ADOLAT 24

ВАТАНГА РУҲАН ПОК, МАЪНАН БОЙ, ЖИСМОНАН КУЧЛИ АВЛОД КЕРАК

Талабалик мақомига эришган йигит-қизлар олий даргоҳга келиб, атрофларидаги нотаниш, турфа феъл­ли тенгдошлари орасидан ўзларига сирдош, дўст қидирадилар. Янги устозларнинг юриш-туришидан, панд-насиҳатларидан, берган сабоқларидан мазмун излайдилар. Бундай ҳаяжонли дамларда уларга йўл кўратувчи маслакдош керак бўлади. Бу масъулиятли вазифа бизнинг чекимизга тушган.

Мен ҳарбий кишиман. Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти(ҳозирги Қуролли Кучлар Академияси)да таълим-тарбия олиб, Мудофаа вазирлигининг вилоятлардаги ҳарбий қисмларида бурчимни ўтаганман. Хизмат давомида взвод командирининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бошқармасида турли лавозимларда фаолият олиб борган истеъфодаги майорман. Мана, уч йилдирки, Наманган давлат университетининг «Мактабгача, бошланғич таълим ва жисмоний маданият факультети»нинг таълим-тарбия бўйича маслаҳатчиси – тютор вазифасида фаолият юритиб келмоқдаман. Менга 153 нафар талаба бириктирилган бўлиб, уларнинг 24 нафари қизлар ва 129 нафари ўғил болалар. Талабаларнинг 14 нафари грант асосида, бир нафари супер контракт ва 138 нафари контракт-тўлов асосида билим олмоқда. Албатта, улар характер жиҳатидан ҳар хил. Бири шаддод, бири мулойим, бири абжир, бири босиқ ва ҳоказо. Бизга ана шундай турли феъл-атвордаги йигит-қизларни бир мақсад сари интилишга ундаш вазифаси юклатилган. Дарсдан ташқари пайтда бўш қолган талабанинг шуғулланадиган фойдали машғулоти бўлмаса ўзини ҳар томонга уради. Шунинг учун ҳар бир талабани якка тартибда ўрганиб, ўзи мойил бўлган тўгарак­ларга жалб этиш билан бир қаторда санъат, спорт ва адабиётни севишга ҳамда маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этишга йўналтирамиз. Ёшлар жамиятнинг илғор бўлаги сифатида ҳуқуқий билимга эга бўлиши, миллий қадриятларга ҳурмат назари билан қарайдиган, моддий ва маънавий бойлик­ларни кўз қорачиғидай асрайдиган, табиатга муҳаббатли, сиёсий билим жиҳатидан етук, ватанпарвар, инсоний бурч ва масъулиятни ҳис этадиган бўлиб шаклланиши керак. Ҳарбий характерга эга бўлганлигим учун талабалар тимсолида заковатни, жасурликни, мағрурликни, жисмоний шижоатни кўргим келади. 

Ҳамма нарсани вақт кўрсатади. Қилинган саъй-ҳаракатлар ҳеч қачон бесамар кетган эмас. Бироз вақт ўтиб, олий таълимдаги бир-биридан қизиқарли жараёнларни босиб ўтган талабалар ижтимоий ҳаётнинг фаол иштирокчисига айланиб борадилар. Дарҳақиқат, олиб борилган тарбия­вий ишлар ўз самарасини бериб, ўтган 2023 йилда талабаларимиз кўплаб эсда қоларли воқеалар иштирокчисига айландилар. 

Ўзбекистон чемпионатида 89 нафар, Осиё чемпионатида 6 нафар, жаҳон чемпионатида 11 нафар талабаларимиз спортнинг у ёки бу тури бўйи­ча совриндор бўлишиб, 217 нафар талаба турли разрядлар олишди. Жумладан, декабрь ойида Фарғона шаҳрида спортнинг «Универсал жанг» тури бўйи­ча ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида жисмоний маданият йўналиши талабаси Раҳматуллоҳ Турсунпўлатов фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди. Бухоро вилоятида ўтказилган «Беш ташаббус олимпиадаси»да иштирок этган волейболчи йигит-қизларимиз вилоятлар ичида учинчи поғонани эгаллаб, бронза медали соҳиби бўлишди. Интеллектуал олимпиада синовининг финал босқичи иштирокчисига айланган талабаларимиз Тошкентдаги «Заковат аренаси»да ўтказилган якуний босқичда учинчи ўринни эгаллаб, Президент мукофоти – 1 миллиард сўмни қўлга киритишди. 

