ADOLAT 24

“Қачонгача ҳукуматдан нолиймиз?!”

Газетамизнинг ўтган сонида эълон қилинган шу сарлавҳали мақолада юртимизда электр энергияси ва газ ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш, очиқдан-очиқ ўғирлаш билан боғлиқ қонунбузарликлар сони ва кўлами йилдан-йилга жуда катта миқдорга ортиб бораётганлигини, бироқ фуқароларимиз бу иллатни кўра-била туриб ўзларини кўрмасликка, билмасликка олаётганликлари ҳақида сўз юритилган эди. 

Газета чоп этилганиданоқ ўқувчиларимиз мазкур мақолага нисбатан фавқулодда жонкуярлик ва фаоллик билан ўз муносабатларини билдира бошладилар. Биз қуйида таҳририятга келаётган, элдош­ларимизнинг залворли, ҳая­жонли фикр-мулоҳазалари, таклифлари билдирилган мактублардан айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз. Афсуски, муносабат акс этган барча мактубларни чоп этишга нашримиз ҳаж­ми имкон бермайди. Шубҳасиз, биз қолган фикр-мулоҳазалардан ҳам вақт-соати билан имкон даражасида фойдаланишга ҳаракат қиламиз.

ТАҲРИРИЯТ 

**

Юрт бойлигига ҳаммамиз масъулмиз

Қиш фаслида, қолаверса, намгарчилик мавсумларида аҳолини узлуксиз энергия ресурс­лари билан таъминлаш барча даврларда муҳим масала ҳисобланган. Бугунги кунда эса ушбу масала янада долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. 

Шу боисдан ушбу масала ҳукуматимизнинг доимий эътибор марказида бўлиб келган ва ўтган даврда ушбу йўналишда қатор ижобий ишлар қилинди.

Биргина ўтган 2023 йилда Қорақалпоғис­тонда электр таъминоти бўйича амалга оширилган ишларга эътибор қаратадиган бўлсак, йил давомида аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш мақсадида 4 та подстанция, 2 минг 349,9 километр электр узатиш тармоғи ҳамда 604 дона трансформатор пунктларида йирик таъмирлаш ишлари амалга оширилганини кўриш мумкин.

Албатта, бу каби тадбирлар ўз-ўзидан амалга оширилаётгани йўқ. Ушбу эзгу ишларнинг замирида аҳоли манфаати ва фуқароларга қулайлик­лар яратиш, шунингдек, қиш фаслида аҳолини узлуксиз энергия ресурслари билан таъминлаш мақсади мужассам. Давлат томонидан аҳолига кўрсатилаётган амалий ёрдамлар, яратилаётган имкониятларга бефарқ қараш мумкин эмас.

Яқинда “Adolat” газетасида партия Марказий аппарати бўлим бошлиғи Қуатбой Мирзабоевнинг “Қачонгача ҳукуматдан нолиймиз?” мақоласини ўқиб қолдим. Муаллиф ўз мақоласида энергетика соҳасига алоҳида тўхталиб, ўтган йил давомида айрим юртдошларимиз ва тадбиркорлар томонидан талон-тарож этилган энергия ресурсларини аниқ фактларга таянган ҳолда кўрсатиб, натижада бу ҳолат қанча оилаларнинг энергияга ресурсларига бўлган эҳтиёжи қондирилмаганига сабаб бўлганлигини қайд этган. Энг ачинарлиси, айрим ноинсоф кимсалар сабаб энергия ресурсларини аҳолига етказишда узилиш­лар кузатилиб, оқ-қорани фарқига бормайдиган фуқаролар томонидан давлатга нисбатан негатив фикрлар ортиши аниқ мисолларда кўрсатиб берилган.

Агарда масалага холис қаралса, аҳолини узлуксиз энергия ресурслари билан таъминлаш борасида шахсан давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳукуматимиз томонидан бир қанча истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз миқёсида 6 та ҳудудда шамол электр станцияси қурилиш ишлари олиб борилаётгани ва улар қаторида Қорақалпоғистон Респуб­ликасининг борлиги инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

Яна бир мисол, Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ижтимоий ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали респуб­лика ҳудудларида энергия тақчиллиги қопланишини таъминлаш, бу борадаги ишларни комплекс ташкил этиш ҳамда инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Қолаверса, Президентимиз раислигида жорий йил 10 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишлар таҳлили ва келгуси вазифалар муҳокама қилинди. Унда қайд этилганидек, ҳудудда саноат ҳажми 23 триллион сўмга етказилиб, 2 триллион сўмлик янги қувватлар яратилади. Тўқимачилик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари тармоқларида 5 триллион сўмлик 24 та йирик лойиҳа ишга туширилади.

