ADOLAT 24

“СЕРИАЛЛАР ХОТИНИМНИ АСАБИЙ ҚИЛИБ ҚЎЙДИ” Хафтанинг бир куни “сериалларсиз кун” деб белгиланса…

Бугунги кунда ёшу қарининг қўлида телефон. Унда тарқатилаётган асабларни зўриқтирувчи, оилалар орасига рахна солувчи ҳаволалар ва телеэкранда намойиш қилинаётган савияси паст сериаллар турмушдаги ижобий муҳитни издан чиқаришга хизмат қилаётгани сир эмас. Бу ҳолатлар ёш оилаларнинг муросасизлигига, ажралишларга, фарзандлар тарбиясининг бузилишига сабаб бўлмоқда. 

Яқинда суҳбат чоғида ёши бир жойга бориб қолган кишининг арзи-ҳолини эшитиб лол қолдим. Тушкун кайфиятдаги бу одамнинг сўзларини сизнинг ҳукмингизга ҳавола қилиб, тегишли хулоса чиқаришга чақирмоқчиман.

«Тўғрисини айтганда, хотиним телевизордаги сериалларга маҳлиё бўлиб, юз фоиз ёмон томонга ўзгарди. Илгари у содда, самимий, кўнглида кири йўқ, мулойим, юзида фариштаси бор, кўзимга тик қарамайдиган, рўзғорга барака киритадиган, тежамкор аёл эди. Кўчадан уйга ҳориб-чарчаб келганимда: «Дадаси, яхши келдингизми?» дея қўлини кўксига қўйиб турарди. «Қандай овқат қилдинг?» десам, «Палов дамлаб қўйганман», дерди. Меҳр билан пиширган палови менга хуш ёқарди. Маҳаллада, қариндошларникида аёллар йўриғи бўлса, хотиним палов дамларди. Қатлама пиширишни ҳам қойиллатарди. Қошига қўйилган ўсма ям-яшил майсазорни, қўлига қўйган хина лолазорни эслатарди. Кўнглимни кўтариш учун яхши гаплардан гапирарди. Қўшнилар билан иноқ, тўй-маъракаларда ҳамдам, ҳаммаслак, кўмакчи эди. Ака-укаларим, сингилларим эшик қоқиб, келиб қолишса, дарров чиройли кўрпачалар солиб, ортига ёстиқ қўйиб ҳурмат кўрсатарди. Дастурхон ёзиб, ўз қўли билан тайёрлаган анжирли мураббо-ю, ўрик, олвали шарбатлардан келтириб қўярди. Тандирда ёпган нону жиззали патирини баҳам кўрарди. Токи улар бир пиёладан чой ичиб, мен билан суҳбатлашиб ўтиргунга қадар мазали таом пишириб келарди. Улар «турайлик энди», дейишса, олдиларини тўсиб, «яна бирпас ўтиринг­лар, ош қилиб бераман», дерди. Укаларим мамнун ҳолда хайрлашиб кетишгандан сўнг «унисига ундоқ, бунисига бундоқ ёрдам беринг», деб ундаб турарди. Қўйинг-ки, барча яқинларимни эъзоз­ларди. Қариндошларим ҳам: «Шу келинимиз жуда ажойиб-да», дея мақташарди менга. Бундан мамнун бўлардим. 

Ўзиям темиртирноқ, ғайратли, ишида унуми бор аёл эди. Уйдаги экиш-тикишни бир ўзи қилиб қўярди. Баҳор фасли бош­ланиши билан ҳовли четига гул, райҳон экар, резавор учун картошка қадаб, турли кўкат уруғларидан сепиб, қилган ишидан қувониб юрарди. Сигир соғиб, турли сутли таом­лар пиширарди, қатиқ, қаймоқ тайёрларди. Товуқ боқиб, тухум йиғиб қўярди. 

