ADOLAT 24

ХАР БИР БОЛА МИЛЛАТ УСТУНИДИР

Бугун кўчаларда, “дом”лар атрофида, маҳаллаларда тўп-тўп ўйнаётган болаларни деярли кўрмаймиз. Ота-оналаримиз бизни кўчадан уйга опкиролмаган пайтларни эслайман. Ҳозир эса болаларни уйдан кўчага опчиқиш маҳол. Чунки улар реал ҳаётдаги ўйинларини унутиб, виртуал ҳаёт ичига чўкиб кетгандай… Шунга яраша реал ҳаётдаги инсонларнинг ҳам ўрни, аҳамияти улар учун пасайиб кетгандай…

Гоҳ-гоҳ компьютер ўйинлари, гаджетлардан бош кўтаролмаётган болаларнинг психикаси бузилиб, ножўя ишларга қўл урганини ҳам эшитиб қоламиз. Яқинда ўқиган хабаримда чеченистонлик бир ўсмир Pubg ўйинида уни “ўлдириб” қўйгани учун ўртоғини чиндан ўлдириб қўйди… Баъзан телефонни олиб қўйгани учун ота-онага қўл кўтараётган болалар ҳақида ҳам эшитяпмиз. Шу ота-она улар кичиклигида жим ўтирса бўлди, ором оламан деб қўлига телефон берганида болалар катта бўлгач, ўз оромини улкан ташвишларга алмаштириши мумкинлигини ўйлаб кўрганмикан?

Хўш, энди нима қилмоқ керак. Ғишт қолипдан кўчибди. Гапираверган билан ўрнига келмас. Аввало, болалар онгидаги бўш жойларни гаджетлар билан эмас, китобу маърифат, қизиқарли адабиётлар билан тўлдиришимиз керак эди. Энди уларни гаджетлар дунёсидан тортиб олиш қийин. Шу аснода, шу ҳолатдан ҳам ижобий томонга фойдаланишни ўйлаб кўриш керак. 

Қобилияти бор бола ҳар қандай ўйинни тез ўзлаштиради. Бугун давлатимиз томонидан қўйилаётган вазифалардан келиб чиқиб, айнан болаларни дас­турлаш, ахборот технологияларига қизиқтириб, уларни ижодкорликка қизиқтириш, вақтини фойдали ва самарали сарфлашга ўргатиш мумкин. Дас­турлар, дизайн­лар ярат­са, пул топа бош­ласа, ўз-ўзидан ўйин ҳам унутилади. Яратиш ишқи, ижодкорлик инсонни маънан юксалтиради.

Яна бир муҳим жиҳат бор. Катталар учун ҳам, кичиклар учун ҳам бирдек аҳамиятли нарса бу – спорт. Спорт инсонни тарбиялайди, биринчи ўринда, иродасини тарбиялайди, маънавий етук қилади. Болаларимиз билан биргаликда спорт билан шуғулланишга ўтишимиз керак. Спортга қизиқиб, ўз кучига ишона бошлагандан кейин, болалар ўз-ўзидан вақтини телефонга сарфлагиси келмай қолади. Менимча, номофобия­дан қутулиш учун спорт энг яхши вариант бўла олади. Шу орқали телефонга қарамликдан қутқариб олгач, кейин реал ҳаёт қувонч­лари, ҳаёт рангларини танита бошласа бўлади.

Болалар – бизнинг келажагимиз деймиз. Келажагимизни эса ўзимиз қурамиз. Эртага эса Pubg дан етишиб чиққан авлод бизни бошқаришини ўйлаш эса қўрқинчли.

Ҳурматли ота-оналар, устозлар! Ҳаммамиз биргалашиб таклифларимизни ўртага ташлаб, бугундан бошлаб ёш авлодни телефономания, номофобиядан қутқарайлик. Давлат дастурларининг бажарилишида айнан маънавий-маърифий тарбия юзасидан ҳам аниқ вазифалар қўйилган. Ҳар бир реалликка қайтарилган бола миллат устунидир, келажакка қўйилган нек қадамдир.

Гулбаҳор Саидғаниева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

ПОПда янгиланишлар Самара бермоқда

admin

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА (Навоий вилояти)

admin

Бюджет ижроси талабга жавоб берадими?

admin