2024 йилнинг дастлабки ойлари ҳам талабаларимиз учун муваффақиятларга бой ўтди. 24-27 февраль кунлари Наманган шаҳридаги «Паҳлавон» спорт саройида «Ўзбек ботирлари» халқаро мусобақасида 1-босқич талабаси (65 кг) Нурмуҳаммад Ҳайдаралиев учинчи ўринни, спортнинг кураш тури бўйича вилоят прокурори кубоги учун ўтказилган мусобақада 3-босқич талабаси Файзулло Тўлабоев биринчи ўринни, «Пара дзюдо» бўйича вилоят биринчилигида 1-босқич талабаси Аъзам­жон Муҳиддинов (60 кг) ва Тўйчибой Аҳмадшеров (73 кг) биринчи ўринни қўлга киритишди. 

Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси томонидан ўтказилган «Мирзо Улуғбек ворислари» Республика танловининг туман-шаҳар босқичида иқтидорли талабаларнинг илмий тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлими қошидаги «Илмий-инновацион клуби» аъзолари таркибида бўлган 76 нафар иқтидорли талаба ёшлар иштирок этиб, шундан 27 нафари энг юқори кўрсаткични қўлга киритди ва умумий миқдорда 45,9 миллион сўм пул мукофотини жамғаришди. 

«Заковат» интеллуктуал ўйини бўйича Фарғона водийси жамоалари ўртасида чемпионлар кубоги баҳсида университетнинг «Пентагон» жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Олий таълим муассалари ўртасида бўлиб ўтган «Маърифат майдони» Республика танловининг вилоят босқичида «Ниҳол» жамоаси ғолиб келди. Университетнинг Халқаро ҳамкорлик ва рейтинг бўлими бошлиғи Жасур Исроилов бошчилигидаги делегация яқинда Қирғиз республикасининг Ўш давлат университетида бўлиб ўтган «StudEXPO-2024 Computer scince and design» форумида иштирок этди ва ушбу форум доирасида ўтказилган дастурлаш ва мобил иловалар, робототехника, 3D графика ҳамда компьютер графикаси танловида амалий математика йўналиши талабаси Муроджон Қодиров «Энг яхши дизайндаги ишланма» номинацияси бўйича ғолиб бўлиб, махсус сертификатни қўлга киритди. 

14 апрель куни Тошкентдаги “Ҳумо арена” спорт мажмуасида профессионал бокс бўйича “IBA” “Чемпионлар оқшоми” халқаро мусобақасининг дастлабки жангида 75 килограмм вазн тоифасида рингга чиққан талабамиз Аълохон Абдуллаев қозоғистонлик Жаргал Отгонжаргал билан ўтказган олти раундли жангнинг 5-раундида рақибини нокаутга учратган ҳолда муддатидан илгари ғалабага эришгани катта воқеа бўлди.

Спортнинг кураш тури бўйича ўтказилган «Прокурор кубоги» вилоят беллашувида ҳам талабаларимиз ғолиб­ликнинг юқори поғонасидан жой эгалладилар. 

Университетда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фаоллари билан кенг қамровли тадбирлар ўтказиб келинади. Жумладан, вилоят шифохоналарида даволанаётганлар ҳолидан хабар олиш ва кўнгилларга қувонч улашиш мақсадида ўтказиладиган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» акциясида ёшларимиз фаоллик кўрсатишади. «Яшил макон» умуммиллий ҳаракати доирасида университетда «Экобоғ» барпо этилди. Бу боғ айни пайтда дунёнинг етти минтақасида ўсадиган ноёб дарахтлар билан бойитилган илмий масканга айланган.

Бундан ташқари талаба ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, маданий-маърифий ҳаётдаги иштирокини таъминлаш мақсадида кўплаб тадбирлар ташкил этилади. Мазкур жараёнларда улар таниқли ижодкорлар билан учрашишади, адиблар хиёбонида, вилоят театрида ўтказиладиган адабий кечалар, театр томошаларида иштирок этадилар. 

Дониёр ТОШПЎЛАТОВ,

НамДУнинг мактабгача, бошланғич таълим ва жисмоний маданият факультети тютори

Tegishli xabarlar

Инсон қадри улуғланган юртнинг келажаги буюк бўлади

admin

Дори-дармоннинг “қора бозор”и тугатилади

admin

Избосканда ишсизлар йўқми?

admin