ADOLAT 24

“Сиз ахир, осмонни оламан десангиз, мен нечун елкамни тутиб бермайин…” Зеро, илм-фан эртасини ёшлар яратади!

Бутун дунё жуда яхши биладики, юртимиз қадим замонлардан, бундан минг йиллар илгари ҳам илм-фаннинг бешикларидан бири бўлган. Улуғ боболаримиз Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Исмоил Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа кўплаб алломаларнинг ўз даврларида фундаментал тадқиқотлари билан астрономия, математика, география, тиббиёт, физиология, кимё, ислом фалсафаси, филология ва шу каби кўплаб фанларга асос солганлар. Улар ўзларининг оламшумул кашфиётлари боис дунёнинг етти иқлимида маълум ва машҳур бўлганлар. Дунёнинг манаман деган мутафаккирлари, ўткир ақл эгалари уларнинг беқиёс хизматларини эътироф этганлар. 

Яқинда ташкил этилганининг 80 йиллиги кенг нишонланган Ўзбекис­тон Фанлар академиясининг асл замини ана шундай қадимий ва бақувват илдизларга бориб тақалади. Ҳозирда Ўзбекистон Рес­публикаси Фанлар академияси тарихан шаклланган илмга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромни миллий анъана сифатида сақлаган ҳолда илмнинг жадал ва замон талабларига уйғун тарзда ривожланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. 

Фанлар академиясининг 80 йиллик юбилейи муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда Президентимиз Ўзбекистон Фанлар академияси жамоасига ўз табригини йўллади. Табрикда “Улуғ аллома Маҳмуд Қошғарийнинг “Олимнинг ёстиғи тошдандир”, деган сўзларида илм аҳли изланиб, машаққат чекиб бўлса-да, доимо одамларга нур улашиб яшайди, деган ҳикмат мужассам эканини сизлар, албатта, яхши тушунасиз. Биз сизларнинг тимсолингизда бамисоли игна билан қудуқ қазиб, янги тадқиқот ва ишланмалар яратаётган, Янги Ўзбекис­тоннинг илмий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириб келаётган ана шундай фидойи инсонларни кўрамиз”, деган самимий ва илиқ сўзларини келтириб ўтди. Ушбу табрик Фанлар академиясининг катта жамоа­сидаги ҳар бир ходимнинг қалбида чексиз қувонч ва фахр туйғуларини уйғотди. Буни ўша куни муҳташам Форумлар саройида ич-ичи­дан мамнунлик ва бахт тушунчасини анг­лаб турган ҳар бир нигоҳда англаш мумкин эди. Аслида 80 йиллик муносабати билан ўтказилган ҳар бир тадбир, халқаро анжуманлар ўтаётган йиллар сарҳисобини қилиш ва Фанлар академиясининг келгуси режаларини тузиш фурсати бўлди. Сўнгги йиллар Фанлар академияси фаолиятида ҳам ижобий ўзгаришлар даври бўлди. Буни сарҳисоб қилингандаги воқеалар ва рақамлар кўрсатиб турибди.

Ҳақиқатан, кейинги йилларда Фанлар академиясига эътибор тубдан ўзгарди. Унинг фаолиятини такомиллаштириш ва қўллаб-қувватлаш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш даражаси ва сифатини ошириш орқали ижтимоий-иқтисодий ривожланишда илм-фаннинг ролини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор муҳим қонунлар, илмий тадқиқотларни ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Мазкур чора-тадбирлар академик тадқиқотларнинг кадрлар, моддий-техника ҳамда молиявий базасини кўп жиҳатдан мустаҳкамлаш ва уларни мамлакатдаги долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва муҳим илмий ишланмаларга йўналтириш имкониятини бермоқда.

2017 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясига бўлган эътибор сабаб узоқ йиллар кутилган унинг янги аъзоларининг сайлови бўлиб ўтди. Унда Фанлар академия­сининг 32 нафар ҳақиқий аъзоси (академиклар) сайланди. 2023 йилда бўлиб ўтган сайловларда яна 16 нафар олим академиклар сафига қўшилди. 

Фанлар академияси Ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишида бугун том маънодаги улкан ўзгаришлар кузатилмоқда. Ҳукумат қарори билан унинг тизимида 2020 йилда Давлат ва ҳуқуқ институти ташкил этилди. Қисқа давр мобайнида институт жамият ва давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларга маслаҳат ва эксперт ёрдамини ташкил қилиш жараёнларидаги фаоллигини алоҳида таъкидлаш ўринли. 

Энг сўнгги янгиликлар сифатида шуни айтиш мумкинки, шарқшунос олимларимиз томонидан 13 000 жилд қўл­ёзма асарлар тавсифини ўз ичига олган электрон веб-каталог яратилди, Абу Райҳон Беруний танланган асарларининг тўлдирилган 8 жилди чоп этилди.

