ADOLAT 24

Абдулла Орипов Ўзбекистон Қаҳрамони ЎЗ ҲАҚИМДА БИР ОҒИЗ СЎЗ

Менинг туғилиб ўсган, болалигим ўтган жойлар Қарши (қадимги Насаф) шаҳридан беш-ўн чақирим шимолроқ томондаги Қўнғиртов этакларидир. Қўнғиртов дегани у ерда дов-дарахт йўқлиги, кўринишининг кулранг-қўнғир тусда бўлганлигидандир. Қўнғиртовда ягона шўр сувли булоқ бор, уни Қўтирбулоқ дейдилар.

Чунки унинг шўр, тузлик сувидан одамлар турли дардларига шифо топиб юрадилар. Геолог дўстларимизнинг айтишларига қараганда, у ниҳоятда эски тоғнинг қолдиғи, чўкиртаклари экан. Бу тоғнинг нариги томони Самарқанд, бериги томони Бухорои шарифга юз тутиб турибди. Боболаримизнинг айтишича, қайси бир замонларда Навоий бобомиз Самарқанддан Бухорога ана шу Қўнғиртовни ошиб ўтган эмишлар. Албатта, бу гаплар халқнинг хотирасида ўқтин-ўқтин чақнаб турадиган хаёл учқунлари бўлиши мумкин. Қишлоғимизнинг номини Некўз дейдилар. Унинг маъносини мен яхши билмайман. Ҳар ҳолда у қадимий ўзбек уруғларининг бир шохобчаси бўлиши мумкин. Дарвоқе, Амир Темур бобомизнинг оналарини Некўзбегим ҳам деганлар.

Ота тарафдан катта боболарим Норбой бобо, Боймурод бобо, Убайдулло боболар бўлишган. Ундан кейин менинг отам Ориф бобо. Она тарафимдан бобомни Эрдона карвон деганлар. У киши чамамда, қандайдир карвончилик билан машғул бўлган.

Қишлоғимизда сув ниҳоятда тақчил эди. Қашқадарёдан тортиб келинган иккита ариқ бўлиб, бирини Хомариқ (Хонариқ ҳам бўлиши мумкин), иккинчисини Ғаданг дейишган. Ғаданг арабча сўз, маъноси ёйнинг ўқини билдиради. Гўё Қашқадарё эгик камон бўлса, Ғаданг ундан отилган ўқ каби. Лекин бу ариқларга сув жуда қийинчилик билан чиқар, шу сабаб одамлар ариқни тинимсиз чуқурлаштиргани-чуқурлаштирган эди. Бу жараённи ҳайров дер эдилар. Сув этарли жойда албатта у-бу нарсалар экиларди, тоғнинг этаклари лалмикор эрларда эса асосан буғдой, арпа этиштириларди. Аёнким, бу поёнсиз қир-адирларда чорва кўп эди. Туя, йилқи, қўй дегандай. Қудуқларнинг суви батамом шўр, ичишга яроқсиз. Лекин уни негадир мол-ҳол ичиб юраверарди. Айниқса баҳор пайтларида бу эрларга ёғин кўп тушар, Қўнғиртов этаклари минг ўт-ўлан, чучмою қизғалдоқлар билан, қуёнтовуғу исмалоқ билан, каррагу ҳазориисфанд билан, қўзигуллар билан қопланар, атроф-теварак жаннатий бир манзара касб этарди. Сел сувлари тўпланиб қолган кичик-кичик кўлларни «қоқ» дейишарди. Унинг тоза сувини одамлар ташиб ичишар, бола-бақра чучмомою исмалоқ, замбуруғ териб, Қўнғиртов этакларида кунларини кеч қилар эди. Бу эрларга баҳорда турна тушарди. Турналар ўт-гиёҳларни териб эб, қўй-қўзиларнинг орасида бемалол, беҳадик юраверишарди. Шунингдек, Қўнғиртовда у пайтлари кийик кўп эди. У кийикларнинг зоти, кейин билишимча, хонгули экан. Улар ҳозир Бухоро атрофидаги қўриқхонада сақланиб қолган. Эмиши бор эди шекиллик, бўри, тулки, шақол ҳам кўп эди бу жойларда. Кейинчалик, атроф-теваракни одамлар ишғол қилиб олишгач, ёввойи ҳайвонлар ўз-ўзидан йўқолдилар. Турналар, лайлаклар келмай қўйди. Кийикни эса ҳазрати Инсоннинг ўзи эб битирганига ўзим гувоҳман.

