ADOLAT 24

ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИ ФАОЛИЯТИ ЎРГАНИБ ЧИҚИЛДИ

Наманган вилоятида олий ўқув юртлари сони йилдан-йилга кўпайиб, ўқишга иштиёқи баланд йигит-қизларнинг таълим олиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Айни пайтда мавжуд олтита давлат ва тўртта хусусий олийгоҳларда 70 минг нафарга яқин талаба турли касбларни эгаллаш бўйича таълим олмоқдалар.

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг қарорига мувофиқ, жорий йилнинг февраль-март ойларида олий таълимда илмий-тадқиқот ишларининг натижадорлигини ошириш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш юзасидан талабалар ва амалиётчининг ишлаб чиқаришда олган билим ҳамда кўникмалари даражасини жамоатчилик назорати тартибида ўрганиб чиқиш вазифаси белгилаб берилганди. Ушбу вазифани амалга ошириш мақсадида “Адолат” СДП вилоят кенгаши томонидан ишчи гуруҳи шакллантирилиб, Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик-технология институти ва Наманган муҳандислик-қурилиш институтида назорат тартибида ўрганишлар олиб борилди.

Жамоатчилик назоратини ўтказиш давомида олийгоҳларнинг ўтган ўқув йилида ва 2024 йилнинг дастлабки ойларида ўқув йили бўйича амалиёт ўтказиш соатлари, муддатлари ҳамда мактаб, ташкилот, муассаларда амалиёт ўтказиш бўйича тузилган дастурлар ўрганиб чиқилди. Университетда 2023-2024 ўқув йили учун жараён жадвалига кўра жами 925 ҳафта ёки 27414 соат юклама ҳажмида малакавий амалиётлар кўзда тутилган бўлиб, талабаларнинг амалиёт соатлари мактабгача ва мактаб таълим муассасаларида, вилоят бадиий ижодкорлар уюшмаси, амалий санъат (кулолчилик) университетининг кулолчилик устахонасида, кутубхона-ахборот фаолияти Муҳаммадшариф Сўфизода номидаги болалар кутубхонаси, Янги Ўзбекистон зиё мас­кани ва Нодирабегим номидаги ахборот кутубхона марказида, маданият ва санъат бўйича вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи ва вилоят Маданият бошқармасида, мусиқа таълими бўйича Наманган туманидаги 36- ва Чуст туманидаги 9-умумтаълим мактаб­ларида ўтказиш қатъий белгиланган. Бир сўз билан айтганда, университетдаги мавжуд кафедралар билан вилоятдаги қатор корхона, ташкилот ва муассасалар ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, талабаларнинг малакаларини ошириш ва ишга жойлаштириш бўйича 422 та шартнома расмийлаштирилган.

Етук кадрлар тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб олган университетнинг илмий салоҳияти йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жамоада жами 680 нафар профессор-ўқитувчилар бўлиб, шундан 247 нафари илмий даражага эга. Ўтган ўқув йилида асосий ставкада фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилардан 61 нафари фалсафа доктори, 9 нафари фан доктори илмий даражасини ҳимоя қилган. Профессор-ўқитувчилардан 31 нафари доцент, 8 нафари профессор унвонини олган. 

Наманган муҳандислик-технология институтида янги ўқув йилининг 1-семестрида талабаларнинг амалиёт ўтказишлари учун 9 та таълим йўналиши бўйича малакавий амалиётлар ўтказиш режалаштирилган. Ўрганишлар давомида мактабгача ва мактаб таълими, қишлоқ хўжалиги, энергетика, инвестиция, савдо-саноат вазирлик­ларига қарашли муассаса ва ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик шартномалари тузилганлиги аён бўлди. Амалиёт ўташ ва танлаган соҳалари бўйича иш ўрганишлари учун талабалар ҳавфсизлик чоралари билан таништирилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланган ва уларга малакали ходимлар раҳбар этиб бириктирилган.

