бўлиб тилларида такрор-такрор, худди сиёҳи қуримаган мисралар сингари жаранглайверар экан. Буни чеклашга на вақтнинг, на сарҳадларнинг кучи етмас экан. Бунга халқимизнинг севимли шоири, асл фарзанди Муҳаммад Юсуф ижоди ёрқин мисолдир. Ҳар бир қизалоқ, болажон ёинки ўсмир унинг шеърларини ёд олиб, Ватанига, онасига, синглисига муҳаббатини баён қилади. Бундай абадият ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Шундай инсоннинг меҳрига, муҳаббатига сазовор бўлгансиз, бирга яшаш бахтига мушарраф бўлгансиз. Сиз учун бу бахтнинг гашти, салмоғи нечоғлик?

– Муҳаммад ака билан ўн саккиз йилгина бирга яшадик, холос. Бу менга жуда ҳам кам фурсат бўлиб туюлади. Аммо севимли халқининг меҳр-муҳаббатини, яхши кўрган фарзанд­ларининг орзу-ҳавасларини, гўзал, бетакрор хотираларни ва фахрланиш лаззатини мерос қолдирди. Бугун Муҳаммад аканинг мухлислари мени, фарзандларимни кўрганда шоирни кўргандай бўлади. Ўзбекистоннинг қайси бурчагига бормайлик, шоирнинг гўзал фазилатларидан гап очадилар, ўнлаб, юзлаб шеърларини кўзда ёш билан йиғлаб ўқийдилар, ўз жигарлари каби таваллуд кунини нишонлайдилар. Вафотидан бери сон-саноқсиз марсиялар битилди, ҳамон хотиралар ёзилмоқда. Бу бировнинг буйруғи ёки зўрма-зўракилик билан эмас, оддийгина инсонларнинг, шоир жон қадар севган она халқнинг юрак амри билан бўлаётир. Бу қадар эҳтиром ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.

Ҳукуматимиз томонидан ҳам Муҳаммад Юсуфчалик қадрланган ижодкор жуда кам. Шоирнинг иккинчи умри завол билмас, боқий умр бўлиб қолди. Йигирма уч йилдирки, унинг номи тилларда, дилларда. Бундан кейин ҳам унутилмаяжак!

Бундан ортиқ бахт борми биз учун!

 “Адолат” мухбири Саодат МАТЁҚУБ қизи 

суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

ДОНИШМАНДНИНГ ТЎҚСОНИНЧИ  ДОВОНИ

admin

Сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳияти ўрганилмоқда

admin

ОЗАР ДИЁРИДА 

admin