Отам раҳматлик колхозда раис бўлиб ишлар, райкомнинг котиблари (айниқса ўрис котиблар) қишлоғимизга тез-тез ташриф буюришиб, усти очиқ газик машиналарда кўпинча тунда кийик овига чиқишарди. Кийик жонивор кечаси қоронғида машина ёруғига рўпара келганда кўзи қамашиб жойида таққа тўхтаб қоларди. Ана ўшанда уни отиб олсаям бўлади, тутиб олсаям бўлади. Эсимда, бир сафар ўша котиблардан бири овга чиқиб, ўн иккита кийикни отиб, машинага босиб келишган эди. Улардан биттасини уйда қовуриб эйишди. Кийикнинг гўшти қизғиш бўлиб, ғоятда иссиқликдир.

Ўшанда онам раҳматлик ҳалиги овчи котибларни ўзича ўкиниб-ўкиниб қарғагани ҳамон ёдимда. «Нафсингга ўт тушгур, кийик эсанг биттасини э, ўн иккитасини ўлдириб нима қиласан», дерди онам. Улар қолган кийикларни машинага босиб, шаҳарга кетишарди. Салдан кейин Қўнғиртов ҳарбийлар ихтиёрига ўтиб, улар машқ қиладиган жойга айланди. Қўнғиртовни окоп-траншея қазиб, тилка-тилка қилиб ташладилар. Ҳамма ёқда танклар ўрмалаб, бомбалар портлаб ётарди. Бундай жойларда ҳатто юмронқозиқ ҳам қолмаган эди. Кейинчалик ҳарбийлар у жойларни ташлаб кетишди.

Ўша Қўнғиртовда бизнинг болалик йилларимиз ўтган. Баҳор келганда ҳавони ўт-уланнинг ёқимли хушбўй хиди қоплар, шаррос ёмғир қуйганда биз тоғ чўққиси унгуридаги кичик-кичик ғорларга бекиниб олардик. Ўша юксакликдан шимол тарафдаги ям-яшил бепоён кенгликларни томоша қилар эдим, тўйиб-тўйиб нафас олар эдим. Айниқса бу жойларда жануб кечалари, юлдузли осмон ниҳоятда гўзал бўлар эди. Тим қора осмонда қўл чўзсанг этгудек улкан-улкан новвотранг юлдузлар чарақлаб туради. Ҳаётимда бундай гўзал манзараларни кейин учрата олмадим.

Қишлоғимизда қудуқ суви ичишга яроқсизлигини айтиб ўтдим. Биз чучук сувни тўрт чақирим наридаги Эшонқудуқ деган қишлоқдан ташиб келар эдик. Эшакка тўртта кўзани кажава қилиб ортиб олардик. Кўзалар бир-бирига тўқишиб синиб кетмаслиги учун алоҳида ёғоч қолипларда жойлаб қўйиларди. Бу қолипларнинг яна бир яхши томони шуки, кўзанинг дастаси синиб мундига айланиб қолганда ҳам уни қолипга жойлаб, бемалол ишлатавериш мумкин. Бир куни икки маҳал сувга чиқардик, айниқса саратон кунлари Эшонқудуққа қатнаш ўлгудай зерикарли бўларди. Юрагим сиқилиб кетганидан бир нималарни минғир-минғир тўқиб, ўзимни овутардим, шекиллик.

