ADOLAT 24

Дардмандлар дардига малҳам бўлайлик (Андижон, Сурхондарё, Фарғона)

Имконияти чекланган бўлишига қарамай, турли соҳаларда катта муваффақиятларга эришган инсонлар тўғрисида кўп эшитганмиз. Машҳур бастакор Бетховен туғма ожиз бўлган, таниқли инг­лиз ёзувчиси Жон Милтон 43 ёшида кўзлари ожиз бўлиб қолган ва шунга қарамай ўзининг шоҳ асари – “Йўқолган жаннат”ни яратган. 

Ҳар гал “Саховат – беназир қадрият” лойиҳаси доирасида андижонлик “адолатчилар” билан кўнг­­ли ярим инсонларнинг хонадонига кириб борганда, юқоридагилар ҳақида ўйлайман. Айрим тўрт мучаси соғ инсонлардан кўра ҳаётга умид билан қараб, олдинга интилаётганларга ҳавасим келади. Уларнинг кимнингдир кўмагига кўз тикмай, муаммоларига ўзи ечим излаётгани ибрат оларли. Тўғрида, бер-бер дегани билан давлат бир марта беради, икки марта беради, борингки, учинчи маротаба ҳам беради. Кейин-чи? Мени давлат боқар экан, деб боқимандалик кайфиятини ўзида шакллантириб олиш яхши эмас. 

Андижон шаҳридаги “Шифокор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Музаффар Ғаниев хонадонига кириб борар эканмиз, юқорида айтганларимга яна бир бор гувоҳ бўлдим. Тўрт нафар фарзанднинг отаси касаллик сабаб ётиб қолган. Нима қилиш керак? У аввалига тушкунликка тушсада, ўзига шу саволни берди. Оиласидагиларни ҳам бу савол қийнаётгани аниқ. Ҳаммасини синов деб билди. Турмуш ўртоғи ва қизларини атрофдагилардан ажралмай, ҳаракатда яшашга ўргатди. Ижтимоий тармоқлар орқали дардига даво излаш баробарида ўзи каби имконияти чекланган инсонларнинг қилаётган ишларини кузатди.

– Инсон ҳар қандай вазиятда тушкунликка тушмаслиги керак, – дейди Музаффар Ғаниев. – Бу дардингизни оғирлаштиради, жамиятдан ажралиб қолишингизга олиб келади. Уйдан чиқмасамда, давлатимизнинг бугунги сиёсатини, инсон қад­рига бўлган эътиборини кўриб, хурсанд бўламан. Янгиликларни кузатиб бораман. Вақти келиб, соғайиб кетишимга ишонаман. Асосийси, шукр қилиб яшайман. Бундан ёмон ҳам бўлиши мумкин эди-ку, дейман. Дунё­ни кўриб турганим, яхши одамларнинг кўплиги, оилам менинг бахтим.    

Истеъдодсиз инсон йўқ, фақат буни сезмайдиганлар бор, дейишади донолар. Музаффар Ғаниевда ҳам бир истеъдод бор. Бу ҳаётга доим яхши кўз билан қараш, эртанги кунга ишонч ва яна сўз билан таърифлаб бўлмайдиган руҳнинг поклиги, қалбнинг тозалиги. Хонадони шу сабаб доим йўқловчилар билан гавжум.

Ҳақиқий инсонийлик мана шу. Нолиш нималигини билмайди, дардини ўзгаларга тўкиб солмай, соғайиш ҳақида ўйлаётгани ибрат оларли, – дей­ди “Adolat” газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамроев. – Орамизда арзимас қийинчилик сабаб ношукрлик қилаётганлар йўқ эмас. Соғ одам ҳам­ёнида маблағи бўлмаса, шунга нолиши керакми? Соғлом юришимизнинг ўзи катта бойлик эмасми? Шукр қилмоқ ҳам инсоф мезони.

Ҳа, шукр қилиш инсон учун муҳим фазилат. Инсоннинг бахтли ҳаётга эришиш йўлидаги муҳим қадам. Шундай эмасми?

