ADOLAT 24

Эҳтиёт бўлинг,  Замонавий фирибгарлар

“Талабалик олтин давр”, дейишади. Абитуриентлик заҳматидан илмга бўлган муҳаббатингиз ошса, талаба бўлгач ҳаётга муносабатингиз, қарашингиз ўзгарар экан. Шунинг учун ҳам ҳар биримизнинг кўнглимизга талабалик ширин ва ажойиб дамлар, унутилмас хотиралар сифатида муҳрланади. Талаба яна шундай тоифаки, ўқиши мобайнида оиласига оғирликни туширмасликка ҳаракат қилади, лекин бунинг уддасидан чиқа олмайди. Натижада ота-она юборган пулни тўғри харж қила олмай, қисқа муддатда ишлатиб қўйиб, яна улардан маблағ сўрайди. 

Камина пойтахтга ўқишга келганимдан кейин кўп қийналган жиҳат ҳам шунда бўлди. Шу сабаб кўпчилик қаторида мен ҳам ўқишдан бўш вақтимда ишлашга ҳаракат қилдим.  Ижтимоий тармоқлардан бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар қидира бошладим. Лекин бу жараёнда мени бир масала қийнади. Ҳар бир вакант иш ҳақидаги эълонни кўздан кечираётиб “Талабалар қабул қилинмайди!” жумласи ёзилмаган бўлсин, деб хаёлдан ўтказардим. Иш ўрни ҳақида эълон берган ташкилотлардаги суҳбат ҳам осон кечмасди. Афсуски, аксарият ташкилотларнинг эълонларида шундай изоҳ мавжуд эди. Улар “Кечирасиз, талаба экансиз. Бизга талабалар керак эмас!” деб жавоб берарди. Шундай пайтларда аламингдан бировларни сўкиб, хумордан чиққинг келади, лекин фойдаси йўқ… 

Биз талабалар учун вақт ва маош масаласида энг тўғри келадигани сотув менежери лавозими ҳисобланади. Бу соҳада ишлаганим, ундаги “саргузаштлар” таниш бўлгани сабаб ушбу соҳадаги иш ўрни ҳақидаги маълумотларни эътиборсиз қолдирардим. Аниқроқ айтадиган бўлсам, бу соҳада ёлғон кўп бўлгани учун ишлашни хоҳламасдим. Алалхусус, бировни алдаб топ­ган пулингиз буюрмаслиги, юқмаслигини билиб-билмай, ишлайверсангиз, гуноҳ қилишингиз ҳеч гап эмас. Майли, бу борада чуқурлашмайлик. 

Орадан кўп вақт ўтмади. Телефонни очсам “Иш бор” каналидан янги хабар “Пойтахтдаги фалон компанияга ишчи керак. Ойлиги фалон миқдорда. График эркин. Талабалар қабул қилинади. Чет эл саёҳати бор!” каби жумлалар уйида ишламай ётган бекорчининг ҳам кўзини мошдек очиб юборади. Хурсанд бўлиб, боғландим. Маоши осмонда бўлишини, фақат классик услубда кийи­ниш кераклигини айтишди. Суҳбат учун манзил ва вақтни белгиладик. Ўша кун келди. Борсам, суҳбат пуллик эканини, биз билан суҳбатлашадиган одам вақтини ажратгани учун тўлов бадали борлигини маълум қилишди. “Бу ёғи қандай бўлар экан?”, деб келган йўлимга ачиниб, тўлов қилдим. Ўша вақтда бу ерга келганлар сони ўн беш-йигирма нафарча бўлиб, улар ҳам суҳбатга навбат кутаётган экан. Суҳбатга кирдик. Бир йигит кириб келди. Биз билан яхшилаб сўрашиб бўлганидан сўнг бойлик, тадбиркорлик, пул, машина, вилла каби эртакнамо гаплар ҳақида анча ваъз ўқиди. “Бизга қўшилсангиз фалон бўласиз. Швециядан коттедж олишга кўмак­лашамиз” каби гаплари мени ҳушёр торттирди. Албатта, “Бир балоси бўлмаса шудгорда қуйруқ на қилур?” деб ўйладим. Ниҳоят, тақдимотчи мақсадга кўчди. Ўша жамоага қўшилиш учун камида 1000 доллар тикишингиз керак экан. Шунда ойига 5000 $ топишингизни ўргатувчи курсга ёзилар экансиз. Шу гап айтилган заҳоти “Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр!”, деб энсам қотди. Кейин ўша тақдимотчи йигитга “Сизга 1000 долларни бердим ҳам дейлик. 5000 доллар тугул, ойига 500 доллар беришга аниқ ваъда бера оласизми?”, дедим. “Буни вақт кўрсатади”, деди у бепарво. 

Демак, бизга замонавий эртак айт­япти. Ачинарлиси, бу хаёлий гапларга ишониб, пул тикканлар ҳам анчагина. Биз суҳбатга кириш учун тўлаган бадал уларнинг улуши бўлишини кейин англаб етдик. Лўндасини айтганда, ёлғонни эшитиш учун тўлаган пулимиз уларнинг ойлиги бўлади, «иш» бору аммо ойликка кафолат беришмайди. Бировни алдаш, қинғир йўллар билан пул топишни мақсад қилган бу каби фирибгарлар олдидан икки қўлимизни бурнимизга тиқиб чиқиб кетдик. Бундан кўринадики, бу каби ваъдалар шунчаки пул ундириш, бировларнинг чўнтагини қаппайтириш учун хизмат қилса қилади, аммо сизга фойдаси тегмайди… 

 Хулоса қилиб айтганда, ҳар ернинг ўз тошу тарозиси борлигини инобатга олсак, ҳалол меҳнатимиз билан топган пулимиз бизга бахт келтиришини тушунишимиз керак. Акс ҳолда, алдов йўлини тутганларнинг тузоғига тушиб қолишимиз ҳеч гап эмас.

Илҳомжон Абдусаломов, 

ЎзДЖТУ талабаси

Tegishli xabarlar

ФАРЗАНДИНГИЗГА КИТОБ ОЛИБ БЕРИНГ!

admin

Биргаликда коррупциясиз жамият қурамиз

admin

Асосий мақсад — таълим сифатини ошириш ва ўқув дастурларини такомиллаштириш

admin