ADOLAT 24

БУЮК МАКСАДЛАР рўёби  ВА ЭЗГУ ТИЛАКЛАР ИЖОБАТИ

 Кундан-кунга ҳар жабҳада ривожланиб бораётган Наманган вилоятида ўтган 2023 йил якунлари бўйича ялпи ҳудудий маҳсулот 47,1 триллион сўмни ташкил этиб, 105,4 фоизга ўсишга эришилди. Бу борада кичик бизнеснинг улуши 72,8 фоизга етди. Жумладан, 20,8 триллион сўмлик саноат ва 32,8 триллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 17,8 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилган, қурилиш-пуд­рат ишлари 7,5 триллион сўмни ташкил этган.

Давлат раҳбари ташрифни дастлаб Янги Наманган туманидаги ақлли технология билан жиҳозланган “Гавҳар груп” корхонасидан бошлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 майда “Ўзбекистонда заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилингандан сўнг бу нозик ва даромадли соҳага бўлган қизиқиш янада кучайди. Йилига 1 минг 200 килограмм заргарлик буюмларини саноат усулида ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган ушбу корхонада 10 минг хилдаги заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Чет эллар билан ҳамкорликда қўл соатларининг тилла қобиғини тайёрлаш йўлга қўйилган. Икки юз киши иш билан таъминланган корхонада 2023 йилда 270 килограмм жозибадор маҳсулот ишлаб чиқарилган. Корхона ишчиларининг деярли барчасининг ота касби заргарлик бўлган. Улар айни пайтда замонавий 3D формат орқали буюртма асосида исталган кўринишдаги буюмлар ишлаб чиқаришни уддасидан чиқадиган даражадаги устага айланишган. 

– Ушбу ҳунарни ўрганганимга йигирма йил бўлди, – дейди моҳир уста Акбар Отахўжаев. – Аввалги заргарлар шу иш орқали пенсияга чиқишни тасаввурига сиғдиролмаган. Мана, биз шундай имкониятга эга бўлиб турибмиз. Бу заргарлик ижтимоий ҳунарга айланганидан дарак.

 Президент топшириғига кўра Наманганда Туркия тажрибаси асосида олтинни қайта ишлаш ва сотиш бўйича йирик марказ ишга тушадиган бўлди. 

Давлатимиз раҳбари ташриф давомида 20 минг тонна бурама мих ва қоғоз ўрами ишлаб чиқариладиган, асосан ёшлар фаолият юритадиган “Мехмаш” МЧЖда, Уйчи туманидаги темир буюмлар ишлаб чиқариладиган “Қумтепа” кичик саноат ҳудудида ишлаётган ёш касб эгалари билан ҳам суҳбат қурди. Сўнг­ра Қумтепа маҳалласи аҳолиси билан учрашди. Бу маҳаллада оилалар аҳил, ажримлар йўқ, ибрат бўларли ҳаёт тарзига эга. Ҳурнармандлар, деҳқонлар уддабурон. Ёшлар кексалар ўгитига амал қилиб, барака топган. Келажакда Уйчи туманида бирорта ишсиз одам қолмайди. Президент Наманган туманидаги йилига 10 минг дона электродвигатель ва 2 минг дона энергия тежамкор сув насослари ва бош­­қа маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган «Nammotors» ва бош­қа қатор янги корхоналар фаолияти билан ҳам танишди. 

Маълумки, саноат корхоналари сони кун сайин кўпайиб, аҳолининг турмуш тарзи замонавийлашиб бориши натижасида аҳолининг электр қувватига бўлган талаби ҳам йилдан-йилга ортмоқда. Халқ эҳтиёжини қондириш мақсадида вилоятимизда йирик электр энергияси ишлаб чиқариш манбаларини барпо этиш зарурати туғилган эди. Президентимиз йирик энергетика лойи­ҳалари қурилишини бошлаб бериш учун рамзий тугмани босиш жараёнида халқимизга қарата бундай деди: 

 – Одамларимизнинг фаровон яшашига шароит яратиш янги Ўзбекис­тон сиёсатининг асосий пойдеворларидан биридир. Катта-кичик лойи­ҳаларни ўз вақтида ишга тушириш ва уларнинг барқарор фаолияти учун узлуксиз энергия таъминоти ниҳоятда зарур. Шу маънода, бугунги маросим ҳам тарихий воқеа. Барчангизни шундай янги лойиҳа ва ташаббуслар билан табриклайман!  

Шу лаҳзадан вилоятимизнинг Уйчи, Поп туманларида учта электр станцияси қурилишига старт берилди.

