ADOLAT 24

Соҳада инновацион жараён юзага келса… Кимга зарару, кимга фойда?

Ҳар кунгидай эрталаб соат еттида ишга отланган чоғимда машинам бўлмаса ҳам хаёлимдан «Газ қуйиш шохобчалари ишга тушдимикин?» деган савол ўтди. 

Катта йўл бўйига чиқиб, автобусдан дарак бўлавермагач, йўловчи машина кута бошладим. Онда-сонда ўтган машиналарга «олиб кетинг» дегандек қўл ҳаракати билан ишора қиламан. Ҳайдовчи бош чайқаб ўтиб кетади. Совуқ таъсир қила бошлади. Охири бир машина келиб рўпарамда тўхтади. «Шаҳаргами?» дедим. «Чиқинг!» деди. Йўл-йўлакай суҳбатлашиб кетдик. «Машина кам. Зап­равка очилмабди, шекилли, а?» дедим. Ҳайдовчининг юзида чарчоқ аломати сезилиб турарди. Оғир хўрсинди: «Юрмасак бўлмайди, ака. Тирикчилик. Бола-чақани боқиш керак. Кеча «газ заправка ишга тушармиш», деган хабарни эшитиб, тунда, соат иккида бориб навбат олдим. Эрталаб соат олти бўлганда навбатда турган машиналар силжий бош­лади. Босим паст экан. Соат саккиз бўлганда заправка ёпилди. Шунақа алам қилдики…». 

Мен ҳайдовчини юпатишга уриниб: «Қиш фасли-да! Февраль тугаяпти, эрта-индин ҳаво илиб кетса, ҳаммаси изига тушиб кетар», дедим. 

«Бир нарсага тушунмайман, – деди ҳайдовчи, – газ йўқ деган билан ижтимоий тармоқда тарқатилган хабарларни ўқиб бошим қотади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари Сирдарёдаги газ қуйиш шохобчаларидан бирида ҳисоблагич ускунасидан ташқари табиий газга уланиб, яширинча газ сотиб, давлатга 62 миллиард 488 миллион сўм миқдорида зарар етказганларни қўлга олишибди».

 Мен бош чайқадим: «Шундай пайтда виждонсизлик қилиб, халққа зиён, давлатга зарар етказаётганлар ҳам йўқ эмас. Мана, ҳақ қарор топибди-ку! Улар энди қонун олдида жавоб беришади».

«Лекин, – деди ҳайдовчи, – бунақалар битта эмас. Қўлга тушганлар қонун олдида жавоб берар, бироқ қандай жавоб берганини, кимлар, қандай жазога тортилганини халқ ҳам билиши керак. Ҳали у туманда, ҳали бу туманда газдан, электрдан ўғринча фойдаланганларнинг қўлга тушгани, фалон миллиард ёки фалон миллион сўм зарар етказди, деган шахсларнинг кимлиги ошкор этилсин-да».

Ҳайдовчи билан долзарб мавзуда суҳбатлашиб қолиб, манзилга етиб келганимни ҳам сезмай қолибман. 

Тушаётиб йўл кира учун пул узатдим. Ҳайдовчи «Акахон, хафа бўлмайсиз, қайтим беролмайман. Рози бўлинг. Машинага қиммат бензин қуйганман», деди. Мен ҳайдовчини хижолатдан қутқариш учун: «Майли, мен розиман. Кўпга келган тўй. Бошга тушган қийинчиликни биргалашиб енгамиз», дедим.

Йўлнинг нариги бетига ўтиб, бош­қа бир уловга ўтирдим. Бу тез­юр­ар микроавтобус бўлиб, унинг ичи одамга тўлиб бўлган экан. Бу ерда ҳам йўловчилар оғзида «газ» масаласи сақичдек чайнала бош­ланди. «Ишга бориб, келиш қийин бўлиб кетди». «Газ заправка очилмабдими?». «Очилганда битта уловга шунча одам тиқилиб олармиди?». «Ҳўв шопир, тўхтатиб юборинг!». «Орқа эшикдан…». «Ие, телефоним йўқ, ўғри уриб кетибди, шекилли?». «Ҳушёр бўлсангиз бўлмайдими?». «Шу тиқилинчда қандай ҳушёр бўламан?». «Ўғри шунақа вазиятдан фойдаланади». «Ўғри ўғрининг ёнини олади. Ҳали биттаси «Газ билан нима ишинглар бор. Давлат қачон хоҳласа, ўшанда беради. Битта автобусда иккита автобуснинг одами мазза қилиб кетяпти. Буям кимгадир фойда келтиради», деганди. Назаримда ўша одам ўғри бўлса керак…»

Йўловчиларнинг бир-бирини юзини кўрмасдан кун муаммоси ҳақида гаплашиб кетаётганлиги кулгимни қистатди. Халқимиз содда ва самимий. Ҳеч гина қилишни билмайди. Оғзига келганни гапириб, ичини бўшатиб оладида, ўз манзилига етганда тушиб қолади. Ғала-ғовур, тиқилинч сўнгги бекатгача давом этди. 

