Ниҳоят, шу кунларда бизни бениҳоя мамнун этган воқелик шундаки, Президентимиз куни кеча автомобиль йўллари қурилишига оид режалар тақдимоти билан танишди.
Маълум бўлдики, мамлакатимизда халқаро ва маҳаллий йўллар тармоғини ривожлантириш, транспортлар ҳаракатига қулайлик яратиш мақсадида кўплаб лойиҳалар ишлаб чиқилган. Жумладан, Осиё тараққиёт банки иштирокида “Цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш” лойиҳаси кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 86 та туманда, 770 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган 272 та маҳалладаги 841 километр йўллар цемент-бетон қоплама билан янгидан қурилади. Йўллар фойдаланишга қабул қилинганидан сўнг, бош пудратчи томонидан 5 йил давомида кафолатли соз ҳолатда сақланади ва эксплуатация қилинади. Давлатимиз раҳбари йўлларни сифатли қуриш, таъмирланадиган кўчалар бўйида дарахтларни ўстириш орқали ҳудуд экологиясини яхшилаш, қишлоқларда қулай йўл-транспорт инфратузилмасини яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Демак, тез орада йўлларимиз равон бўлади! Шундай бўлишига ишонч пайдо бўлди!
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон – Косонсой автойўли иқтисодий-ижтимоий аҳамиятга эга бўлган асосий қатнов йўлларидан бири ҳисобланади. Йўлдан ўнлаб қишлоқ ва туманлар марказига бориш мумкин. Бу йўл водий вилоятларини ва пойтахтни бир-бирига боғлайди.
Йўлдан оғир юк ташувчи автоуловлар ёрдамида қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш маҳсулотлари ташиб ўтилади. Қўйингки, ўртача 50-60 минг аҳоли фойдаланадиган бу йўлдан ҳар куни ўн минглаб ҳамюртларимиз у ёки бу юмуш баҳонасида «Damas» ва бошқа енгил автоуловларда у томондан бу томонга бориб келишади.
Ўқувчилар ва тарбияланувчилар мактаб ҳамда боғчаларга, талабалар олийгоҳларга қатнашади. Хуллас, асосий автомобиль йўллари қатори бу йўлда ҳам куну тун транспорт ҳаракати тўхтамайди. Бир пайтлари йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида автобус қатнови ҳам йўлга қўйилган бўлиб, у Косонсойдан Тўрақўрғон марказигача борарди, холос. Бу ҳол йўловчиларни қаноатлантирмасди. Агар автобус Наманган шаҳри марказига қадар борганда эди, эҳтимол ундан муқим фойдаланиш имкони туғилган бўларди. Афсуски, бундай бўлмади. Оқибатда, «пул тушуми даражаси паст, режа бажарилмади», деган баҳона билан бу йўналишдаги автобуслар қатновдан тўхтатилди.
Аслида Тўрақўрғон – Косонсой автойўлининг асосий муаммоси йўлнинг талаб даражасида эмаслигида. Чунки узоқ йиллардан бери эътибордан четда қолиб келаётган йўл тор ва бунинг устига ёз чилласида асфальти эриб, кўпчиб, сатҳидаги текислик бузилади, қишли-қировли кунларда ўйдим-чуқурлар ҳосил бўлади. Ҳар йили йўлсозлар томонидан амаллаб, чуқурлар ямалади. Лекин баҳор келиши билан муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу қатнов йўли аввалги ҳолига қайтади. Текис йўл қидириб, каскадёрларга хос тарзда машина бошқарадиган ҳайдовчилар ўнқир-чўнқирлардан чарчашган. Айрим қишлоқларда ҳар қадамда хавф туғдирадиган чуқурчаларни савобталаб кишилар нам тупроқ билан тўлдириб қўйишмоқда. Лекин бу усул вақтинча қўл келиб, ёғингарчиликдан сўнг ҳолат яна боягидай бўлиб қолмоқда. Халқимизда: «Эскини ямаб, эсинг кетади», деган нақл бор. «Ямоқчилик» қачонгача давом этади? Аҳолини, айниқса, автоулов соҳибларини: «Муаммо қачон ҳал бўлади?» деган савол ҳамон қийнаб келмоқда.
Кўплаб йўловчилар ва автоулов ҳайдовчилари йўл билан боғлиқ ушбу муаммо тегишли идоралар мутасаддилари томонидан тез кунларда бартараф этилишидан умидвор бўлиб туришибди.