Энди гапни берироқдан бошласак, бу дунёнинг воқеа ва ҳодисалари хотирамда тўрт-беш ёшларимдан бошлаб қолган. Урушдан қайтмаганларнинг азалари-ю, қайтган майиб-мажруҳ қишлоқдошларимнинг қўлтиқтаёқни тўқиллатиб юрганлари эсимда. Очарчилик, одамларнинг кунжара эганларини кўп кўрганман. Балки вақти-соати этиб, мен бу кечинмаларимни батафсил ёзарман. Чунки ҳозир мана шу саҳифаларга сиғмайдиган ранг-баранг хотираларим жуда кўп. Биз оилада тўрт ўғил, тўрт қиз ўсганмиз. Акаларим Бухоро, Тошкент олий ўқув юртларида тил-адабиёт факултетларида ўқишарди. Табиийки, улар кўтариб юрган китобларнинг аксарияти бадиий адабиёт намуналари эди. Менинг аллақачон саводим чиққан, китобларни шариллатиб ўқий олардим. Мен бугунги кунда ғоятда ажабланиб шуларни эслайман. Негадир болалигимда хотирам ниҳоятда кучли эди. Бир ўқиганим эсимда қолаверар эди. Радио, телевидение ёхуд бошқа томошалар бўлмаганидан кейин эрмагим китоб эди-да. Дуч келган нарсани ўқиб, дуч келган нарсани ёдлаб олардим. Бу китоблар орасида халқ достонлари ҳам, Навоий бобомизу Пушкиндан таржималар ҳам, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон шеърияти ва яна бошқа кўп рўмону қиссалар бўларди. Дарвоқе, қиш кунларида тўйларга қўшни туманлардан номдор бахшилар келиб, тонг отгунча достон айтишарди. Биз болалар бахшини тинглай-тинглай бир-биримизга биқинишиб ухлаб ҳам қолар эдик. Янглишмасам, ўшанда Умур шоир деган бахшининг достонларини кўп эшитганман.

Бир қўшнимиз ғоят покдомон Камолхон эшон деган киши бўларди. Раҳматликнинг онасини Биби момо дердилар. Билмадим, улар балки Каттақўрғон ёқлардан келиб қолишган. Биби момо ўта даражада саводхон буви эдилар. Онам раҳматликка эргашиб, уларнинг суҳбатига қатнашиб қолардим. Биби момонинг катталиги сандалдек келадиган китоби бор эди. Китобни Навоий-китоб дердилар. Биби момо Фарҳоду Ширин, Лайлию Мажнунларни чунонам қироат билан ўқирдики, маъносини кўпам тушунмасам ҳам қироатдан маза қилардим.

Энди биринчи шеърлар ёза бошлаганимга нима туртки бўлганини аниқ билмайман. Ҳар ҳолда сўзларни қофиялашга ишқибоз бўлиб қолганим эсимда. Балки зерикканимдан, балки завқим тошиб, ниманидир ёзгим келаверарди. Фикр эса йўқ. Ёзмасликнинг ҳам иложи йўқ. Шунинг учун она, ота, мактаб, бригадир Нодир каби гапларни ўзимча шеърга солиб айлантириб юрардим. Ундан ташқари, яна бир қизиқ детал. Мендан катта акам, ҳозир у қишлоқ хўжалиги соҳасида профессор, шеър ёзиб, муттасил «Ленин учқуни» газетасига жўнатиб турарди. Газетадан келган жавоб хатини акамга билдирмай ўқирдим. Хатда жумладан бундай гаплар ёзилган бўларди: «Абдураззоқжон, шеърингизнинг мавзуи яхши, лекин қофия-туроқлари чатоқ ва ҳоказо». Кейин мен қофия-туроқни ўрганиш учун роса китоб титардим. Акам бўлса, унга келган жавобни мен ўқиганимдан бехабар, мен қайта элимлаб қўйган конвертни очиб ўқир, «нима ёзибди» деб сўрасам, жаҳл билан «ишинг бўлмасин» деб хатни бурда-бурда қилиб йиртиб ташлар ё бўлмаса ёқиб юборарди.