Ишхонага хижолатда кириб бордим. Деворга илиб қўйилган соатга кўз қиримни ташладим, миллар ўнга яқинлашиб қолганди. Тўрт кишилик хонада икки киши ўтирган экан. Ҳол-аҳвол сўрашдик. «Қийналмай келдингизми? – деди шаҳарлик опа. – Сизларга қийин. Ҳаво совуқ. Бунинг устига газ йўқ. Ҳалигача компьютерчидан ҳам дарак йўқ. Кеп қолар…».

Оҳиста ўз курсимга ўтириб енгил тортдим. Сўнг янгиликлардан воқиф бўлиш мақсадида ижтимоий тармоқларда ёритилган хабарларга кўз югуртира бошладим. 

Хўш, бугунги мавзуга алоқадор кандай хабарлар берилди экан? 25 февраль. «Хоразмда 3,3 миллиард сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган фермер хўжалиги аниқланди. 

Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун тегиш­ли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди».

«Тошкентда… «Ўзбекнефтегаз» АЁҚШларида 26 февралдан АИ-80 бензинининг нархи 200 сўмга кўтарилиб, 7000 сўм этиб белгиланди».

27 февраль. Бухоро вилоятида қонунга хилоф равишда «майнинг ферма» фаолияти билан шуғулланиб, бирида давлатга 531,4 миллион сўм, иккинчисида 328,7 миллион сўм зарар етказганларга жиноят иши қўзғатилган.

«Фарғона ва Қўқон шаҳарларида 1 миллиард 329 миллион сўмлик электр энергиясини талон-тарож қилган ноқонуний «майнингчи»лар аниқланди. Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда».

Ва ниҳоят… «Тошкент вилоятидаги «метан заправка»да ҳайдовчилар газ учун навбат талашиб, уришиб кетгани ва бу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида»ги хабарлар билан танишиб чиқдим. 

Нима ҳам дердик, қайси соҳада назорат суст, эътиборсизлик пайдо бўлган ёки тил бириктириш ҳолати юзага келса, ўша жойда, албатта, халқ ва давлат мулки талон-тарож бўлиши муқаррар. Газ ва электр муаммоси ҳар йили куз-қиш мавсумига келгандан авжига чиқади. Электр ўчирилмайди, газ таъминотида узилиш бўлмайди, деб ваъда берилган билан фавқулодда ҳолатлар ёки бошқа сабаблар туфайли кутилмаган муаммоларга дуч келиш мумкин. Лекин ҳар қандай ҳолат юзага келган чоғда ҳам эҳтиёт чорасини кўриб, иқтисодиётга зарар етмайдиган, халққа мушкуллик туғдирмайдиган инновацион йўлларни излаб топиш мутасадди ташкилотларнинг бурчи ҳисобланади. Ўтган давр мобайнида газ ва электр таъминотидаги узилишлар туфайли қанчадан-қанча иш соатлари йўқотилди, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳаж­ми камайди, талабалар, ўқувчилар таълим даргоҳига кечикиб боришди, ўзлаштиришдан орқада қолиш ҳолатлари юзага келди. Маҳсулот ва хомашёларни етказиб бериш учун харажатлар миқдори ортиб кетди. Оила таъминоти учун жамғарилган ёки ажратилган маблағлар йўлкирага сарфланди. Бундан кимга зарар-у, кимга фойда? 

Аслида бу муаммолар янгилик эмас. Халқимиз ёзда берилган ваъдаларга ишониб, бу йил қишда зора яхши бўлса, деб умид билан яшайди. Лекин, афсуски… 

Мазкур муаммонинг моҳиятини чуқур тушуниб етган, унинг самарали ечимларидан бирини амалиётга жорий этиш ташаббуси билан чиққан “Адолат”чилар барака топишсин. Партия ҳар бир газ қуйиш шохобчалари ҳақида маълумотлар умумлаштирилган онлайн ахборот тизимини яратиш ва тизимли фаолиятини йўлга қўйишни таклиф этмоқда. Ушбу тизимда шохобчаларнинг ишлаш вақти, ишлаётгани ёки ишламаётгани, айни ҳолатдаги ёқилғи қолдиғи ва бошқа маълумотлар акс этади. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутати Д.Ҳамзаев томонидан Энергетика вазирлигига айни шу мавзуда депутат сўрови киритилгани ҳам айни муддао бўлди. 

