ADOLAT 24

КИТОБлар тафаккур кемаларидир

Оқсоч тарих шоҳид, даврлар силсиласида башариятга маънавий озуқа беришда бебаҳо дурдона ҳисобланмиш китоб ўз ўрнини бошқа моддиятга бериб қўймайди. Зеро, китоб – замонлар денгизида саёҳат қилаётган ва ўзининг қимматли билим юкини авлодларга ташиётган ҳикмат кемаси, маърифат маёғи. Унга ошно бўлган, мутолаа завқини қалбдан туйган ҳақиқий китобхон дунёқарашининг кенгайишини, фикрлаш қобилиятининг ривожланишини теран англай бошлайди. Мақоламиз ибтидосини бежиз китобдан бошламадик. Бугун мамлакатимизда дунё тажрибасида ҳали кузатилмаган ҳолат, яъни китобхонликка давлат сиёсати даражасида эътибор бериш, иқтидорли мутолаанависларни қўллаб-қувватлашга ҳар қачонгиданда катта эътибор қаратилмоқда. Миллионлаб ўқувчи-ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштириб, ғолибларга автомобиль бериш орқали китоб­га бўлган қизиқишини оширишда «Ёш китобхон» танлови ўз анъанасини ярата олгани сўзимиз исботидир. Ўтган йил сентябрь ойидан старт олган 2023 йилги мавсумнинг финал беллашувлари жорий йил 15-22 февраль кунлари пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтди. Унда республикамизнинг 14 ҳудудидан келган мутолаа шайдолари ғолиблик учун кураш олиб бордилар. Танлов шартига кўра 10-14 ёш иштирокчилари 50 та, 15-19 ёш тоифаси бўйича 60 та ҳамда 20-30 ёш тоифаси иштирокчилари 70 та китобни ўқишлари керак эди. Билимлар баҳсида китобларни ўқиб, уларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ анг­лаган, саволларга тўғри жавоб берган китобхонлар муносиб тақдирланди. Зўрлар ичида зўри бўлган иштирокчилар ғолиб бўлиб, Президент совғаси – “Cobalt” автомобили билан мукофотландилар. 

Биз танловнинг 15-19 ёш тоифасида биринчи ўринни қўлга киритган Қашқадарё вилояти, Косон туманидаги 19-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Мироншоҳ Нурматов билан китобхонлик маданияти, ёшларнинг бу борадаги фикри ҳамда “Ёш китобхон” танлови жараёнлари ҳақида суҳбатлашдик. 

– Мироншоҳ, ғалабангиз билан газетхонларимиз номидан самимий қутлаймиз. Суҳбат аввалида китобга илк меҳр қўйган пайтларингиз хусусида гаплашсак. 

– Катта раҳмат! “Ёшларни кичиклигидан бошлаб китоб ўқишга ўргатиш керак, чунки кичиклигидан бошлаб китоб ўқимай ўсган бола катта бўлганида ҳам ўқимайди”, деган эди севимли ёзувчимиз Худойберди Тўхтабоев. Чиндан ҳам бадиий адабиётга бола ёшлигидан қизиқтирилиши, оилада адабий муҳит яратилган бўлиши керак. Адабиётга қизиқтириш деганда, кўпчилик катталар ўйлаганидек, фарзандларига мана бу китобни ўқи деб боланинг олдига китобни қўйишнинг ўзи етарли эмас. Токи фарзанди китобхон бўлишини хоҳлаган ота-онанинг ўзи ҳам китобга меҳр бериб, фарзанди билан бирга китоб ўқиб, китобни муҳокама қилишса, шундагина фарзандда адабиётга қизиқиш уйғотишга эришиш мумкин. Бизнинг оилада ҳам мана шундай бадиий адабиётга қизиқиш, адабий муҳит шакл­ланган эдики, мен ана шу муҳит, ота-онам­нинг менга берган эътиборлари натижасида шу даражага эришдим. Дадам китоб ўқишга жуда қизиқадилар. ”Сизлар дориломон кунларда яшаяпсизлар. Китоб ўқиганга машина берилади, деб ким ўйлаган эди? Бизнинг ёшлигимизда бундай имконият йўқ эди. Агар менда сизларга берилаётган имконият бўлганда, китоб ўқиб, аллақачон машина ютиб олардим!” деб кўп бор айтганлар. Мени бадиий адабиётга қизиқтирган, ёшлигимда ўқишни, ёзишни ўргатиб, қўлимга китоб берган инсон ҳам дадам бўлади. Дадамнинг Пиримқул Қодировнинг ”Юлдузли тунлар” асарини қўлларидан қўймай ўқиётганларини кўриб, қизиқиб қолдим ва шу китобни ўқимоқчи бўлганман. Дадам менга: “Ҳозир сен болалар адабиётига оид китоб­ларни ўқишинг керак”, деб эртак китоблар олиб келиб берган. Уларни ўқиб бўлганимдан кейин барибир ичимдаги қизиқиш кучлилик қилиб, ”Юлдузли тунлар” асарини ўқиб кўргандим. Менда бу асарни ўқишга кучли қизиқиш бўлишига сабаб дадамнинг мутолаага бўлган меҳри эди. 