У маҳаллардаги менинг шеърларим мавзу тарафдан ҳам, шаклий жиҳатдан ҳам, албатта тақлид эди. Ўқиган шеърларимда ҳамма шоир асосан Сталин, Москва-Кремл ҳақида ёзишарди. Мен ҳам «ё бисмилло» деб ўшаларни куйлай бошлаганман. Бир куни хонадонимизга раён раҳбарлари меҳмон бўлиб келишдию, чамамда мусалласхўрлик ҳам қилишди. Уларнинг баъзилари менинг шеър ёзиб юрганимдан хабардор экан шекилли, дафъатан чақириб, менга «шеър ўқи» деб қолишди. Мен «Кремл деворлари» деган шеъримни тантанали равишда ўқидим. Яқинда юз ёшни қоралаб қазо қилган Ҳамроқул ота Мамедов эди шекилли (ўшанда райижроқўм раиси), кайфияти баландмикан, дадиллиги қўзиб, «ўғлим ўзинг Кремлни кўрганмисан?» — деб қолди. Мен «йўқ» дедим. У киши «бўлмаса кўрмаган нарсангни бундай кейин ёзма!», деб қолди. Ўшанда эган дашномим менга ҳозиргача дарс бўлиб келаётир.

Мактабни олтин медал билан битирдим. Акаларим турли шаҳарларга ўқишга кетиб қолгани учун отам мени қўйиб юборгиси келмади. Бу орада Зарафшондан Эски Ангор канали қазилиб, қишлоғимизга бир дарё сув оқиб келган, одамлар катта қувонч билан боғ-роғлар яратишга киришиб кетишган эди. Бизнинг боғимизда эллик тупдан ортиқ сарҳил олма навлари, узуму анжир ва бошқа мевали дарахтлар гуркираб ўсиб, мўл-мўл ҳосил бериб ётарди. Отам белкурагу кетмонни кўтариб, боғни парвариш қилар, мен отамга доимий ёрдамчи эдим. Хуллас 1958 йил Тошкент Давлат университети филология факултетининг журналистика бўлимига келиб қолдим.

Шеърларим аввал туман, вилоят газеталарида босилиб турган бўлса-да, биринчи марта республика газетасида «Ленин учқуни»да «Қушча» деган шеърим босилиб чиққан. Мен шеърим чиққан кун бу газетани «Тўқимачилар саройи» кинотеатрининг «Қизил бурчаги» да кўриб қолганман. Бу орада қанчадан қанча шеърларим, тўпламларим чоп этилди. Бироқ, илк шеърим босилиб чиққан ўша дақиқалар, унинг қувончи сира-сира эсимдан чиқмайди. Балки бу ҳам адабиётдаги биринчи муҳаббат нашъасидир.

Университетда адабий жараён ғоятда қизғин эди. Адабиётимизда из қолдирган ва қолдираётган кўпдан кўп ижодкорлар ўша йиллари дорилфунуннинг турли курсларида таҳсил олишарди. Барчанинг номини санаб ўтиришим шарт эмасдир. Улар ўзлари ёзган таржимаи ҳолларидан билиб оларсиз.

Факултетимизда адабиёт тўгараги муттасил фаолият кўрсатарди. Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов каби устозларимиз биз билан соатлаб машғулот олиб борардилар. Айниқса, Озод Шарафиддинов жуда дадил эди. Москвада бирор асарни қоралаб қолишса, ўша асарни дарҳол ўқиб-ўрганиб, ўзимизча баҳосини берардик. Масалан, бадном қилинган Борис Пастернак ҳақида «у ёмон шоир эмас» деган хулосага келганмиз.