Зеро, бу кечиктириб бўлмайдиган масала. Агар Энергетика вазирлиги томонидан истеъмолчилар газ қачон етказиб берилиши ва қанча заҳира борлиги тўғрисида хабардор қилиб борилса, муаммо оз бўлсада камая­ди. Онлайн маълумот олиш тизимини йўлга қўйилиши натижасида ҳайдовчилар вақтини кутиш билан ўтказмай, режа асосида иш юритади. 

Дарҳақиқат, партия таклиф этаётганидай, озгина изланиб, мутасаддилар ёрдамида соҳада рақамлаштиришни йўлга қўйиш баробарида газ ва электр энергияси босими ва кучланиши ҳақида, айниқса, газ қуйиш шохобчаларининг ишлаш кетма-кетлиги ҳақидаги маълумот ва ҳисоботларни онлайн тарзда аҳолига етказиш тизими ишлаб чиқилиб, ахборотлар очиқланса, кўнгилдагидай иш бўларди. 

Ушбу тизим муваффақиятли йўлга қўйилса, ҳам аҳоли рози бўлади, ҳам ортиқча харажатлар ва оворагарчилик­ларнинг олди олинган бўларди. 

Муҳиддин ОМАД,

журналист

***

Ечимини кутаётган муаммо

Айни кунларда эрталаб уйдан чиқар экансиз, кунлик қиладиган ишингиздан аввал газ ва электр энергия ҳақида ўйлайсиз. Ҳавонинг совуб кетиши натижасида газ босимининг пасайиши оқибатида автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фаолиятига вақтинчалик чекловлар ўрнатилмоқда. Устига устак, электр энергиясидаги узилишлар чеклов вақтини узайтиряпти. 

Автомобилларга газ қуйиш шохобчалари олдидаги турнақатор машиналар ташвишингизни оширади. Савол туғилади: бу ҳолат қачонгача давом этади? Биз қандай даврда яшаяпмиз? Инновация, рақамлаштириш ҳақидаги гаплар наҳот бу масалага масъул идораларнинг раҳбарларига тегишли бўлмаса?

Яшириб нима қилдик, биргина газ қуйиш шохобчаларида бир неча кундан буён давом этаётган бундай ҳолат айрим кўнгилсизликларга ҳам сабаб бўлмоқда. Ҳайдовчиларнинг жанжаллари, кутилмаган автотўқнашувлар, йўл ҳақининг оширилиши, вақт йўқотишлар…

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари томонидан Энергетика вазирлигига айни шу мавзуда депутат сўрови киритилгани айни муддао. Бу кечиктириб бўлмайдиган масала.  

Муаммо жуда тез ечимини топиши зарур. Чунки бу истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баробарида жамоатчиликни рози қилишга олиб келади.

Яна бир гап. Яқинда “Adolat” газетасида берилган “Қачонгача ҳукуматдан нолиймиз” сарлавҳали мақолада газ ва электр энергия таъминотини яхшилаш борасида давлатимиз томонидан қилинаётган ишлар ва истеъмолчиларнинг ноқонуний ҳаракатлари кўтарилганди. Назаримда ҳамон бу муаммо ҳам ечимини кутяпти. Тегишли соҳа раҳбарлари олдига талаб қўйишга қўйяп­миз. Ўз масъулиятимизга келганда бефарқмиз. Ахир истеъмол қилинган газ ва электр энергия учун вақтида тўловни амалга ошириш ҳам юқорида биз айт­ган муаммонинг ечимига олиб келмайдими?  

Акбаржон Назаров,

Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби

***

Мудраётган мутасаддилар

Сўнгги пайтларда партиямиз ижтимоий тармоқларда ва «Адолат» ижтимоий-сиёсий газетасида қатор муаммоли масалаларга жиддий ёндашиб, жамият ҳаётида бугунги тарақкиётимизга ғов бўлаётган масалаларни ўртага ташлаётгани, уларга кенг жамоатчиликнинг эътиборини қаратаётгани қувонарли ҳол.

Ушбу жараёнда партия матбуот хизматидан тортиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатларимиз, партия фаоллари, жамият ривожига бефарқ бўлмаган ватандошларимиз ўз чиқишлари билан иштирок этмоқда.

Жумладан, ўтган ҳафта кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлаётган газ қўйиш шохобчалари фаолиятига қуйилган вақтинчалик чекловлар масаласи бўйича партия ўз муносабатини билдирди, ушбу масала бўйича Энергетика вазирлигига Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси депутат сўрови киритди.

