ADOLAT 24

Аср эпидемияси: НОМОФОБИЯ

Мобил қурилмалар бугун кичик ёшли болаларнинг севимли овунчоғига айланиб улгурди. Ота-оналар болаларининг турли инжиқликлари ва хархашаларини тинчитиш учун қўлига телефон тутқазиб, ўзлари турли юмушлар билан банд бўлади. Энг қизиғи, 3 ёшли фарзандининг гаджетлар билан бемалол муомала қилаётганидан фахрланиб ҳам қўяди.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан телефонга қарамлик касаллик сифатида баҳоланмоқда. Болаларда телефонга қарамлик жисмоний саломатликка ёмон таъсир этиши билан бирга, боланинг руҳий ривожланишини ҳам кескин ўзгартириб юбориши мумкин. Бундай болалар қаттиқ қўрқув, хавотир, тушкунлик, жиддий безовталик кайфиятида бўлишади.

Ушбу касалликда шахснинг ривож­ланиши орқада қолади. Уларда мақсад йўқлиги, агрессивлик, ортиқча жазавага тушиш кузатилади. Фақат телефондаги виртуал ҳаёт таъсирида бўлишади. 

Шу боис, ҳар нарсанинг меъёри бўлгани каби, гаджетлардан фойдаланишда ҳам маълум талаблар бўлиши керак. Зеро, виртуал оламга қаттиқ боғланиб қолиш инсоннинг физиологик ва руҳий саломатлигида жиддий муаммоларни юзага келтириши мумкин.

Тўғри, ХХI аср – ахборот технологиялари, инновациялар асри деймиз. Бу яхши, албатта. Чунки инновациялар, технологиялар жамиятимизнинг ривожи, равнақи учун хизмат қилади. Шу билан бирга, янги асрда янги касаллик – номофобия вужудга келгани кишини ўйлантиради. Хўш, бу ўзи қандай касаллик?

Айтиш жоизки, номофобия (мобил фобия) телефонсиз қолиш қўрқуви ҳисобланади. Даволаш мумкин бўлган хасталиклардан ҳам хавотирлироқ бу касаллик аср вабоси, деб тан олинган. Шу сабабли дунёнинг кўп­лаб давлатларида бу касалликни аниқлаш ва даволаш устида муайян ишлар олиб борилмоқда.

Тадқиқотларга кўра, рақамли қурилмалардан кўп фойдаланадиган ўқувчиларда руҳий ва жисмоний хатти-ҳаракатларнинг бузилиши, асаб тизими касалликларининг юқори даражада тарқалиши, қон айланиш тизими, нафас олиш тизими касаллик­лари, овқат ҳазм қилиш тизимидаги муаммолар, умуман, турли касалликларнинг юқори даражада тарқалиши кузатилган.

Шу нуқтаи назардан, бугун болаларда телефонга қарамликнинг олдини олиш жуда долзарб масаладир. Лекин айрим ота-оналар смартфонларнинг ёшлар саломатлигига жиддий хавф туғдираётганини била туриб, бу масалага панжа ортидан қараётгани таассуфлидир.

Болалар бизнинг келажагимиз, эртамиз давомчилари ҳисобланади. Улар билан ҳаётимиз обод, кўнг­лимиз чароғон. Шундай экан, бугун биз тарбиялаётган фарзандлар келгусида руҳий жиҳатдан кимгадир қарам, лоқайд, бефарқ кимсалар бўлиб эмас, балки ҳар томонлама соғлом, баркамол, Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўша оладиган авлод бўлсин. Бу эса, энг аввало, ота-оналар, кенг жамоатчилик ва сизу бизга боғлиқ.

Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

Мақсадимиз — ҲАМЮРТЛАРИМИЗНИ РОЗИ ҚИЛИШ

admin

So‘z Qurultoy ishtirokchilariga

admin

Бор меҳримиз сенга, болажон!

admin