– Билишимизча, “Ёш китобхон”да иштирок этаётганингизга бу йил 6 йил бўлди. Шу вақт мобайнида юз берган энг эсда қоларли ва қизиқарли таассуротлар билан ўртоқлашсангиз.

– “Ёш китобхон” танлови ҳаётимнинг бир бўлагига айланиб қолди, десам тўғри бўлар. Бу танловга қатнашиб, китоб­ларни ўқир эканман, ўзлигимни маълум бир маънода англадим. Қолаверса, ўзимни ўзим қайтадан кашф этдим. Танлов мени бир-биридан қадрли китобхон ака-опаларим, илмли дўстларим билан таништирди. Қалбимнинг тўрида ширин хотиралар билан жой эгаллади. 2018 йил биринчи марта танловга қатнашганимда, туман босқичидан чиқа олмаганман. 2019 ва 2020 йилларда ҳам аҳвол қониқарли бўлмади. Шундан кейин ғолиб бўлишга умид қолмаганди. Қатнашсам ҳам барибир тумандан ўта олмайман, деган фикрда эдим. Энди бу танловга қатнашмаслик қарорига келгандим. 2021 йилда танлов бош­лангач, китоблар рўйхати эълон қилинди, лекин мен танлов ҳақидаги хабарларга эъти­бор бермадим. 2021 йилда танлов уч босқичда ташкил этилди. Туман беллашувлари 2021 йилнинг 14 декабрь куни ўтказиладиган бўлди. Ўша куни мактабда эдим. Устозим дарсга кириб келгандан кейин бугун туманда “Ёш китобхон” танловининг туман босқичи ўтказилиши белгиланганлигини, бироқ турли сабабларга кўра ўтказиш муддати 27 декабрга қолдирилганлигини айтиб, ушбу танловда олдин ҳам қатнашганимни, бу йил ҳам имкониятдан фойдаланиб кўришимни таъкидлади. Устозга бу танловда ғолиб бўлишга умидим йуқлигини айтдим. Уйга келганимдан кейин яна ўйлаб кўрдим. “Балки шу йил ғолиб бўларман… Бир қатнашиб кўрсамчи?”, деган ўй вужудимни чулғаб олди. Китоблар рўйхатини кўрдим. Рўйхатдаги асарлардан кўпчилигини ўқиган эканман. Бу асарларнинг мазмуни, воқеалари ёдимда эди. Дадамга бугун мактабда бўлган суҳбатни, китоб­лар рўйхатидаги асарларни ўқиганимни ва танловга яна қатнашиш истагимни айт­дим. У таваккал қилиб, қатнашиб кўришимни, балки ғолиб бўлишим мумкинлигини айтди ва далда берди. Шундан сўнг танловга тайёргарлик кўриб, асарларни қайта ўқиб чиқишга ҳаракат қилдим. 27 декабрь куни туман босқичида тест кўринишида беллашув бўлиб ўтди. Тест­да иштирок этиб, 58 балл тўпладим. Натижа пастлиги учун туман босқичида ғалаба қозонишга умидим сўнганди. Бу йил ҳам туман босқичидан чиқолмайман, деб ўйладим. Бир неча кун ўтиб, танловнинг туман босқичидан вилоят босқичига йўлланма олган иштирокчиларнинг рўйхати эълон қилинди. Не бахтки, вилоят босқичига йулланма олган иштирокчиларнинг орасида мен ҳам бор эканман. Тақдиримга битилган экан, ўша йили вилоят босқичидан республикага ҳам чиқдим. Ўшанда мен бир нарсани англадимки, инсонга насиб бўлиши керак бўлган неъмат барибир бир кун унга келар экан. Шунинг учун ҳеч қачон тушкунликка тушмаслик лозим. Илм­га интилган одам бир кун, албатта, орзуларига эришади. Икки марта республика босқичида иштирок этдим. 2021 йилги ва 2023 йилги мавсумларда. Биринчи марта рес­публика босқичида қатнаш­ганимда, “тезкор савол-жавоб” шартида менга 5-6 та эртак жамланган китобдан савол тушган эди. Мен китобдаги эртакнинг номини эмас, балки китобнинг номини айтганимда, жавобим қабул қилинмаган эди. Ўша вақтда ёшлик ва қизиққонлик қилиб, ҳакамлар билан тортишган эдим. Ана шу воқеалар менинг танловдаги энг эсда қоларли таассуротларим…

– Дўстим, 6 йиллик меҳнатнинг меваси юксак бўлди. Ушбу ғалабани қўлга киритишингизда кимларнинг ҳиссаси катта? 

