ADOLAT 24

Хазон бўлаётган умрлар

Бугун ахборот технологиялари ривожланган бир давр­да яшаяпмиз. Ахборот тезкорлиги боис йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ маълумотлар яшин тезлигида оммага етказилаётгани яхши, албатта. Лекин бу маълумотларда дилни хира қилувчи ҳолатлар кўпроқ учрайди. 

Бирор кунимиз республикамизнинг турли ҳудудларида содир бўлаётган аянчли автоавария билан боғлиқ хабарларсиз ўтмаётганига барчамиз бирдек шоҳидмиз. Маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, юртимизда 2023 йили 9 839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 9 209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 282 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Болалар билан боғлиқ 1 794 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 1 568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафар бола ҳалок бўлган.

Бир сўз билан айтганда, ҳар йили мамлакатимизда ўртача 2,5 минг киши йўллардаги ЙТҲлари қурбони бўлмоқда. Кимдир отасидан, кимдир онасидан ва яна қайсидир оила эса не орзу умидлар билан вояга етказаётган жигарбандидан айрилмоқда.

Республикада содир этилаётган авариялар таҳлилида пиёдаларни уриб кетиш ҳолати олдинги ўринда турганини кўрасиз. Буларнинг аксариятига бошқарувни йўқотиш, светофорнинг тақиқловчи чироғида ҳаракатланиш ҳамда пиёдалар ўтиш жойида йўл бермаслик, ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ёки маст ҳолатда машина бошқариш каби қоидабузарликлар сабаб бўлган.

Тўғри, йўллардаги ЙТҲларнинг олдини олишга, қоидабузар ҳайдовчиларга қатъийроқ чора кўришга қаратилган ҳаракатлар ҳам амалга оширилмоқда Жумладан, жорий йилнинг 1 январидан аҳоли пунктларида барча янги қурилаётган икки ва ундан ортиқ полосали автомобиль йўлларида пиёда­лар ўтиш йўлакларини светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш мажбурий этиб белгиланди. 

Юртимиз ҳудудларида ҳуқуқбузарликларни қайд этувчи жами 2,5 мингдан зиёд камера ва радарлар ўрнатилган. Аҳоли яшаш жойларида ҳаракатланиш 60 километр/соатга туширилди. Бунинг ҳисобига камера ўрнатилган ҳудудларда авариялар 30 фоизга камайганди… 

Бу ишларни давом эттириш, “ақлли чорраҳа” ва “ақлли светофор” бошқарув тизимларини кенгроқ жорий қилиш борасида ҳаракатлар йўлга қўйилди.

Бироқ булар етарли эмаслигини рақамлар исботлаб тургани ҳам ҳақиқат.

Содир этилаётган аварияларга ечим сифатида қаралган чоралардан яна бири – жарима баллари билан боғлиқ масала йиллар давомида муҳокама марказида. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Рес­публикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекис­тон Рес­публикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Қонун билан қои­дабузарлик содир этганлик учун жарима баллари ҳисоблаш тизимини жорий этиш ва жарима баллари бир йил давомида ўн икки баллдан ошган ҳолларда охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчини транспорт воситасини бош­­қариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниш тартиби йўлга қўйилди. Бироқ бу қонун ҳали ҳаётга татбиқ этилганича йўқ. 

2022 йил 4 апрелда Президентимизнинг “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда 5 та устувор йўналиш белгилаб берилди. Жумладан қарорда йўл инфратузилмасини такомиллаштириш, чорраҳаларни рақам­лаштириш, мактаб ва бош­қа таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидаларини ўқувчиларга ўргатиш назарда тутилган. Айтиш жоизки, шу кунгача ушбу йўналишда Президентимизнинг 5 та, Вазирлар Маҳкамасининг 10 дан ортиқ қарори қабул қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг 172-сонли қарори билан амалдаги Йўл ҳаракати қоидаларининг 140 дан ортиқ бандига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қолаверса, автомобиль йўлларида ўлим ҳолатларини камайтириш, ҳайдовчилар, пиёдалар ва мактаб ўқувчиларига йўл қоидаларини ўргатиш, мактаблар олдида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Президент қарори билан “Хавфсиз ва равон йўл” Умуммиллий дастури ҳам ишлаб чиқилди. Ушбу дастурда беш йилга мўлжалланган вазифалар белгиланди. 

Аммо қабул қилинаётган қарорлар, дастурлар, тарғибот тадбирлари, радарларнинг сони ортиши билан йўллардаги хавфсизлик тўла қонли таъминланмаётгани ғоят ачинарли.

Гарчи мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларни қайд этувчи жами 2,5 мингдан зиёд камера ва радарлар ўрнатилган бўлса-да, деярли ҳар бир транспорт воситаларида “антирадар”ларнинг бўлиши бу тизим ўзини оқламаётганидан далолат эмасми? Йўлларда транспорт воситаларида юрар эканмиз, ҳайдовчилар “антирадар”нинг тилмочига қулоқ солган ҳолда радарлар бор жойлардагина тезликни пасайтиряптилар-у бошқа жойларда эса “улоқ чоптириш” билан овора бўлганлик­ларига барчамиз бирдек гувоҳмиз. Кимнингдир “эркатойи” бўлган ёки пул топиб, ақл топмаган “учар ҳайдовчи” бир эмас, ўнлаб, ҳатто юз бора йўл ҳаракати қоидаларини бузиши, юз миллион сўмлаб жарима тўлаб қўйиб, яна бемалол машинасини учириб юравериши қабул қилинган қонунларнинг кучи камлигининг ҳаётдаги исботи эмасми? Энг ачинарлиси, адолатли жамиятни барпо этиш йўлидаги ҳаракатлар бораётган бир даврда жамиятда қонунларни менсимаслик ҳолатини юзага келтирмаяптими?