Ушбу олийгоҳда 2024 йилнинг дастлабки икки ойида профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар томонидан 3 та фан доктори ва 12 та фалсафа доктори диссертациялари ҳимоя қилинган. Институтда 2021-2023 йиллар давомида 155 та диссертация ҳимоялари ўтказилган бўлиб, шундан 21 таси фан доктори ва 134 таси фалсафа доктори диссертацияларидир. Институтда Бизнес инкубация ва акселерация маркази фаолият олиб бормоқда. Ушбу марказ томонидан талабалар жамоасидан иборат иккита 100 миллион сўмлик стартап лойиҳалари молиялаштирилди. 624 минг АҚШ долларига тенг ўнта халқаро лойиҳалар амалга оширилган. 

Ўтган йили институт профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчиларининг халқаро илмий-техник маълумотлар базаларида индексланувчи илмий журналларда 199 та мақолалари чоп этилган. Шунингдек, ўтган йил давомида ихтиро ва фойдали моделлар, селекция ютуқлари ва саноат намуналарини яратиш бўйича 39 та патент ва АКТга оид дастурий маҳсулотлар учун 421 та гувоҳномалар олинган. Жаҳон банки грантлари асосида 11,2 миллиард сўмлик 6 та лабораториялар жамланмалари келтирилиб, ўқув ва илмий жараёнга татбиқ этилган.

Ишчи гуруҳи Муҳандислик-қурилиш институтида ҳам илмий фаолият бўйича қатор ижобий натижаларга эришилганлигига гувоҳ бўлишди. Мазкур институтда профессор-ўқитувчилар сони 385 нафар бўлиб, шундан 177 нафари илмий даражага эга. Ўтган йили профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар томонидан тўққизта 2243,0 миллион сўмлик, жумладан, иккита Ўзбекистон-Белорус халқаро қўшма лойи­ҳалар, битта фундаментал лойи­ҳа, иккита амалий лойи­ҳа ва тўртта лойиҳа ишлари амалга оширилган. Ўтган йилда 135 нафар илмий ходим чет элларда малака оширган. Академик мобиллик бўйича 26 нафар талаба хорижда бўлиб қайтган. 2024 йилнинг январь ойи ҳолатига докторантлар сони 136 нафарга етган. Ўтган йилда учта халқаро ва шунча респуб­лика миқёсида илмий анжуманлар ўтказилган. Профессор-ўқитувчилар томонидан ОАК журналларида 407 та, халқаро импакт факторга эга журналларда 501 та мақолалар чоп этилган. 2023-2024 ўқув йили учун олти талаба Давлат стипендияси олиш имконини қўлга киритган бўлиб, шундан бир талаба Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси ва тўрт нафари Беруний номидаги ва бир нафари Ислом Каримов номидаги стипендиялар соҳиби бўлишган. 

Мазкур олийгоҳ мамлакатимиздаги техника, технология, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳалари олий таълим муассасалари рейтингида 4-ўринни эгаллаб турибди. Институтда халқаро ҳамкорлик бўйича 43 та шартнома ва меморандумлар имзоланган. Мамлакат Президенти наманганлик ёшлар билан учрашганда институтнинг транспорт факультети талабаси О.Қодирова томонидан билдирилган таклифга асосан энг замонавий йўналишлар бўйича билим олиш ва амалиёт ўташ учун транспорт факультети биносида барча шароит ва жиҳозларга эга бўлган Бионика лабораторияси барпо этилган. 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жамоатчилик назорати ишчи гуруҳи томонидан ҳар учала олийгоҳда олиб борилган ўрганишлар давомида бугунги кунда ёш авлодга берилаётган таълим самарадорлиги юқори экани маълум бўлди. Олийгоҳларда таълим сифати янада юқори бўлса, бу йигит-қизларимиз учун илмий жабҳада янги имкониятлар эшигини очиб беради. Мамлакатда илм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам шуни талаб қилади.

 Баҳодир БОЛТАБОЕВ,
«Адолат» СДП Наманган вилоят кенгаши раиси ўринбосари

Tegishli xabarlar

Инсон исмни табаррук қилади, ИСМ ИНСОННИ ЭМАС!

admin

ТАРИХни тиклаётган ТАФАККУР Туркий халқларнинг маънавий ва диний ҳамжиҳалигини таъминловчи муҳим омиллар асоси

admin

АЗИМ ПОЙТАХТИМИЗ ЯНАДА ОБОД, ИНФРАТУЗИЛМАСИ РИВОЖЛАНГАН ШАҲАРГА АЙЛАНАДИ

admin