– Ҳар бир ишда муваффақиятга эришиш фақат инсоннинг ўзига эмас, унинг оиласи, яқинларининг қўллаб-қувватлаши, ёрдамига ҳам бевосита боғлиқ. Барча эришган ютуқларимда оила аъзо­ларимнинг, яқинларимнинг ҳиссаси беқиёс. Шу пайтгача қандай ютуққа эришган бўлсам, уларнинг барчасига ҳаётдаги ва адабиётдаги устозларим, ота-онамнинг меҳнатлари ва эътиборларининг натижасида эришганман. Ютуқларимда ҳозирда таълим олаётган Косон туманида жойлашган 19-умумтаълим мактаби директори Азамат Худойқулов, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари Муҳаррам Эшонқулова, Фарҳод Эшматовлар ҳамда бизнинг мактабда дарс бермасалар ҳам, менга бадиий адабиёт соҳасида катта ёрдам берган устозим, Косон туманидаги 64-умумтаълим мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Ойсафар Йўлдошевага, “Ёш китобхон” танловидаги устозим Сурайё Шодиевага, танловга тайёргарлик кўришимда ўзининг фикр­лари ва ўқилиши керак бўлган, мен топа олмаган китобларни топишда ёрдам берган ака-опаларим, илмли дўстларимга ўз миннатдорлигимни билдираман. 

– Ўқиган китобларингиз орасида ўз тенгдошларингизга қайси 5 та асарни тавсия қилган бўлардингиз? 

– Китоб ўқишда ҳамма ўзининг хоҳишига, ўзи ҳис қилаётган маънавий бўшлиқни қайси асардан оладиган мулоҳаза ва фикрлар тўлдира олишига қараб танлайди. Ҳозир кўпчиликка Европа ва АҚШда қўлма-қўл бўлиб ўқилаётган, инсоннинг психологияси ҳақидаги асарларни ўқиш ёқишини эшитганман. Менга бу каби ҳисоб-китоблар, илмий жумлалардан иборат асарларни ўқишдан кўра, ҳиссиёт билан жўшиб ўқиладиган, ўқиганда юракка таъсир кўрсатиб, ғурур ва виждонни уйғота оладиган асарларни ўқиш кўпроқ ёқади. Жадид боболаримизнинг асарларини, ўзбек халқи тарихидаги оғир кунлар ҳақида ёзилган асарларни ўқиганимда, ўзимда ана шундай ҳисларни туйганман. Тенгдошларимга Тоғай Муроднинг ”Отамдан қолган далалар”, Нодар Думбадзенинг ”Абадият қонуни”, Ўткир Ҳошимовнинг ”Икки карра икки беш”, Чингиз Айтматов қаламига мансуб ”Қиёмат” ҳамда Чўлпоннинг ”Кеча ва кундуз” асарларини тавсия этган бўлардим. 

– Бугунги шиддатли даврда китоб ўқишнинг яна қандай фойдали жиҳатлари бор? 

– Китоб ўқиш, биринчи навбатда, инсонга руҳий озуқа беради, кишини ўз олдига улкан мақсадлар қўйишга ўргатади. Ҳозирда кўплаб ёшлар китоб ўқишни фақат бўш вақтда қилинадиган машғулот сифатида кўришади. Аслида бундай ўйлаш хато, негаки, бу жараён доимий қилиниши керак бўлган, фикр доирасини кенгайтириб, ҳаётга тўғри нигоҳ билан қарашни ўргатадиган машғулотдир. 

Китоблар тафаккур кемаларидир. Улар ақлни чархлайди, инсонни ўзининг оламига олиб киради. Қолаверса, кишида ижодкорлик, эстетик тарбиянинг шаклланишида асосий воситадир. 

– Албатта, азиз газетхонларимизга ёш китобхонимизнинг келгусидаги мақсадлари қизиқ. 

– Бир ютуқ инсонни янада ҳаракат қилишга, бунданда каттароқ муваффақиятларга эришишга ундайди. Келгусида ўзим қизиқадиган тарих соҳасида таълим олиш мақсадим бор. Ота-онамга раҳмат келтирадиган, элимиз, халқимизнинг обрўсини жаҳонга танитадиган фарзанд бўлиб етишсам, ўзимни бахтлиман, дея оламан.

“Бир инсоннинг қиймати ўқиган китоблари билан ўлчанади”, деган эди инглиз файласуфи ва социологи Ҳерберт Спенсер. Ҳақиқатан ҳам, ёшларда китоб ўқишга бўлган қизиқишни уйғотиб, бу борада ҳаракат қилаётган танлов ташкилотчиларининг мақсади – Мироншоҳ каби теран фикрлайдиган, билимли, зукко ёшлар сафини кенгайтиришдан иборат. Сиз ҳам қаҳрамонимиз каби китобхон юлдуз сифатида танилишни ва китоб ўқиш орқали “Cobalt”ни қўлга киритишни истасангиз, телеграмдаги @yoshkitobxon_bot орқали рўйхатдан ўтиб, белгиланган китобларни ўқишни ҳозирдан бошланг! Зеро, китоб ўқиш сизга ўзликни англашга ёрдам бериш билан бирга автомобилга эга бўлишингизни ҳам маълум бир маънода кафолатламоқда. Бу эса алоҳида эътирофга сазовор. 

Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

Масъулият — саломатлик гарови

admin

Устувор вазифалар белгилаб олинди

admin

Жўшқин ҳаёт завқи

admin