2024 йилда ҳудудга 2 миллиард 100 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилиши мўлжалланган. Қорақалпоғистонни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги чора-тадбирларни бажариш учун мутасаддиларга қатъий топшириқлар берилди.

Мен бекорга эзгу ишларга тўхталмаяпман. Чунки давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ташаббуслардан ҳар бир ҳамюртимиз хабардор бўлиши, унга маълум даражада ўз фуқаролик ҳиссасини қўшиши, мавжуд муаммоларни бартараф этишда фаол бўлишини истайман. Унутмайлик, ҳар биримиз юртимизнинг равнақи ва халқимизнинг фаровонлигига масъулмиз!

Жумавой Бердимуратов,

меҳнат фахрийси

Нукус тумани

**

Кўпнинг ҳақидан қўрққан аёл 

Қўлимга қачон газета олсам, биринчи навбатда кун ҳаёти билан боғлиқ мақолаларни ўқишдан бошлайман. “Adolat” газетасида “Қачонгача ҳукуматдан нолиймиз?!” сарлавҳали мақола берилган экан, диққат билан ўқиб чиқдим. Ўз вақтида ва ўринли ёзилган. Бугун электр ва газ таъминотидаги озгина узилишлардан нолиб, идорама-идора юрганлар, албатта, буни ўқиши керак. 

Бир неча йил маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасида ишлаганим сабаб, маҳалладошларимизнинг қандай яшаши, ҳаётга бўлган қараши, ўз ҳуқуқи ва бурчларига бўлган муносабатини яхши биламан. Шундай инсонлар борки, ўзининг ва оиласининг ташвишидан жамиятдаги муаммоларни устун қўяди. Аксинча, яна шундай инсонлар борки, ўз муаммосини ҳам жамиятнинг муаммоси деб билади. Уни тузатишни эса давлат зиммасига қўяди.

Мақолада кўрсатилганидек, ҳозирда электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланишга “ишқибозлар” анча-мунча топилади. Улар бу нотўғри экани ҳақида ўйлаш у ёқда турсин, истеъмол қилган газ-свет пулини тўлашдан ҳам қочади. Ахир ҳамма нарсанинг ҳисоби ва чегараси бор. Бугун фойдаланаётганимиз табиий бойликлар эртага тугамаслиги учун ўрнини тўлдириш керак. Агар уйида ўн сония электр ёки табиий газ бўлмаса, “кўчага чиқадиганлар” ҳам ана шулар. 

Қаранг, Бухоро. Самарқанд ва Навоий вилоятларида салкам 1 миллиард сўмлик газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланибди. Бундай ҳолат бошқа вилоятларда йўқ дейсизми. Агар республика бўйича олсак, бу рақам қанча бўлишини бир ўйлаб кўринг. Яна муаммо қиламиз. Бунинг сабабчиси ўзимиз эмасми? 

Тўғри, бу билан ҳамма шундай, деган фикрдан узоқман. Ўз вақтида тўловни амалга ошириб борадиганлар ҳам кўп. Олдиндан тўлов тизимининг йўлга қўйилгани ҳам яхши бўлди. Ҳар ойда қанча электр ёки табиий газ истеъмол қилаётганимизни ўзимиз ҳам назорат қилиб борамиз. 

Маҳалламизда боқувчисини йўқотган бир оила бор. Ўтган йили айни совуқ кунлари бир ҳафта хонадонининг чироғи ёнмади. Маҳалла фаоллари билан ўргансак, электрдан қарздорлиги сабаб тармоқдан узиб қўйишибди. Ён қўшниси вақтинча биргаликда фойдаланиш таклифини берса “кўпнинг ҳақидан қўрқаман”, дея кўнмабди. Бир тадбиркор кўмаги билан қарзи тўлангач, чироғи ёнди. Бунга нима дейсиз? Кимлардир очиқчасига ўғирлик қилаётган бир вақтда, имконсизликдан қоронғуда яшаётган бу аёл гуноҳдан сақланяпти. 

Айтмоқчи бўлганим, ҳукуматдан нолиш муаммонинг ечими эмас. Аввало, ўз бурчимизни унутмайлик. Шундагина бошқалардан талаб қилишга ҳақли бўламиз.