Шеърларим матбуотда тез-тез босила бошлади. Озод аканинг «Оқ йўли» билан «Шарқ юлдузи»да шеърларим чиқди. Ёзувчилар уюшмасида мушоиралардан бирида «Муножотни тинглаб», «Бургут» деган шеърларимни ўқидим, ўша куни Абдулла Қаҳҳор назарига тушдим. Миртемир домла атрофида кўп шогирлари қатори сабоқ олдим. Шайхзодадек донишманд устозга эргашиб у киши шеър ўқиган минбардан мен ҳам шеър ўқидим. Эсимда, Эски шаҳардаги ҳозирги «Турон» кутубхонасида ўқиган шеърларимни тингловчилар жуда илиқ кутиб олдилар. Учрашувдан қайтаётганимизда Шайхзода домла билагимдан тутиб, «Шоир, сизга битта гапим бор. Эҳтиёт бўлгайсиз, ишқилиб қарсаклардан талтайиб кетмасангиз бўлгани» деган. Бу гаплар ҳам менинг қулоғимга қўрғошиндай қуйилиб қолди.

Бу орада китобларим кетма-кет нашр қилинди. Устоз Ғафур Ғулом қатнашган давраларда шеърларини ўз оғизларидан неча-неча бора эшитдим. Бир сафар Ғафур ака элкамга қоқиб, «Кеча телевизорда шеър ўқиган бола сенмисан. Ёзавер ўғлим» деганларини ҳеч қачон унутмайман. Ва ниҳоят бир куни мени Ойбек домла йўқлаётганини айтиб қолишди. Бу улуғ зот беморроқ бўлганлари сабабданми, ёки салобатлари ғоят буюклигиданми, хонадонларига ҳар қандай қаламкаш юрак ютиб боролмас, баҳайбат чўққига боққандай домлани узоқроқдан томоша қилиб юрардик. Ойбек домла билан учрашувларимни ҳамда кечирган ҳаяжонларимни қоғозга туширсам бир рисола бўлар. Домлага «Арманистон» деган шеъримни ўқиб берганимда «ингичка, ингичка» деб қўйганларини эслайман. Бу хитоб шеърингизда нозик қочиримлар бор дегани бўлса керак, деб ўйлайман. Ойбек домла кейинги сафар чорлаганларида қўлимга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзоликка тавсия қоғозини тутқаздилар. Иккинчи тавсия Миртемир домладан келди. Шу йўсинда уюшмага Комил Яшин раисликларида аъзо бўлиб кирдим.

Сўнг турли матбуот идораларида хизмат қилдим, катта-кичик мукофотларга, халқ шоири унвонига сазовор бўлдим. Мустақиллик йилларимизнинг буюк инъоми Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига ҳам лойиқ топишди. Асосий иш фаолиятим ижод ва ижодий соҳага тегишли хизматлар билан ўтаётир.

* * *

Энди очиғини айтганда, камтарингина бир ижодимиз борлиги учунгина юқоридаги таржимаи ҳолимизга эҳтиёж сезилипти. Демак, энди асосий гап ижод атрофида бўлмоғи лозим. Энг аввал шуни уқтириб айтмоғим лозимки (махсус илтимос ёки топшириқ туфайли ёзилган айрим шеърлардан ташқари) менинг деярли ҳар бир шеърим ҳаётдаги маълум бир воқеа, ҳодиса билан боғлиқ, жўнроқ қилиб айтганда, ҳар бирининг турткиси бор. Масалан, «Аёл» деган шеърим урушдан қайтмаган амакиларимнинг беваларига бағишланган. Мен уларнинг изтиробларини кўриб, кузатиб улғайганман. Ёхуд «Ўзбекистон» қасидасининг ёзилишичи? Бунинг ёзилишига нима туртки бўлган, дейилиши мумкин. Гап шундаки, Ватанинг бутун Совет Иттифоқи деб уқтириб турилган бир пайтда, менга Ўзбекистон нима бўлди экан, деган савол юрагимнинг тубида пайдо бўлиб, ҳойнаҳой, «Ватаним — Ўзбекистон» деб шеър ёзган бўлсам, тилимизнинг ҳар қадамда эрга урилаётганини кўриб «Она тилимга» номли шеърни ёзганман. Ишхонамиз ёнида бир сассиқ ҳовуз бўлиб, унда уч-тўртта тилла балиқ оғзини каппа-каппа очганча ўлар ҳолда кун ўтказарди. Бошқа шоирлар қатори ўша балиқларнинг ҳолига ачиниб, мен ҳам «Тилла балиқча» деган шеър ёзиб, балога қолганман. Эмишки, сассиқ ҳовуз деганда совет тузумини назарда тутганман. Демакким, ҳақиқатдан ҳам бир гап бор эканки, арқон уларнинг кўзига илон бўлиб кўринибди.