Аммо… телевизорда маза-матрасиз, ҳаёсиз сериаллар намойиш қилина бош­лагандан кейин ҳаммаси чаппасига айланиб кетди. Бора-бора ишдан келсам, бепарво бўладиган, «Яхши келдингизми?» дейишгаям ярамайдиган бўлиб қолди. «Овқат қилдингми?» десам, тумтаядиган, кечаги овқатни иситиб келадиган бўлди. Дас­турхондан файз, турмушдан ҳаловат кўтарилган. Гаплари совуқ, асабий. «Шу телевизорни камроқ кўргин, сериаллар сени ақлдан оздиради, болаларнинг тарбия­сини бузади», десам билганидан қолмайди. Тилига эрк бериб, оғзи жаврашдан тўхтамайди. Мен футбол кўрай, ахборотдан хабардор, маънавий-маърифий ҳаётдан баҳраманд бўлай десам, «уф» тортадиган, жеркиб ташлайдиган қилиқ чиқарди. Ўтирдим дегунимча укаларимни, сингилларимни ёмонлай бош­лайди. Куёвлар, келинлар ёқмайди. Набираларимни қарғаб, тутақиб юради. Товуқларни қувиб солади. Хатти-ҳаракатини кузатиб, бош чайқайман. Бас қил, десам, гап қайтариб, кўзини олайтиради. Пиширган таоми шўр ёки тузи паст бўлади. Сут пиширса, куйдириб қўяди.

Айбини айтсам, қилган овқатим ҳечам сизга ёқмаган, дейди. Шунча йил яшаб рўшнолик кўрмадим, дейди. Ҳаммадан норизо. Лекин ўзи кеча-ю кундуз телевизордан кўзини узмайди

Сериаллардаги уруш-жанжалларга қўшилиб, ўзи билан ўзи гаплашадиган бўлиб қолган. «Номус»дан маъно, «Алҳазар»дан мазмун излайди. Иситма-совутмага ишонади. Менга шубҳа билан қарайди. Кўчадан келсам, аввалгидай хуш кайфиятда кутиб олиш йўқ. Дабдурустдан: «Қаерда юрибсиз, шу пайтгача?» дейди. «Сал муомалангни тузат!», десам. «Ҳа, мени гапим ёқмайдиган бўлиб қолган. Кўчадаги лабини бўяган аёллар ёқади сизга…» дейди. Кўзидан нур, юзидан фаришта кўтарилган. Кун сайин ранги сарғайиб, эти суягига ёпишиб бораяпти. Бошим айланади, қувватим йўқ, деб нолигани-нолиган. Бир гал ҳушини йўқотиб, йиқилиб қолди. Тили танглайига ёпишиб қолибди. Босилиб қолган тиш­лари орасига қошиқ тиқиб, зўрға ўзига келтириб олдим. Дўхтирларга кўрсатсам, асабий, деган ташхис қўйишди. Дори ичаверади. «Бу дорилар зарар қилади», десам ёмон кўринаман. Еганини билмайди, иштаҳам йўқ, дейди. Фикру хаёли сериалларда, телевизорнинг овозини баланд кўтариб қўяди. Маърифий кўрсатувларни кўриб турсам, «овозини пасайтириб қўйинг, менга ёқмайди», деб ўшқиради. Нима қилишга бошим қотган. Шартта ташлаб, бирор ёққа чиқиб кетай десам, эшитган қулоқ нима дей­ди, деган андиша йўл бермайди.