Сайдулло Ортиқов,

меҳнат фахрийси 

Андижон тумани 

**

Уйғониш вақти келди… 

Очиғини айтиш керак, “Adolat” газетасида чиққан “Қачонгача ҳукуматдан нолиймиз?” сарлавҳали мақолада келтирилган фактлар денгиздан томчи, холос. Охирги вақтда уйимизда чироқ ўчса ҳам, газ пастроқ ёнса ҳам ҳукуматдан нолиб, юқорида ўтирган мансабдор шахс­ларни сўкишга ошиқамиз. Аслида қўшнимизнинг уйида газ тортадиган “моторча” ишлаб турибди, маҳалламизда 3 та иссиқхона ноқонуний электр ва газнинг ҳисобига ишламоқда. Биз бундан очиқчасига кўз юмамиз.

Қачонгача шу каби вазиятларни кўриб, ўзимизни кўрмасликка оламиз?! Қачон ўзимиздаги бефарқликни йўқотамиз? Мана шу бефарқлигимизнинг ҳисобига кимнингдир қари ота-онаси чироқсиз, кимнингдир ёш боласи совуқ уйда ухламоқда ёки бўлмаса, мактаб ёшидаги болалар қоронғида дарс қилолмаяпти. Шу каби вазиятларда ҳақиқий айбдорларни топиш учун, аввало, масалага холис нигоҳ билан қараб, энергия ресурс­ларининг узлуксизлигига таъсир этаётган барча омилларни атрофлича ўйлаб кўрмоғимиз лозим.

Менимча, кеч бўлса ҳам уйғониш вақти келди. Агар турмушимизни фаровон қилишни истасак, жойларда жамоатчилик назоратини жиддий йўлга қўйи­шимиз, бу борада ижтимоий масъулиятимизни янада оширишмиз керак. Халқнинг ҳаққини еяётган, давлатнинг ресурсларини суиистеъмол қилаётган инсонларга қарши аёвсиз курашишимиз зарур. Бугун ҳеч биримиз аҳолимиз турмушига бефарқ бўлмаслигимиз керак. Ўзбекистон табиий ресурсларга бой мамлакат, агар биз ушбу бойликларимизни тежаб, улардан оқилона фойдаланиб, ўз ўрнида ишлатсак, барчамизга етарли захираларга эгамиз.

Зулфизар Муродова,

ДМТТ тарбиячиси 

Вобкент тумани

**

Сен ёнмасанг, мен ёнмасам… 

“Ватанга муҳаббат, аввало, унга самимият билан эзгулик ва маърифат тилашдан иборатдир, унинг меҳробига ҳамма нарсани, ҳатто ширин жонни ҳам фидо этиш, ундаги барча яхши нарсаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг камолот йўлига ғов тушаётган нарсаларга қаҳрли бўлмоқликдир”, деганида адиб Н.Некрасов қанчалар ҳақ эди.

Яқинда “Adolat” газетасининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “Қачонгача ҳукуматдан нолиймиз” мавзусидаги эълон қилинган мақола эътиборимни тортди. Мақолада келтирилган фикрлар барчаси асос­ли ва ҳақ гаплар. Бу каби нопок қилмиш ортидан қанча оилага табиий газ етиб бормаётгани, қанча оила совуқдан дилдирабгина ўтиргани ўша инсофсизларнинг хаёлига келармикан?!

Ўзим Самарқанд шаҳрида яшайман. Кунлар сал совиши билан газ босими кескин пасайиб кетади. На овқат пишира оласан ва на уйни иситиш имкони бор. Шундай пайтларда ҳовлида тураётганимиз ҳам фойда беради. Печка ўрнатиб, ўтин ёқамиз. Газ бўйича маҳалламизга масъул нозирни чақириб, бир неча маротаба гаплашдим. Биргаликда шу маҳаллада жойлашган ташкилотлар, хонадонларни кўздан кечирдик. Газ босими оз бўлсада яхшиланди. 

Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Хўш, газ босимининг пасайиб кетишига, айрим хонадонларга газ етиб бормаслигига мақолада келтирилган инсофсизлар ҳисса қўшмаяптими?! Нега айрим юртдошларимиз оммавий ахборот воситалари орқали тарқалаётган хабарлардан ўзларига тегишли хулоса чиқармайди. Нега қонун устуворлигига, инсонийлик мезонларига амал қилишмайди. Менимча, давлат ва халқ манфаатларига зарар келтираётган, талон-тарожликка йўл қўяётганлар учун жазо чораларини кучайтириш лозим.

Агарки, шу юрт фуқароси эканмиз, “давлат бизга ҳамма нарсани қилиб бериши шарт”, деб бамайлихотир юрмасдан жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатишимиз, жамиятда эса тараққий этган мамлакатларнинг тажрибасига назар солган ҳолда “темир” интизом, асл ватанпарварликка асос­ланган қоидаларни шакллантиришимиз лозим. 