Албатта, фуқаролик жамияти ривожида партиялар уйғоқлиги, депутатлар фаоллиги ва жамоатчилик назорати юксак аҳамиятга эга.

Партиямиз ўз Сайловолди дастурида илгари сурган «Рақамли технология­ларга асосланган инновацион миллий иқтисодиётни барпо этиш» мақсадига содиқ қолган ҳолда, муаммони кўтариш билан бирга, унинг ечими бўйича ҳам аниқ таклифларини илгари сурмоқда.

Ҳақиқатан ҳам биз бугун янги технологиялар асрида яшаб, оддий газ қуйиш шохобчаларидаги навбатни тўғри йўлга қўя олмасак, бу ҳалигача соҳага масъул бўлган мутасаддилар мудраётганлигидан далолат бермайдими?

ОАВ орқали электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланишлар, ўғирликлар ҳақида кўплаб эшитамиз. Лекин қўлланилаётган жазо чоралари қаттиқ бўлаяптими? 

Мана шундай аччиқ саволларга тўғри жавоб олиш — бугунги кун талаби.

Тўғри, қиш мавсуми ов-ҳаво совуб кетиши, турли ноқулайликлар келтириб чиқариши аниқ. Бироқ муаммога ақл билан ечим топишнинг зарурий чораларни кўриш вақти келди.

Табиий бойликлар чекланган, уни асраб-авайлаш, келгуси авлодлар истиқболига хизмат қилишига ҳам эришишимиз керак. Бунинг асосий омилларидан бири, ёнимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ қарамасликда, лоқайдликнинг олдини олишда.

Электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланаётганлар сиз билан бизнинг орамизда яшаётган қўшнимиз, маҳалладошимиз эмасми?

Қачонгача бизнинг лоқайдлигимиз сабаб бутун жамият азият чекиши керак? Азиз замондошим! Биз бугун эркин фуқаролик жамияти аъзосимиз. Фуқаролик жамияти эса лоқайдликка асло тоқат килолмайди.

Ривож Отарбаев,

халқ депутатлари Чимбой туман Кенгаши депутати

***

Тизим рақамлашиши керак

Қашқадарё вилоятида умумий ишлаб чиқариш ҳажми 69,3 МВт бўлган кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатиш орқали бир йилда қўшимча 77,4 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинган. 

Айни пайтда 3 минг 450 та аҳоли хонадонидан ташқари, 495 та ижтимоий соҳа ва бошқа бюджет ташкилотлари, 3 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъект­лари объектларида қуёш панеллари ўрнатилиши борасида ишлар олиб борилаяпти. Вилоятимизда сўнгги беш йил давомида аҳоли хонадонлари сони 160 мингтага кўпайди, корхоналар сони эса 29 минг тадан 42 мингтага етди. Уларнинг умумфойдаланишдаги электр тармоқларига уланиши ўз-ўзи­дан қувват ишлаб чиқаришга бўлган талабни кескин ошириб юборди. 

Кейинги кунларда об-ҳавонинг совиши натижасида электр энергияси ва табиий газ таъминотида узилишлар бўлаётганлиги кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлаётир. Айниқса, ёқилғи қуйиш шохобчаларида асоссиз нав­батларда туриб, кўп вақт йўқотаётган фуқаролар норозилиги ортмоқда. 

Аҳолига табиий газ, электр энергияси катта қийинчиликлар эвазига етказиб берилаётганига қарамай, айрим олғир фуқаролар табиий бойликлардан ўғринча, ноқонуний фойдаланиб давлатга миллиардлаб сўм зарар келтираётгани ҳам бор ҳақиқат. Бундай нохуш ҳолатларга йўл қўяётган қонунбузарларни деярли ҳар куни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳуқуқ тартибот идоралари вакиллари халққа ошкор қилишяпти. 

Табиий газ, электр энергиясидан тежаб-тергаб фойдаланиш юзасидан “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят кенгаши фаоллари ва депутатлар билан шу кеча-кундузда аҳоли орасида кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилшод Ҳамзаев томонидан Энергетика вазири номига аҳолида энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириш ва ёқилғи қуйиш шохобчаларида хизмат кўрсатишда замонавий рақамли технологияларни жорий этиш ҳақида депутатлик сўрови юборилди. 

Ўйлаймизки, тез кунларда газ қуйиш шохобчаларидаги тирбандликлар олди олинади. Аҳолининг табиий газ, электр энергияси таъминотидаги узилиш­ларга барҳам берилади. 

Қўйли Нарзуллаев, 

халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгаши депутати

Tegishli xabarlar

Янги қонун кучга кирди

admin

Халққа хизмат — давр талаби

admin

САБОҚ

admin