Яна бир масала. Спиртли ичимликни ичиб, қайсидир бир юртдошимизни азиз ҳаётидан мосуво қилган транспорт эгаси эса 2, нари борса 5 йиллик қамоқ жазосидан сўнг яна уловини бошқариб юраверса? Инсонлар ҳаётига бундай беписанд қарайдиганларни транспорт бошқариш ҳуқуқидан бир умрга маҳрум қилиш даври етмадимикан?! 

– Мен Фарғона шаҳрига кетаётиб, “Дамас” автомашинасида автоҳалокатга учраганман, – дейди педагог Мамлакатхон Ҳайдарова. – Ҳайдовчидан бир неча бор секинроқ юришини сўрадик. Ҳайдовчи боз устига автомашинасига ўрнатилган мониторда кино ҳам қўйиб олганди. У олдиндаги “Дамас”ни қувиб ўтаман, деб тезликни оширдию, машина ағдарилиб кетди. Нима бўлганини билмаймиз. Кимдир вафот этди, кимдир майиб-мажруҳга айланди. Менинг қовурғаларим, оёқларим синиб, 2-3 йил тўшакка михланиб қолдим. Автоҳалокатдан аввал турмуш ўртоғим вафот этганди. Учта норасида гўдагим билан жуда оғир кунларни бошдан кечирдим. Ўша номард ҳайдовчи эса 2 та нон олиб, бирор маротаба ҳолимдан хабар олмади. Бир бемаза ҳайдовчининг ортидан 7 инсон, 7 оила уқубатларга рўбарў бўлдик.

Бу бир бахтсиз ҳодиса иштирокчисининг аламли сўзлари, холос. Бундай изтиробли нолалар эса минглаб эмасми?

Назаримда, партиямиз келгусида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, инсонлар ўлимини камайтириш учун ҳам муҳим таклифларни илгари суриши зарур.

Бугун Ўзбекистон дунё миқёсида сайёҳлик ҳаракати тобора ривожланиб бораётган давлатлар қаторидан муносиб ўрин олишга эришди. Сайёҳлар оқими кун сайин ортиб бор­япти. Бироқ йўл инфратузилмалари замон талабига тўлақонли жавоб бермайди. Аксарият ҳолларда йўл қурилиши ташкилотлари томонидан олиб борилган ишлар сифат даражаси паст бўлганлиги туфайли йил ўтмай ўйдим-чуқур ҳолатларга келиб қолади. Натижада ямоқчилик бошланади ёки йўл абгор ҳолатларда қолиб кетаверади. Ўйдим-чуқурларни четлаб ўтишга уриниш­лар ҳам навбатдаги транспорт билан боғлиқ фожиаларга сабаб бўлмоқда. Шундай экан, нафақат магис­траль, балки ички кўчаларни ҳам сифат жиҳатидан юқори даражага кўтариш жоиз. Қолаверса тезроқ баллик тизимга ўтилса, йўлларда қурбон бўлаётган ватандошларимизнинг ҳаётини асраб қолишга ўз ҳиссамизни қўшган бўлармидик.

Келгусида транспорт бошқарган инсонлар ўз қилмишлари учун жарима тўлаш билан қутилиб қолмаслиги зарур. Спиртли ичимлик ичган, йўлларда катта тезликда авария содир этиб, инсонлар ўлимига сабабчи бўлганлар ўша жабрдийдаларнинг яқинлари учун маънавий зарар, товон пули тўлашлари лозим ва улар бир умрлик транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши зарур. Шунингдек, агар автоҳалокатларда ота бевақт ҳаётдан кўз юмса, айбдор ҳайдовчилар боқувчисини йўқотган фарзандлар учун 18 ёшга тўлгунга қадар таъминот пули тўлашлари, агар фарзанд вафот этса, ота-онага тўлаш учун товон пули жорий этилиши зарур. Балки шундагина йўлларда транспорт бош­қараётган айрим “ўпка” ҳайдовчиларнинг масъулияти ортар?..  

Яқинда Малайзия давлатига сафар чоғимда айнан мамлакатдаги автоҳалокатлар ҳолати билан қизиқдим. Ҳайратланарлиси, бу давлатда йил давомида автоаварияларнинг сони 100 тага ҳам етмас экан. Ўлим билан боғлиқ ҳолатлар 10 тадан камлиги ҳам эътиборимни тортди. Бунинг асосий сабаби, маҳаллий аҳолининг йўллардаги маданияти юқори даражада шаклланган бўлиб, транспорт эгалари ҳар қандай тиғиз ҳолларда ҳам ўта сабр-қаноат ва маданият билан бир-бирларини тушунган, ҳурмат қилган ҳолда муносабатда бўлар эканлар. Бизда-чи? Афсуски, бунинг аксини кўришимиз мумкин…

Ахир ҳар биримиз бу ёруғ дунёда орзу-ҳаваслар билан яшаймиз. Орзуларимиз ўзгалар ҳурматини қилмайдиган, йўлларни ўзиники қилиб, истаганча тезликни оширадиган кимсаларнинг хатти-ҳаракати туфайли саробга айланмаслиги керак. “Адолат” партияси адолатли ҳаёт учун курашда бу долзарб вазифаларнинг амалга татбиқ этилишига ўз ҳиссасини қўшади, албатта.

Орифжон ЎЛМАСОВ,

Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари 

Tegishli xabarlar

Энди Барча кутубхоналарда Бош комусимизнинг аудио китобини тинглашингиз мумкин

admin

Жон Голсуорси: “Ёзувчилар ва ислоҳотчилар мукофот олмасликлари керак”

admin

Инсон қадри улуғланаётган юрт

admin