Самарқанд вилоятининг Кофир­қалъа, Наманган вилоятининг Ахсикент, Жиззах вилоятининг Тошбулоқ, Сурхондарё вилоятининг Қадимги Термиз ёдгорликларида олиб борилган археологик тадқиқотлар халқаро миқёсда эътироф этилди, улар Ўзбекистонга туристлар оқимини жалб этишга хизмат қилмоқда. Замонавий тадқиқот услубларидан кенг фойдаланган ҳолда Фарғона водийсини археологик ўрганиш асосида “Сўх қадимда ва ўрта асрларда” номли монография нашр этилди. Илк ўрта асрлар Хитой манбалари асосида “Марказий Осиё халқлари тарихига оид маълумотлар (Қадимий ҳамда илк ўрта Хитой манбаларидан таржималар ва тадқиқотлар)” тақдим этилди. Қорақалпоғис­тон бўлими Ижтимоий фанлар илмий тадқиқот институти олимлари томонидан “Қорақалпоқ халқ эртакларининг жанр хусусиятлари ва поэтикаси”, қорақалпоқ маданияти ва санъатига бағишланган “Между Аралом и Аму: искусство каракалпаков” номли китоб-альбом чоп этилди. Тилшунос олимларимиз “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни янгиланган ва лотин ёзувига асос­ланган ўзбек алифбосига мувофиқ яратишда жонбоз­лик кўрсатдилар. 

Сўнгги йилларда турли соҳаларга бериб юборилган қатор муассасаларнинг Фанлар академияси тизимига қайтарилиши, янги илмий даргоҳлар ташкил этилиши орқали Фанлар академиясининг илмий муассасалари сони ошиши, соҳага бўлган эътибор натижасида илм-фанда ёшларнинг сафи кенгайиши кузатилди. Яратилган имконият, кўрсатилаётган эътибор илм-фанда ўз натижасини бера бошлади. 2017 йилда Навоий кон-металлургия комбинатининг ташкилий, моддий-техник ва молиявий кўмагида Фанлар академиясининг энг ёш бўлими – Навоий филиали ташкил этилди. Академиянинг қайта тикланган Ядро физикаси институтининг илмий тадқиқот ядро реактори қайта ишга туширилди. Натижада радиоизотоп маҳсулотларга мамлакатнинг эҳтиёжини тўлиқ қондириш, валютани тежаш ва маҳсулот экспортини йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлди. Бугун бу илмий тадқиқот муассасамизда ядро тиббиёти ривожи учун асос бўладиган, миллат саломатлиги учун хизмат қиладиган препаратлар ишлаб чиқарилмоқда.

Юртимизда биринчи марта Ўсимлик моддалари кимёси институти ҳузурида GMP (Good management practice) халқаро талаблар асосида янги дори субстанциялари ишлаб чиқариш технологиясини йўлга қўйиш бўйича илмий-техник марказ ташкил этилгани ҳам ўзига хос янгилик бўлди. Бу ерда импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтириладиган қирқдан ортиқ дори-дармон ишлаб чиқариш технология­лари фармацевтика корхоналарига берилади.

Умуман, бугун илм қиламан, янгилик яратаман, деган олимлар учун барча шароит яратиляпти. Бу шунчаки гап эмас. Масалан, бундан 6-7 йил олдин илмий ташкилотларда олимлар арзимас маошга ишлагани сабабли ёшларнинг илмга кириб келиши, уни давом эттириши асосий муаммолардан эди. Бугун эса ёшларнинг ўзи илм-фанга қизиқиш билдирмоқда. Давлат раҳбарининг шахсий ташаббуси билан яратилаётган ёшлар сиёсати натижасида Фанлар академиясида ҳам қалби қайноқ, эртаси умидли ёшлар кўпаймоқда. 

Бугун юртимизда том маънода дунёга машҳур алломаларнинг издошлари етишиб чиқмоқда. Хусусан, илм йўлида изланаётган ёшларимизнинг бир қанчаси TWAS(Жаҳон фанлар академияси)нинг қатор мукофотларини қўлга киритган. Жумладан, ўзбек математикларидан 4 нафари Жаҳон фанлар академияси академиги, 6 нафари TWASнинг ёш олимлар бўлими аъзоси саналади. Сафимизга билимли, тиришқоқ ёшлар қўшилишда давом этяпти. Улар ўзбек илм-фанининг келажагидир.