Акбаржон Назаров, 

Андижон вилояти кенгаши матбуот котиби

**

Юртимизда имконияти чекланганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳаёт сифатини яхшилаш тизимини такомиллаштириш, уларга таълим олиш ва ишга жойлашишда ҳар томонлама кўмаклашиш йўлга қўйилган.

Шу хусусда партия депутатлари томонидан имконияти чекланганларнинг эҳтиёж ва талабларига алоҳида эътибор қаратилиб, мурожаатлари тингланиб, амалий кўмак берилмоқда.  

Хусусан, халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати Рус­там Ҳамроев ва Термиз шаҳар Кенгаши депутати Абдуқодир Мустафоқулов томонидан Термиз шаҳридаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи ногиронлиги бор фуқаролар аҳволи ўрганилди. Ўрганиш­лар чоғида ишчи гуруҳга шаҳардаги “Маърифат” МФЙ, И.Каримов кўчасида яшовчи I гуруҳ ногирони Баҳодир Рўзиев махсус каравот олиб беришни сўраб мурожаат қилди.   

Депутатлар мурожаатни ўрганиб чиқиб, каравотни ҳомийлар кўмагида Тошкент шаҳридаги савдо ташкилотларидан шартнома асосида пул ўтказиш йўли билан олиб келишга келишиб олишди.

Шунингдек, ушбу маҳаллада яшовчи ногиронлиги бор фуқаро Гулнора Турдиева шаҳардаги 4-оилавий поликлиникага қарашли патронаж томонидан узоқ муддатдан буён тиббий кўрикдан ўтказилмаганлигини айтди. Депутатлар мазкур мурожаатни ҳам кўриб чиқиб, шаҳардаги 4-сонли оилавий поликлиника масъулларга депутатлик мурожаати билан чиқишди ҳамда тиббиёт ходимлари томонидан фуқарони тиббий кўрикдан ўтказиш куни белгиланди.

Депутатларимиз кун давомида бош­қа хонадонларда ҳам бўлиб, ногиронлиги бор фуқароларнинг яшаш шароити билан танишишди. Ёши улуғ кексалар ҳолидан хабар олинди ва мурожаатлари тинг­ланди.

Хусусан, “Маърифат” маҳалласида яшовчи фуқаро Айсара Хўжақулова вилоят онкологик касалликлари диспансерида айрим дори-дармонларнинг йўқлигини айтиб, даволаниши учун камёб дориларни топиб беришда амалий ёрдам сўради. Депутатлар томонидан вилоят онкологик касаллик­лар диспансери раҳбариятига мурожаат қилиниб, бемор зарурий дори-дармонлар билан таъминланиши ва даволаниши учун муддат белгиланди. 

Шунингдек, “Маърифат” МФЙда яшовчи II гуруҳ ногирони Нуриддин Маматвалиев яшаш манзилида доимий рўйхатда турмаганлиги сабабли оилавий поликлиника томонидан доимий назоратга олинмаганлиги хусусида амалий ёрдам сўради.    

Депутатлар 4-оилавий поликлиника шифокорлари билан боғланиб, мурожаатчини доимий рўйхатга олиш ва патронаж ҳамширалар томонидан тиббий кўрикдан ўтказиб бориш вақтини белгилашди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Рустам Ҳамроев Шўрчи тумани “Бахшитепа” МФЙда яшовчи фуқаро Матлуба Тўрахонованинг хонадонида бўлиб, муаммоларини ўрганди. Фуқаро Матлуба Тўрахонова депутатимизга ўткир буйрак етишмовчилиги билан оғриши ва буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти учун маблағ зарурлигини айтиб, ёрдам сўради. Мазкур фуқарога амалий ёрдам бериш учун Маҳалла хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилояти бўлими қошида очилган “Саховат ва кўмак” жамғармасидан моддий ёрдам ажратилишини сўраб, халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши раҳбариятига билдиришнома киритилди.