Кечки пайт оммавий тарзда ўтказилган ифторликда иштирок этган Президент: 

– Муборак Рамазон ойи шарофати билан юртимизда, жами мусулмон ўлкаларда, бутун дунёда тинчлик, барқарорлик ҳукм сурсин, одамлар, халқлар ўртасида дўст-биродарлик, ўзаро ҳурмат туйғулари устувор бўлсин. Кучлилар – ожизларга таянч, саховатпешалар – муҳтожларга ёрдамчи, ёшлар – қарияларга ғамхўр бўлсин. Динимизда белгилаб берилган тўғри йўлдан оғишмайлик, айни пайтда замон билан ҳамнафас яшайлик. Ёшларимиз билимлари билан жаҳонга танилиб, юртимиз довруғини юксакларга кўтаришсин. Ўзбекистон дунёнинг энг олди, энг илғор давлатларидан бирига айлансин. Тутган рўзаларимиз, дуоларимиз даргоҳида қабул бўлсин, – дея эзгу тилак­ билдирди.

Шавкат Мирзиёев Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари ҳамда иқтисодий комплекс мутасаддилари иштирокида ўтказган йиғилишда Сайхунобод тажрибаси асосида маҳаллабай ишлаш, томорқа ва хонадонлардаги имкониятлардан фойдаланиб, аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари муҳокама этилди. Вилоятдаги барча ҳокимларга ўн тўртта тумандаги 788 та маҳаллада янги иш ўринлари яратиш билан ёшлар, хотин-қизларга касб-ҳунар сирларини ўргатиб, даромад топиш вазифаси юклатилди.

Ташрифнинг иккинчи кунида Давлатобод туманида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари Наманганни мамлакатимизнинг энг баракали, серсув ва серҳосил ҳудудларидан бири экани, бу ерда ғурури баланд, тадбиркорликда энг илғор инсонлар яшаётганлигини таъкидлаб ўтгани барчамизни янада руҳлантириб юборди. Чиндан ҳам Наманганда ишнинг кўзини биладиган, заррадан тоғ бунёд қиладиган тадбиркорлар кўп. Ўтган етти йил ичида вилоят иқтисоди икки баробарга ошгани, экспорт ҳажми уч карра ўсгани фикримизни тасдиқлайди. Йиғилишда ишга туширилиши кўзда тутилган қатор лойи­ҳалар, амалга оширилиши муҳим бўлган имкониятлар ҳақида гап борди. Вилоятда ички туризмни ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шунинг учун вилоятни Бухоро ва Самарқанд билан боғловчи темир йўл қатновини йўлга қўйиш, Қамчиқ довонига яқин ҳудудда ва Қирғиз томони билан келишилган ҳолда «Учқўрғон-Кенсай» логистика маркази барпо этиш режага киритилди. Шунинг­дек, йил якунига қадар мева-сабзавотни қайта ишлаш йўналишида 62 та лойиҳани ишга тушириш, Косонсой ва Попда йирик чорвачилик кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш, асал ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этишга тавсия берилди. Чуст, Поп, Наманган ва Мингбулоқда ичимлик ҳамда оқава сувни яхшилаш муҳим экани таъкидланди. Олийгоҳларда таълим олаётган 65 мингдан зиёд талабанинг тенг ярми бошқа вилоятлардан эканидан келиб чиқиб, 43 та маҳаллада уй ётоқхоналари ташкил этиш вазифаси топширилди. Аҳоли зичлиги катта бўлган вилоятимизда турар-жойга бўлган талаб ҳам юқори. Шунинг учун Президент бу йилдан йигирма минг хонадон жойлашиши кўзда тутилган турар-жойлар, IT-парк, меҳмонхона, бизнес маркази, Чуст ва Поп туманида ўн минг аҳоли учун «Ўзбекистон массиви» қурилишига ва 68 гектарда «Янги Ўзбекистон боғи» барпо этиш кераклигини белгилаб берди. 

Президент 2021 йилда наманганлик сайловчилар билан учрашувда Тўрақўрғонда Исҳоқхон Ибрат номидаги институтни барпо этиш таклифини билдирганди. 2022 йилда мазкур институт очилиб, жаҳон тиллари факультети, 6 та кафедра ва 16 та таълим йўналишда иш бошлаганди. Ҳозирда икки босқичда 1 минг 523 нафар талаба сабоқ олмоқда. Президент мазкур институтнинг Янги Наманган туманида қад ростлаётган биносини бориб кўрди. 

Маълумки, аэропорт ҳар бир вилоятнинг ҳаво дарвозаси ҳисобланади. Иқтисодий жиҳатдан юксалиб бораётган вилоят учун аэропортни янада кенгайтириш, ҳаво кемалари қатновини ошириш, йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Наманган вилоятига ташрифи халқимиз учун улкан имкониятлар эшикларини очди. 

Исроилжон ЖЎРАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Янгиланишлар йўлида янги қадам

admin

ИЖТИМОИЙ ХИМОЯ  ЭЪТИБОР МАРКАЗИДА (Наманган, Фарғона, Қашқадарё, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри)

admin

Илм — тараққиётнинг бош мезони

admin