Қолаверса, ёшларимизнинг илмий тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш, уларга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Уларнинг илмий изланишлари асосида маҳаллий хом­ашёдан импорт ўрнини босувчи, экспортбоп кўплаб маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан, олимларимиз моносилан ва поликристалл кремний олишнинг янги технология­сини яратишга муваффақ бўлди. Мазкур ишланма Ўзбекистон, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Тайвань ва Европа Иттифоқи мамлакатларида патент билан ҳимояланган.

Бир қатор давлатларнинг Фанлар академиялари билан илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича битимлар амалга оширилиб келин­япти. Жумладан, Жанубий Корея билан ҳамкорлик доирасида Майданак обсерваториясида тарқоқ юлдуз ғужлари ва яқин галактикалардаги фаол жараёнларни кузатиш олиб борилди. Натижада 2017 йилнинг май ойида янги юлдуз топилиб, “SN 2017ein”, деб номланди. Академия олимларининг илмий ишланмалари бугун барча соҳадаги ихтироларга асос бўляпти. Илк бор юқори энергиялардаги ядро ва ядро тўқланишлари натижасида янги резонанс заррача ҳосил бўлиши дунёда биринчи марта кашф этилди. Сўнг­ги йилларда Россия Фанлар академияси, Беларусь ва Қирғизистон Миллий Фанлар академиялари, Қозоғистон, Татаристон, Хитой Фанлар академияси, Мўғулистон, Тожикис­тон каби давлатларнинг йирик илмий муассасалари билан халқаро илмий-техник алоқаларимиз сезиларли даражада мустаҳкамланди. Ўзбекис­тон Республикаси Фанлар академия­си “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида халқаро илмий ташкилотлар альянсининг таъсисчиларидан бири бўлди.

ЮНЕСКО, МАГАТЭ (Атом энергия­си халқаро агентлиги), МААН (Фанлар академиялари халқаро уюшмаси) ва ТWАS халқаро ташкилотлари, Россия, Украина, Беларусь, МДҲ давлатлари ва бошқа мамлакатлар, Хитой, Жанубий Корея Фанлар академиялари билан самарали ижодий ҳамкорлик ўрнатилган. Турли мамлакатлардаги нуфузли илмий даргоҳлар билан икки томонлама манфаатли битимлар тузилди. Бу ҳам мамлакатимиз олимларини жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини муносиб эгаллаётганини кўрсатмоқда.

Эътиборлиси, мазкур жараёнларда ёшларнинг фаоллиги сезил­япти. Бугун ўзбек илм-фанининг муносиб ворислари, билимга чанқоқ янги авлоди етишиб келмоқда. Уларнинг жаҳон илм майдонида айтадиган ўз сўзлари бор. Мана шундай ёшлар янги Ўзбекистоннинг ёрқин келажагидир. Бежиз илм-фанга бу даражада юксак этибор берилмаяпти, олимларнинг машаққатли меҳнати, игна билан қудуқ қазишдек заҳматини англаш учун олим бўлмоқ, уларнинг йўлидан юрган бўлишингиз керак. Бу борада бахтимиз давлат раҳбарининг илм билан шуғулланган, олимликнинг залворли юкини кўтарган инсон эканлигидадир. Эрта учун энг муҳим қадамлар бугундан бош­ланади. “Илм яккаю ягона нажотимиз” эканлигини англаб, эртанги кун эгалари, ёш олимларга ишонч билдириб “Сиз ахир, осмонни оламан десангиз, мен нечун елкамни тутиб бермайин…” деяётган йўлбошчига камарбаста бўлиш, қўллаб-қувватлашга биз олимлар, зиёлилар бурч­лимиз. Биз, катта авлод вакиллари ва ёшларнинг юрт эртаси учун бирлашиши янги илм-маърифат эгалари улғайишига, миллат сифатида юксалишимизга сабаб бўлади. 

Ўзбекистон Фанлар академияси ўзининг 80 йиллик тўйига ана шундай янгиланишлар, назарий тадқиқотлар ва амалий ишланмалар билан келди. Олимларимизнинг илмий фаолиятларини янада самарадор бўлишига эришишни давримизнинг ўзи талаб қилиб турибди. Фанлар академиясининг ҳар бир аъзоси янги Ўзбекис­тонни қуриш, учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш, бу йўлда фаол меҳнат қилиш масъулиятини юракдан ҳис этиб, астойдил меҳнат қилмоқда.

Баҳром Абдуҳалимов,

Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, 

тарих фанлари доктори, профессор

Tegishli xabarlar

АҲОЛИГА ТИББИЙ ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИШ СИФАТИНИ ЯХШИЛАШ ВА СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ СОҲАСИДА КАДРЛАР САЛОҲИЯТИНИ ЯНАДА ОШИРИШГА ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

Конституция билимдонлари Кўрик-танлови якунланди

admin

Ҳаётимизга янги мазмун бахш этади

admin