Мамлакатимизда ойнинг бир куни «автомобилсиз кун» этиб белгиланди. Бундан мақсад ҳавони заҳарли газ чиқиндиларидан тозалаш экан. Шунга монанд ҳафтанинг бир кунини «сериалларсиз кун» деб белгиланса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу билан ақалли ҳафтасига бир кун бўлса ҳам инсонлар онгини заҳарланишдан асраган бўлардик…» 

Аканинг арзи-ҳолини эшитиб, бошим қотди. Бугунги кунда оилавий можароларнинг ва ажримларнинг келиб чиқишига ижтимоий тармоқ ва телесериаллардаги бемаъни саҳналар ҳам сабаб бўлаётганига шубҳам йўқ. Ижтимоий тармоқда мантиқсиз сериалларга нисбатан берилаётган муносабатларни ўқиб, гумонларим тўғри эканини англадим. Шахсан мен сериал кўрмайман. Лекин уларга нисбатан зиёли қатлам қандай фикрда эканини билиш мақсадида ижтимоий тармоқларни кўздан кечирдим ва қаламга олинган мавзуга дахлдор фикрлардан иқтибослар келтиришга жазм этдим.

«Сериаллар қайси давлатники бўлишидан қатъи назар, муносабатим яхши эмас, – дебди адабиётшунос Муҳайё Йўлдош. – Чунки давомий бўлган нарсанинг бошқарувда аҳамияти катта. Одамни эргаштириш, фикрини ўзгартириш, тарбия­­си, ахлоқига таъсир қилиш йўли давомли жараёндир. «Томчи тошни тешади», деган мақол бежиз эмас. Мен сериалларни заҳарли томчига ўхшатаман. Исталган миллатни ўз қиёфасидан, ахлоқий тутумларидан, қонуниятларидан, қадриятларидан бегона қилади».

Ёш режиссёр Бахтиёр Сафаров: «Тан олиш керак, сериалларимизда тарбиявий аҳамиятга эга саҳналар, таъсирли диалоглар ҳам бор. Лекин одамни асабийлаштириб, жазавага туширадиган эпизодлар бисёр. Гонорари қиммат ва қадри баланд бўлган актёрлар ҳам сифатли фильмлар йўқлиги ҳамда пул учун сериалларда суратга тушишга мажбур бўлмоқда. Улар ҳам оиласини боқиб, тирикчилик қилиши керак, яхши киноларга таклиф кутиб, вақтини ўтказмайди-ку. Шу сабаб кўплаб профессионал актёрларнинг даражаси тушиб кетяпти. Ҳозир «ўзбек сериалларини кўрмайман», деган гапни кўпчиликдан эшитамиз. Ўзини ҳурмат қиладиган, ўз устида ишлайдиган, вақтини қадрлайдиган аудитория, яъни зиё­ли қатлам ўзбек сериалини кўрмаяпти. Бу – ҳақиқат!»

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шодия Абдуқодирова: «Авваллари ҳар бир телеканалда бадиий кенгаш бўларди. Ҳозирги кунда борми ёки йўқ, билмайман. Агар мавжуд бўлса, уларнинг фаолиятини кучайтириш керак. Негаки, бугунги сериалларнинг бадиий жиҳатдан савиясини, этика-эстетика ва менталитетга тўғри келмайдиган саҳналарини назорат қилиш зарур. Савия жуда ҳам пасайиб кетган. Бир хил мавзулар, фаҳш ва ваҳшийлик тас­вирланган саҳналар томошабинни зериктиради, дийдасини қотиради».

