ADOLAT 24

СУЮНЧИ БЕРИШ мажбуриятга айландими?

XXI асрнинг “замонавий” расм-русумлари

Ҳар қайси ўзбек хонадонида чақалоқ оила учун ўзига хос ширин орзулар ва мақсадлар даракчиси сифатида қадр­ланади. Азалдан ўзбек халқи болажонлиги билан ажралиб турган. Боиси биз ўзбеклар азиз болажонларимиз, жондан азиз фарзандларимиз наслимиз давомчиси бўлишини ва кексайганимизда ғамхўрлик қилишини хоҳлаб, камолга етказамиз. Шунинг учун ҳам чақалоқнинг дунёга келишидаги ширин ташвиш­лар ҳамма инсонлар учун завқли, ўз навбатида, унутилмас бахт­­ли онларни туҳфа қилади. 

Охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган материалларда туғруқхонадан чақалоқ олиб чиқиш бўйича ҳамюртларимизнинг дабдаба, ким ўзарга интилиш билан турли хил расм-русумларни ўйлаб чиқараётганига кўзингиз тушади. Қолаверса, суюнчи беришда ҳам энди “ставка”лар белгиланиб, бу жиҳат мақбул ва керакли ечим сифатида шифокор ҳамда ҳомиладор аёл яқинлари ўртасида ришталарни боғлаган. Тан олиш керак, бу “одат”лар онгли инсоннинг ғашига тегиши турган гап. Аммо кўпчилик буни тўғри қабул қилиб, турли ҳашаматларни ўтказаётганларга, “ставка”ларни ўйлаб чиқараётганларга эргашмоқда. 

“Ставка”сини билиб олай, эртага қийналмай дейман-да!”

Яқинда автобусда икки аёлнинг суҳбати тасодифан қулоғимга чалинди. Улардан бирининг ёши тахминан эллик­ларда, кўринишидан анча ўзига тўқлиги билиниб турибди. Айтишича, катта келинининг бир кун олдин кўзи ёрибди. Ўғил набира оилада анча кутилган меҳмон экан. Шу боисданми, аёлнинг оғзи қулоғида. “Вой, гиргиттон. Ўзиям уч ярим кило туғилди. Отаси ҳам шунча эди. Худо хоҳласа анови пандавақиларга ўхшамайди. Ўзимизга тортади!” Гап-сўзидан келини ва қуда томонни қанчалар “яхши кўришини” пайқаш қийин эмас эди. Аёлнинг ҳамсуҳбати сўради: “Насибахон, “ставка” қанча бўлибди? Кичкина қизим яқинда туғадиган. Ҳар эҳтимолга қарши билиб қўяй-да”. Аёллар “ставка” деб одатда ўз ихтиёри билан бериладиган суюнчи пулини айтаётганини тушундим. Жавоб шунга яраша бўлди: “Ордона қолсин. Ошибди. Майли деб, доя, акушеркага қистирдим. Энди ўғлимга ота бўлганини айтаман, деб қўнғироқ қилаётсам, санитарка қараб-қараб қўяди. Ҳа, сен ҳам олишинг керак-ку деб, 100 минг бердим. Шу, тахминан уёқ-буёғи 600-700 минг кетди-да”. 

Аёлларнинг автобусдаги йўловчиларнинг камида ярми эшитиб кетаётган суҳбатидан бугун айрим туғруқхоналарда шифокор ва тиббиёт ходимларининг “ставка” борасида қаттиқ туришини, кўнг­лидагидек узатмасангиз, яқинингизга қўл учида қарашини англайсиз. Ачинарлиси, бу суюнчи ғалваси шунчаки яхши кун, орзу-ҳавас ортига яширинганига кўникиб кетганмиз. Бу борада одамларнинг фикрини билишга қизиқдик.  

– Ҳа, энди берамиз-да, – дейди суҳбатдошимиз Гулноза Салимова. – Бечора шифокорлар, ҳамширалар арзимаган ойлик олишади. Уларнинг бу меҳнатига биз бераётган пул ҳам аслида кам. Қўйинг, яхши кундаги одатимиздан кир қидирманг!

Аёлнинг фикри, биз юқорида айт­гандек, шаклланиб қолган стереотип эканини билиб, индамадик. 

– Ўзим яқинда келинимни олиб бордим, – дейди Манзура ая. – Бошида унча эътибор қаратишмади. То ўғлим келиб, қўлларига пул тутмагунча, “жой йўқ” деб йўлакда олиб туришди. Кейин билсак, жой бор экан, фақат “қистиришимиз”ни кутишаётган экан. 

“Перчаткини ўзингиз олиб келинг, бизда қолмаган!”

Суҳбат давомида туғруқхона ходимлари ҳомиладор аёл яқинларининг чўнтагига маҳтал бўлиб, баъзи ҳолларда буни талаб қилишгача боряпти, деган хаёлларга бордим. Энг ачинарлиси, туғруқхонага давлат томонидан ажратиладиган дори-дармон ва тиббий воситалар айрим шифокор ва ҳамшираларнинг “бизнеси”да мўмай даромад манбаи бўлиб қолган.

– Туғруқхонада туғруқдан кейин ҳомиладор яқинларига берилган рецептда кўп ҳолда тиббиёт қўлқопи ҳам ёзилган бўлади, – дейди маҳалла фаоли (исмини ёзмаслигимизни сўради). – Шубҳалиси, наҳотки оддий қўлқоп ҳам каттакон туғуруқхонада анқонинг уруғи бўлса? Сўрасангиз, «Перчаткини ўзингиз олиб келинг, бизда қолмаган!» дейишади. Бундан ташқари, давлат томонидан бериладиган бирламчи дори-дармонлар ҳам гўёки шифокорнинг чўнтагидан олингани иддао қилиниб, суюнчи пулига “пеня” сифатида ҳисоб­ланади… 

Мақола тайёрлаш давомида яқин орада дунёдаги энг улуғ бахт – оналик мақомига эришган аёлларга ҳам юзландик. 