Гулшод Турсоатова,

Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

***

Аҳоли саломатлиги – улкан бойлик, жамиятнинг барқарор ривожланишининг гаровидир. “Адолат” СДП Сайловолди дастурида илгари сурилганидек, аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш ҳамиша эзгу мақсадларимиздан бири бўлиб қолаверади. 

“Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши ташаббуси билан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Фарғона вилоят ҳудудий филиали ҳамкорлигида Марғилон шаҳридаги 5-оилавий полик­линикада бепул тиббий кўрик ташкил этилди.

Унда “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Фарғона вилояти ҳудудий филиали директори Нурилло Худойберганов мамлакатимиз Президентининг “Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг реп­родуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ўтказилаётган мазкур тадбир аҳоли ўртасида касаллик­ларни эрта аниқлаш, аҳолининг тиббий маданиятини оширишга қаратилганлигини таъкидладилар.

Тадбир давомида аҳоли орасида тарғибот ишларини олиб бораётган мутахассислар томонидан иштирокчиларга аҳолининг тиббий маданиятини оширишга қаратилган тарқатма материаллар ҳавола этилди. 

Мулоқот давомида терапевт, педиатр, эндокринолог, окулист, пульмонолог шифокорлар 100 га яқин ҳомиладор аёллар ва эҳтиёжманд оила вакилларини тиббий кўрикдан ўтказдилар ва 10 турдан ортиқ дори-дармон, витаминлар ҳамда кекса ёшдаги фуқароларга бепул кўзойнаклар тарқатилди. 

– Ёшим етмишдан ошди, – дейди тадбир иштирокчиси Манзурахон Мадаминова. – Бугун чуқурлаштирилган бепул тиббий кўрикка келганимдан хурсандман. Энг аввало, ЭКГ, УЗИ текширувларидан ўтдим. Ўзимни соғлом деб юрардим. Аммо шифокорлар соғлигим билан боғлиқ муаммолар борлигини аниқладилар. Ушбу касалликларни даволашга мўлжалланган зарур дори-дармонларни бепул беришганидан мамнунман. Яна бир қувонч­лиси, кейинги пайтларда китоб ўқий олмай қолгандим. Кўз шифокорларига раҳмат – менга зарур кўзойнакни ҳам бепул беришди. Энди бемалол китоб мутолаа қиламан, набираларимга эртак китоблар ўқиб бераман. Бугун зарур маслаҳатларни олиб қайтмоқдаман. Тадбир ташкилотчиларига ташаккуримни изҳор қиламан.

– Бизнинг оилавий поликлиника 9 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 28 минг 500 нафардан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. 14 та тиббий бригадаларимизга малакали мутахассислар бириктирилган. Шифокор ва ҳамширалар томонидан аҳоли тиббий маданиятини ошириш, саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш борасида тарғибот ва даволаш ишлари олиб борилмоқда, – дейди оилавий поликлиника бош ҳамшираси Дилшодахон Раҳмонова. – Бугунги кунда поликлиникамизда 339 нафар ҳомиладор аёллар рўйхатга олинган бўлиб, хайрли тадбирда юзлаб аёллар ўз саломатликларини яна бир бор чуқурлаштирилган ҳолда назоратдан ўтказишга эришдилар. Ҳомиладор аёлларимиз “Соғлом авлод” жамғармаси мутахассислари томонидан беминнат дори-дармонлар ва витаминлар билан таъминландилар. Бу, албатта, юртимизда соғлом авлодларнинг дунёга келишига, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Шу боис ҳам биз “Адолат” партияси ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз. Яна бир нарсани қувонч билан айтишимиз мумкинки, жамоамиз аъзолари бир овоздан партия сафига кириш истагини билдирдилар.   

Ҳамкорликдаги хайрли тадбирлар Фарғона вилоятининг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Фарғона вилоят кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Ҳақиқатни аниқлашда гувоҳ кўрсатмаларининг аҳамияти

admin

Адлия вазири, партия Сиёсий Кенгаши аъзоси “Дўстлик” ордени билан мукофотланди

admin

Эришилаётган муваффақиятлар фидокорона фаолият самарасидир

admin