Бугун дунёда рўй бераётган глобаллашув жараёнлари ҳар бир давлатдан қисқа фурсатларда тезкор қарорлар қабул қилиш, ўзгарувчан сиёсий мулоқотларга мослашишни тақозо этмоқда. Бу жараёнда ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, давлатлар тақдири ва тараққиётини белгиловчи асосий куч бу — мамлакат ёшларидир.
Шу боис юртимизда сўнгги йилларда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга даҳлдорлик ҳиссини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, турли тоифадаги ёшлар билан манзилли ишлаш мақсадида ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчилари фаолияти, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш учун эса “Ёшлар дафтар”и ташкил этилди. Бугунги кунда “Ёшлар дафтари” орқали кўрсатиладиган ёрдам турлари сони 30 тага етказилиб, мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 30 кундан 5 кунгача қисқарди. Айни кунга қадар алоҳида эътиборга муҳтож 396 минг нафар ёшлар мутасадди раҳбарларга бириктирилиб, улар билан индивидуал ишлаш орқали 331 мингининг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашилди. 94 минг нафарининг бандлиги таъминланиб, 56 минг нафари касб-ҳунарларга ўқитилган.
Шу билан бирга, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар фарзандларига ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг давлат олий таълим муассасаларидаги тўлов-контракт пулларининг бир қисмини тўлаб бериш, янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратиш йўлга қўйилди.
Ёшларнинг олий таълим олиш имкониятларини кенгайтириш борасида сўнгги етти йилда таълим соҳасидаги изчил ислоҳотлар натижасида олий таълим билан қамров даражаси 2017 йилдаги 9 фоиздан 42 фоизга, ОТМлар сони 74 тадан 213 тага, уларда таҳсил олаётган талабалар сони 314 минг нафардан 1 миллион 300 минг нафарга етказилди.
2021 йил 1 сентябрдан бошлаб олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида ва ўқиш муддати тугагандан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатда қайтариш шартлари асосида таълим кредити бериб келинмоқда. Магистратура босқичида таҳсил олиш истагида бўлган хотин-қизларнинг контракт пуллари қайтариш шартларисиз давлат бюджетидан қоплаб берилмоқда.
Шунингдек, иқтидорли ва истиқболли, айниқса, республикамизнинг энг олис ҳудудларидаги ёш мутахассисларни излаб топиш, уларнинг хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда, ишлаб чиқариш, инновацион ва бошқа компанияларда мақсадли таълим олишини ҳамда стажировкадан ўтишини ташкил этиш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти ва имкониятлари янада кенгайтирилди.
Ўтган қисқа вақт ичида жамғарма ҳисобидан хорижнинг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олиб, ўз билим ва тажрибасини бойитиб қайтган юзлаб ёшларимиз юртимизда соҳалар ва тармоқлар ривожида ўз фаолиятларини давом эттириб, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Шу билан бирга, хорижий тилларни ўрганишга иштиёқи юқори бўлган ёшларнинг тил ўрганиш, халқаро даражадаги сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш тизими йўлга қўйилди. Хусусан, охирги 3 йил ичида халқаро имтиҳон тизимларида 70 фоиздан юқори натижа қайд этган 22 минг нафардан ортиқ ёшларга 40 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар тўлаб берилган.
Шунингдек, бугунги кунда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, ёшлар иштирокида улар ҳаётига бевосита алоқадор бўлган долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар тайёрлашда Ёшлар парламенти ҳам муҳим ҳуқуқий институт бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўтган вақт давомида Ёшлар парламенти аъзоси сифатида ўз тенгдошлари томонидан сайланган юзлаб ёшлар парламентда қабул қилинаётган ҳар бир қонун лойиҳаси ва қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар жараёнида ёшларнинг фаол ва қатъий позициясини билдириб келмоқда. Қисқа қилиб айтганда, бугун Ёшлар парламенти ёшлар ва парламент ўртасида чинакам кўприк вазифасини ўтамоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, кенг жамоатчилик ва халқимиз, хусусан, ёшларимиз таклиф ва ташаббуслари асосида янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизга ҳам илк бор ёшларга оид бир қатор нормалар киритилди. Жумладан, Конституциянинг 78-79-моддаларида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги, давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши белгиланди.
Қолаверса, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ёшлар сиёсати борасида бошланган ҳар бир ташаббус изчил ва юқори натижалар билан давом эттирилиши белгилаб қўйилган. Жумладан, ҳудудлардаги масъул раҳбарлар зиммасига ёшларнинг замонавий касблар билан машғул бўлишини таъминлаш учун ҳар бир вилоятда 1 тадан “Креатив парк”лар фаолиятини ташкил этиш, уларга йилига камида 40 минг нафар ёшларни жалб қилиш вазифаси юклатилган.
Ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ишсизлик даражасини камайтириш мақсадида 400 минг нафар ёшлар бандлигини таъминлаш орқали ёшларнинг ишсизлик даражасини 14 фоиздан 11 фоизга камайтириш, ҳар йили 500 нафар истеъдодли ёшларни хорижнинг нуфузли олийгоҳларига ўқишга юбориш назарда тутилган.
Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг дастлабки йилида амалга оширишга қаратилган 2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида ҳам ёшларни илм-фан, инновация, IT каби соҳалардаги ташаббусларини қўлаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Албатта, юқорида санаб ўтилган ёшлар сиёсатига оид ислоҳотлар натижаси ҳар бир юртдошимизни қувонтириши аниқ. Боиси, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократик жамият қуриш йўлидаги мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган, юртимиз ва халқимиз манфаатларига садоқатли янги авлод кадрларини тайёрлаш барчамизнинг олий мақсадимиз ҳисобланади.