ADOLAT 24

Юртдошлари меҳрига сазовор инсон

Ҳамюрт бўлсак-да, Муҳаммад Исмоилни 50 ёшимгача фақат таниқли, яхши ижодкор сифатида танирдим. Чунки мен Сирдарёда эдим, шоир эса пойтахтда фаолият кўрсатарди.

Вилоят халқ таълимига раҳбарлик давримда муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан Гулистон шаҳрида Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева номли ижод мактаби бунёд қилинди. Ўша даврдаги вилоятимиз ҳокими Ғофуржон Мирзаев мактабга ижодкор ҳамда Сирдарёни севадиган шахс раҳбар бўлиши керак, деган талабни қўйди. Кўп ўтмай номзодни ҳам ўзлари топ­ди, бу киши – Муҳаммад Исмоил эди.

Хонамда шоирни раҳбарликка тайинлаганлик ҳақида буйруққа имзо чеккач, ручкани Муҳаммад Исмоилга совға қилиб: “Бу сизга, устоз, чунки энди бу тарихий ручкага айланди, ижод мактабидан ҳали Ҳалима опадек буюк шахс­лар, албатта, чиқади”, дея тилак билдирдим. 

Икковимиз икки ой бир кабинетда ўтириб, ўқитувчи-кадр­ларни изладик, номзодлар билан суҳбатлашдик. Устоз­лар ниҳоятда тўғри танланган экан, уларнинг барчаси ҳозирда ҳам ижод мактабида фаолият кўрсатишиб, тўлиқ олий ва биринчи тоифага эга бўлишди. 

Директор сифатида Муҳаммад ака тезлик билан илк қалдирғочлари – ўқувчиларни ижод оламига олиб кира бошлади, мушоиралар ортидан мушоиралар ўтказди. Мактаб нафақат таълим маркази, балки вилоятдаги маънавий-маърифий масканга айланди. Худойберди Тўхтабоев, Омон Матчон, Сирожиддин Саййид, Эшқобил Шукур, Фарида Афрўз каби атоқли шоир-ёзувчилар маҳорат дарслари ўтишди. Ўзбекистон халқ артистлари Шерали Жўраев, Бобомурод Ҳамдамов, Ортиқ Отажонов ва бошқа қатор санъаткорлар иштирокидаги маънавий-бадиий тадбирлар ҳам кўпчиликнинг ёдидан чиқмаслиги аниқ.

Баъзан менинг кўнглимдан Сирдарё Муҳаммад Исмоилдек катта ижодкорга торлик қилмаяптимикан, деган фикр ўтарди. Бир куни шоирнинг ашаддий мухлиси бўлган Абдушукур акам дангал сўради: “Мен тушунмадим, Тошкентдек ижод “қозони”ни ташлаб, сиздек ижодкор нима мақсадда бу ерга келдингиз, тўғриси, ҳеч тушунмаяпман”. Шоир “Иккита мақсадим бор, аввало, онамнинг ёнида кўпроқ бўлиб, фарзандлик бурчимни бажарсам, иккинчидан, Сирдарёга, мени ўсиб-улғайтирган халқимга яқиндан хизмат қилмоқчиман”, дея жавоб берди.

Муҳаммад Исмоил вилоятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига ҳам тезда киришиб кетди. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати этиб сайланди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, М.Исмоилнинг вилоят кенгашининг сессиясида мактабгача ва мактаб таълими раҳбарига қарата: “Ўзингиз ақли заиф болалар ўқиётган мактаб-интернатга борганмисиз, улар қозонидаги овқатни таъмини биласизми?” дея жуда кескин гапиргани вилоят ҳокимини ҳам ҳушёр торттирганди ва шу тариқа муаммонинг ечими тезлашганди.

Мен Муҳаммад Исмоилдек кенг қамровли ижодкор, ташкилотчи раҳбар ҳамда жуда дилкаш инсон билан бирга ишлаганимдан, ҳамюрт эканлигимдан фахрланаман.

Абдушокир Абдураҳмонов,

халқ депутатлари Сирдарё вилояти 

Кенгаши депутати, Кенгаш котибияти мудири

Tegishli xabarlar

Дори-дармонлар савдоси талаб даражасидами?

admin

Бу йил қишда электр таъминотида узилишлар кузатиладими?

admin

Вакцина олинг ва ўз саломатлигингизни асранг!

admin