ADOLAT 24

Ўзини ўзгартира олиш саодати

Ватанпарварлик кишиларнинг она юртига, ўз ошёнига муҳаб­бати ва садоқатини ифодалайдиган тушунча бўлиб, барча инсонлар, халқ, миллатлар учун умумий бўлган, асрлар давомида сайқалланиб келган умуминсоний туйғу, маънавий қадриятлардан биридир. Тарихий жиҳатдан ватанпарварлик кишиларнинг ўз ватанлари тақдири билан боғлиқ ижтимоий ривожланиш, халқларнинг ўзлари яшаётган ҳудуднинг дахлсизлиги ва мус­тақиллиги йўлидаги кураши жараёнида такомиллашиб келган ҳис-туйғулар жамланмаси ҳамдир. Бу Ватаннинг ўтмиши ва ҳозири билан фахрланишда, унинг манфаатларини ҳимоя қилишда намоён бўлади.

Бугун биз бевосита ва билвосита олиб борилаётган ғоявий-мафкуравий курашлар замонида яшаяпмиз. Демак, гап Ватан манфаати, миллат, юрт тақдири ҳақида борганда бу каби вазифалар фақат давлат раҳбарининг зиммасида эмас, балки шу маконни Ватан деб тан олиб яшаётганларнинг барчасини бурчи ва масъулиятидир. Шу билан бирга, ватанпарварлик – ёлгиз ўз Ватанига меҳр қўйишдан иборат эмас. Бу жуда катта ҳис… Бу – ватан билан ўзини бир бутун деб билиш, унинг яхши-ёмон кунларида асқотиш демакдир.

Бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Ватан билан бир бутун бўлиш учун бизга нима етишмайди? Ватаннинг яхши-ёмон кунларида елкадош бўлишимизга ким ёки нима халақит қилади? Ҳар икки ҳолатда ҳам жавоб – ўзимиз. Фақат ўзимиз!

Тўғриси ҳам шу. Фалон даҳолар авлодиданмиз, деб кўксимизга урамиз-у қиз-ўғил фарзандимизнинг камолотини пулга чақиб, коррупцияга ошно қиламиз. Темурбеклар издошимиз, дея мақтанишни биламиз-у, ҳарбийларни қаҳрамон, деб билмаймиз. Хотин-қизларимизни миллат онаси деб кўкларга кўтариб, бир вақтнинг ўзида “ўқиб оламни олиб берармиди”, дея орзуларини ер билан яксон қиламиз.

Юқорида келтирилган иддаоларимиз бир оила бошлиғи сифатидаги “саъй-ҳаракатларимиз” бўлса, иккинчи томондан, юксак маънавиятни тарғиб қила туриб, оддий маданиятга риоя қилмасак, иқтисодиётни ривожлантирамиз деб, “яширин” иқтисодиётни яширсак, қурилишга ажратилган пуллардан орттириб, “ҳавода” муаллақ уйларни қуриб, бизга ишонганларни чув туширишимиз соҳа мансабдори сифатида масъулиятсизлигимиз оқибати эканлиги ҳам айни аччиқ ҳақиқатдир.

Маънавият, маърифат ва маданият, иқтисодиёт ва инвестициялар, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли кучларни ривожлантириш ҳамда уй-жой қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология масалалари муҳокамасига бағишланган қатор йиғилишларда айнан мана шу каби долзарб муаммолар таҳлил қилинди, танқидий фикрлар айтилди, истиқболли режалар белгиланди.

Бу каби чуқур таҳлилларга асосланган аниқ соҳалар кесимида комплекс ишлаш формати ҳам давлатимиз раҳбари фаолиятидаги йил сарҳисоби бўйича янги услубдир. Бир қарашда ҳаммаси оддийдек туюлади: кенг қамровли ислоҳотлар бошланди. Замон талаби билан ушбу ислоҳотлар жадаллашди. Халқ иродаси ва хоҳиш-истаклари рўёби учун кенг йўл очилди, одамлар ҳаёти ўзгарди ва бу жараён давом этмоқда.

Қаранг-ки, бунинг натижасида режаларимиз, мақсадлар ва орзуларимиз ҳам анчайин улғайди. “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз” шиоримизга айланди. Аммо бу ўзидан ўзи бўлиб қолмади ёки четдан келиб биров қилиб бермади. Тан олиш керак-ки, бу давлат раҳбарининг ниҳоятда заҳматли ва машаққатли йўлдаги тинимсиз меҳнатлари, тўхтовсиз изланишлари, ва, албатта, халққа хизмат қилишни улкан шараф деб билган етук раҳбарнинг самарали сиёсати натижасидир.

Осонмас. Айниқса, бугун Ўзбекис­тонга нисбатан халқаро майдонда катта ишонч пайдо бўлаётган, ўзбек аталмиш миллат катта йўлга чиқиб, ўзининг аниқ йўналишини белгилаб, халқаро ҳамжамият орасида обрў-эъти­бор топиб бораётган пайтда оғзига кучи етмаган, миллатимиз тарихини билмаган, тарих харитасидан юртимизни қидириб топишда саводсизлигини очиқчасига кўрсатиб, Ўзбекистон раҳбариятининг олиб бораётган оқилона сиёсатига босим ўтказишни мақсад қилиб қўйганларга Президент айт­ганларидек, “Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “ўзбек­истонлик”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак” муносиб жавоб беришимиз керак. Бу борада, албатта, бизга жадид боболаримизнинг: “Тилда, фикрда, ишда бирлик” деган ғоялари шиор бўлиши зарур. Шундагина биз ғоявий курашларда ғолиб бўламиз.

Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари “Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак. Шундагина у том маънода янги давр бўлади”, дея таъкидлаши замирида оддий, содда, лекин халқона сўзлар ётибди. Бу сўзлар ҳар биримизни ҳушёрликка чорлайди, танбаллик, бефарқлик ва лоқайд­ликка барҳам беради. Ҳар биримизни ташаббускорлик, бунёдкорлик ва яратувчанликка чақиради. Ҳамма бир-бири учун жавобгар, ҳамма бир-бири учун масъул бўлади.

Дарҳақиқат, ташаббус бор жойда натижа бўлади. Натижа қанчалик аниқ ва ҳаётий бўлса, эртанги кунга ишонч ошади, розилик бўлади. Янги Ўзбекистонни қуриш ва унда яшаш йўлида Президент атрофида бирлашиш, якдил бўлиш, ўз навбатида, ўзини ўзгартира олган халқ елкасига миллат ва давлат тақдири, Ўзбекистон аҳолисининг истиқболи билан боғлиқ мажбурият юкланади. Зеро, донишманд боболаримиз айтганларидек, “ҳар қайси инсоннинг қалбида қуёш бор, фақат унга нур сочиш имконини бериш керак”.

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

“ҲАЛОЛЛИК ВАКЦИНАСИ” билан ЭМЛАНДИНГИЗМИ?

admin

Тошкент шаҳрида реновациянинг мустаҳкам қонунчилик асослари бўлмагунча унинг асосида янги қурилишларни амалга оширмаслик тарафдоримиз

admin

РЕПЕТИТОРГА эҳтиёж ҚАЧОН йўқолади?!

admin