ADOLAT 24

Маҳаллий Кенгашлар ривожланса,  ислоҳотлар самарадорлиги ошади

Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шу жумладан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолиятини кучайтириш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини ошириш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.

Президентимизнинг шу йил 2 февралда имзоланган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам ана шу мақсадга йўналтирилгани билан муҳим аҳамиятга эга.  

Дарҳақиқат, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни ислоҳ қилиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, мавжуд глобал муаммоларга ечим топиш, барча жаб­ҳада бошлаган ислоҳотларимизни изчил давом эттириш, тинчлик ва хавфсизликни барқарор таъминлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекис­тонни кучли ижтимоий давлат сифатида шакллантириш, аҳолиси юқори турмуш даражасига эга ривож­ланган мамлакатлар қаторига олиб чиқишга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асос­лар яратилиб, ҳаётга татбиқ этилаётир.  

Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари, маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилгани ҳокимият бўлинишига оид конституциявий тамойилнинг маҳаллий даражада ижросини таъминлашда муҳим қадам бўлди. Натижада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан назорат функциялари кенгайтирилиб, уларга кўплаб янги ваколатлар берилди. Айни чоғда прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ, экология ва соғлиқни сақлаш органлари фаолияти чегараси белгилаб қўйилди.  

Бугунги кунга келиб “Ўзбекис­тон-2030″ стратегиясида белгиланган мақсадлар, яъни, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқнинг чинакам “хизматкорига” айлантириш, ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида йўлга қўйиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда.  

Шу ўринда айтиш жоизки, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларини тизимлаштириш ва функцияларини кенгайтириш мақсадида уларнинг давлат ҳамда жамият бошқарувидаги ролини ошириш, маҳаллий давлат ҳокимиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, ушбу органлар фаолиятини “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ташкил этишга доир қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.  

Фармонда буларнинг барчаси ўз ифодасини топган. Айни чоғда унда Олий Мажлис Сенатига Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда 2024 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Концепцияда маҳаллий Кенгашларнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш, маҳаллий Кенгашлар, уларнинг органлари ва депутатларнинг назорат фаолиятини такомиллаштириш билан бирга самарали назорат тизимини шакллантириш, маҳаллий Кенгашлар томонидан жамият манфаатларига доир муҳим ва долзарб масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенатига таклифлар ва стратегиялар киритиш механизмини ишлаб чиқиш, маҳаллий Кенгашлар қарорларини тайёрлашда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини рақамлаштириш ва бюрократияга қарши-кураш чораларни белгилаш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ўзаро ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш каби ваколатлар белгиланиши кўзда тутилмоқда.  

Шунингдек, мазкур фармонда ривож­ланган мамлакатлар тажрибасидан унумли фойдаланиш учун сўз юритилаётган концепцияни ишлаб чиқиш жараёнига хорижий давлатлар етакчи экспертларини жалб қилиш назарда тутилган бўлиб, бу ўз самарасини бериши, шубҳасиз.  

Эътиборлиси шуки, 12 та кодекс, 87 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 54 та фармони ва 95 та қарори ҳамда Ҳукуматнинг 169 та қарорида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига муайян вазифа юкловчи нормалар 700 дан ортган. Шундан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашларнинг иш юкламаси ошишига олиб келган вазифа ва топшириқлар, тарқоқ, ҳуқуқий тафовут ва коллизиялар мавжуд бўлган нормаларни бартараф этиш, ҳаддан ташқари тартибга солиш ва бюрократияга сабаб бўлаётган қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш зарурати юзага келган.  

Айни пайтда давлатимиз раҳбарининг чуқур сиёсий ва ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган фармонининг қабул қилиниши соҳада тўпланиб қолган ва ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал қилади, десак муболаға бўлмайди.  

Эндиликда фармонга асосан маҳаллий Кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юклаш амалиётини жорий этилиши муҳим аҳамиятга эга ёки вакиллик органлари фаолиятига хос бўлмаган топшириқлар юкланиши, шунинг­дек, улар ҳаддан ташқари кўпайиб кетишининг олди олинади.  

Шу билан бирга, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига давлат органларининг аралашувига йўл қўйилмаслигининг белгиланиши ҳокимлар ва Кенгашлар бир-биридан ажратилгани бугунги конституциявий ҳуқуқий шароитларга ҳамда халқаро стандартларга тўлиқ мос келади. Ушбу норма ўз навбатида демократик давлатчилик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг чинакам мустақиллигини таъминлашга замин яратади.  

Бундан ташқари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда вазифаларни маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ белгилаш амалиётининг жорий этилиши ҳокимиятлар ўртасида мувозанат таъминланишига хизмат қилади.  

Айтиш мумкинки, белгиланган устувор мақсад ва вазифалар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига улкан масъулият юклайди. Табиийки, халқ вакиллари сифатида мазкур топшириқлар ижроси ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминлашга кўмаклашиш биз, маҳаллий кенгаш депутатларининг ҳам кундалик вазифамизга айланади. Бундан кўзланган мақсад, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини замон талаби даражасига олиб чиқишдан иборат. Зеро, маҳаллий Кенгашлар ривожланган жойда ислоҳотлар самарадорлиги ҳам ошади.

Тошпўлат Матибаев,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ    МИРЗИЁЕВНИНГ «МАРКАЗИЙ ОСИЁ – ЕВРОПА ИТТИФОҚИ» БИРИНЧИ САММИТИДАГИ НУТҚИ

admin

Қонуний жазо чораларини кучайтирмасдан, коррупцияни бартараф этиб бўлмайди

admin

ТАКЛИФЛАР ТАҲЛИЛИ жамоатчилик назорати янада жадаллашаётганини кўрсатмоқда

admin