Ҳозир ўтган йиллар бутун нуқсонлари билан кўзга ташланиб, танқидга учраб турган бир даврда ўтган замондан жабр кўрган «қаҳрамонлар» ҳам оз эмас. Баъзан ўша замонларда қамалган оддий киссавур ҳам ўзини замондан ноҳақ жабр кўрган зот деб эълон қилишни хуш кўради. Лекин собиқ мафкурадан, собиқ сиёсатдан ҳақиқатдан озор чекканлар кўпчиликдир ва уларнинг тарихлари ҳаммамизга маълум. Ҳар ҳолда ўша тазйиқлардан 60-йилларда адабиётга кириб келган ёшлар ҳам бебаҳра қолмаганмиз. Мен бу гапларни зинҳор-базинҳор ўзимни жафо чеккан шўрлик шоир сифатида кўрсатиш учун айтаётган эмасман. Ўша йиллари менинг ёш идрокимни икки-уч савол қаттиқ қийнарди. Биринчиси, нега менинг халқим иккинчи сорт, иккинчиси, нега менинг тилим беобрў, нега менинг Ватаним мавҳум. Нега табиат ато этган ҳис-туйғуларни ҳам ошкора изҳор қилиш мумкин эмас, масалан, яқин қариндошинг ўлса марсия ёзиш мумкин эмас, муҳаббатинг бахтсиз бўлса, надомат чекиш гуноҳ ва ҳоказолар. Энди ўйласам, ҳамма халқлар катта бир йилқи уюри цингари битта қамчининг ишорасига бўйсуниб яшар экан. Нафақат моддий, балки маънавий боқимандалик ҳам худди шу уюрчиликнинг оқибати бўлиб, унинг таъсиридан ҳанузгача кўпчилик қутулолган эмас. Ўша йиллари ёзилган талай шеърлар худди икки томчи сувдек бир-бирига ўхшашлигининг сабаби шунда. Мен бу ўринда бошимдан ўтган турли майда-чуйда тазйиқларни эслаб ўтирмайман. Лекин бир гапни айтмасам бўлмас. Менинг ижодимда ёлғизлик, маҳзунлик туйғулари кўп учрайди, дея дакки беришган ва бунинг сабабини турлича шарҳлашган ҳам. Аслида эса менинг табиатим ўзи шунақароқ бўлса керак. Иккинчидан, мени қийнаган саволларга жавоб тополмай ўртангандирман, учинчидан, шу ҳасад деган балонинг ҳужумига жуда эрта дуч келдим. Буларнинг барчаси сатрларимда қандайдир шаклда акс этган бўлса ажаб эмас. Чунончи, ҳажвий руҳдаги шеърлар ҳам қандайдир сунъий равишда яратилган эмас. Кўп қатори мени ҳам лақиллатган, алдаган одамларнинг сон-саноғи йўқ. Ҳалигидай аччиқроқ шеърларнинг ёзилишига албатта ўшалар сабаб бўлган.

