ADOLAT 24

Аёл судьялар — адолат ва матонат тимсоли

Адолатнинг қарор топишида суд ҳокимиятининг ўрни катта. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида кенг ва чуқур ислоҳотлар ўтказиш масаласига Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан алоҳида эътибор қаратиб келинади. Айниқса, суднинг мустақиллиги, инсон ҳуқуқларининг юксак даражада қадрланиши масалаларида суд ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ўзаро самарали ва фаол ҳамкорлик қилиш, мазкур йўналишларда таклифлар ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш чораларини кўриш партиянинг устувор мақсадларидандир. Партиянинг Сайловолди дастурида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга бағишланган бир қанча муҳим таклифлар ўрин олган.

Жорий йилнинг 5 март куни пойтахтимиздаги “HILTON” меҳмонхонасида ўтказилган “Аёл судьяларнинг одил судловни таъминлашдаги ҳиссаси” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этган партия Сиё­сий Кенгаши раиси Робахон Махмудова мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ижобий ислоҳотларга тўхталар экан, партия соҳада аёл судьялар мақоми ва нуфузини ошириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилувчи бу каби лойиҳаларни давлат ва жамият ҳаётида адолат тамойили тантанасини таъминлашнинг зарурий шартларидан бири сифатида юксак баҳолашини таъкидлаб ўтди.

Айтиш жоизки, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-west management institute” НТТ Ўзбекис­тондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойи­ҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу халқаро конференция 10 март “Халқаро аёл судьялар куни” муносабати билан бу йил юртимизда учинчи бор ўтказилмоқда.

Мазкур анжуманда мамлакатимизнинг аёл судьялари билан бир қаторда, Қирғизистон ва Грузия давлатларидан хорижий эксперт сифатида таклиф этилган аёл судьялар ҳам фаол иштирок этишди. Олий суд раиси ўринбосари Халилилло Тўрахўжаев ва Судьялар олий кенгаши раисининг ўринбосари Алишер Жалиловларнинг кириш сўзлари билан бошланган анжуман Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенг­лик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) нинг Ўзбекистондаги миссияси директори ўринбосари Эдвард Михалски ва “East-west management institute” нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали директори – “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси раҳбари Соня Прос­тран хонимлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, мамлакатимизда аёл судьяларимиз томонидан амалга оширилган самарали ишлар борасидаги эътироф ва байрамона таб­риклар билан янада ўзгача мазмун касб этди.

– Шарқона тафаккурда, туркий халқларда, аёлларнинг жамиятдаги мавқейи жуда баланд бўлган. “Турк хоқонлар имзо чекаётганда “султон ва унинг хотунининг амри билан” деб имзо чекканлари кўпгина тарихий манбаларда баён этиб ўтилган.

Мана, уч йилдан буён мамлакатимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 2021 йилдаги №75/274-сонли Резолюциясига кўра, 10 мартни – Халқаро аёл судьялар куни сифатида кенг нишонлаш яхши анъанага айланди. Бу эса қадим шарқ анъаналари бугунги кунда мамлакатимиз аёлларига кўрсатилаётган эҳтиром давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги билан ҳануз бардавом эканлигидан далолат беради, – деди “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова судья аёлларни касб байрамлари билан муборакбод этиб сўзлаган нутқида.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз суд тизимида фаолият юритаётган аёл судьялар ўзларининг юксак билими, ақл-заковати билан жамиятда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлигини таъминлашдек шарафли ишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Қолаверса, бугунги кунда Ўзбекис­тонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичи айнан суд-ҳуқуқ соҳасини янада такомиллаштиришга қаратилганлиги билан, бу жараёнда аёлларга хос сезгирлик, адолатпарварлик ва холислик нуқтаи назаридан, хотин-қизлар иштирокини янада оширишни тақозо этмоқда. Зотан, судьянинг вазифаси фақатгина ҳукм чиқариш билангина боғлиқ эмас. Улар томонидан чиқарилган ҳар қандай ҳукм инсонлар ҳаёти ва тақдирига бевосита дахлдордир.

Тадбир давомида хорижий эксперт сифатида иштирок этган аёл судьялар мамлакатимизда гендер тенглик масаласида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, келажакда юртимизда мазкур соҳада амалга оширилиши назарда тутилаётган янги лойи­ҳалар мазмун-моҳиятини бойитишга хизмат қилувчи халқаро тажрибалари борасида анжуман иштирокчилари билан ўзаро фикр алмашдилар.

Ўзбекистонда бугунги кунда 199 нафар аёл судья фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 26 нафари раҳбар судьялик лавозимига тайинланган. Мазкур статистика, мамлакатимизда гендер тенг­лик масаласи сезиларли равишда тараққий этиб бораётганининг яққол исботидир.

Конференция кун тартибига киритилган мавзулар қаторида судьялик лавозимига хотин-қизларни тайёрлаш масаласи ҳам муҳокама этилди.

Анжуман доирасида одил судловни амалга оширишдаги самарали меҳнати учун 10 нафар аёл судья Олий суднинг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши томонидан суд тизимида юксак обрў-эътибор қозонган, судьялик бурчини бенуқсон ва ҳалол амалга оширган, жамиятда одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва ёш судья кадрларни етиштиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган 1 нафар аёл судьяга “Суд фахрийси” кўкрак нишони, 1 нафар аёл судьяга эсдалик совғалари топширилди.

Конференция сўнгида анжуман давомида муҳокама этилган масалалар атрофлича таҳлил этилиб, билдирилган фикр ва мулоҳазалар асосида бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

ИНСОН ҚАДРИ ТАМОЙИЛИ АСОСИДА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОННИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА КАТТА МАРРАЛАР БЕЛГИЛАНДИ

admin

Донорлик акцияси давом этмоқда

admin

Ғафлатдан  уйғонайлик…

admin