Турк шоири Нозим Ҳикмат бир пайтлар ўз миллатдошларига қарата: “Сен ёнмасанг, мен ёнмасам, қандай ёруғликка чиқар зулматлар” деб бонг урган эди. Ахир сизу биз бонг урмасак, бепарво бўлсак, бу каби талон-тарожлик ортиб бораверади. Шундай экан, жамиятдаги бу каби бузғунчиликларга қарши курашишимиз, жамоатчилик назоратини кучайтиришмиз, ҳар бир ислоҳотни юрагимиздан бошлашимиз керак.

Мақсуда Сатторова,

меҳнат фахрийси 

Самарқанд шаҳри 

**

Текин суяк… оғиз йиртар 

“Дилимизда яшайдиган қонун виждон дея аталади. Виждон аслида хатти-ҳаракатимизнинг шу қонунга мувофиқ келишидир”, дейди файласуф Кант. 

Дарҳақиқат, инсон соф виждон эгаси бўлмоғи даркор. 

“Адолат” газетасида чоп этилган “Қачонгача ҳукуматдан нолиймиз?!” мақоласини ўқиб чиқдим. Очиғи, мақолада жуда долзарб мавзу кўтарилган. Ҳали ҳамон калта ўйлайдиганлар, дунёқараши паст одамлар “Ҳамма шароитни давлат қилиб бериши керак”, “Барчасига давлат масъул”, “Давлат назоратга олсин” деган тушунчалар билан юрибди, ўрни бўлмаса ҳам фақат давлатдан нолийди. Ушбу фуқароларнинг яшаш тарзини чуқурроқ ўргансангиз, табиий газ, электр энергия тармоқларига ноқонуний уланиб олганлигига гувоҳ ҳам бўласиз. Энг ачинарли томони шундаки, худди шундай эртасини ўйламайдиган нопок кимсаларнинг лоқайдлиги эвазига биргина ўтган йилнинг етти ойида оз эмас, 335 миллиард сўмлик электр энергияси ва газ ўғирланган. 

Баъзи фуқароларимиз бойликка интилиб, кўпнинг ризқини ўмаришга ҳаракат қилади. Масалан, Аллоҳ назари тушган заминимиз қаъридан табиий газ қанча-қанча меҳнатлар эвазига қазиб олиниб, истеъмолчиларга етказиб берилаяпти. Туну кун хонадонларимизни нурафшон этиб турган электр энергияси ҳам ўзи-ўзидан пайдо бўлаётгани йўқ. Табиий бойликларнинг ҳаммаси ўлчовли. Буни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Қолаверса, уни тежаб-тергаб ишлатишга ҳар биримиз масъулмиз. 

Ҳар тўкисда бир айб. Ҳаммамиз ҳар куни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кўриб гувоҳи бўлаяпмиз. Табиий газ, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб, тумшуғидан илинаётган муғомбирлар сони кўпайиб бормоқда. Телевидение орқали Касби, Чироқчи, Қарши шаҳри, Шаҳрисабз ва бошқа туманларда учар “тадбиркорлар” жувозхона, ҳунармандчилик цехларини очиб, неча-неча юз миллион сўмлик электр энергияси ва табиий газдан ўзбошимчалик билан фойдаланиб келганлиги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан фош этилди. 

Текин гўштнинг суяги оғиз йиртар. Шундай экан, кўпнинг ризқи бўлган табиий бойликларимизнинг қадрига етайлик. Бугун сиз ўғринча фойдаланаётган табиий газ, электр энергияси эртага шу нарсага муҳтожликни келтириб чиқаришини унутмайлик, биродарлар.  

Шаҳзод Маманиёзов, 

 Қарши тумани

**

Газета саҳифаланаётганда:

Сирдарё: 62 миллиард 488 миллион сўмлик 

газ ўғирлаган “шоввозлар”!

ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда “Ўзэнергоинспекция” ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган фаол тадбирда Боёвут туманидаги автомобилларга газ тўлдиришга ихтисослашган МЧЖ томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати аниқланди.

Ўтказилган текширув жараёнида мазкур шохобча газ ҳисоблагич ускунасидан ташқари байпас линияси орқали табиий газга уланиб, уни мижозларга сотиб келганлиги маълум бўлди. 

“Ўзэнергоинспекция”нинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 41 миллион 666 минг м3 газдан ноқонуний фойдаланиш натижасида МЧЖ томонидан давлат манфаатларига 62 миллиард 488 миллион сўм миқдорида зарар етказилган. 

Ҳозирда ҳолат юзасидан МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Tegishli xabarlar

Хаёлимизга ҳам келмаган ўзгаришлар бўлмоқда

admin

Қадри баланд айём бу!

admin

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойиҳаси муҳокамада: Ҳар бир таклиф эътиборга олинади

admin