ADOLAT 24

ОБОД ЮРТДА файзу барака бўлади

Баҳорни наманганликлар оппоқ бодом гуллари билан қарши олишди. Айни қиш чилласида гул кўрсатган дарахтлар аямажуз тажовузига бардош бериб, ғунчаларини сақлаб қолди. Бугунги кунда қийғос гулга кирган боғларда асаларилар ғужғон учиб, бол йиғишга киришган. Гуллар шаҳри ва туманлар марказидаги йўл четлари ва хиёбонлар аллақачон кўзни қувнатадиган даражада баҳорий қиёфага кириб улгурган.

Бу йил ҳам мўл ҳосил етиштиришни ният қилган деҳқону боғбонлар дарахтларга шакл бериш, кўчат экиш ва ариқларни тозалаш, бетонлаш, буғдой майсаларига ишлов бериш, тўқсонбос­ти экинларни парваришлаш, далаларини экишга ҳозирлаш каби қатор ишларни бошлаб юборишган. Ҳадемай, ҳамал бошланиб, Наврўз кириб келади. Азалдан байрам сифатида нишонланадиган Наврўз олдидан халқимиз кенг кўламда ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширади. Бунга миришкор гулчилар алоҳида ҳисса қўшадилар. 

Бош вазир фармойишига кўра йилнинг 16-18 март кунлари “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилишини ҳам халқимиз якдиллик билан маъқуллаб, тадбирда уюшқоқлик билан иштирок этишга шай туришибди. 

“Яшил макон” умуммиллий лойи­ҳаси доирасида ўтказилган кузги кўчат экиш мавсумида Тошкент вилоятидан ўтиш қисмидан бошлаб токи Наманган шаҳрига қадар – Поп, Чуст ва Тўрақўрғон туманлари ҳудудидаги йўлнинг икки четида 6,5 миллион туп кўчат ўтқазилганди. Эртанги кунда бўлиб ўтадиган хайрия ҳашарида ҳам маҳаллалардаги кўча ва ҳоли жойларга ниҳол экиш, атрофни ободонлаштириш ишлари кенг кўламда давом эттирилади, соғлом турмуш тарзи ҳамда санитария-гигиеник маданият тарғиб қилинади. Муборак Рамазон ойи кириб келгани боис аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари қўллаб-қувватланмоқда. 

Фармойишга кўра хайрия ҳашарини ўтказиш доирасида “Маҳалламга 10 туп дарахт – менинг туҳфам” шиори остида барча турар жой мавзелари ва маҳаллаларда иқлим шароитига мос ҳамда суғориш тизимини ҳисобга олган ҳолда дарахт кўчатлари экиш; аҳоли пунктларида қаровсиз қолган дарахтларни сақлаш ва парваришлаш, боғлар камини тўлдириш, ҳудудларда дарахтлар экиш ишларига аҳолининг банд бўлмаган қатламини ихтиё­рий асосда жалб қилиш; ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмак­лашиш; маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли турар жойлар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтириш; ободонлаштириш ишларини ўтказишда тўпланган чиқиндиларни маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида алоҳида белгиланган жойларга олиб чиқилишини таъминлаш каби ишларни амалга ошириш кўзда тутилган. Бунда, албатта, партиянинг вилоятдаги туман ва шаҳар кенгашларининг аъзолари, аёллар ва ёшлар қаноти фаоллари, депутатлар сидқидилдан иштирок этадилар. Чунки юрт ободлиги, кўкаламзорлаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўмак бериш, соғлом турмуш тарзини яратиш каби масалалар «Адолат» социал-демократик партиясининг дас­турларида ҳам кўзда тутилган. 

Маълумки, иқлим ўзгаришлари ёз фаслида ҳароратнинг юқорилашига, қурғоқчилик чанг-тўзон кўтарилишига, сув тақчиллиги озиқ-овқат маҳсулотларининг камайишига, чиқиндиларнинг кўпайиши ҳавонинг ифлосланишига олиб келмоқда. Халқимизда обод юртда файзу барака бўлади, деган гап бор. Шунинг учун азалдан халқимиз баҳор фаслида оммавий ҳашар ташкил этиб, ободончиликка катта эътибор қаратган. Мамлакат миқёсида ташкил этилаётган умумхалқ ҳашари ҳам иқлим ўзгариши туфайли содир бўлиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Президент ташаббуси билан яшил иқтисодиётни ривожлантириш, озиқ-овқат хилма-хиллигини ошириш ва мўл-кўлчиликни таъминлаш ниятида қир-адирларда, тоғ ёнбағирларида, йўл бўйларида узумзорлар, сархил мева етиштириладиган боғлар, соя-салқин берадиган, мусаффо ҳаво билан таъминлайдиган дарахтзор ва бутазорлар барпо этилгани мамлакат миқёсида катта воқеа бўлди. 

Эндиликда ана шу меҳнатнинг ҳузурини кўрадиган, ҳаловат топадиган, ҳосилидан, соясидан баҳраманд бўладиган палла етиб келди. Демак, ҳар биримиз катта харажат ва заҳматлар эвазига бунёд этилган боғу роғлардаги ҳар бир ниҳолни кўз қорачиғидай асрашимиз, авайлашимиз, уларнинг ёнига яна бир ниҳол қадашимиз ва зарар етказадиган омилларнинг олдини олиш йўлида жипслашишимиз керак бўлади. Экилган ниҳол фарзанддай бўлиб қолади. У токи ўз қаддини тиклаб, кўкка бўй чўзгунча қаровга, эътиборга муҳтож бўлади. Эккан ниҳолимиз мева берса – дастурхонимизга файз, соя берса – жисмимизга ҳузур бағишлайди. Юртимизда ўтказилажак умумхалқ ҳашарига табиатсевар, шижоатли партиядошларимиз ҳам муносиб ҳисса қўшишларига шак-шубҳа йўқ. Ҳашар ҳам қадрият. Бизнинг аҳиллик билан қилаётган ишимиздан ёш авлод, албатта, ибрат олади ва келажакда эзгу амал қатори халқона тадбирларни давом эттиришади. 

Исроилжон ЖЎРАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз. (Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидан…)

admin

Энтони ХОПКИНС: Бахт бу танловдир

admin

ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИЛАРИ ВА ФАХРИЙЛАРИНИНГ МОДДИЙ ТАЪМИНОТИНИ ЯХШИЛАШ ҲАМДА ЁЛҒИЗ КЕКСАЛАР ВА НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА

admin