Ҳа, дарвоқе, маъносиз ҳаёт, пул, бойлик, зебу-зийнат ва айшу ишрат айрим аёллар учун оиладан, фарзанд­лардан устун бўлиб қолгани бор гап. Бунинг исботини ҳаётда кўриб турибмиз. Пойтахтдан қайта туриб, довонга йўл олишдан аввал бир дўстимиз уйи­да меҳмонда бўлдик. У киши бизни йўлга кузатиб қўйишдан олдин шаҳардаги тамаддихонага бошлаб борди. Тамаддихонада бўш жой йўқ. Амаллаб тўрт кишилик жой ҳозирлатган дўс­тимиз бизни яхши таом билан сийлади. Чиқишда атрофга разм солсам, асосий ўринларни аёллар эгаллаб олган ва боз устига айримларининг олдиларида спиртли ичимлик шишалари турарди. Мен мезбон биродаримизга синчков назар ташладим, у киши бош чайқади. Ташқарига чиққанда: «Бўлди, иккинчи бу ерга қадам босмайман!», деди. Бундай аҳволни бошқа рес­торан ва ошхоналарда ҳам учратганман. Ҳатто умра ва ҳаж ибодатини адо этиб келган тўп-тўп аёллар «гап», «ўтириш» ташкил қилиб, маишатвозлик қиладиган ҳолларга дуч келганман. Уларни ёмон иллатдан ва бидъатлардан қайтара оладиган кишилари борми, йўқми – билмайман. Балки уларнинг бу юришларидан ўзга юртларда қора терга ботиб ишлаб юрган эрлари бехабардир. Балки эрлар «ойимча»ларининг бундай хурмача қилиқларидан зерикиб, борса-келмасга бош олиб кетишгандир.

Баъзи аёллар енгил йўлни танлаб, пул ишқида на эрини, на қайнота-қайнонасини менсимай, болаларини чирқиратиб, қонуний «загс»ларини уздириб, эрни судга бериб, алимент ундириб, ўзи хон, кўланкаси майдон бўлиб яшашни афзал кўрмоқда. Судга алимент ундириш ҳақида ариза ташласа бўлди. Суд ҳукм чиқариб, эрни жавобгарликка тортади. Кимга маза, кимга аза бошланади. Қораланган бечора эр уйланолмайди, бирор жойда ишлаб, ёлчитиб маош ололмайди. Юриш-туришида ҳаловат йўқ.

Маълумотларга кўра, 2024 йилнинг 1 январь ҳолатига 283,8 мингта жуфтлик никоҳдан ўтиб, шундан 49,2 мингтаси ажралиб кетибди. Бу яхшилик аломати эмас, албатта. Бу масалада маҳалла, жамоатчилик, имомлар қанчалик панд-насиҳат қилмасин, кор қилмаяпти. Ҳаммасига сабаб онг ва фикрнинг бузилганида. Натижада ўртадаги фарзанд­лар сарсон бўлмоқда. Ота тарбиясини кўрмай ўсган фарзанд­лар ўзбилармон, бетгачопар бўлиб вояга етмоқда. Бу ҳолат ҳам эртага ўзига яраша бир муаммони вужуд­­га келтиради. Бўш келсанг, бошингга чиқади, дегани шу бўлса керак. Илмсиз, одобсиз ва ҳаёсиз аёллар ҳуқуқларини рўкач қилиб, ўзларини эркаклардан устун тутишаётгани яхшилик аломати эмас. 

Ахир миллатнинг келажаги аёлларимиз қўлида. Улар ўқимишли, тарбияли, ориятли, ширинсўз бўлишсагина, миллат боласи ватанпарвар, халқпарвар, маънавиятли бўлиб вояга етади. Юрт зиёлилари, олимлар, таниқли санъаткорлар куйинчаклик билан ҳаётимизда содир бўлаётган айрим иллатларнинг олдини олишга чақирсалар-да, бунга нисбатан на телевидение раҳбарлари, на тегишли идоралар вакиллари ҳеч қандай чора-тадбир кўрмаяпти. Мустақил юртда ким нима хоҳласа қилиб, қандай хоҳласа шундай яшайди, деган жойи борми? Наҳотки манфаат, пул қадриятларимиздан, маданият ва маънавиятимиздан, миллий урф-одатларимизу шаънимиздан устун турса?! 

Муҳиддин ОМАД,

Ўзбекистон журналистлари уюшмаси аъзоси

Tegishli xabarlar

ИЛМ ВА АДОЛАТНИ МАЁҚ ҚИЛГАН ОЛИМ

admin

Юрт келажаги ёшлар қўлида

admin

ҚОРАҚАЛПОҚ ҚЎШЧИНОРИ 9 май — Хотира ва қадрлаш куни олдидан

admin