Мен таржимачилик билан ҳам шуғулландим. Ушбу машғулотимнинг энг асосийси Дантенинг «Илоҳий комедия»си деб биламан. Ҳозирча унинг «Дўзах» қисми таржима қилиниб, нашр этилди. Бу асар таржимасига қўл уришимга раҳматли Шароф Рашидов сабабчи бўлганлар. Атрофимизда турли қора ёрлиқлар айланиб қолганда Шароф ака бизни ўзларича муҳофаза қилдилар шекилли ёки ижодни бутунлай ташлаб кетмасин деган хаёлга бордиларми, «Комедия»ни таржима қилишни менга топширдилар. Таржима жарёни мен учун энг улуғ мактаб бўлди. Агар қоғоз устида энг кўп тер тўккан бўлсам, ўша таржима устида тўкканман. Она тилимизнинг нақадар бой эканлигига имон келтирган бўлсам, ўша таржима жараёнида имон келтирганман. Азбаройи таржима асл нусхадан кам бўлмаслиги учун тилимиз бойлигидан имкон борича тўлиқ фойдаланиш учун изландим, тил хазинамиздан сўзлар ахтардим. Бунга нечоғлиқ эришганман, бу бошқа мавзу, бироқ ишондимки, бизнинг тилимиз ҳеч бир муболағасиз жаҳондаги энг гўзал ва энг бадавлат тиллардан биридир. Ўрни келганда ёш шоир укаларимга бир гапни айтиб ўтай, зинҳор битта шеърни бир ўтиришда ёздим деб мақтаниб юрманг, шеър, яъни сўз айрим унли ва ундошларига қадар тинимсиз сайқал топгандагина ва айни чоқда биринчи ёзилишдаги руҳий қуввати ва сеҳрини йўқотмаган тақдирдагина мукаммал асарга айланиши мумкин. Албатта, мен бу камолотга эришганман, демоқчи эмасман. Лекин мумтоз адабиётимизни ўқиб-ўрганиб, Данте сингари шоирларни таржима қилиб шу хулосага келганман. Мен ҳозир тажрибамни эмас, балки орзу-армонларимни айтаётирман.

Аввалги мафкура, айниқса Сталин ҳаётлиги даврида шоирлар шахс сифатида ўз юрагини очолган эмас эди. Кейинги даврдаги муҳит шарофати билан бизнинг авлод шоирлари юракдаги дардларини аста-секин оча бошладилар, бу дардлар халқнинг умумий дардига, халқнинг пинҳона кайфиятига бир қадар мос тушди ва ўқувчилар неча ўн йиллардан буён эшитилмаган оҳангларга қулоқ тута бошлади. Аста-секинлик билан ёлғонни ёзишга умуман эҳтиёж қолмади. Айниқса, Ўзбекистон мустақиллигидан кейин кўпчилигимиз беҳудага лайлак ҳайдаб юрганимиз маълум бўлиб қолди.

Дунёда мавзу шу қадар кўп эканки, уни танлаб олишда муаллиф гоҳо шошиб қолиши мумкин. Масалан, халқимизнинг шонли тарихини ҳали юз-икки юз йилда ёзиб адо қилиш қийин. Лекин ёзувчининг оддий тарихнавис, йилномачидан фарқи бор. У кўпроқ ўз муайян ғояларига мос келувчи мавзуларни излайди. Шу маънода асрлар бўйи камситилган, ҳақоратланган Амир Темур бобомизнинг образи менинг учун халқнинг обрў-эътиборини, қадрини белгиловчи образ бўлиб кўринди. «Соҳибқирон» асаримни ўтмишга боқиб, бугун учун ёзганман.

Узоқ йиллик ижодий тажрибамдан хулоса шулки, ижодкор истеъдодининг даражасидан қатъи назар иложи борича ўзини ёлғон-яшиқдан олиб қочсин. Иложи борича, катта ва кичик ҳақиқатларни бир-биридан фарқлай олсин. Яъни ҳар доим ҳам ўзининг шахсий кечинмаларини бутун бир халқнинг кечинмалари деб эълон қилишдан ўзини тийсин. Аксинча, халқ дардини ўзининг шахсияти филтридан ўтказа билсин. Ўзининг шахсий дардини халқники деб эмас, балки халқнинг дардини ўзиники деб билсин.

Менинг инсон ва ижодкор сифатида бахтим — Ўзбекистонимнинг Мустақиллигини кўрдим.

Tegishli xabarlar

Муаммолар ҳал этилмоқда

admin

Соҳибқироннинг адолат мезони

admin

ИЛМЛИ ҒОФИЛ БЎЛМАС (2-мақола)

admin