– Аллоҳга минг қатла шукрки, дилбандимни эсон-омон бағримга босиб олдим, – дейди 25 ёшли Нафиса исмли аёл. – Туғруқдан аввал қайнонам ва турмуш ўртоғим келиб, жойни олдиндан банд қилишган, яхши врачлар билан келишиб, рози қилиб кетишганди. Шунинг учун унча қийналмадик. Боламга ҳам, менга ҳам яхши қарашди. Энди барибир муомаласини қилиш керак-да! 

Аслида туғруқхоналарда тиббий хизмат бепул(ми?)

Бизни: “Туғруқхоналарда кўрсатиладиган хизматлар ва бирламчи дори-дармон, тиббий воситалар аслида бепул эмасми?” деган савол ўйлантирди. Саволга жавоб олиш мақсадида бир нечта мутасадди масъулларга юзланганимизда, бирон-бир асосли жавоб ололмадик. Шу сабабдан интернетга бош суқиб, керакли маълумотлар қидирдик. Топганимиз “Zarnews” интернет сайтида Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Гулноза Ҳожиметованинг фикри бўлди: “Туғруқхоналарнинг туғруқ бўлимларидаги барча тиббий хизматлар бепул. Мамлакатимизда оналарнинг ҳар томонлама соғлом бўлиши, фарзандининг саломат дунёга келишини таъминлаш юзасидан бехатар оналик принцип­лари асосида иш олиб борилади. Туғруқ пайти дори-дармонлардан камроқ фойдаланиш шу принципнинг муҳим шарти ҳисобланади. Ўтган йилдан бош­лаб, туғруқхоналарга дори воситалари учун ажратилаётган бюджет маблағлари 20 фоизга ошди. Ушбу маб­лағ оналар учун лозим бўлган энг асосий дори-дармонлар учун етарли ҳисоб­ланади”. 

Демак, табибимнинг ўзи «бемор» экан-да. Демак, чақалоқли бўлган аёлнинг яқинларида “Энди дорихонага бориб, дори-дармон, спирт ва пахта олиб келиш керак. Дўхтирлар хафа бўлади вақтида олиб келмаса!” деган стереотипнинг шаклланишига етарли асос йўқ. Туғурқхоналарда барча тиббий хизматлар, бирламчи дори-дармон воситалари бепул. Энг муҳими, оналик ва болалик давлатнинг ишончли муҳофазасида. 

Кимўзарга дабдабадан чақалоққа нима наф?

Таъкидлаб ўтганимиздек, чақалоқнинг туғруқхонадан чиқиши кўп ҳолларда “Минг бир кеча”да ҳам таъриф берилмаган даражадаги дабдабалар, исрофгарчиликлар билан амалга ошяпти. Мисол учун, чақалоқни олиб чиқишда транспорт, албатта, чет элники бўлиши, камида 2-3 та фото ва видео хизматлари эшикда “лаббай” деб туриши, машҳур эртак ва мултфильм қаҳрамонларидан камида 3-4 таси ҳам хизматда бўлиши керак экан. Ундан ташқари, ёш онага камида 5 миллион сўмлик зеб-зийнат тақилмаса ҳисобмас экан… 

Буларнинг барчаси дунёга келган чақалоқнинг иззати учун дейишади. Аслида-чи? Бундай дабдабалар пойгаси одамларнинг фикр-ўйини банд қилган, кимўзар машмашалари ортидаги исроф­гарчилик, мақтанчоқликнинг ниҳояси йўқ… Наҳотки шулар бизга керак? Топаётган мол-дунё ҳар кимда ҳар хил қиймат ва фарқда бўлишини инобатга олсак, “қовун қовундан ранг олади” кўринишида бу дабдабаларни урчитиб юбормаслик керак. Беш қўл баробар бўлмаганидек, ҳаммада ҳам бундай дабдабаларга хоҳиш бўлса-да, моддий имконият бўлмаслиги аниқ, ахир.

Сўзимиз якунида алоҳида таъкидлаб ўтайлик, «суюнчи» борасида ҳамма шифокорлар, туғруқхона ходимларига лой чаплаш фик­ридан йироқмиз. Халқнинг дуосини олиб, минглаб чақалоқларни ёруғ дунё билан юзлаштираётган, онанинг бағрига босишига сабабчи бўлаётган соҳа ходимларининг меҳнати савобли ва юксак ҳурматга сазовордир. Жамиятнинг эртанги куни эгаларига ғамхўрлик қилиб, ороми ва ҳаловатидан ҳузур топишни ўзига шараф деб билган фидойи саломатлик посбонларининг, шукрки, салмоғи кўп. Бироқ бу борада оқ халатига доғ тушириб, ризқини бегоналар чўнтагидан қидирганларга инсоф тилашдан бошқа иложимиз йўқ. Унутмаслик керакки, туғруқхонадаги маросимларни ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликсиз, ақл тарозини ишга солиб ўтказсак, нур устига нур бўлади. Тилагимиз, ҳар бир хонадон жаннатнинг муаттар ҳиди – чақалоқ исига тўлсин! Энг улуғ мақом – оталик ва оналик барчанинг ширин ташвишига сабабчи бўлсин!

Илҳомжон Абдусаломов, 

ЎзДЖТУ талабаси

Tegishli xabarlar

КИТОБ ўқимаслик КАСАЛИ

admin

“Омикрон”: Осиё мамлакатлари касалликнинг янги “нишон”ига айланмоқда

admin

ХАТО ҚИЛИШИНГНИ КУТАРЛАР

admin